Эврил Турон-2002 йил: Қоронғу кечада чаққан чақмоқлар!
Азиз дўстим! Менимча туб воқеалардан озми, кўпми хабардорсиз. Шу боис, айрим муҳим ҳолларни ёзиш ила чекланаман. Навоий турмасида Рашид билан бирга бўлдим. Яширинча кўришиб турардик. Уни кўп, жуда кўп қийнашди. Ўзим ёрдамга муҳтож бўлсамда унга имкон даражасида ёрдам қилдим. Агар, эҳтиёт бўлмасам мениям арзимаган баҳона билан ўлдириб юборишлари мумкин эди.
159-модда билан қамалганлар чексиз, чегарасиз қийноқда. Тонгдан шомгача югуртирар, уст – бош кийимларимизда пол ювдирар, ахлат тозалатар, қорга яланғоч ҳайдаб эмаклатар, ғоз юриш қилдирар, эрмакга мадҳияни айтишга мажбур қилишарди. Арзимаган хато учун аёвсиз калтаклаб, изоляторга ташлашади ва ҳакозо…
Онаси, қизи билан бирга бўлган маразлар, одам ўлдирган қотиллар, бировнинг уйини урган ўғрилар, ашаддий жиноятчиларга деярлик тегишмас, ҳамма зулм бизнинг бошимизда эди. Рашиднинг қўллари, юзлари ёрилиб кўз ўнгимда чўпдай озиб – тўзиб кетди. Мен ҳолсизланиб икки марта кўчада йиқилиб қолдим. Йиқилсанг ҳам уришади. Бу қийноқларга дош бериш қийин.
Врачларнинг айтишича бундай шароитда 90 фоиз маҳкумлар ўлар экан. Лекин, Тангрим буни хоҳламади чоғи, ҳамон нафас олаяпман, ўқиб, ёзиб анча заҳаримни қоғозга тўкяпман. Қатор туркум шеърлар ёздим. Ғарб адабиёти билан қисман танишдим, лекин юрагимни қаттиқ ром этганини кўрмадим. Миллатчи Фирдавсийнинг ёзганларидан қусгим келди. Турк унинг онасини ясаган., шунга туркга осилган. Мақтов, лоф, мадҳия, туҳмат хуллас бир хил сийқа тасвирлар…
Оғзи билан кети бир ҳақида роман ёздим. Ташқарида. Чала. Олдин ҳам бир роман ёзгандим. У ҳам чала. Ишлашга имкон йўқ. Қаердадир чанг босиб ётипти. Мен ўқни юрак ва мияга отаман. Ўқим оёқ ё қоринга тегишини истамайман. Миясининг қатиғи чиқсин дейман.
Романим ҳар хил қиёфали қутирган Кимса ҳақида. Бургут унинг кўзи, мияси, юрагини тешади, кўз юмди дегунча шу ҳол. Кўз юмишга қўрқади шўрлик. Боши ит бошига айланиб қолади, сал мудраса кўз ўнгида бургут пайдо бўлиб азоблайди, ҳар хил қиёфага солади… Кимса шўрлик бургутдан қутулиш учун гоҳ Америка, гоҳ Исроилга боради, минг тешикдан нажот излаб пул сочади, кетидан ҳам беради… Лекин, Бургут ҳеч қаерда тинчлик бермайди. Омон бўлсак келажакда ўқийсиз. Ҳали кўп ишлаш керак. Ҳозир шеърий роман ёза бошладим. Бу ҳақда кейин. Ёзганларимнининг баъзиларини ташқарига чиқараяпман. Пулга. Пулга қул бўлмаган “пагон”ни кўрмадим…
2001 йил 23 апрелнинг қоқ тунида мени йиртқичлар “хос” усул билан навбатчилар хонасига судрашди. Бурчакда бир тутам бўлиб, мунғайиб, жовдираб Муҳаммад ўтирган экан. Ўзим раҳму – шавқатга зор, хор ҳолда бўлсамда унинг бу ҳолидан йиғлагим келди. Қўл бериб кўришига изн беришмади. Бош ирғаб сўрашсак бақиришди. Унинг бир ўзини Қизил Тепадан олиб келишган экан. Ёлғиз ўзини. Қасддан, атайлаб икковизни, ҳа фақат икковимизни тиш – тирноқларигача қуролланган ментлар, аскарлар, итлар поездга олиб келишди.
Поездга чиқишим билан бошимга дубинка билан уришди. Кўзим тиниб кетди. Поездга яна 80 нафар 159-модда билан қамалганларни тиқишди. Ҳаммаси ёш йигитлар. Ўтирадиган жой ҳам сув ҳам йўқ. Ҳаво етишмайди. Уст – бошимиз жиққа ҳўл бўлди. Нафас олиб бўлмайди. Сасиб кетган. Амаллаб салафан халталарга ёзилишга мажбур бўлдик. Бошимиздан таёқ аримайди. “Ватан хоинлари”. “Халқ душманлари” деб бақиришади. Таёқлар, таҳқирлар, ҳақоротлар остида 24 апрель куни “Жаслиқ”га етиб келдик. Жаслиқ Нукусдан 380 км уоқдаги Борса – келмас оролида жойлашган. Русга яқин. Орол 10 кмча чекиниб хароб бўлган бу ҳудуддаги “Жаслиқ” зона дейилсада ёпиқ камерали қамоқхона. Поэздда қопимизни олиб қўйдилар. Китоб, дафтар, ручка, кўзойнак, қўлёзмаларим, тиш тозадагич, совун, кийим кечагим., ҳаммаси изсиз кетди.
Зонага киришимиз билан юзлаб ментлар қўлларидаги дубинка, арматуралар билан қонимизни тўкишди. Сепилиб кетдик. Ҳаммаёқ қонга бўялди. Оёқлар, қўллар синди, кимлар типирчилаб жон берди. Чор – атроф дод – фарёдга тўлди. Мени арматура билан уришганида ҳушимдан кетдим. Кўзимни очганимда қип яланғоч, қонга қотилиб 2 – қатда ётардим. Ўзим шу ҳолдаману: – тирикмикан., деб Муҳаммадни ўйлайман. Маҳкумларни камераларга қип яланғоч ҳолда судраб киришади. Бу ерда Муҳаммадни бошқа кўрмадим. Ҳар куни не бўлди, тирикмикин деб ўйлардим…
Камера эшигининг қалинлиги 30/40 см, яна темир тўсиқ. Нозирлар ҳам темир эшикни 20/30 дақиқада қийналиб очишади. Камера ичига ҳам уч қатли темир панжара ўрнатилган. Ҳожатга сўраб чиқамиз. Рухсат бўлмаса чидайсиз. Бош эгик, қўллар бўйинга чирмашган ҳолда юриш шарт. Ментнинг башарасига қараш таъқиқланган. Акс ҳолда қонингизга қориб ташлайди. Шундоғам, ҳар куни ҳеч бир сабабсиз уради, “Ватан хоини”, “Халқ душмани” деб муттасил тепиб таҳқирлайди. Билишимча бу зона махсус буюртма бўйича Масад лойиҳаси асосида қурилган. 13 та ҳолатни мажбуран бажартиради.
Биринчи ҳолат шундай: – “Ассалому алайкум гражданин начальник! Биз Ўзбекистон Президентини ва Ўзбекистон халқини чин дилдан севамиз. Қилган жиноятларимиз учун Ўзбекистон Президентидан ва Ўзбекистон халқидан кечирим сўраймиз. Хозяинга раҳматлар айтамиз. Овқатимиз яхши. Камчиликлар йўқ…”
Худди шу тавба матнини ҳар куни 500 – 600 марта хор бўлиб айтамиз. Сўнг ўзбекча, қарақалпоқча мадҳияларни юзлаб марта айтишга мажбурлашади. Бу ҳам камдай яна қип яланғоч қилиб эмаклатишади. Ўтириб, турғизади, бир – биримизнинг устимизга миндиради, ғоз юриш қилдиради, шконкалар (темир каловатлар) тагига шўнғитади, тинимсиз чоптиради, камера ичи чанг – тўзонга ботади.
Маҳкумлар адойи тамом бўлиб ҳушдан кетиб йиқилади. Мен ҳам бир неча марта ўлиб тирилдим. Бизнинг камерадаги олий маълумотли Дилмурод Умаров шу қийноқлар туфайли ўлиб қолди. Шўрлик инглиз тилини биларди. Фарғона шаҳрида ёш хотини гўдак қизчаси билан бева қолди. Сўнг Комилжон Маҳмуд ўғли ўлди. Ёш йигит эди. Марғилонда хотини тул қолди…
Тонгги соат олтидан то кеч ўнгача тиним йўқ. Ярим коса овқати ювинди, ёвғон. Бир бўлкани 6 киши бўлиб калтак остида ейди. Менимча, 80/90 фоиз маҳбуслар силга чалинди. Мутасил калтаклардан ичлари тўкилди. Булар мен билган бир камерадаги ҳолат. Бошқа камералардан ҳам доимий равишда дод – фарёд, чинқириқ, тапур – тапур, мадҳия саслари эшитилиб туради. Буларнинг барини ёзсанг бир китобга сиғмайди.
“Жаслиқ” деб аталмиш жаҳаннамга келганимнинг учинчи куни мени уриб, тепиб, судраб Ўзбекистон қамоқхоналар Бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Равшан Сариқовга рўбарў қилишди. Мажбуран тиз чўкиб ўзимни таништирдим. У: – Тошкент шаҳридаги портлашни ким қилди., деб сўради. Мен: – бунга Муҳаммад Солиҳнинг алоқаси йўқ., десам рус разведкасичи., деб сўради. Мен: – билмадим, вақт ўтиши билан бош айбдор топилади, бегуноҳлар ўлиб кетди., дедим. Р.Сариқов мен билан илиқроқ мумила қилсада, МСни кўп марта сўради. Мен унга: – у чин миллатпарвар., мени ё отиб ташланглар ёки барибир ўзимни ўлдираман., дедим. У индамади. Лекин, шундан сўнг менга алоҳида қаттиқ назорат ўрнатилди. Менимча, сал енгиллик ҳам бўлди.
Ментлар: – Бу Титаник, бу ердан фақат ўликларинг чиқади., деб фақат калтакга зўр беради. Камерага ҳатто чўп ҳам киритмайди, тирноқларимизни тишларимиз билан оламиз. Икки ой ичида 24 кило озиб кетдим. Кейин уйдагиларнинг саъйи ҳаракатлари ва дўстлар “тўполони” таъсирида яна Навоий турмасига юбордилар.
Жаслиқдан Нукусгача “воронок” (усти ёпиқ юк машинаси)да, ўнқир – чўнқир йўлдан сил касаллар билан бирга келдик. Касаллар ҳолсизликдан йиқилиб қолишди. Июнь ойининг иссиқ кунлари эди. Тамоқ қақраганда бир баклажкадан сув ичдик. Кийимларни сиқиб ташласак, сал ўтмай яна ҳўл бўлади. Нукус турмасида, 2-қатда мени сил касалларга қўшиб қўйдилар. Бу ерда ҳам ур йиқит, қийноқ.
Одам боласи бунча йиртқичлик қилишига ишониш қийин. Бу ваҳшийларни ит, қашқир, илон ё тулкилар туққанми., деб ўйлайсан?! “Жаслиқ”да қанча одам ўлгани қоронғу. Кўпини Сангородга юборишади. Сангород ҳам баттар, бу ерда ҳар куни қанча – қанча одам ўлади. Турма, зона, изоляторларда қанча. Бу ердаги даҳшатлар олдида Ўрис, Чечен, Афғон, Исроил, Фаластин, Босния – Херсон урушлари ҳолва…
Тинчлик, Барқарорлик деганлари авом халқни алдаш. Милиция, СНБ, армия – куч ишлатар ташкилотлар биз халқ атайдиган оломоннинг бўғзидан бўғиб турипти. Маош йўқ, халқ оч – яланғоч. Бузуқчилик кучайган. Илм, фан ўлган., қишлоқ хўжалиги ботқоқга ботган. Бутун куч, бойлик матбуот, радио, телевидение, нашрлар, фақат бир одамга хизмат қилишга мажбур.
Навоига боришда, Абдулҳаким деган йигит поэздда ўлди. Суяб келаётгандим, қўлимда жон берди… Навоий турмасида Рашидни кўрдим. Қуриб қолипти. Кўзимга ёш келди. Ўксидим. Туалетда нон, мохорка, сигарет бердим. Бу ерда менга муносабат ўзгарди. Дарҳол шифохона(санчасть)га ётқазишди яширин ҳолда 2/3 марта Рашид ва Самандар Қўқонов олдимга киришди. Сўнг сезиб қолишгач таъқиқлаб қўйишди. Кейин Рашидни Қизил Тепага олиб кетишди. Ҳар ҳолда Қизил Тепа дурустроқ дейишади. Лекин, жигаримни қўмсаб, ҳоли кечди., деб ўйлайман.
16 кун санчастьда ётдим. Осма уколлар қилишди. Бир куни йиқилиб қолсам ўлди деб ўйлашипти. Тангрим умр берган экан яна кўз очдим. 16 кун ичида санчастьда беш маҳбус ўлди.
“Жаслиқ”га кетиш олдидан 36 – зонадаги (сил касаллар зонаси) 120 нафар сил касал маҳбусларни 46-зонага олиб келиб синдиришди. Зона кўчалари қонга бўялди. Кўз олдимизда оёқ – қўллари синганлар илондек ўрмалаб эмаклашди. 11 нафар маҳкумни шафқатсизларча уриб ўлдиришди. Бештасини бесоқол қилишди…
Урганчлик Ботир Қозоқ (асли ўзи ўзбек) деган полвон йигитнинг оғиз, қулоқ, юзларини йиртиб, тишларини тўкиб ташлашди. Кўз ўнгимизда оёқ – қўлларини синдиришди. У положенец, жони қаттиқ экан. Мени Жаслиққа олиб кетишганидан сўнг ўлипти. Бунга 46-зона маҳкумлари шоҳид.
Ўн олти кундан сўнг мени Сангородга юборишганида аҳволим ниҳоятда оғир эди. Шу ҳолда ҳам Жаслиқдаги тутқунлар, айниқса Муҳаммадни кўп ўйлайман. Поэздда Жалолиддин деган маҳбус билан бир катакда келдим. Бир баклажкада сув ичиб Тошкентгача бирга келганмиз. Унинг спид касал эканлигини менга айтишмаган. Балки, ўзи ҳам билмас. Юрт тутқунларининг Бош касалхонаси бўлмиш – Сангородда Жалолидинни юзтача спид ётган бўлимга ётқизишди. Қамоқхоналардаги ўта оғир шароит, жинсий зўравонликлар оқибатида сил, спид касаллар сони жуда кўпайиб кетган. Кўпчилиги касал юқтирганлигини билмайди.
Сангородда нисбатан илиқроқ муносабатда бўлишди. Буни, четдаги дўстларнинг таъсири деб ўйладим. Кейин, яъни 5 ойу 18 кун даволанганимдан сўнг, балки ёзганларим чет элда чоп этилгани таъсирида бўлса керак мени Жаслиқга эмас, Навоий вилоятидаги 46-зонага юборишди.
Навоий зонасида Муҳаммад билан бир туркумда бўлдим. Умримда бундай гўзал хулқ, хуш феъл инсонни учратмаганман десам ёлғон бўлмас. Тинимсиз дардлашардик. Макр қобиғига чирманган бадбахт илон Алишер Бегбойни лаънатлардик: – ифлос, нонкўр…
Қўлимдан келганича Муҳаммадга ёрдам бердим. Емоқдан, жойдан…Бир баракда 395 нафар маҳбус ётади. Бир баракнинг ўзида шунча?! Уч қатли шконка. Икки тутқун ўртасида 159-модда билан қамалган маҳкум ётади. Хазяин билан муносабатим сал яхшиланганди (дўстлар туфайли бўлса керак…) имкон даражасида Муҳаммадга нисбатан зулмни камайтирдим. Муҳаммад кўз олдимда кичрайиб, қуриб қолди. Биз бир – биримизга руҳан мадад берардик. Кейин уни бошқа туркумга ташладилар. У эртадан кечгача тош майдаларди. Яширинча егуликлар юбориб турдим. Унинг оёғини уриб синдирганлари учун азоб чекарди. Имкон топилганда кийим кечак юбордим. Хозяинга (зона бошлиғини шундай аташади) Муҳаммаднинг ёши Сиздан катта, гадлар (тутқунлар ичидаги сотқинлар) уриб синдиришяпти ишдан озод қилинг деб илтимос қилдим. Шундан сўнг, хозяин чақириб: – енгиллик туғдираман, бироқ ишдан озод қилишга ожизман., депти.
Халқаро “Қизил Хоч”ташкилотидан комиссия келади деган хабардан сўнг, тезда ҳаммаёқни таъмирлашди. 159-модда билан қамалганларнинг ҳар бири махсус “чиғириқ”дан ўтказилиб: – оғиз очманглар, кейин ўзларингга қийин бўлади, улар сизларга озодлик бермайди, бари бизнинг қўлимизда., дейишди. Ўлим билан қўрқитишди. Тошкентдан келган бир аблаҳ ҳам ўзича мени қўрқитмоқчи бўлганида: – ўлсам ўлиб кетавераман, лекин бор ҳақиқатни айтаман., дедим. Зудлик билан 2000 (икки минг) маҳбусни турли зоналарга “сургун” этдилар. 3 қатли шконкалар олиб ташланди. Тоза чойшаб, сочиқлар тарқатилди. Четдан комиссия келса доим шундай қилишади. Ўзбекистон бўйича шундоқ. Буни “Показуха” дейишади. Ўзбекчасига қип – қизил кўз бўямачилик…
Энг охирида, 11 апрель (2001 йил) куни кутилмаганда менинг бир ўзимни сангородга этап қилишди. Хазяинга Муҳаммадни яна уришипти., деб айтдим. У кўз олдимда Муҳаммадни чақиртирди. Йўлакда дуч келдик. Бироқ, Али деган тожик опер хайр-хўшлашишга рухсат бермади. Муҳаммаднинг янги сапожкаси менда қолиб кетди. Ҳозир уйда сақланмоқда. Баракга қайтиб киришимга рухсат бермади. Нарсаларим қолиб кетди. Жаслиқда ҳам уйдан келган егулик, кийим – кечак, 54 пачка “Хон” сигаретим., яна посилкаларим ҳам қолиб кетган.
Шундан буён Муҳаммад жигарим, инимдан бехабарман. Бироқ ҳар куни соғиниб эслаб тураман. Чин маънода ажойиб инсон!
Сангородда нисбатан яхши муомилада бўлишди. 2 та тутқун мент – полковниклар билан бир палатада бўлдим. Бири аниқ “қулоқ” эди. Барибир сўкардим. Бўғизимни ёриб чиқарди овозим… Кўп осма уколлар қилишди. Ошқозонимда яра – язва ва ўсимта – полип бор экан. Сурункали астма, бронхит эканман. Гипертония, уч марта инфаркт, геморўй, гайморит., хуллас бир қатор сурункали касаалликлар.
Ошқозонимни операция қилмоқчи бўлишди, лекин юрагим дош бермаслиги мумкин экан. Бош врач ва хозяинга расмий рад аризаси ёздириб олишди. Аслида менга биринчи гуруҳ ногиронлиги беришлари керак эди. Ҳатто “қулоқ” – полковник ҳам шуни кўп айтди. Терс кўрсатма бор экан, ногиронлик беришмади. Лекин, касаллик тарихимга ҳамма ишдан озод қилинсин., деб ёзиб қўйишди. Бу ерда пул билан кўп ишларни битириш мумкинлигини билдим. Менга катта пул керак эди. Пулни қаердан оламан. Бир ўғлим амаллаб қорнимни тўйдириб турган бўлса. Катта пул сўради…
Шу жараёнда интернетда чиққан нарсалар таъсирида мени этап қилмоқчи бўлишди. Мени яна Равшан Сариков қабул қилди. Сангород бошлиғи полковник Акбар Каримовнинг кабинетида Чирчиққа юборишни сўраб ариза ёзиб бердим. Хуллас, ўзаро маслаҳатлашиб 2001 йил 16 июнь куни Чирчиқга юборишди. Пул бўлса ҳар иш қилса бўлади. Кучим борича ёзиб – чизиб ишлаяпман. Беш – олти кун бурун Абдулҳамид Исмоил келиб кетди. Би Би Сида эшитарсиз. Ўзи билан гаплашарсиз. Эркин гаплашаолмадим. Нисбатан бўғзимга дард тиқилганини айтдим…
Прага маҳкамасида бўлган дўстим ҳолатини изчил ва синчиклаб кузатдим. Тангридан яхшилик сўрадим! Дўстим ўзини мардона тутди. Менга таниш қалдироқдек овози мардона эди. Бу ерда ҳамма ментлар: – “МС”ни тоштурмага, СНБ ертўласига олиб келишди., деган гаплар тарқатишди. Чех маҳкамаси одил экан. Норвегия ҳам. Кейин ҳам овозларини эшитдим. Яхши. Воқеаларни кузатиб боряпман. Очундаги ҳаракатларни ҳам… Би Би Си да ва…
Оғзи билан кети бир қайтганидан кейин зулм батар кучайди. Чирчиқ нисбатан яхши бўлсада, тепадан 159 ларни қийнаш бўйича кўрсатма келяпти. Ҳар куни ҳар бир туркумдан рўйхат билан 10 та 10 талаб олиб кетяпти. Кечаги ўнталик рўйхатида мен ҳам борман. Олим Нуров, Олим Ҳасанов, Мухтор, Икром, Ёдгорлар ҳам… Мен бош тортдим. Бугун сал тинчроқ… Бу ҳақда Оташ ака билан Орзу акаларга алоҳида хабар бераман.
159 лар умуман амнистияга ҳам реформага ҳам тушмайди. Жуда қаттиқ назоратда. Ҳар бирида ўн – ўн бештагача огоҳлантириш, изолятор, ҳайфсан…
“Қариялар йили” дейдилар. Бу ерда отангизнинг яқин дўсти 74 ёшли Амат Йўлдошев ҳам ўтирипти. Гурланлик. Сизни яхши танийди. Унинг яна 4 ўғли ҳам ўтирипти.
Қамоқхоналар яна тўлиб кетди. 99 фоизи ёшлар. Юз минглаб ёшлар. Булардан ҳар йили юз минглаб бола туғиларди. Юз минглаб. Мана миллат илдизига болта уриш! Бола – чақаси йўқчиликдан бузулиб кетган. Албатта ҳаммасининг эмас….
Азиз дўстим! Мен бу хатни бир ўтиришда, жуда шошиб, ишончли дўстлардан қоравуллар қўйиб чўчиб ёздим. Қайта ўқишга ҳам улгурмадим. Юрагимдагиларнинг минглардан бирини чиздим. Хатолари бўлса узр.
Сизга салом билан, Сизни соғиниб, қучиб дунёдаги бутун яхшиликларни Тангридан тилаб қоламан. (Ҳозир Сиз тўғрингизда эл ичида яхши гаплар бўляпти. Буни янги тушганлар, учрашувга кириб чиққанлар айтишяпти) Мен сабабли., қамалган укам чиқди. Ҳозир Оташ ака билан… Сизга хати бор эди… (Бу хатни ҳеч жойда эълон қилманг)
22 апрел 2002 йил. Чирчиқ. УЯ – 64/6
PS: Эврил Турон ушбу хатни ёзганидан сўнг роса 11 йилдан сўнг 73 ёшида озодликга чиқди.
Fikr bildirish