Қийноқлар ороли асираси. Аёллар қамоқхонаси – Руҳий касалликлар бўлимида!!! ( 12 )

5176-300x196

Тўкила бошлаган тишлари ҳуснига соя солиб турганини айтмаса, сарвқомат Гавҳарнинг елкасини кўмиб турган қўнғироқ сочлари ширмой юзига янада кўрк бағишларди… Афсус… Аччиқ ва аянчли тақдир соҳибаси бўлган ана шу соҳибжамол бугун хуштори Жайнак билан  психиатрик бўлимда ҳам даволаняпти, ҳам ишрат қиляпти.

Бугун – 11 июль куни кундузи психиатрик бўлимга кутилмаганда бир нечта муассаса вакиллари кириб келишди-да, мени ва нарсаларимни текширишларини билдириб, маҳкумалар кўзи ўнгида сумкамдаги нарсаларимни кроватим устига ағдариб, нарсаларимни тинта бошлади. Ҳамма нарсаларимни, ҳатто озиқ-овқатларимни ҳам  у ёқдан бу ёққа сочиб ташладилар. Сигаретларимни  эса  доналаб сочиб ташлашди. Бу менинг аёллар қамоқхонасидаги биринчи дуч келганим – ШМОН эди.

Текширувчилар ҳеч нарса тополмай, чиқиб кетишгандан кейин уч-тўртта маҳкума нарсаларимни йиғиштиришга кўмак беришди.  Улардан бири “назоратчиларнинг бунақанги важоҳат билан  шмон қилиши Тожибоеванинг қаттиқ контролда эканлигидан далолат беради” – дея ғудранди. Унинг фикрини маъқуллаган иккинчи маҳкума эса  доимо эҳтиёт бўлиб юришимни тайинлади.

Шу куни кечки овқат маҳалидан олдин турқи бир-биридан совуқ икки ҳамшира психиатрик бўлимдаги бемор маҳкумаларга муолажа қилиш учун кириб келишди. Улардан бири ўрта ёшларда, иккинчиси эса  мункиллаб қолган, “бир оёғи тўрда бўлса, бир оёғи гўрда”. Улар билан бирга кирган назоратчилар эса негадир қайтиб чиқиб кетишди. Бу вақтда мен  рус тилида чоп этилган “Америка фожеалари”ни ўқиб ўтирган эдим. Кутубхонага тегишли бу китобни  менга маҳкумалардан суриштира-суриштира Муҳаббат топиб берган. Шу маҳал “Барча маҳкумалар бир ерга тўпланишсин” деб фармон бериб қолди ҳамширалардан бири. Мен ҳеч қандай муолажа олмаслигим боис жойимда ўтиравердим.

Ҳамширалар ҳамма маҳкумаларни уларни ёнига келиб, тўпланишларини қайтадан талаб қилишди. Мен ҳам наилож бориб бошқа маҳкумалар қаторга қўшилдим. Ҳамширалар ҳар битта маҳкумага биттадан муолажа қилганларидан кейингина  кетишига рухсат беришарди. “Демак, улар менинг дори қабул қилмаётганлигимдан бугун хабар топишади, ёки аллақачон билиб қолишганлари учун ҳам атай мана шундай усулни қўллашяпти”, – деган ўй ўтди кўнглимдан.

Учинчи бўлиб навбати келган Жайнак белгиланган уколни олмайман деб, роса хархаша қилди. Лекин ҳамширалар: “Укол олишга қаршилик қилганларга ҳозироқ  наряд чақирамиз” – деб  дўқ-пўписа килишди. Уколни олган  Жайнак зум ўтмай ҳар доимгидан ҳам кўра ғалати ҳолатга тушди. Тили айланмай, тушунарсиз ғулдираркан, оғзи бир томонга қийшайиб қолди. Ойдек юзли Жайнакнинг бир пасда  башараси буришиб кетганини кўрган  бир-иккита маҳкумалар қаҳ-қаҳа отиб кулдилар. Жазаваси тутган Жайнак уларга ҳамла қилиш учун интилди. Бироқ  мувозанатини йўқотиб,   гурсилллаганча юзтубан  йиқилди. Ерда ғужанак бўлиб ётиб, тушунарсиз ғудраниб у ёқдан бу ёққа юмалаб додлай бошлади.

 Жуфтининг ҳолини кўрган Гавҳар ҳамшираларга: «Тузат, тузатиб бер Жайнакни» – дея бақира бошлади.

– Ўчир овозингни, – Гавҳарга қараб ўшқирди ҳамшира паст келмасдан.

– Жайнакни тузатиб бер, – бор овози билан йиртқич ҳайвонлардек ўкирар, жон-жаҳди билан ер тепинарди Гавҳар.

– Шанғиллама. Ҳадемай ўтиб кетади. Бироздан кейин  ҳеч нарса бўлмагандек, уйқуга кетади, – деди Жайнакка қиё ҳам боқмаган ҳамшира жеркиб.

– Қара деяпман сенга! Тузатиб бер Жайнакни! Нимага ўзи рози бўлмаса ҳам укол қилаверасанлар?! Нима, ўлдирмоқчимисанлар уни?! – тинимсиз дод солаётган Гавҳар ўлжасига ташланган бургутдек ҳамширалар томон отилган эди, маҳкумалар уни ушлаб қолишди.

–  Эрта-индин ўладиган касалсанлар-ку, яна  дағдағанг оламни тутади-я, – пичинг қилди ҳамшира.

– Нима дединг? Яна бир қайтар! Ким ўларкан эрта-индин?! Ким ўлади, деб сўраяпман сендан, айт, фоҳиша?! – ҳамширани тилка-пора қилиш истагида маҳкумаларнинг қўлидан чиқишга уринаётган Гавҳарнинг ҳайқириғи оламни бузарди.

– Оғзингга қараб гапир! Ҳақорат қилма мени. Ғашимга тегсанг, ҳозир наряд чақиртириб, изоляторга қаматаман, – ўдағайлади ҳамшира.

– Ким эрта-индин ўлади? Қани, айт, кимни эрта индин ўлади дединг?! Бўл, гапир!  – важоҳат билан бақираётган Гавҳар ҳеч тинчланай демасди. Ўз кўнглида у  тутиб турган маҳкумалар қўлидан ситилиб чиқса-ю, мана бу безбет  ҳамширанинг башарасини бежаб кўйса.

– Сен ўласан эрта-индин! Анави жазманинг ўлади ҳадемай! Эртага бўлмаса, индин, индинга ўлмаса, бир ой, бир йилга қолмай, барибир ўласан, ўлиб кетасанлар!  – жазавага тушиб овози борича бақирди ҳамшира ҳам.

Бу гаплардан қони қайнаб кетган Гавҳар овқат олиб келиш учун тайёрлаб қўйилган челак ичидаги катта чўян половник (чўмич)ни олиб, ҳамширани бошини мўлжалга олди. Шу пайт орқадан кимдир «Правозащитниклик вазифангизни бажармайсизми? Ҳимоя килинг» деганча  мени  жанжаллашаётганлар ўртасига итариб юборди. Кутилмаганда жўжахўрозларнинг орасига тушиб қолдим. Ҳамширанинг бошига аталган  чўмич менинг пешонамни ёришидан чўчиб, дарров ўзимни ҳимоялашга ҳаракат қилдим. “Ҳужумчи”нинг қўлидаги “қурол”ини бошимга тегишидан сақланиш ва чўмични ушлаб қолиш истагида у томонга ўгирилган ҳам эдимки, нишондан адашган Гавҳар чўян чўмичи билан қўлимга чунонам зарб билан солдики… Кўзимдан ўт-олов чиқиб кетди.

“Қурол” чап қўлимнинг суягига теккан эди.  Оғриқ азобига дош беролмасдан вой-войлаганча ўтириб қолдим. Суягим лат еган экан, лўққилаб оғриётган қўлим бир зумда шардек шишиб кетди. Шунда ҳам Гавҳар деганлари тинчий демайди. У бир ҳамла билан  ҳамшираларни дорилар турадиган  идишини ирғитиб  юборди. Шу пайт кимдир қўнғироқ қилиб, наряд чақиртирди. Югургилаб келган назоратчилар маҳкумаларни дубинкалар билан дуч келган жойларига уриб-савалаб тарқатишди. Гавҳар эса  изоляторга бадарға қилинди.

Гавҳарни олиб кетишганларидан кейин, менинг шишиб кетган қўлимга намакоб боғлашни тайинлаган ҳамширалар ҳам пахта бергач, палатани тарк этишди. Қўлимга намакобга ботирилган пахтани боғлаётган маҳкумалар  ўртага мени ким итариб юборганлигини аниқлашга киришиб кетишди. Бир жойга йигирмадан ортиқ маҳкумалар тўпланишган эди ўшанда. Шунинг учун мени темир чўмич тиғига уларнинг қай бири тўғрилаб қўйганлигини аниқлашнинг имкони бўлмади.  Асос бўладиган ҳолат шунда эдики, кесатиқ билан айтилган “правозащитник” сўзи айнан мени “уруш олови”га отган маҳкума томонидан талаффуз қилинган эди. Шунда маҳкумалардан бири:

– Тожибоевани итарган одам буйруқни бажарган. Бугун биринчи бўлиб Тожибоевага шмон келди. Уни псих.отделениеда узоқроқ қолиб кетиши учун, албатта, калласида проблема бўлиши керак. Гавҳар қасддан Тожибоевани урмасди, тасодифан бошига зарб берилган дейишлари учун ҳам Тожибоевани атай жанжалнинг инига итаришган, – деди.

– Ҳаммани бир жойга мажбурий тўплашларининг ҳам сабаби шунда бўлган, – дея гап қўшди яна кимдир, – Жанжал чиққани ҳамма бир жойда тўп бўлгани учун ҳам кимнинг нима қилганини биров билмай қолади. Ҳамшира ҳам атайлаб тўполонни кучайтириш учун Гавҳарни тинимсиз ҳақорат қилди, “Эртага ўласан!” деб уни жазавага туширди. Вазиятни қўл кўтариш даражасига бориб етиши учун атай замин яратди.

Бир чеккада ўй суриб ўтирган Шоҳида:

– Нима учун бугун ҳамширалар келди, бугун кирган назоратчилар тездагина қайтиб чиқиб кетишди? Бу ҳақда ҳам ўйлаб кўриш керак эмасми? – дея луқма ташлади.

– Мана шу хотин келди-ю тинчлигимиз бузилди, – кутилмаганда Лоланинг чийиллаган овози эшитилди, – Нима иш қилгансиз ўзи?! Бир сизнинг ортингиздан намунча шунча ғалва?! – дея манга қараб ўшқирди Лола.

– Ҳеч бир гуноҳим йўқ. Мени айбдор қилиш учун ҳам турли ўйинлар уюштириб юришибди. Ҳатто тергов изоляторида ҳам 3 та “нарушение” расмийлаштиришган экан. Бехабар эдим. Кейин, жиноят иши материаллари билан танишаётган пайтимдагина кўрганман ҳужжатларини, – дедим Лоланинг иддаоли саволига жавобан..

– Тушунарли, сизни деб бизга ҳам «нарушение» расмийлаштиришларини истамайман. Шундай экан улар нима талаб қилса, шуни қиласиз, айтганларига сўзсиз итоат этасиз, тамом-вассалом. Улар худди ана шуни истаганлари учун ҳам сигнал қилишаяпти сизга; “айтганларимизга итоат қил” – дея, шуни англамаяпсизми? – амирона оҳангда деди Венера.

– Мен ҳеч қачон уларнинг айтганига кўнмайман, – дедим ишонч билан, – Сизлар хавотирланманглар, бу ердан тез кунда чиқиб кетаман.

– Ўчир, овозингни! – ўшқирди Лола, – Улар сени шу ерга қамашибдими, демак, ё уларнинг айтганларини қиласан, ёки бу ерда ҳақиқий жиннига айланасан! Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан дейишган, эшитмаганмисан?!

           Лоланинг тилига эрк бериб, беҳурматлик билан менга ҳурпаяётганидан сездимки, демак, нима қилиб бўлса-да, яна жанжал чиқаришмоқчи. Аммо мен бунга йўл қўймаслигим, менга қарши уюштирилаётган навбатдаги фитнанинг амалга ошишига имкон яратиб бермаслигим керак. Шуни яхши билардим. Шунинг учун бир сўз демасдан ўрнимдан турдим-да псих.отделениени ташқи кичиккина ховлисига чиқиб кетдим. Скамейкага ҳорғин чўкарканман, чуқур ўйга толдим. Мен бир нарсани, бу ерда дуч келганларим ҳали кўришим керак бўлган кўнгилсизликларнинг шунчаки бошланиши эканлигини ҳис қилиб турардим…

Ёнимга келиб ўтирган Гуллола гуё нажот фариштасидек туйилиб кетди менга.

– Гуллола, маҳкумалар бу ерда оила аъзоларига қандай йўл билан хат жўнатишади? Қандай қилиб уйдагиларга хат жўнатишим мумкин? –сўрадим ўйчан.

– Хатларними? ДПНК олдида бир нечта катта-кичик почта қутилари бор. Қутиларнинг энг каттасига маҳкумаларнинг оила аъзоларига ёзилган хатлар ташланади. Бошқаларини эса билмадим. Тўғриси, қизиқиб кўрмаганман. Биласиз-ку, ҳеч кимга хат ёзмайман, менга ҳам ёзишмайди. Кейин… ўша катта почта қутисига ташланган хатларни муассаса вакиллари очиб ўқишади. Мабодо бирор ёмон нарса ёзилган бўлса, у хатларни йўқ қилишади, – билганлари ҳақида мени хабардор қилди Гуллола.

– Уйдагиларга хат ёзсам дегандим… Лекин бу ердан чиқолмайман-ку, тўғрими? Нима қилсак бўларкин? Уйга тезроқ хат жўнатишим керак. Аёллар қамоқхонасига ўтказишганини айтишим, тезроқ передача юборишларини тайинлашим керак. Адвокатларимни ҳам чақиртиришим керак, – дедим унга маҳзун тикилиб, – Ҳа, яна бу ерга нима олиб кириш мумкину, нималар киритиш маън этилганлигини ҳам айтсангиз, Мен шунга қараб хат ёзардим. Киритиш мумкин бўлган нарсаларни тезроқ жўнатишларини сўрардим. Учрашувга келганлар олиб кириш таъқиқланган нарсаларни билмасдан шунча йўлдан кўтариб, овора бўлишмасин дейман-да, – оҳли уф тортдим.

            – Вой, Мўътабар опа, почта қутисига хат ташлашнинг ҳечам қийин жойи йўқ. Сиз менга хат ёзиб беринг, столовойга овқат олиш учун Гончар билан чиққанимда ўзим қутига ташлаб қўяман, – деди кайфиятимни кўтаришга уринган Гуллола меҳрибонлик билан.

– Яхши, унда шу бугуноқ ёзиб бераман, – дедим кўнглим бироз бўлса-да ёришиб.

Мўътабар опа, муассаса вакиллари ҳам, тергов изоляторидагилар ҳам бирор-бир фитна уюштириш учун, одатда, ҳар доим маҳкумаларни ишга солишади. Шунинг учун сизни келганингизни ва бўлиб ўтган воқеаларни тезда Рустам акага етказиб қўяй дегандим, нима дедингиз? Эртага эрталаб Гончар билан завтрак олиб келиш учун чиқаман. Шунда Рустам акани хабардор қилиб келайми? У киши сизни ўзига қарашли эканлигингизга имо қилиб қўйса, бўлди, маҳкумаларнинг бари пусиб қолишади. Йўқса, худо кўрсатмасин, агар буюргудек бўлишса, бир пачка сегарет учун керак бўлса сизнинг суякларингизни талқон қилиб туюшдан ҳам тоймайди булар, – деди у Лола ва унинг атрофида тўп бўлиб олиб чефир ичаётган маҳкумалар томон ишора қиларкан.

– Рустамга айтдингиз ҳам дейлик, лекин у барибир бу ерга кира олмайди-ку, тўғрими? – савол назари билан тикилдим Гуллолага.

– Киради, киролади у бу ерга, мана кўрасиз? Сизни шу ердалигингизни билса, албатта киради. У келгудек бўлса, айтдим-ку сизга, буларнинг ҳаммаси пилдир-пис бўлиб қолишади, думини қисиб, – мени ишонтиришга уринди у.

– Майли, унда айтиб қўяверинг-чи, – бундан бирор бир наф чиқишига кўзим етмаса-да, розилик билдирдим.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.