Фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судига “ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева Ўзбекистон пропискасидан фойдаланишга ҳақли эмас”, деб ҳисоблаган Марғилон шаҳар прокурори А.Ю.Мавлонов даъво аризасини киритган.
Ўзбек прокуратураси Мўътабар Тожибоевани судга берди
Марғилон шаҳар прокуратураси “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоевани Ўзбекистон пропискасидан маҳрум қилиш талаби билан судга мурожаат қилди.
“Марғилон шаҳар ИИБ шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, 1962 йил 25 августда Марғилон шаҳрида туғилган фуқаро Таджибаева Мўътабар Ибрагимовна Марғилон шаҳар, Зарафшон кўчаси, 286-уйда 23.10.1979 йилдан рўйхатда туриб, 2009 йилдан буён яшамасдан келаётгани учун турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган, деб топиш ҳақида судга даъво ариза киритишни сўраган”, -дейилади Марғилон шаҳар прокуратурасининг даъво аризасида.
Ўз навбатида, Марғилон шаҳридаги “Машад” маҳалла фуқаролар йиғини ҳам прокуратурага берган 798-сонли маълумотномасида ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева сўнгги беш йил ичида рўйхатдан ўтган манзили бўйича яшамаётганини билдирган.
Марғилон шаҳар прокуратураси ўз даъво аризасида Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 52-моддаси (“Вақтинча бўлмаган фуқаролар турар жойининг сақланиши”) ва 54-моддаси (“Фуқароларни турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш”) ҳамда “Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 41-моддаси (“Ариза”), ва Фуқаролик-процессуал кодексининг 5-моддаси 2-бандига таянган ҳолда иш кўрганини келтириб ўтган.
Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, Фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро суди унинг иши бўйича ўз қарорини чиқариб бўлган, аммо қарорнинг нусхаси на ҳуқуқ фаолининг Марғилондаги қариндошларига ва на унинг ўзига тақдим қилинган.
Эслатиб ўтсак, ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева 2009 йили қамоқдан озод бўлгач, Ўзбекистонни тарк этган ва Франциядан сиёсий бошпана олишга мажбур бўлган. У ҳозирда Парижда яшаб, ўз касбий фаолиятини ўша ердан туриб давом эттирмоқда. Шунга қарамай, Марғилон суди чақирув қоғозини Тожибоеванинг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган манзилига йўллаган.
Сўнгги йиллар давомида ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоевага ўтказилаётган босимлар кўлами кенгайиб бораётганини эслатиб ўтиш жоиз. 2013 йилнинг март ва апрель ойларида ҳуқуқ фаолининг компьютерига уюштирилган мақсадли ҳужумлар туфайли ташкилотнинг архив материаллари йўқолган. Шунингдек, бундай ҳужумлар “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти веб-сайти “Жараён”га қарши ҳам уюштирилган. Бундан ташқари, маълум муддатдан буён ўзини “мустақил” дея ҳисобловчи ва Ўзбекистон ичкарисидаги вазиятни ёритиб борувчи баъзи интернет нашрларда турли тахаллуслар остида ёзувчи муаллифларнинг Мўътабар Тожибоева ўзбек махсус хизматларига алоқаси борлиги ва президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовадан ўз касбий фаолиятини давом эттириш ҳамда Г. Каримовани қўллаб-қувватлаш мақсадида катта маблағ олганини иддао қилувчи мақолалар чоп этиб келинмоқда.
Масалан, бундай мақолаларни жон дили билан чоп қилиб келаётган “Дунё ўзбеклари” интернет нашрининг бош муҳаррири Исмат Хушев “Озодлик” радиосига берган интервьюсида ана шундай мақолалар муаллифларидан бири бўлган Борис Саприкин малакали таҳлилчи экани ва у ўз мақолаларини Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматию Ички ишлар вазирлигидан олган ҳужжатлар асосида ёзишини иддао қилди. Балки И. Хушев шу сабабли бу мақолалар ишончга лойиқ, деб ҳисоблар. Аммо, ҳеч кимга сир эмаски, шу кунгача бирорта таҳлилчи бу куч ишлатар тузилмалари раҳбариятининг рухсатисиз у ердан олинган ҳужжатлар асосида ўз таҳлилини юрита олмаган ва юрита олмайди ҳам.
Боз устига, Борис Саприкин шу кунгача Мўътабар Тожибоеванинг ўзбек махсус хизматларига алоқадорлиги ёки Гулнора Каримова томонидан унинг банк ҳисобига туширилган маблағларга оид ҳужжатларни тақдим қилолгани йўқ. Шунинг учун буларнинг барчаси Саприкин ёзганлари қуруқ туҳмат экани ҳамда Ғарб мамлакатларида яшаб келаётган мухолифатчиларни обрўсизлантиришга уста бўлган унинг махсус хизматларидаги бошлиқларининг уйдирмалари эканини баралла айтишга имкон беради.
Шу ўринда эслатиш жоизки, сўнгги бир йил ичида Мўътабар Тожибоева Андижон воқеаларидан сўнг ўзга давлат манфаати учун жосусликда айбланган икки нафар ҳарбий – Эркин Мусаев ва Санжар Исмоиловларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кампаниясини ҳам бошлаб юборган. Шу кунгача кенг жамоатчилик бу ишлардан хабардор эмасди, уларнинг қариндошлари бу икки ҳарбийни ҳимоя қилишни якка ҳолда ва самарасиз равишда амалга ошириб келаётгандилар. Эркин Мусаев ва Санжар Исмоилов сохта айбловлар билан узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар. Тожибоеванинг ҳамкасблари ҳуқуқ фаолининг бу икки ўзбек ҳарбийсини ҳимоя қилишга киришгани ҳам ўзбек расмийларининг жиғибийрон бўлишига ва ҳуқуқ фаолига қарши туҳмат кампаниясини бошлашига ҳам сабаб бўлганини таъкидлаб келишмоқда.
Мўътабар Тожибоеванинг ўзи “Жараён”га фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро суди чиқарган қарорни қуйидагича изоҳлайди:
– Фуқаролик ишлари бўйича Марғилон шаҳар туманлараро судида Марғилон шаҳар прокуратурасининг даъво аризасига асосан иш кўрилиб, мени яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилинганим ҳам касбий фаолиятимга чек қўйиш мақсадида қилинаётган босимларнинг давоми, деб биламан, – деди Мўътабар Тожибоева.
Марғилон шаҳар прокуратурасининг даъво аризаси, судга чақирув қоғози
София ДАВРОНОВА
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish