Дилором Исҳоқова: Мўътабар сиз қилган ва қилаётган ишларни бошқамиз бажаролмаймиз

дилором%20исхокова

Мўътабар, интернет саҳифаларида сизга нисбатан олиб борилаётган иғво ва туҳмат кампаниясини кўриб ҳеч ҳайрон бўлмадим. Шундай бўлиши турган гап эди.

Мен сизга аввал ҳам айтгандим, ҳозир ҳам айтаман — токи сиз курашдан тўхтамас экансиз, токи сиз оқни оқ, қорани қора дер экансиз, бундай кампаниялар тўхтамайди, аксинча янада кучаяди.

Эътибор берманг, бу акиллаган итларга парво қилманг, дегим келади. Аммо бу осон эмаслигини яхши биламан. Ўз бошимдан ўтгани учун бугун сиз нақадар ҳузун тортганингизни ҳис қилиб турибман.

Айниқса, фарзандларга ҳам мағзавалар тўкилётганда бунинг аламига чидаш қийин бўлади. Фарзандларинг “она шундай туҳматларни эшитиш учун шунча йил азоб чекканмидинг» — деган саволни бериб қолмасин дея юрак ҳовучлайсан.

Парижда уйингизда бир ҳафта қўноқ бўлгандим. Маҳлиё қизингизни кўриб ҳавас қилгандим. Мусофир бир юртда ҳам хаста онасини парвариш қилаётган, ҳам меҳмон кутаётган, ҳам икки боласига қараб улгураётган бу фарзандингизга тасанно дегандим. Сиз қамоқда бўлган пайтингизда кўрган кунларидан бир- икки воқеани сўзлаб берганди. Ҳеч биримизнинг фарзандимиз бошига тушмасин бундай кунлар, деб дуо қилгандим.

Бугун эса унга ҳам қора суркамоқчи бўлишяпти. Мен эса Маҳлиёдан уяляпман, буюртмачилар ва уларнинг ижрочиларини шу даражага етишларига йўл қўйиб қўйганимиздан уяляпман. Ҳа, биз –мухолифатчилар, ҳуқуқбонлар, эркчилар, бирликчилар, бирдамликчилар уларга шундай катта имкониятлар яратиб бердик. Аввал бир-биримизни обдон ғажидик, бир-биримизнининг гўштимизни едик ва суякларимизни итларга ташладик. Итлар эса энди суякларимизни истаганча хўрлашмоқда. Бу биргина сиз эмас, ҳаммамизнинг бошимизга келган тўй.

Баҳодир Чориев катта ишга бел боғлади, анчагина иш қилди ҳам. Мақола устига мақола, иғво устига игво ёғилди. Ҳаммамиз томошабин булиб турдик.

Бу иғволарга қарши уюшишни истамадик, ҳимояга отланмадик. Ҳимоя қилсак феълидаги қайсарлиги ва қўполлиги билан баъзиларимизнинг дилимизни ранжитган Баҳодир Чориевни эмас, “Бирдамлик» ҳаракатини ҳимоя қилган бўлардик-ку!

Бундай мисоллар ўзбек мухолифати тарихида жуда кўп. Кўзга кўринган қайси мухолифатчини, ҳуқуқбонни олиб қараманг аҳвол айни шундай-балчиққа булғаш кампанияси йиллаб давом этади. Айникса йирик тадбирлар олдидан, муҳим акциялар олдидан хуруж кучаяди. Бу сафар ҳам ўша сийқаси чиққан сценарий асосида бўлди ҳаммаси.

Андижон воқеаларининг 10 йиллигига бағишланган ва сизнинг ташаббусингиз билан бошланган ишлар амалга ошмаслиги учун сизга қарши фитналар фронти очилди. Мақсад сизни тушакка михлаб, хайрихоҳларни чалғитиш эди. Улар қисман мақсадларига эришдилар ҳам.

20 йилдан ортик вақт шундай бўляпти — сизни ва сиз кабиларни йўқ қилиш учун, туҳматлар тоши остида синидириш учун бел боғлаганлар ғолиб бўляптилар…. Буни айтишнинг ўзи азоб, ўйлаш ва натижаларини кўриш эса мислсиз азоб…

Мўътабар, хатим жуда чўзилиб кетди. Бардам бўлинг. Тезроқ соғайинг. Ҳали қилиниши керак бўлган ишлар бисёр.

Сиз қилган ва қилаётган ишларни бошқамиз бажаролмаймиз, жойингизда бўлинг. Ўрнингиздан туринг ва танлаган йўлингизда давом этинг.

Дилором Исҳоқова

http://milliyburch.blogspot.fr/2015/05/blog-post_28.html

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.