Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидов
Ўзбекистон давлат арбоби ва ҳуқуқшунос олими ҳисобланган 1958 йили Тошкент вилоятида туғилган, 1981 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) ни ҳуқуқшунос мутахассислиги бўйича тамомлаган, юридик фанлари доктори, профессор.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, парламентга Қашқадарёдаги 117-Касби сайлов округидан сайланган Акмал Саидов Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг парламентдаги фракцияси аъзоси ҳамда парламентнинг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси ҳисобланади.
“Википедия”да қайд этилишича, айни вақтда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори ҳам ҳисобланган Акмал Саидов ўзининг 20 йиллик илмий фаолияти давомида замонавий ҳуқуқ тизимига бағишлаган, унинг илмий асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган ва Буюк Британия, Франция, АҚШ, Германия, Австрия, Япония, Польша ва бошқа мамлакатларда чоп этилган.
Акмал Саидов ўзбек ва рус тилларидан ташқари инглиз ва француз тилларида ҳам эркин сўзлаша олади, шу сабабли ҳам кўплаб халқаро сиёсий ва маданий тадбирларда Ўзбекистон номидан иштирок этади (у мустақил Ўзбекистоннинг Франциядаги илк элчиси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили бўлган).
ЎзА маълумотларига кўра, Акмал Саидов 2007 йилги Президент сайловларида ҳам иштирок этиб, 2,85 фоиз овоз билан Президентликка номзод тўрт киши ўртасида энг охирги ўринни эгаллаганди.
“Миллий тикланиш” партияси номзоди
Fikr bildirish