«Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти НИЗОМИ
Ушбу Низом 2010 йил 4-октябрь кунги “Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти муассислар йиғилишида тасдиқланган.
“Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти 2011 йил 3 февраль куни Франция давлати томонидан W 751208462 рақам билан Association internationale de défense des droits de l’homme «Club des Сœurs Аrdents» номи билан рўйхатга олинган.
Францияда чоп этиладиган Journal Officiel De le Rèpublique Française Lois Et Dècrets журналининг 2011 йилнинг 19 февраль кунги 8-сонида № 1380 билан “Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти (Association internationale de défense des droits de l’homme «Club des Сœurs Аrdents») давлат рўйхатидан ўтганлиги маълум қилинган.
Муқаддима: «Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти 2000 йил 17 январда Ўзбекистон Республикаси Фарғона вилояти Марғилон шаҳрининг “Зухро” маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги Ўзбекистон Ҳалк Демократик партиясининг бошланғич партия ташкилоти қошида ташкил этилган.
2008 йил 10-декабрь – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 60 йиллиги кенг нишонланган куни “Ўта қийин ва мураккаб шароитларда зўравонликни камайтириш ва адолатни ўрнатиш йўлида мардларча олиб борган курашлари ва жасоратлари учун” “Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига берилган Франциянинг “Озодлик¸ тенглик¸ биродарлик” деб номланувчи инсон ҳуқуқлари бўйича олий мукофотини Франция ташқи ишлар ва инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича давлат котиби Рама Яда хоним Тожибоевага топширган.
«Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти асосчиси ва раҳбари Мўтабар Тожибоева тақдирланган мукофотлари ва тан олинишлари:
1. 2005 йилда Мўтабар Тожибоева Нобел мукофотига номинантликка тасдиқланди ва Нобел кўмитаси қошида ташкил этилган “Тинчлик учун 1000 аёл” номли Ҳалқаро ташкилотга аъзо бўлди.
2. 2008 йилнинг 20-ноябрь куни Женевадаги тантанали маросимда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг ўринбосари Кионг-вха Канг хонимтомонидан – Дунёдаги инсон ҳақлари учун мардона курашган жасоратли шахслар учун бериладиган Инсон ҳуқуқлари соҳасида энг нуфузли саналган – Мартин Энналс мукофотини “Инсон ҳуқуқлари ҳаракатига улкан ҳисса қўшгани, фавқулодда вазиятларда ишлаб, жасорат кўрсатгани, мамлакатда инсон ҳуқуқларининг топталишига қарши курашда кўрсатган матонати учун” олди.
3. Америка Қўшма Штатлари Давлат Департаментининг бутун дунёдаги аёлларга инсон ҳуқуқлари учун курашга қўшган ҳиссалари ва феминистик ютуқларга эришгани учун бериладиган “Жасоратли аёллар… Узоқни кўзловчи аёл” «Мислсиз қўрқмас аёл» мукофотини “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, демократия қадриятларини ҳимоя қилиш хамда ижтимоий адолат, қонун устуворлигини тарғиб қилиш ва шу мақсаддаги курашда етакчилик қилгани, ҳокимият идораларининг масъулиятини таъминлашда ва уларнинг жавобгарлигини ошириш йўлида кўрсатган жасорати, эътиқодидан кайтмагани, саботи ҳамда ўз ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда адолат учун курашгани учун” 11 март 2009 йил куни Вашингтонда АКШ Давлат Департаменти Бош котиби Хиллери Клинтон ва Мишель Обамалардан олган.
Лекин 2011 йилда АҚШ Давлат Департаментининг “Жасоратли аёл” номли ушбу мукофоти Қирғизистон Республикасининг ўтиш даври президенти Роза Отунбоевага берилиши норозилик белгиси сифатида 2009 йилда олган мукофотидан воз кечишини эълон қилган.
4. Мўтабар Тожибоева 2011 йилнинг август ойида АҚШ Давлат Департаменти томонидан “Марказий Осиёнинг 10 та эътиборли аёли” рўйхатига киритилган.
5. У 2009 йил август ойида Инсон Ҳуқуқлари Жамғармасининг Ҳалқаро Кенгаши аъзоси бўлди.
6. У 2010 йилда Фронт Лайн Ҳалқаро ташкилот аъзоси бўлди.
1-модда. Умумий қоидалар:
1.1. “Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти ўз иродаларини эркин ифода этган ва эркин ташаббус кўрсатган фуқароларнинг бирлашиши натижасида, инсонларнинг Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси (БМТ, Нью-Йорк, 1948 й. 10 декабрь)да эътироф этилган ва эълон қилинган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ривожлантириш учун тузилган.
1.2. Ташкилотнинг тўлиқ номи – “Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти, қисқартма номи “Ўтюраклар Клуби» ИҲҲҚҲТ; (Бундан кейин қисқача номи матнда «ташкилот» деб юритилади).
Ташкилотнинг лотин алифбосидаги тўлиқ номи – “O’tyuraklar Clubi» inson huquqlarini himoya qilish Halqaro tashkiloti, қисқартма номи эса “O’tyuraklar Clubi» IHHQHT;
Ташкилотнинг француз тилидаги номи – «Association internationale de défense des droits de l’homme, le «Club des Cœurs Ardents» қисқартма номи эса AIDDH «Club des Сœurs Аrdents»;
Ташкилотни инглиз тилидаги номи – Association International human rights «Fiery Hearts Club»; қисқартма номи эса: АIHR«Fiery Hearts Club»;
Ташкилотни рус тилидаги номи – Международная правозащитная организация «Клуб Пламенных Сердец» қисқартма номи эса МПО «Клуб Пламенных Сердец».
1.3. «Ташкилот» Франция давлати ҳудудида ўз фаолиятини олиб боради. Ташкилотнинг филиаллари мавжуд бўлган ва мавжуд бўлмаган давлатларда алоҳида шахслар ташкилотнинг ишида иштирок этишлари мумкин. Ташкилот бошқа давлатлар қонунчилиги асосида ўша давлатларда ўзининг филиал ёки ваколатхоналарини очади.
1.4. «Ташкилот» фаолияти муддати чекланмаган.
1.5. «Ташкилот» юридик шахс ҳисобланади, ўз номи ёзилган муҳрга, штампларга, бланкларга ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган бошқа реквизитларга эга бўлади, ҳамда банкларда ўзининг ҳисоб рақамларини очади.
2-модда. Ташкилотнинг юридик адреси
2.1. «Ташкилот»нинг бош идораси 57 rue Leon 75018 Paris.
2.2. «Ташкилотнинг молиявий хисобот даври 1 январдан 31 декабргача хисобланади.
2.3. «Ташкилот»нинг фаолияти давомида молиявий ресурслари қуйидагилар хисобига амалга оширади;
– Муассислар, ташкилот аъзоларининг ҳамда ҳомийларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобига;
– Алоҳида шахслар, Жамгармалар ёки Давлатларнинг ташкилот фаолиятини ривожлантириш учун берадиган грантлари хисобига;
– Кўрик танловлар, спорт мусобақалари, ким ошди савдоси, кўргазмалар ва ташкилотнинг фаолиятига боғлиқ бўлган бошқа харакатлар хисобидан;
– Франция давлати томонидан қўллаб қувватлаш хисобига;
– Ташкилотнинг банк хисоб рақамидаги фоизлар тўлови хисобига;
– Франция қонунчилигида таъқиқланмаган ва ушбу қонунчиликда кўзда тутилган бошқа манбаалардан олинган маблағ хисобига.
3-модда. «Ташкилот»нинг МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ
3.1. Инсон ҳуқуқи ва эркинликларини ҳимоя қилиш. Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси ва бошқа халқаро хужжатларни ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини шакллантиришга кўмаклашиш ва бу борада ҳалқаро ва маҳаллий жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, Ҳалқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва кенг жамоатчилик билан яқиндан ҳамкорлик қилиш;
3.2. “Ташкилот” муассислигида 2010 йил 10-декабрь куни фаолиятини бошлаган http://www.jarayon.com/ вебсайтида фаолият юритиш ва инсон ҳуқуқларига риоя этилиши борасида амалга оширилаётган ишлар ва дуч келинаётган муаммолар юзасидан журналистик суриштирувлар ўтказиш ва ҳабарлар, таҳлилий материаллар, экслюзив интервьюлар ташкил қилиш мақсадида малакали журналистларни жалб қилиш ва улар билан тузилган меҳнат контракти асосида ҳамкорлик қилиш.
3.3. 2000 йил 17 январдан бошлаб фаолият юритган ва “Ўта қийин ва мураккаб шароитларда зўравонликни камайтириш ва адолатни ўрнатиш йўлида мардларча олиб борган курашлари ва жасоратлари учун” Франциянинг “Озодлик¸ тенглик¸ биродарлик” деб номланувчи инсон ҳуқуқлари бўйича олий мукофоти совриндори бўлмиш “Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг, ташкилот рахбари Мўтабар Тожибоеванинг фаолиятига алоқадор сақланиб қолган архив материалларини ташкилотнинг расмий сайти http://mutabar.org/га жойлаш;
3.4. Нуфузли ва салмоқли тарихга эга бўлган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, фуқаролик жамияти фаоллари, адолатсиз судлов ва қийноқ курбонлари бўлмиш инсонларга тегишли бўлган архив хужжатларни ҳам келажакда фойдаланиш мақсадида ташкилотнинг расмий сайти http://mutabar.org/га жойлаш;
3.5. Инсон ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан мониторинглар, суриштирувлар олиб бориш ва бу борада кенг жамоатчиликни ҳабардор килиш;
3.6. Алоҳида шахсларнинг ҳуқуқлари бузилиши юзасидан шикоятларини қабул қилиб олиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаол иштирок этиш. Фуқароларнинг берган ишончномалари асосида уларнинг муаммоларини ҳалқаро миқёсда муҳокама қилишга эришиш, БМТга индивидуаль шикоятлар ёзиб топшириш.
3.7. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, қонун устиворлигини тарғиб қилиш, жамоатчилик назоратини шакллантириш ва ҳокимият идоралари жавобгарлигини ошириш йўлидаги курашни давом эттириш;
3.8. Фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳисса қўшиш ва шу мақсадда маҳаллий қонунларни ташкилотнинг расмий сайти http://mutabar.org/да ёритиб бориш. Ҳалқаро ҳуқуқ нормалари, конвенциялар ва инсон ҳуқуқига алоқадор бўлган ҳалқаро хужжатларни ўзбек тилига таржима килиб, ўзбек ва рус тилларидаги материалларни вебсайтда эълон қилиб бориш;
3.9. Хорижда яшаётган Ўзбекистонлик ва бошқа мамлакатлар фуқаролари бўлган ўзбек миллатига мансуб меҳнат муҳожирларини ва қочқинларни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳуқуқ-эркинликларини ҳимоя қилиш;
3.10. Сиёсий махкумлар, фуқаролик жамияти фаоллари ва уларнинг оила аъзолари ва яқинларига кўмак берувчи «Мўътабар Тожибоева» номидаги инсонпарварлик жамғармаси ташкил қилиш ва жамғармага маблағ тўплаш мақсадида ким ошди савдолари, кўргазмалар, кўнгилочар ва спорт тадбирлари ва қонунда кўзда тутилган бошқа фаолиятларни амалга ошириш. Ташкилот бу борада ўз аъзоларидан ва бошқа ташкилотлар, шахслардан молиявий ёрдамлар олиши мумкин
3.11. Инсон ҳуқуқларини тарғиб қилувчи, муаммоларни ёритувчи китоблар, брошюралар, фильмлар, вебсайтлар ва бошқа тарғибот воситаларини турли тилларда яратиш ва фойдаланиш.
3.12. Ҳалқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда докладлар ва ҳисоботлар, пресс релизлар ва мурожаатномалар тайёрлаш. Ушбу мақсадда «Ташкилот»га аъзо бўлмаган ҳамда ташкилот фаолиятини қўллаб қувватловчи турли касб мутахассислари билан шартнома асосида ҳамкорлик қилиш.
3.13. «Ташкилот» аъзолари ва ҳамкорларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида билимларини ошириш мақсадида турли мавзуларда ўтказиладиган тренингларда фаол иштирок этиш, “ташкилот” ташаббуси билан ўқувлар ташкил қилиш ва бу ўқувлар – тренингларга «ташкилот» аъзоларидан ташқари фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида курашувчи ҳар қандай инсонларни жалб қилиш.
4-модда «Ташкилот»га аъзолик:
4.1. Ташкилотга Инсон ҳуқуқлари умумжахон декларацияси ва ушбу Низомда кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни қабул қилувчи ва амалга оширишда кўмак берувчи миллати, ирқи, диний мансублиги ва сиёсий эътиқодидан қатъий назар 18 ёшга етган ҳар қандай инсон, ҳар кайси мамлакат фуқароси ихтиёрий равишда аъзо бўлиши мумкин.
4.2. Ташкилотга аъзо бўлиш ариза ёзиш оркали амалга оширилади.
5-модда «Ташкилот»га аъзоликдан чиқиш:
5.1. «Ташкилот»нинг ҳар бир аъзоси ўз ихтиёри билан ўзи истаган вақтида «Ташкилот» аъзолигидан чиқиш ҳақида ёзган аризасига асосан чиқиши мумкин. Шунингдек вафот этган ташкилот аъзоси ҳам ташкилот аъзолари сафидан чиқарилади.
5.2. «Ташкилот» Низомига амал қилмасдан, уни қўпол равишда бузган, Инсон ҳуқуқлари принципларидан чекинган, «Ташкилот»ни обрўсизлантирувчи харакатлар содир этган аъзолар Бошқарув Кенгашининг шошилинч ўтказган йиғилиши қарорига асосан дарҳол ташкилот аъзолигидан четлатилади ва бу ҳақда «Ташкилот»нинг расмий вебсайтида хабар эълон қилинади.
6-модда. «Ташкилот» аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
6.1. «Ташкилот»га демократия ғояларини тарғиб қилувчи ва шу йўлда кураш олиб борувчи «Ташкилот»нинг мақсад вазифаларини амалда жорий қилишга хисса қўшувчи инсонлар аъзо бўлиб кирадилар ва аъзоликка қабул қилинган кундан бошлаб «Ташкилот» Низомида кўрсатилган фаолиятни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига оладилар.
6.2. «Ташкилот» аъзолари ўз фаолияти давомида сиёсий ва диний ғояларини тарғиб қилишларига йўл қўйилмайди.
6.3. “Ташкилот” аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эгалар;
а) «Ташкилот» фаолиятини бошқаришда фаол иштирок этиш, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига;
б) «Ташкилот» фаолияти ҳақидаги тўлиқ ахборотни олишга, бухгалтерлик ҳисоби, ҳисоботи ва бошқа ҳужжатлар билан танишиш;
в) Ҳуқуқ химоячиси сифатида малакасини ошириб бориш мақсадида турли ҳалқаро ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган тренингларга шахсий ташаббуси ва «ташкилот» рахбарияти розилиги билан қатнашиш;
г) “Ташкилот” фаолияти юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини очиқ ошкора баён қилиш ва келтирилган важлари юзасидан изоҳлар талаб қилиш ҳуқуқига эга.
6.4. «Ташкилот» ташаббуси билан “ташкилот” Низомига амал қилмасдан, уни қўпол равишда бузгани, Инсон ҳуқуқлари принципларидан чекингани, «ташкилот»ни обрўсизлантирувчи харакатлар содир этгани учун аъзоликдан четлатилган ҳар бир шахс ҳақиқатни аниқлаш учун умумий йиғилишга ёзма равишда мурожаат қилишга ҳақли.
7-модда. «Ташкилот»нинг бошқарув органи ва уни ҳуқуқий фаолияти.
7.1. «Ташкилот»нинг олий органи 4 йилда бир марта чақирилувчи Умумий йиғилишдир. Навбатдан ташқари Умумий йиғилиш «Ташкилот» аъзоларининг камида ярмининг талаби ёки Котибият қарори билан муддатидан олдин чақирилиши мумкин.
7.2. Умумий йиғилишга ушбу ташкилотни ташкил қилиш ташаббуси билан чиққан муассислар киритиладилар. 4 йилда бир марта ўтказиладиган умумий йиғилишда ташкилотнинг бошқарув кенгаши вакиллари ва ташкилотнинг ишида фаоллик кўрсатган аъзолар таклиф қилинадилар.
8-модда. Умумий йиғилиш ваколати:
8.1. «Ташкилот» рахбари, Котибият ва Тафтиш Комиссиясининг ҳисоботларини эшитиш ва янгитдан сайлов ўтказиш;
8.2. «Ташкилот» фаолиятини мувофиқлаштириш ва режалаштириш масалаларини ўрганиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиш;
8.3. «Ташкилот» Низомига тузатиш ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида қарор қабул қилиш.
8.4. «Ташкилот» фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги қарорни қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш.
8.5.«Ташкилот» филиалларини ташкил этиш, тугатиш ва қайта ташкил қилиш, тегишли қоидаларни тасдиқлаш;
8.6. Умумий йиғилиш қарори кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
9-модда. Бошқарув кенгаши ваколатлари:
9.1. Умумий йиғилиш оралиғидаги муддатда «Ташкилот»ни Бошқарув Кенгаши бошқаради.
9.2. Бошқарув Кенгашига «Ташкилот»нинг рахбари ва бошқа давлатлардаги филиаллари рахбарлари, шунингдек ташкилот аъзоси бўлмаган ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар, жамоатчилик арбоблари, ташкилотнинг ҳамкорлари бўлган ташкилотлар вакиллари ва ҳомийлар киритиладилар.
9.3. Бошқарув Кенгаши ўз йиғилишини «ташкилот» рахбари бошчилигида ҳар йилда бир марта ўтказади. Бошқарув кенгаши аъзоларига “ташкилот” фаолиятига доир амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар юзасидан муҳокама қилинадиган масалалар бўйича батафсил маълумотлар берилади ва Бошқарув Кенгаши аъзоларининг 40 фоизи қатнашган ва йиғилишда қатнашмаётган 30 фоизи ўз муносбатини билдирган пайтда қабул қилинган қарор қонуний хисобланади.
9.4. Бошқарув кенгаши «Ташкилот» аъзолигидан четлатилган фуқаронинг шикоятини мухокама қилади.
9.5. Бошқарув Кенгаши аъзолари ташкилотга жамоатчилик асосида кўмаклашадилар, уларга ташкилот бюджетида ойлик маош белгиланмайди.
10-модда. Ташкилотнинг ижроия органи.
10.1. Ташкилотнинг ижроия кўмитасига ташкилот Президенти, тафтиш комиссияси ва котибият киради. Ижроия кўмита ташкилотнинг умумий вазифаларини амалга ошириш билан шуғулланади. Умумий йиғилиш ва бошқарув кенгаши йиғилишлари учун тайёргарлик кўради, олдинги йиғилишлар қарорларини ижроси бўйича хисобот тайёрлайди.
10.2. Ижроия кўмита ташкилот Президенти рахбарлигида ҳар ярим йилда бир марта йиғилиш ўтказади. Ижроия кўмита йиғилишида ташкилотнинг фаолиятига боғлиқ бўлган лойиҳалар ва режалар муҳокама қилинади.
10.3. Ижроия кўмита йиғилиши ташкилотга аъзолик ва аъзоликдан чиқариш масаласини ҳал қилади.
10.4. Ижроия кўмитаси вакиллари вазифалари ва бурчлари юзасидан қўшимча қўлланмалар киритилиши мумкин.
11-модда. Ташкилот раҳбари ҳуқуқ ва мажбуриятлари:
11.1. Ташкилот рахбари умумий йиғилишда кўпчилик овоз билан тасдиқланади. Бошқарув Кенгаши йиғилиши оралиғидаги даврда «Ташкилот» рахбари «Ташкилот» номидан фаолият юритади ва фаолияти билан боғлиқ бўлган барча масалаларни амалга оширишга раҳбарлик қилади. У уз фаолиятини ушбу Низомда белгиланган ваколати доирасида амалга оширади.
11.2. “Ташкилот” рахбари қуйидаги вазифаларни амалга оширади;
а) «Ташкилот» фаолиятининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва фаолият юритаётган ташкилот аъзоларини мониторинглар олиб бориш юзасидан фаолиятларини давом эттириш ва уларни молиявий таъминлаш мақсадида турли ҳил жамғармалар вакиллари билан музокаралар олиб бориш ва битимлар тузиш:
б) «Ташкилот» номидан фақат рахбар гапиради ва барча ҳужжатларга имзо чекади. Ҳалқаро ташкилотлар билан мулоқот олиб боради; Рахбар ваколат бергандагина «Ташкилот» номидан унинг бошқа аъзоси ёки таклиф қилинган мутахассис гапириши мумкин;
в) «Ташкилот» ходимларининг ишини ташкил қилади ва бошқаради, ташкилотнинг молиявий – хўжалик ишларини амалга оширади. «Ташкилот» аъзолари бажариши мажбур бўлган бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради.
г) «Ташкилот» рахбари молиявий фаолиятни доимий равишда ўз назоратида олиб боради, лойихалар бўйича тайёрланадиган ҳисоботларни реаллигини исталган пайтда текшириш ваколатига эга бўлади.
д) Рахбар «ташкилот»нинг Низом доирасидаги барча фаолияти учун маъсулдир.
Fikr bildirish