Ўзбекистоннинг собиқ Президенти қулоғига етиб бормаган муштипар она ноласи!
ҚОЗИДАН РОЗИ ЭМАСМАН! Президентга очиқ хат
Салима Ахназарова: Жаноб Президент! Ўғлим Аббос Ахназаровни занжирлаб осиб қўйиб, оғир қийноқларга солган, сохта кўргазма олиш учун уни вахшийларча уриб, ногирон қилиб қўйган Зомин туман ИИБ ЖҚБ бошлиғи Б.Мусурмонов ва унинг ваҳший шериклари жиноий жавобгарликга тортилишини, ИИБнинг ЖҚБ ваҳший ходимлари бир гуруҳ бўлиб туман ИИБ биносида содир этган жиноятни била туриб атай яширган Зомин туман прокурори Б.Р.Соипов ва унинг қонунга итоатсиз терговчиси А.Сакиевга қилмишлариига яраша қонуний чора кўрилишига кўмак беришингизни илтижо қилиб сўрайман.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал Кодексининг 11-моддасида: – судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, ҳимоячи, шунингдек жиноят ишини юритишда иштирок этувчи барча шахслар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Кодекс ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига аниқ риоя этишлари ва уларнинг талабларини бажаришлари шарт. Қонунларни аниқ бажаришдан ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра юз берганидан қатъий назар, жиноят процессида қонунийликни бузиш ҳисобланади ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади дейилган.
Ушбу кодекснинг Ҳақиқатни аниқлашга оид 22-моддасида эса: – суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шарт., дейилган.
Иш бўйича Ҳақиқатни аниқлаш учун фақат шу Кодексда назарда тутилган тартибда топилган, текширилган ва баҳоланган маълумотлардан фойдаланиш мумкин. Гумон қилинувчидан, айбланувчидан, судланувчидан, жабрланувчидан, гувоҳдан ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслардан зўрлаш, қўрқитиш, ҳуқуқларини чеклаш ва қонунга хилоф бўлган ўзгача чоралар билан кўрсатувлар олишга ҳаракат қилиш маън этилади.
Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текширилиши, айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган барча ҳолатлар аниқланиб ва ҳисобга олиниши лозим.
ЖПКнинг 337-моддасига кўра, жиноят ишини қўзғатишнинг қонунийлиги устидан назорат олиб бораётган прокурор:
- Суриштирувчи, суриштирув органи бошлиғи, терговчининг жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарорини бекор қилишга ва иш қўзғатишни рад қилишга;
- Суриштирувчининг, суриштирув органи бошлиғининг, терговчининг жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарорини бекор қилишга ва айни вақтда иш қўзғатишга ҳақлидир;
Мазкур Кодекснинг 382-моддасига кўра: – суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларининг юритишда қонун ижроси устидан назорат прокурор томонидан амалга оширилади.
384-моддасига биноан прокурор ёки ўринбосари айблов хулосаси ва жиноят ишини ўрганиб:
1. Айбланувчи зиммасига қўйилаётган қилмиш содир этилган ёки этилмаганлигини ва бу қилмишда жиноят таркиби бор-йўқлиги;
2. Қўйилган айб ишдаги мавжуд далиллар билан асослантирилган-асослантирилмаганлиги;
3. Айбланувчининг исботланган барча жиноий қилмишлари айблов мазмунига киритилган-киритилмаганлиги;
4. Жинояти фош қилинган барча шахслар айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган-қилинмаганлиги;
5. Айблов ёки ишни тугатишга сабаб бўладиган ҳолатлар бор-йўқлиги;
6. Айбланувчининг қилмишларига тўғри ёки нотўғри тавсиф берилганлиги;
7. Эҳтиёт чораси тўғри ёки нотўғри танланганлиги;
8. Фуқаровий даъвони таъминлаш чораси кўрилган-кўрилмаганлиги;
9. Жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар аниқланган-аниқланмаганлиги ҳамда уларга барҳам бериш чоралари кўрилган-кўрилмаганлиги;
10. Тергов синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона ўтказилган-ўтказилмаганлигини, барча важлар текширилганлигини ва ҳимоянинг илтимосномалари кўриб чиқилганлиги;
11. Айблов хулосаси ушбу Кодекснинг 379 ва 380-моддаларида назарда тутилган талабларга мувофиқ тузилган-тузилмаганлиги;
12. Суриштирувчи ва терговчи ушбу Кодекснинг бошқа талабларига риоя қилган- қилмаганлигини текшириши шарт.
Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич!
Юқорида қайд этилган қонунлардан иқтибос келтиришимдан мурод шулки, мен ўғлим Аббос Ахназаровнинг бошига тушган кулфатлар боис Зомин туман прокурори Б.Р.Соипов, туман ИИБ бошлиғи ҳамда жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Э.Олмосов ва вилоят судьялари худди ана шу қонун талабларига мутлақо риоя қилмасдан бемалол фаолият кўрсатиш мукинлигини амалда исботлаганларига амин бўлдим.
Ўғлим Ахназаров Аббосни ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида юқорида қайд этилган қонун талабларидан амал қилинмаган ҳолда чиқарилган ЖИБ Зомин туман судининг 10.11.2015 йилдаги ҳукми, аппеляция ва назорат инстанциялари ажримларидан қуйидаги важларга асосан норозиман:
- Зомин тумани ИИБ ТБ терговчиси Б.А.Маматкаримов тайёрлаган айблов хулосасида: – Аббос Ахназаров 2015 йил 11 июль куни соат 23-30ларда ўзганинг мол-мулкини босқинчилик йўли билан талон-тарож қилиш мақсадида Зомин туманидаги Небўса қишлоғи ҳудудидаги бекат олдида РАФ русумли 25 R 916 ВА давлат рақамли автомашинасини таъмирлаш учун тўхтаб, телефонда гаплашиб турган фуқаро Утегенов Иброҳим Нуриддин ўғлига қўққисдан ҳужум қилиб., мушти билан жағига уриб, бошқа жон соҳаларига оғир шикаст етказиб, унинг ёнида бўлган 1.200 000 сўмлик НОКИА X2DS русумли телефон аппарати ва автомашинаси салонида бўлган 5.000.000 сўм пуллари, 150.000 сўмлик PIONER русумли автомагнитофон жаъми: 350.000 сўмлик мол-мулкини босқинчилик йўли билан талон-тарож қилган. Ҳаёти ва соғлиғи хавф остида қолган И.Ўтегеновни ўзини ўзи химоя қилиш имконидан маҳрум этиб, ожиз ҳолда ташлаб кетган., деб баён этилган.;
- Аслида эса: – 2015 йил 16 июль куни кеч тахминан соат 22-00ларда ўғлим Аббос қизим Азизани кутиб олиш учун бекатга чиққанида бир нотаниш қиз автомашинадан тушиб, йўлнинг у бетига чопиб кетганини кўргач, мабода шу қиз синглим эмасмикан деган шубҳага бориб, олдин унга таниш бўлмаган ҳайдовчидан сўраган вақтда у Аббосга: – «Сен кўча қоравулимисан?», деб сўкиниб машинасини ўт олдириб кетиб қолган.;
- Шу воқеадан 3 кун ўтиб, 2015 йил 21 июль куни ўғлим Ахназаров Аббосни Зомин тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари Жиззах шаҳридан ушлаб олиб, йўл давомида ҳам қийнаб, ўзлари ишлайдиган туман ИИБ биносига олиб киргач оёғидан занжир билан осиб қўйиб, қоғоз билан тилини ташқарига чиқариб, ундан ўзлари компьюьерда тайёрлаган кўргазмани кўчириб имзолашга мажбурлаб, кўчириб имзолаганидан сўнг ҳам, агар шу кўргазмани ўзгартирсанг ўлдириб юборамиз., деб яна дўппослаб, хушидан кетганидан кейин кеч соат 23-00 ларга қадар оч ҳолатда ушлаб туриб, соғлигига хавф солувчи жиноятларни содир қилишган.Қийноқ шу даражада оғир бўлганки, Аббоснинг комага тушиб қолгач ЖҚБ ходимлари ҳатто тез ёрдам чақиришга мажбур бўлганлар.Шундан сўнг, биз бундан хабар топдик.2015 йил 21 июль куни ярим тунда соат 24-30 ларда Аббосни оғир аҳволда Жиззах шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимига олиб боргач унга кечиктириб бўлмайдиган биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилди.РШТЁИМ Жиззах филиали нейрохирургия бўлимидан берилган: – “Ёпиқ краниоцеребрал жароҳат, бош мия чайқалиши, бошини энса, чап қовоқ соҳаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши”.. диагнози врач Ибрагимов ва бўлим бошлиғи Х.А.Равуфов томонидан имзоланган. (касаллик тарихидан кўчирма нусҳаси илова этилмоқда).1995 йили Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1966 йилда қабул қилинган “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пактни ратификация қилган. Шахснинг ўз манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи мазкур Пактнинг 9-моддасида: – қамоққа олиниши ёки хибсда ушланиб туриши туфайли озодликдан махрум этилган ҳар бир шахс ўз ишининг судда кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга, чунки суд дарҳол унинг ушланиши қанчалик қонуний эканлиги борасида қарор чиқара олсин ва агар унинг ушланиши ноқонуний бўлса, озод қилиш ҳақида фармойиш бера олсин., дейилган бўлсада ўғлим Ахназаров Аббос ушлаб турилганидан бизни хабардор этишмаган ва айбига иқрорлик кўргазмалари ўта ноинсоний қийноқлар остида адвокатсиз олинган.;
- Судланувчи Ахназаров Аббоснинг ота-онаси, яъни биз туман прокурори Б.Р.Соиповга унга нисбатан туман ИИБ биносида қўлланган оғир қийноқлар бўйича бир неча марта мурожаат этсакда, зўравонларни жавобгар этиш ўрнига, аксинча ЖҚБ ходимларини қўллаб, улар содир этган ваҳшиёна жиноятни яширишнинг барча чораларини кўриб, жиноятни яшириш билан машғул бўлди. Хусусан, 2015 йил 28 июль куни Зомин туман прокурори Б.Р.Соиповга топширган шикоятимизни малакасиз терговчиси А.Сакиев юзаки ўрганиб, Аббосга етказилган тан жароҳатлари туман ИИБ биносида етказилганлиги аниқ бўлгани ҳолда шикоятда кўрсатилган ҳолатлар ва тўпланган ҳужжатлар бўйича бирон-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли деб жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида мутлақа асоссиз ва қонунга хилоф қарор қабул қилди.;
- Терговчи А.Сакиев туман ИИБ ЖҚ ва УЖҚБ ходимларига ўзларини оқлаш учун кенг имкон яратиб берганлиги яққол кўриниб турибди. Яъни, хизмат текшируви чоғида ўғлим Аббосга ўзлари томонидан етказилган тан жароҳатларини кейинчалик яшириш мақсадида, гўёки бу жароҳатлар дастлабки суриштирув даврида жабрланувчининг акаси Н.Утегенов томонидан етказилгандек қилиб кўрсатиш учун уни ўзларининг хонасига олиб кириб, Аббоснинг боши ва юзига икки шапалоқ урдириб видеотасвирга олганлар. Лекин, на терговчи, на прокурор ушбу видеотасвирни кўриб улардан «Суриштирувга мутлақа алоқаси бўлмаган Р.Утегенов бу ерда қандай пайдо бўлган? Бу зўравонлик ИИБ биносида нега содир бўлмоқда?» деб сўрамаганлигини қандай оқлаш мумкин?!Ахир, эксперт хулосасидаги “Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бошнинг энса соҳаси ва чап кўз қовоқлари лат ейиши, қаттиқ ўтмас предметлар билан етказилган бўлиши мумкинлиги.,” ҳақидаги тиббий маълумотга асосланган жароҳатлар видеодискдага икки шапалоқ асоратига мутлақо ўхшамайди?! Агарда ўша ИИБ ЖҚ ва УЖҚБ ходимлари сценарийси асосида олинган видеотасвир билан эксперт хулосасида қайд этилган жароҳатлар бир-бирига солиштирилса бор ҳақиқат ошкор бўлади. Чунки, Н.Утегеновнинг Аббоснинг боши аралаш юзига шапалоқ урганлиги видеотасвирда бўлсада, у эксперт хулосасидаги бир қанча, яъни қаттиқ ўтмас предмет билан етказилган жароҳатларга мутлақо ўхшамайди (видеодиск ва эксперт хулосасидан нусҳа илова этилмоқда);
- Бундан ташқари Аббосни ушлаш тадбирида иштирок этган гувоҳ Дилфуза Боймирзаева Аппеляция инстанцияси судига 10.12.2015 йилда: – «Зомин туман суди раиси Э.Олмосовга эътирозим бор, чунки менинг суд жараёнида берган кўргазмам нотўғри баён этилган., мен А.Ахназаровнинг қўлида бегона телефон кўрмаганман, ЖҚБ йигитлари Жиззахдан олиб келишда ва тергов давомида унга руҳий таъзийқ ўтказишди», деган мазмунда ариза топширсада аппеляция ва назорат инстанцияси судьялари жиноят иши учун энг муҳим бўлган ягона гувоҳнинг кўргазмасини ҳатто муҳокама қилмасдан шубҳа ва гумонларга барҳам берилмаган ўта адолатсиз ҳукм чиқардилар.;
- Зомин туман ИИБ ТБ терговчиси Б.А.Маматкаримов 2015 йил 26 август куни А.Ахназаровни гумонланувчи тариқасида сўроқ қилганида унинг: – «Мени ИИБ ходимлари хонасига олиб келганидан сўнг, ИИБ ходимлари Бахром ва унга қўшилган уч нафар киши уришди, улар менга «РАФ хайдовчисини уриб, телефон апаратини тортиб олганман» деб айтишимни талаб қилишди. Лекин мен уларга уни урмаганлигимни, холат юқорида айтиб ўтилганидек, синглим Азизани кутиб олгани чиққанлигимни айтдим. Шунда у ходимлар мени товонимни тагига уришиб, турли усулларда мени уриб, қийнаб, ўзларини компьютерида кўрсатма ёзиб, «Шуни кўчириб берасан» деди. Мен «Кўчирмайман» деганимда улар мени яна уришди. Уларни уришидан бошим айланиб, улар ёзиб берган ёзувларни қоғозга кўчириб беришга мажбур бўлдим. Кейин улар менга «Бўйнингга оласан» деб яна уришди.Кечки пайт жабрланувчи ҳисобланмиш ўша болани акаси келди ва мени кўриб «Укамни бу бола ура олмайди, укамни гавдаси бундан катта» деди. Шу вақтда мени кўзларим шишиб кетган эди.Шундан кейин ИИБ ходимлари касалхонадан врач чақиришди. Улар доктор кўрикдан ўтказган вақтда танамдаги жароҳатларни ўзим олганман деб айтишлигимни, акс ҳолда олиб қолишлигини айтиб мени қўрқитишди ва тиббиёт ходимлари кетгач мени яна уриб кетишди. Кейин мени кўчага чиқариб юборишди. Мен кўчага чиқиб отам кутиб турганлигини кўрдим ва унга бўлиб ўтган воқеаларни айтиб бераётганимда соғлиғим ёмонлашиб қолди ва Жиззах вилоят шифохонаси тушиб қолдим», деган кўрсатмалари жиноят ишида мавжуд бўлсада туман прокурори Б.Р.Соипов бу маълумотлардан бирортасини текширмади.У мазкур ишга шу қадар совуққонлик билан қараб, ҳатто, Аббос билан бирор марта суҳбат ўтказмасдан, тергов органи даъво қилаётган далилий ашёлар топилмаганлигини ҳам суриштирмасдан, гумонланувчининг хонадонида тинтув ўтказмасдан туриб ишни судга ошириб юборди! (гумонланувчи А.Ахназаровни сўроқ қилиш баённомасидан нусҳа илова этилмоқда)
- Юқорида қайд этилган видеотасвир орқали А.Ахназаровни туман ЖҚБ ходимлари эмас, фуқаро Н.Утегенов урганлигига ишонди ҳам дейлик. У ҳолда Зомин тумани ИИБ ТБ терговчиси Б.Маматкаримов ва прокуратура терговчиси А.Сакиев гумонланувчи А.Ахназаровни туман ИИБ биноси ичкарисида уриб, унга тан жароҳати етказган Н.Ўтегеновга нисбатан жиноий иш қўзғаб, уни жавобгарликга тортмасдан туман ИИБ биносида содир этилган жиноятни яширмоқдалар деган саволга жавоб беришлари шарт эмасми?! Ушбу ҳолатда нафақат зўравон ЖҚБ ходимлари жиноятини яшириш орқали жабрланувчи У.Ўтегеновни калтаклаган ҳақиқий жиноятчиларни қутқариб қолган Б.Маматкаримов ва А.Сакиевлар ҳам жавобгарликга тортилиши лозим!
- Ўғлим Ахназаров Аббос Қодирқўл ўғлини номига Жиззах вилояти ИИБ ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ахборот марказлари томонидан берилган маълумотларга кўра, унинг муқаддам судланмаганлиги қайд этилган. (маълумотнома нусхаси илова этилмоқда);
- Зомин тумани Ширин қишлоқ фуқаролар йиғини томонидан фуқаро Ахназаров Аббос Қодирқул ўғлининг номига берилган тавсифномада “махаллада ўтказиладиган тадбирлар, ободонлаштириш ишлари ва маракаларда мунтазам равишда қатнашиб келиши, ҳозирда оиласи билан яшаб келиши, унинг устидан шу кунга қадар ариза ва шикоятлар тушмаган”лиги қайд этилган. (тавсифнома нусхаси илова этилмоқда);
- Қолаверса, ўғлим А.Ахназаров ишга кириш мақсадида МХХ Жиззах вилоят бошқармасига ҳужжат топширган, фақат сўнгги тиббий маълумотномани топшириш қолган, у ўша пайтда Жиззах вилоят МХХБ ходимлари назоратида турган, эрта – индин иш бошлайман деган орзулар билан юрган ўғлим Аббоснинг бундай паст жиноятга қўл уришига Она сифатида ишонмайман ва бу ҳаёт мантиғига хилоф.;
- ЖИБ Зомин туман суди жараёнида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябрь кунидаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 12-сонли Қарори талаблари ва рахбарий кўрсатмалари суд томонидан умуман бажарилмаган. Зомин тумани ИИБ ходимлари томонидан судланувчи А.Ахназаров Жиззах шаҳридаги Қипчоқ махалласидаги сомсахонада ўтирган вақтида жиноят содир қилишда гумон қилиниб ИИБ бўлимига соат 16:00 ларда олиб келиниб, кечки соат 24:00 ларда чиқариб юборилган. Бу вақтда унинг ҳимоя ҳуқуқлари кескин бузилган, чунки гумонланувчига ҳимоячи таъминланмаган, адвокат таклиф этилмаган, унинг кўрсатуви дастлаб компюьтерда ёзилиб, сўнг унинг хуснихатида ёзилган кўрстувлари мавжудлиги, уни кўрсатувини ИИБ ходимлари томонидан сценарий асосида ёзилганлигидан далолат беради.;
- Амалдаги қонун талабига биноан гумонланувчи: – ушлаб турилганлиги ёки қамоққа олинганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёҳуд хабар бериши; кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиши; учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда ҳимоячиси билан холи учрашиши; жиноят иши материалларидан техника воситалари ёрдамида кўчирма нусхалар олиши мумкинлиги баён қилинган. Жиноят Процессуал Кодексининг 226-моддаси 1-қисми талабларига кўра, баённома тўлдириладими-йўқми, гумон қилинувчини ушлаб туриш вақти у ҳуқуқ-тартибот идорасига келтирилган пайтдан бошлаб ҳисобланади. Шундай экан, айнан шу жараён устидан назорат ўрнатилиши зарур эди.Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2007 йил 14 ноябрдаги “Судга қадар иш юритиш босқичида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида”ги 17-сонли қарорида ҳам кўрсатиб ўтилган. Шу билан бирга, шахсни тахминларга кўра ёки фақатгина тезкор маълумотлар асосида ушлаб, ҳуқуқ-тартибот идораларига келтириш амалиётига хам чек қўйиш лозим. Ушбу Кодекснинг 221-моддасида кўзда тутилган асослар мавжуд бўлмас экан, бирорта шахс жиноят содир этишда гумон қилиниб, ҳуқуқ-тартибот идорасига келтирилиши мумкин эмас., Зомин туман ЖҚБ ходимлари томонидан ушбу қонун талаблари мутлақо бажарилмаган.;
- Ўзини судда қонуний рўйҳатдан ўтган ва одам ташишга лицензияси бор деб таништирган таксист И.Утегеновни маршрут йўналиши хронологик жадвал асосида текширилмаган. Унинг автомашинасидан йўқолган (беш миллон сўм ва бошқа ашёлар) пуллар ҳам кейинчалик ўз исботини топмади ёки ҳақиқатдан ҳам бу аъшёлар ундан босқинчилик йўли билан тортиб олинганлигини исботлаш максадида гумон қилинаётган шахснинг уйида тинтув ўтказилмаган. Судда гувоҳлик берган коллеж қоровулининг кўрсатмасига кўра, И.Утегенов бу воқеага қадар оғайнилари билан шашлик еб ароқ ичиб ўтирганлиги ва ундан сув сўраганлиги баён қилинган. Суд терговида бу кўрсатмаларга эътибор қаратиши лозим эди. Чунки, И.Утегеновни бошқа шахслар уриб шу аҳволга солган дейиш мумкин.И.Утегенов билан “Мавжуда” деган қиз ўртасида романтик туйғулар бўлган ва улар анчадан буён учрашиб юришган. Балки бир ҳафтадан кейин никоҳ тўйи бўладиган синглисининг бегона йигит билан учрашиб юрганидан бохабар бўлган қизнинг ака ука ёки бошқа қариндошлари Иброхимни калтаклаган бўлиши ҳам мумкин. Чунки, эртаси тонг пайти унга сув берган коллеж қоровулига Иброҳим: – кечаси шашликхонада анча отибмиз., деган. Бундан ташқари ўша тунда “Шашликхона” аталмиш ошхона олдида худди шундай машинада бир йигитни калтаклаганларини кўрганлар бўлсада бу маълумотлар тергов органи томонидан мутлақо ўрганилмаган. Чунки, тергов жараёни ҳам тўлиқ муштумзўр ЖҚБ бошлиғи назоратида ўтган.;
- Бундан ташқари худди ана шу И.Ўтегенов билан интим алоқада бўлган гувоҳ Мавжуда Худойбердиева ўзининг 05.10.2015 йилда ЖИБ Зомин туман судининг раиси Э.Ш.Олмосовга топширган аризасида: – «Мен ўз ихтиёрим билан шуни маълум қиламанки, 2 октябрь кунги кўрсатмамга ўзгартириш киритаман. Менга ўша куни ЖҚБда ишловчи Баҳром исмли кишининг таъзийқи остида нотўғри кўрсатма бердим. Аслида Ахназаров билан юзлаштириш пайтида унинг ўнг пешонасида кўкариш аломатини кўрдим. Кўрсатмани ота – онам гувоҳлигида ўз қўлим билан ёзма равишда судга тақдим этдим. Оилавий шаънимни сақлаш учун суд жараёнига чақирмаслигингизни илтимос қиламан» деган. Эътибор беринг М.Худойбердиева: – ЖҚБда ишловчи Баҳром исмли киши., деган шахс, айнан Аббосни уч нафар ходими билан аёвсиз калтаклаб, сохта кўргазма олган Зомин туман Жиноят қидирув бўлими бошлиғи Баҳром Мусурмоновдир!Б.Мусурмонов Мавжудани нафақат нотўғри кўргазма беришга мажбур қилган, балким бизнинг кўз ўнгимизда уни суд биносининг орқа томонидан олиб кириб, биров билан гаплашишига йўл қўймай, доимий назорат остида ушлаб турди! Лекин, Аббосни оқловчи бошқа асосли важлар қатори гувоҳ Мавжуда Худойбердиева туҳмати фош бўлар деган илинжда уйида ёзиб ЖҚБ бошлиғи Баҳромдан яширинча суд залига олиб кириб топширган ушбу мурожаатини ҳам судья Э.Ш.Олмосов норози қиёфада қабул қилишга мажбур бўлди. Лекин ушбу мухим мурожаатни мутлақо жавобсиз қолдириш орқали у фақатгини туман ИИБ ходимлари томонидан зўравонлик билан олинган кўргазмаларга ишонадиган, ЖҚБ ходимлари буюртмаси асосида иши юртишга тўлиқ ихтисослашган ва энг аянчли томони улардан қўрқадиган ожиз ҳолдаги судья эканлигини яна бир маротаба исботлади.;
- Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси оғир жиноят ҳисобланади. Бу вазиятда жабрланувчи билан айбдор ўртасида ярашув ёки келишиш мумкинми деган савол туғилади. Ўзбекистон Республикасида биринчи тез тиббий ёрдам бепул. Суд қандай усулда жабрланувчига етказилган моддий маънавий зарар 15.000 000 сўм эканлигини исботлаши мумкин. Ёки, тиббий муассаса бу ҳақда судга маълумотнома берганми?! Бу бизга қоронғу, лекин ҳали суд тергови бошланмасдан туриб суд котиби ва адвокат жабрланувчи И.Ўтегеновга етказилган моддий зарарни ўзларича 15.000 000 сўм ҳисоблаб: – «қози бова шу суммани тўласа, ўғли қамалмайди., деяпти» дейишди.Ана шу даллоллар гапига ишониб ўғлимизнинг норозилигига қарамасдан биз шу пулни бердик ва биз ўғлимиз энди қутилди., деб юрганимизда 8 йилга қамаб юбордилар. Судья Э.Олмосов ҳеч бўлмаса ўз ҳукмида жабрланувчи кўрган моддий ва маънавий зарарни фуқаролик суди тартибида ҳал қилиниши мумкинлигини тушунтириб ҳам ўтмади. Лекин, биздан алдов йўли билан олинган ушбу 15 000 000 сўм пул кимлар ўртасида бўлиб олинганлигини тахмин қиламиз., холос. Чунки, И.Ўтегеновнинг ўзи: – «Сиз берган пул ўша куниёқ талон – тарож бўлган», деб очиқ айтди. Мана Сизга қонун ниқобидаги товламачиликнинг Э.Олмосов асос солган зоминча усули…
Зомин тумани ИИБ ТБ, туман прокуратураси ва жиноят ишлари бўйича Зомин туман судининг ноқонуний ва адолатсиз тергови, айблов ҳукми билан 8 йил озодликдан маҳрум этилган ўғлим Аббоснинг соғлиғи айни пайтда жуда оғир ҳолда.
Зомин туман ЖҚБ бошлиғи Баҳром Мусурмонов ва унинг янада ваҳший шерикларининг ўта ноинсоний қийноқлари оқибатида етказилган жароҳатлар боис ўғлим Аббос Жиззахдаги касалхонадан чиққанидан сўнг ҳам ўзига келмади. У оғриқ зўридан кечалари ухлай олмас, ҳатто сув ичса ҳам кўнгли айнаб қусиб ташларди. Шундан сўнг хавфсизлик нуқтаи назаридан Сирдарё вилоят касалхонасига ётқиздик. Бу ерда врачлар унинг нафақат боши, ички аъзолари ҳам эзилиб қаттиқ шикастланганлигини айтишди. Бу касалхонада 10 кун даволангач, врачлар «Бир ойдан сўнг яна даволанмаса ўғлингиз ногирон бўлиб қолиши мумкин» дейишганди.
Афсус, ўғлимга озодликда даволаниш насиб этмади. Навоий турмаси врачлари ҳам унинг ногирон бўлиб қолганлигини айтишмоқда. Нечоғлик асосли важлар бўлмасин Жиззах вилоят суди олдинги ҳукмни тасдиқлаб тураверади. Чунки, туман прокурори Б.Соипов ва Э.Олмосовлар қаёққа ёзса ёзаверсин биз бу ишни “БЕТОНЛАБ” ташлаганмиз деб мақтанию юрибдилар! Мана вилоят суди раиси ҳам назорат тартибида кўриб чиқиб, биринчи инстанция судининг ҳукмини тўғри деб топди. Олий суд қабулхонасининг Бахтиёр деган мулозими эса: – «Нега назорат тартибида очиқ мурожаат деб ёзгансиз?. Очиқ деган сўзни олиб ташлаб адвокат билан келинг» деб шикоятимни қабул қилмади?! Унга: – «Демократик давлатда ҳамма нарса очиқ бўлади, муҳтарам Президентимизга етиб борсин деб очиқ сўзини қўшдим» десам, у: – «У ҳолда Президент девонига боринг, бу жойнинг ўз тартиб – қоидалари бор» деди.
Бу даргоҳ қабулхонасида сарсон бўлиб юрган жабрдийдаларни кўриб шуни англадимки, Олий суддан ҳам нажот йўқ!
Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич!
Судья Э.Олмосов худди ашаддий жиноятчига жазо бераётганидан ғурурлангандек ҳукмни ўқиб ўғлимни қамоққа олишганида, худди яшин ургандек йиқилдим! Ўлиб қоламан деб ўйлагандим. Жоним қаттиқ экан инсульт билан қутулдим! Мен Она сифатида ўғлимнинг айбсизлигига ишонаман! Мен тарбия қилган ўғил бундай жиноятга қўл урмаслигига ҳам ишонаман! Менга шу ишончнинг ўзи мингта суд ҳукмидан афзал!
Лекин, Сиз Президент сифатида Бектош Соиповга ўхшаган прокурорлар, Э.Олмосовга ўхшаган судьяларга ишонманг, чунки улар ҳатто Сизни ҳам алдайди!
Агар, Сизда Ўзбекистон Конституциясида белгилаб қўйилган ваколатларингиздан фойдаланиш имкони бўлса, шу озод Ватан фуқороси, қолаверса суюкли фарзанди туҳмат қурбони бўлган бир муштипар Она сифатида
Сиздан:
1. Ўғлим Аббос Ахназаровни занжирлаб осиб қўйиб, оғир қийноқларга солиб, сохта кўргазма олиш учун уриб ногирон қилиб қўйган Зомин туман ИИБ ЖҚБ бошлиғи Б.Мусурмонов ва унинг ваҳший шериклари жиноий жавобгарликга тортилишида;
2. Ваҳший ЖҚБ ходимлари бир гуруҳ бўлиб туман ИИБ биносида содир этган жиноятни била туриб атай яширган Зомин туман прокурори Б.Р.Соипов ва унинг қонунга итоатсиз терговчиси А.Сакиевга қилмишлариига яраша қонуний чора кўрилишида;
3. Ўғлим Аббоснинг айбсизлигини исботловчи гувоҳларнинг кўргазмаларини жиноят ишига қўшмаган, «Агар жабрланувчига ўн беш миллион сўм тўласа, ўғли чиқади» деб бизни алдаб ўғлимни ноҳақ 8 йилга озодликдан маҳрум этган ЖИБ Зомин туман судининг ёлғончи раиси Э.Олмосов ва унинг даллол котибларига қилмишларига яраша қонуний чора кўрилишида амалий ёрдам беришингизни;
4. Мазкур тўла сохта жиноят ишини холис, қонуний ўрганиб адолатли хулоса бериш, жиноят ишини қайта терговга қайтариш ёки белгиланган тартибда протест келтириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори И.А.Абдуллаевга зарур тавсиялар беришингизни
СЎРАЙМАН!
Шу муносабат билан Сизга узоқ умр, эъзгу ишларингизда
Яратганнинг Ўз мададкор бўлишини тилаб чексиз
эҳтиромлар ила Салима Ахназарова
27 апрель 2016 йил
Тел: +99890 516-69-03
утюраклар клубига мана шу вокеани интернет сахифангиз оркали ёритсангиз
Бектош Соиповнинг яна бир жиноятни ёпганлиги тугрисида маълумот
Зомин тумани собик прокурори Бектош Соипов 2016 йил феврал ойларида куйидаги жиноятни ёпиб Узбекистон Респуьбликаси ЖКнинг 205 ва 241 прим 1 моддаларини содир этган яъни Зомин тумани собик электр таъминоти корхонаси рахбари Эшонкулов Акбар уз кул остида ишловчи хомиладор булган ходим Норкулова Гулнорани хакорат килади,нафсониятига тегади натижада Норкуловани соглиги ёмонлашиб хомиласи тушиб колади ТЭТК бошлигининг ноконуний хатти-харакатлари юзасидан Норкулова Гулнора Зомин прокуратурасига мурожаат килади,лекин жаноб прокурор Соипов жиноятни яширади чунки у олдинда Эшонкулов билан бир туманда ишлашган яхши таниши.Хуллас инсон кадри бир пул булиб таниш-билишчилик уруг аймокчилик хамма нарсадан устун булди.Агар бу бола дунёга келганда балким Узбекистон нуфузини дунёга таратган инсон булар эди.Ана энди саввол нега Эшонкуловга чора курилмади прокурор Соипов шунча жиноятларни содир килиб нега Жизаах вилояти прокурори уринбосари булиб ишламокда кани адолат, конун устуворлиги.
Ассалому-алайкум.
Хакикатпарвар довюрак ижодкорлар. Сизларга Аллохдан узок умр давомли соглик ва хузурбахш ишлар тилайман. Кузларимга укисам ёш келади хар бир маколангизни кунглим кора догларга тулиб тошганидан дооод деб йиглагиларим келади афсус иш еримдаман. Сизларни ёзган хакикатларингизни укиган инсонлар менимча юрак дея аталмиш органи кайерда жойлашганини англаб етсалар керак. Яшагиларим келмайди хакикат борми булса уни урнатиш накадар кийиннн? хали канча одамларни кони тукилади ёки хаёти битади? Накадар инсон деген номга лойикман дея хаётимни тахлил килдим афсус. Сизларга бошим ерга текунга кадар таъзимдаман. Илтимос адолатли булишдек йулдан хеч толманглар ташаккур сизлардай инсонларни тарбиялаган ота-оналарга Алохга шукрлар булсин 100 та инсонлар ичида оз булсада сизларни яратгани учун