ББС: Мустақиллик йилларининг “қатағон қурбонларини” хотирлашга чақириқ
Кенгаш тарқатган хабарномада, Президент Каримов томонидан 2001 йилда имзоланган “Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида”ги фармони тилга олинади.
Айни фармондан иқтибос келтиришар экан, фаоллар “Эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлганлар хотираси миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолади.
Мустабид тузум даврида миллион-миллион бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди” дейилганини эслатишган.
Ўзбекистон Фуқаролик жамияти вакилларидан ташкил топган “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши вакиллари 31 августдан бошлаб 8 декабр – Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг қабул қилинган кунга қадар “мамлакатда мустақиллик давридаги қатағон қурбонларини хотирлаш ва ҳимоялаш 100 кунлиги” кампаниясини бошлашга қарор қилганларини билдиришган.
Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда сиёсий маҳбуслар борлиги ҳақидаги барча маълумотлар, даъволар ва хабарларни кескин рад қилиб келади.
Кузатувчилар, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда нафақат ҳукумат танқидчилари, балки ўзгача ва ё мустақил фикрлайдиган юзлаб шахслар қамоққа ташланганини урғулашади.
Аксарият ҳолатларда бу каби қама-қамалар мамлакатга турфа “қора кучлар” хавф солиши билан изоҳланади.
Гарчанд, “қора кучлар” дейилганида Ўзбекистон ҳукумати Ғарб давлатларига “диний экстремизм ва террорчиликни” тақдим қилишса ҳам, мамлакат қамоқхоналарига ташланганлар орасида журналистлар, ҳуқуқбонлар ва мустақил фикрдаги шахслар сони ҳам салмоқлидир.
“Муқобил Ўзбекистон” қамоқда қолаётган фаоллар тақдири борасида бонг урар экан, айни “репрессив сиёсатга қарши “йўқ” деб жавоб беришга даъват қилади.
Кенгаш тарқатган мактубда, Ғарб давлатлари “иккиюзламачилик” сиёсатини юритишда айбланади.
Айни мактубда Ўзбекистонда қамоқда қолаётган ўнлаб сиёсий маҳбуслар ҳақида маълумот ҳам берилган.
Мустақиллик йилларининг “қатағон қурбонларини” хотирлашга чақириқ
Fikr bildirish