“Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилотининг муасссислар йиғилиши 2010 йилнинг 4 октябрь куни ўтказилиб, 2011 йил 3 февралда Парижда № W 751208462 рақам билан давлат рўйхатидан ўтган.
Аслида “Ўтюраклар Клуби” 2000 йил 17 январь куни ташкил этилган бўлиб, бу йил ташкилотнинг 15 йиллик юбилейидир. Бу йил апрель ойида эса “Ўтюраклар Клуби”нинг Францияда фаолиятини давом эттираётганига 50 ой бўлибди.
Мана шу муносабат билан ташкилотнинг фаолиятига назар солиб турфа хил фикрлар, туҳматлар ва хақоратларга чек қўйиш мақсадида ташкилотимиз фаолиятига қизиққан инсонларга молиявий имкониятлар ҳамда ташкилот бюджети ҳақида ҳисоб беришимиз керак, деган қарорга келдик.
Чунки, оҳирги бир ярим йил ичида бизни молиявий махинацияларда, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммоларига қарши курашиш баҳонаси билан халқаро жамғармалардан грантлар олиб шахсий манфаатлар йўлида сарфлашда айбловлари баён қилинган туҳмат ва бўҳтонлардан иборат мақолалар болалаб кетган.
Биз ушбу туҳматлар, бўҳтонларга чек қўйиш ва ҳақиқатни юзага чиқариш учун бўҳтончилар билан маҳкамада юзма-юз бўлишга, улардан шу бугунги кунгача қилган туҳматларини ҳақиқатлигини исботловчи далилларни судга тақдим қилишларини талаб қилиш учун ҳам франциялик ҳуқуқшуносларга мурожаат қилдик. Ҳозирда маҳкама учун ҳужжатларни тайёрлаш жараёни кетмоқда.
Бизнинг ташкилотимизни фаолиятини юритиш учун олган молиявий кўмаклар ва грантлар ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликка эълон қилишимиз сабабларидан бири шундаки, ўзбек ҳалқининг манфаати учун сарфлаш учун деб олинган ҳар қандай сумма ҳақида миллатдошларимиз биздан ҳисоб сўрашга ҳақлилар ва бизлар ҳисоб беришга мажбурмиз.
Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг бюджети ҳақида, мамлакатда фуқаролик жамиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқлари муаммоларига чек қўйиш мақсадида Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро институтлардан олаётган грантлари ҳақида маълумот беришдан ўзини олиб қочади.
Ўзбекистон ҳукуматини молиялаётганлар ҳам ўзбек ҳукуматига фуқаролик жамиятини шакллантириш баҳонасида ҳукуматга қанча маблағ ажратаётганликларини сир сақлайдилар.
Фақатгина 2011 йилда мамлакат президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева билан Франциянинг “RUE-89” интернет нашри ўртасидаги маҳкама жараёнида гувоҳ сифатида иштирок этаётган палламизда президент эркасининг адвокати Мэтр Антуан Жермен (Antoine Germain) Европа Иттифоқининг биргина Лола Каримова бошчилигидаги “Сен етим эмассан” жамғармасига 3 млн.700 минг евро ажратгани ҳақида судга ҳужжат тақдим қилгани орқали хабар топгандик.
Бунингдек, ўз бюджетини сир сақлаш нафақат Ўзбекистон ҳукумати, ҳукуматнинг қўлловчи кучлар, балки ҳукуматга мухолифат бўлганларга ҳам хос бўлиб, улар ҳам ўзларининг бюджетлари ҳақида лом-мим дейишни истамайдилар.
Шунинг учун биринчилардан бўлиб, “Ўтюраклар Клуби”нинг бюджети ҳақида маълумотларни эълон қилишга қарор қилдик ва умид қиламизки, ўзбек ҳукумати ва унинг мухолифати ҳам биздан ўрнак олиб бюджетлари ҳақида жамоатчиликка маълумотлар берадилар.
“Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти фаолияти учун 2011–2015 йиллар давомида, яъни, мана шу 50 ой мобайнида ташкилотнинг фаолиятини юритиш ва инсон ҳуқуқлари муаммолари билан шуғулланишимиз учун 6 та грант лойиҳасига турли жамғармалардан жами бўлиб 166 330 $ грантлар олдик. Агар бу олинган грантлар суммасини фаолият юритилаётган 50 ойга бўлинса, ҳар бир ойлик фаолият учун ташкилотнинг молиявий имконияти 3 326.60 $ данга тўғри келди.
Шу муддатларда ташкилот билан ҳамкорлик қилган бир нечта журналистлар, таржимонлар, экспертлар, ҳуқуқшуносларга айнан мана шу грантлардан маошлар, гонорарлар тўланган. Бу сумма ўша пайтлардаги курсга ҳисоблаганда таҳминан 126 400.00 € миқдорига тўғри келарди. Бу эса, ташкилотнинг бир ойлик умумий фаолиятига ажратилган маблағнинг миқдори ўртача 2 636 € демакдир.
Европа давлатларида давлат рўйхатидан ўтган, актив фаолият юритаётган ҳамда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммолари билан узлуксиз равишда шуғулланиб келаётган ташкилотнинг фаолият юритиши учун бу сумма умуман етмайди. Бу сумма Европадаги бир ходимнинг ўртачадан кам бўлган бир ойлик маошига тенг демакдир.
“Ўтюраклар Клуби” иш фаолиятини яхшилаш мақсадида бу йиллар ичида халқаро ташкилотлардаги ҳамкорлар (HURIDOCS–Geneve, Free Press Unlimited–Amsterdam, Reporter Ohne Grenwen–Germany, FIDH, International Partnership for Human Rights, Uzbekistan Press Freedom Group) томонидан 6 308 € лик ёрдамлар олди. Буларнинг жумласига хакерлик атакаси сабаб ишдан чиққан компьютерлар ва бошқа техникаларни ўрнига янгиларини сотиб олиш учун берилган моддий ёрдамлар, шунингдек экспертлар, ҳуқуқшунослар, журналистлар ва таржимонларга тўловлар ҳам кирган.
“Ўтюраклар Клуби” ИҲҲҚХТ ташаббуси билан халқаро тадбирларда иштирок этган Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаолларининг йўл, меҳмонхона ва бошқа ҳаражатларини, тайёрланган ҳисоботлар таржималари ва бошқа ҳаражатларини ташкилотимиз ҳамкорлари бўлмиш халқаро ташкилотлар ўз ҳисобларидан тўлаб бордилар. Бундай тадбирларга 2014 йил июнь ойидаги ОБСЕнинг Венадаги анжумани ва 2014 йилнинг сентябрь ойидаги Варшавадаги ОБСЕ анжуманини мисол қилиб келтириш мумкин.
Бундан ташқари Мартин Энналс мукофоти (15 000 €), Франциянинг “Биродарлик, тенглик, озодлик” мукофоти (15 000 €) ҳамда бош қароргоҳи Парижда жойлашган АСАТ-France (“Қийноқларга қарши насронийлар ҳаракати”)нинг нуфузли Энджел-Тертр мукофоти (5 000 €) билан бирга умумий миқдори 35 000 € ни ташкил этадиган маблағларни ҳам ташкилот ривожи учун сарфланган.
Жами 41 308 € ни ташкил этган мана шу берилган молиявий кўмаклар ва мукофот пуллари эвазига ташкилотнинг фаолиятини шу бугунги кунгача давом эттириш имкониятига эга бўлмоқдамиз.
Ўтган 50 ойлик фаолият давомида жамғармалардан грант лойиҳалари бўйича лойиҳа менеджери сифатида фаолиятим учун ўзимга ойлик маошни жами 22 600 $ қилиб белгилаганман.
Лекин, бу суммаларнинг 19 800 $ ойлик маош ҳисобида олганман ва бундан 16 303 $ ташкилот фаолиятини ривожлантириш учун қайтадан ташкилот ҳисобига киритганман. Жумладан, 2013 йилда (13 132 $) ёки 12 170 €, 2014 ва 2015 йилнинг 1 чораги учун 3 125 € сарфлаганман. Ташкилотнинг фаолияти учун шахсан ўзимга ойлик маош сифатида олинган ва қайта ташкилот фаолияти учун сарфланган маблағ (16 303 $) ёки 15 295 € ни ташкил этган.
Бундан кўриниб турибдики, Европадаги 50 ойлик фаолиятим давомида шахсан ўзимнинг меҳнатларим учун жами 3 497 $, ҳар ойга тахминан 70 $ дан ҳақ олиб келибман. Ушбу олганим 70 доллардан ойлик маошни ташкилотнинг идораси бўлмиш квартирамнинг электр энергияси ҳамда газ тўловларига тўлаганман.
Ушбу далилларимни ҳақиқат эканлигини ҳужжатлар асосида текшириб кўришни истовчиларга ҳеч бир қийинчиликларсиз бухгалтерия ҳисоб китобларини тақдим этишимиз мумкинлигини, бунинг учун Францияга ташриф буюришлари мумкинлигини эслатиб қўймоқчиман.
Атига 70 $ ойлик маош олиб, на дам олиш кунлари нелигини унутиб, на кеча ва кундузни фарқламай фаолият юритганимга ишончсизлик билан қаровчиларга айтмоқчиманки, миллатимиз вакиллари ичида мен каби ўзлигини унутиб халқ дардида ёнувчи инсонлар борлар ва айнан шундай инсонлар сабаб диктатура режимига зарба берувчи кучлар буткул барҳам топмаган.
Мен Францияда қочқинлик мақоми олган пайтимдан бошлаб шу кунгача, (70 ой ичида) 37 521 € давлатдан ижтимоий кўмак маблағи ва ногиронлик нафақаси олдим. Бу маблағ билан яшаш, ёлғиз яшовчи ва фарзандлари оғирини енгил қилиб турувчи инсон учун етарли суммадир.
Қолаверса, бундан 15 йил муқаддам Марғилон шаҳрининг “Зуҳро” дея аталмиш маҳалласида 5 нафаргина аёллар томонидан ташкил топган ва бугунги кунда дунё таниган ва тан олган “Ўтюраклар Клуби”нинг фаолиятини юритишга кимдандир манфаатдор бўладиган жойим йўқ.
Зотан, “Ўтюраклар Клуби” ўзим барпо қилган, яратганим дилбандимдир. Унинг яшаши, ёрдамга муҳтож инсонларга ишонч, умид муждаси таратиб туриши учун токи тирик эканман бор кучимни аямайман.
Мўътабар Тожибоева
“Ўтюраклар Клуби” Инсон Ҳуқуқларини
Ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти раҳбари,
“Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш
Кенгаши вакили
1 май, 2015 йил,
Париж, Франция
Тавсия этинг / Поделиться / Share:
Fikr bildirish