Мустақил журналистнинг ҳуқуқ ҳимоячилари ва Шавкат Мирзиёевга мурожаати – КЎМАККА ШОШИЛИНГ, ҚУТҚАРИНГ!
Диққат! Диққат! Диққат! Ҳуқуқ ҳимоячилари кўмакка шошилинг!
Шу йилнинг 9 ноябрь куни эрталаб соат 8.30лар чамаси Навоий вилояти Кармана тумани «Каттамасжид» МФЙда яшовчи 47 ёшли акам Худойназаров Зайниддинни тунги сменадан ишдан қайтиб, чой ичиб ҳам улгурмаган бир аҳволда уйидан машинага босиб Кармана туман ИИБга олиб кетишган.
Акамни олиб кетаётган пайтларида «Нима учун олиб кетяпсизлар?» деб акамни рафиқаси савол берганида «Тошкентдан келганлар сухбат ўтказишмоқчи» деган жавобни беришган.
Мана акамни тутиб кетиилганида бир суткадан ошди. Уни на тириклиги ва ўликлиги ҳақида маълумот беришдан бош тортишмоқда. Хаттоки акамни ёнига адвокат кириши мумкин эмасмиш!
Демак қилмаган жиноятни қилди дея тан олишга мажбурлаб, мақсадида ғайриқонуний равишда маъмурий қамоққа тиқиб, ташқи дунёдан узиб унга қийноқлар қўллаб ашаддий жиноятчи эканлигини тан олдириш мақсадида қийноқлар қўллашмоқда. Акамни адвокатга ҳам кўрсатишни истамасликларига яна бир сабаб бўлиши мумкин – акамнинг аҳволи оғирлашиб қолган бўлса керак
Ёки қўлланилган қийноқлар натижасида қилмаган айбини бўйнига қўя олмагандан кейин уриб, қийнаб ўлдириб бўлишган! Йўқса бу қадар Конституцион ҳуқуқларимиз ҳам топталмас эди.
Ҳуқуқ ҳимоячилари!
Акам Худойназаров Зайниддинни ҳимоясига шошилинг ва ёрдам беринглар илтимос.
Акам 25 йилдирки «Навоиазот»да тинчгина ишлаб оила боқиб юрган эди. Соғлиги яхшимас эди. Акам билан содир бўлган вазият ҳақида тўлиқ маълумотни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев номига бугун юборилган Мурожаатномадан олишларингиз мумкин.
Мустақил журналист Дилдора Боймуродова
Ўзбекистон Республикаси Президенти в.б.
Ш.М.Мирзиёевга
Навоий вилояти, Кармана тумани,
“Каттамасжид” МФЙда яшовчи
2 гуруҳ ногирони, ёлғиз она
ва мустақил журналист
Боймуродова Дилдорадан
(Телефон: +998913320697)
М У Р О Ж А А Т Н О М А
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Ватанимиз мустақилликка эришган илк даврданоқ мамлакатимизда Қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳақ – ҳуқуқларини ҳимоялаш каби вазифалар одиллик, инсонпарварлик тамойилларини ўзида мужассам этган Қонунчилигимизнинг асосий мезони сифатида шаклланди. Зеро, буюк саркардамиз Амир Темурнинг “Куч – адолатдадир!” ғояси давлат ва жамият бошқарувида асосий шиор қилиб олинди.
Журналистлик бурчим юзасидан қатор йиллар жамиятимизнинг ялавбардори сифатида инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган мазкур ғояларимизга ҳурмат билан қарадим ва уларни кенг омма орасида тарғиб қилдим. Имкон қадар асл инсоний қадриятларга асосланган қонунларимизни қоғоздагина қолиб кетмаслиги учун хизмат лавозимини суистеъмол қилаётган айрим мансабдорларга қарши курашдим.
Чунки айнан ўшалар “Куч адолатда!” дейилган ўлмас ғоямизни ўз манфаатлари ва қарашларига мослаб: “Адолат – кучда!” яъни зўравонликда, зулмда, ким зўр бўлса ўша енгади, қабилида ўзгартиришиб, “Замона зўрники” ақидасини жамиятга жорий этишга уриниб келишаётир! Афсуски, буларнинг барчаси ҳақиқат ва айни дамгача ҳам енгиб бўлмас разил куч бўлиб қолаётир!
Менинг 1969 йилда туғилган акам Худойназаров Бахриддин Наимович 1998 йилда иккинчи маротаба ҳам турмуши бузилгач, умуртқа поғонасидаги хасталикни жарроҳлик йўли билан даволатаман, деб уйдан чиқиб кетган. 1999 йилдан эса мамлакатимизда 16 феврал воқеаларидан сўнг салла деса, каллани кўтариб келадиган корчолонларнинг касрига “Ўрмонга ўт кетиб, ҳўлу қуруқ баробар ёнади” деганларидек бўлди.
Очиғи, синчиклаб ўрганиб, меҳнат қилиб тер тўкишдан қочган мутасаддилар томонидан “очко” йиғиш анъанага айланди. Бунинг оқибатида минглаб бегуноҳлар ҳам қурбон бўлишди. Кўплари қўрқув ва саросимага тушиб, юртни ташлаб чиқиб кетишиб, қочқинлар сонини кўпайтирди. Буларнинг тирик гувоҳи кекса ота-онам саросимага тушиб, уйга қайтмоқчи бўлиб телефон қилган акамга “Болам ортингга қайтсанг сани ҳам туҳмат билан қамаб қўйишади, келма уйга” дейишган.Шу куйи акам уйдан узилди. (Айни пайтда Туркияда яшайди. 2011 йилда вилоят ИИБЖҚБ ходими Дилмурод Ҳамроев ҳамда МХХ ходими Лазиз ва Бобоёр исмли ходимларга акамнинг телефон рақамини берган эдик улар суҳбатл ашган ҳам эди).
Орадан ҳеч вақт ўтмай 2000 йилда эса 1972 йилда туғилган акам Худойназаров Ҳасаннинг уйига ўша пайтда 65 ёшдаги ота – онамнинг кўз ўнгида 12 нафар ИИБ ходими бостириб кириб тинтув баҳонасида наркотик модда ва варақа ташлаб қамоққа олишган.
Тергов жараёнида аёвсиз калтаклаши оқибатида акам соғлигидан айрилди. Хуллас, судгача 3 ой қамоққа олиниб, буни қарангки, ўша вақтдаги фамилияси аниқ ёдимда эмас, Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг раиси Комил (фамилияси эсимда йўқ) адолатли судлов жараёни ўтказиб, акамнинг айбсизлигини қонуний йўл билан исботлаб оқлов хукми чиқариш ўрнига таъмагирлик йўли билан 150 минг сўм (у пайтда 150 минг сўм жуда катта пул эди) пора олиб, оқибатда ноҳақ айбланган хибсга олинган акамни суд қилиб, унинг судгача хибсда ўтирган кунлари ҳисобида жавобгарликка тортиб, қамоқдан жазо чора енгиллаштирилган жиноятчи сифатида озодликка чиқарган. Кекса ота-онам бор-йўғини бериб, қарзга ботиб 4-5 ой ош-овқатсиз қолишган эди шунда ҳам. Шундан уларнинг ишончи синганди алодат қарор топишига.
Акам Худойназаров Ҳасанни эса бу ҳолатдан сўнг ҳеч қаерга ишга олишмади. Оиласини таъминотини мардикорлик билан зўрға кўтариб юрди. Уй-жойи йўқлигидан ижарама-ижара ҳам яшаб юрди. Охир-оқибат эса ер олгач, уй-жой тиклайман, деган ният билан пул топиш илинжида Россиянинг Казан шаҳрида ишлаётган қайноғаларининг таклифи билан ўша ерга кетди. Бу ерда қолган турмуш ўртоғи Худойназарова Маърифатнинг айтишича унга ва 4 нафар фарзандига нисбатан ИИБ ходимлари тайзиқ ўтказишган. Шундан кейин у ҳам акамнинг ортидан қонуний тартибда Россияга кетган.
Казанда нима бўлганидан бехабарман, лекин, акам Худойназаров Ҳасанни у ерда 20 кун аввал қамоққа олинганини эшитиб қолдим.
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Хуллас орадан қанча вақт ўтди ҳамки шу пайтгача оға-иниларимизнинг ҳаракатлари ёки «жиноятлари» учун бизни ҳеч бир қонунга асосланиб жавобгарликка тортишмаган эди! Буни қарангки, шу йилнинг 6 ноябрь куни қуролланган, маскали «тинтувчилар» туман прокурорининг санкциясини рўкач қилиб , менинг уйимда, ЧҲҚ (Чернобил Ҳалокати Қурбони) 2 гуруҳ ногирони 55 ёшли акам Худойназаров Олимни уйида, одам танимайдиган холатдаги, фарзандларини овозидангина зўрға таниб оладиган 86 ёшли кекса отам Худойназаров Найим ҳамда 25 йилдирки “Навоийазот” АЖда меҳнат қилиб келаётган акам Худойназаров Зайниддинларнинг уйларида тинтувлар ўтказишди. Улар бизлардан чет давлатларда яшаб юрган оғайниларимиз Худойназаров Ҳасан ва Худойназаров Бахриддинларни биздан суриштиришди.
Буни қарангки прокурорлар дуч келган инсонларнинг уйларини Ўз.Рес. ЖКсининг 159-моддасидаги жиноятни содир этганликда айблаб, диний экстремистик гуруҳга мансуб шахс сифатида тинтув қилинган санция беришларни тўхтатишмабди хали ҳам.
159-моддани қўллаш шу қадар ўйинчоқ бўлиб қолган чамамда, 86 ёшга кириб қулоқ кўз ва оёқдан қолган қарияга, ярим танаси фалаж бўлиб қолган ногирон бева аёлга нисбатан ҳам қўлланаверса? Бу тоифадагилавр қўлида қурол кўтаришга ярармиканлар? Бу не разолат! Бу қандай омилик? Туман прокурорининг бу ҳаракати Ўз.Рес.ЖКсининг 205-моддасига мувофиқ мансабидан фойдаланиш ва хизмат лавозимини суистеъмол қилиш эмасмикан? Наҳот прокурорга қонунда жазо йўқ!
Буни қарангки, оила аъзоларимизнинг қай бирининг уйига кирмасин прокурор санкциядан бир нусха тақдим этилмаяпти! У ҳам етмаганидек, менинг уйимдан олиб кетилган Қуръон китобининг араб тилидаги нусхаси ва фойдаланиб юрганим ноутбук учун алоҳида далолатнома тузилиб, бир нусха менга тақдим ҳам этилмади! Бу ҳолатларнинг барчаси Конституцияни 18-19-моддаларига зид равишда амалга оширилди.
Бу ўринда барчамизга нисбатан бирдек Ўз.Рес. ЖКсининг 141-144-моддаларига биноан Конституцион ҳуқуқларимизни поймол қилиш ҳаракатлари содир этилди!
Конституцияга зид равишда мен уйида ижарада яшаб келаётган акам 1969 йилда туғилган Худойназаров Зайниддиннинг уйини 6 ноябрь куни тинтув қилганларида унинг уйидан акамнинг айтишича, Ҳазрати Довуд, Нақшбанд, Нурота каби зиёратгоҳлардан харид қилиб олинган одоб-аҳлоққа доир диний мазмундаги кичик ҳажмдаги 32 дона китобларни олиб кетишибди. Очиқ савдодаги бу диний китоблар «жиноят қуроли» сифатида олинганми, нима мақсадда?
Куни кеча 9 ноябрь куни эрталаб соат 8.30да акам Худойназаров Зайниддиннинг уйидан машинага босиб олиб туман ИИБга олиб кетишиб, ноқонуний тартибда тергов қилишиб, тўғри судга олиб боришган ва айтишларича маъмурий жавобгарликка тортиб, 15 сутка қамоқ жазоси тайинлашган эмиш. Ишдан қайтиб келиб уйида ўтирган акам маъмурий қамоқ жазосига тортишга сабаб бўладиган қандай ҳуқуқбузарлик содир этган бўлиши мумкин?!
Акамни сухбат ўтказиш учун деб олиб кетганлар нима учун унинг қўлга олингани ҳақида яқинларини хабардор қилишмаган ва адвокат ёллаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилишган! Бу ҳолатларнинг ҳам барчасида Конституцияни 18-19- моддасига зид равишда амалга оширилди. Бу ўринда барчамизга нисбатан бирдек Ўз.Рес. ЖКсининг141-144-моддаларига биноан Конституцион ҳуқуқларимизни поймол қилиш ҳаракатлари содир этилди!
Мени уйимдан олиб кетилган ноутбукда эса ён-атрофимдаги фуқароларнинг Республика юқори турувчи идоралари рахбарлари номига ёзилган шикоятлари бор учунгина олаётганликларини таъкидлашган эди. Жисмоний меҳнатга яроқсиз, бева, ногирон аёлнинг нафақа пулигача ноҳақ талашганидан сўнг фарзандларимни очликдан ўлиб қолмаслиги учун балки қўлимдан келган ҳалол меҳнат компьютер ёзувига кўчириб бергандирман. Унда ҳам адвокат тўловига пул топа олмаган қўни-қўшниларим уйидаги деҳқончилик маҳсулотларидан ошқовоқ, картошка ва турли сабзавот ва мевалар бергандир эвазига. Хўш, бунинг нимаси жиноят саналади? Наҳот менинг бу ҳаракатим жиноят бўлса?
Аслида менинг вилоятдаги мансабдорларга ёмон кўринган томоним шундаки, вилоятдаги қонунбузарликлардан норози бўлиб 5-6 йилдирки тинимсиз равишда Республика юқори турувчи идораларига шикоятлар йўллаб келганим. Бундай қилишимдан мақсад – оддий халқ маҳаллий хокимият ва орган ходимларини қонунбузар мансабдор шахслар эмас, балки хукумат деб билишади. Шу боис қонунсизликдан эзилиб, ҳуқуқлари поймол қилинган халқ вакиллари қалбида эса хукуматга нисбатан нафрат ҳосил бўлади.
Мен эса журналист сифатид аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда ўз хиссамни қўшиш мақсадида қонун доирасида уларга тушунтиришга харакат қилиб, Республика юқори турувчи идораларига мурожаат қилишларини айтганман.
Оддий бир мисол: Шу куни уйимга келган тинтувчилардан ҳуқуқларимни қонуний талаб қилганимда “Сиз бизга қаршимисиз?! Демак хукуматга, сиёсатга қарши экансиз!” дея қўрқмасдан баралла айта олишяпти!
Мен журналист бўла туриб шу йўсинда алдашга уринаётганлар оддий халққа нисбатан қандай алдовларни қўллашар экан билмадим?!
Қолаверса, сайловолди тинч аҳолининг уйларига қуролланган маскалиларнинг бостириб бориши қанақанги ташвиқот эканлигига ҳам лолман!
Чунки, бош вазирнинг виртуал қабулхонасига қилинган шикояти ортидан ҳуқуқлари тикланиб, қонуний ечим топаётган аҳоли дилу тилида бир гап: “Мирзиёев оддий, қора халқ тарафида экан, у қонунбузар, пулдор, мансабдорларнигина ёмон кўрар экан! Худо ҳохласа камбағалларни қўллаб-қувватлар экан” қабилидаги ишонч билан айтилган умидли гап –сўзлар янграётган эди. Шу боис бу гапларни нотўғри эканлигини исботлаш мақсадида сайлов арафасида “Салла деса каллани узиб келувчи» корчолонларнинг сайловолди қоралов кампанияси бошланган кўринади”.
Муҳтарам Шавкан Миромонович!
Сиздан яна бир бора илтимос, ОГОҲ БЎЛИНГ ва ҳимоянгизга муҳтож, шусиз ҳам жабр–зулм ва адолатсизликлардан эзилган халқимизнинг ноҳақ топталаётган ҳуқуқларини ҳимояланг!
Мустақил журналист БОЙМУРОДОВА ДИЛДОРА
Fikr bildirish