Рўзибой Азимий: МХХ раисига жўнатилиши керак бўлган хат нега шаҳар ИИББ ХЧК ва ФР бошқармасига жўнатилди?
2016 йил 8 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёевга ариза юборгандим ва унда қуйидагиларни баён қилгандим:
«Хурматли Шавкат Миромонович!
Мен Азимий Рўзибой Азим-ўғли, 1972-йилда Қозоғистон Республикасининг собиқ Чимкент (ҳозирги Жанубий Қозоғистон) вилояти Туркистон туманида туғилганман. Миллатим – ўзбек. 1989-йили ўрта мактабни тугатиб, Тошкент шаҳрига ўқишга келганман. 1989-1990 йиллари Тошкентдаги 6-билим юртида, 1991-1997 йилларда собиқ Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олганман.
Талабалик йилларимдан то шу кунгача Ўзбекистон Республикасидаги турли таҳририят ва нашриётларда мусаҳҳиҳ, мухбир, бўлим муҳаррири, масъул котиб, таржимон бўлиб ишлаганман. Шунингдек, Қозоғистон Республикасидаги ўзбек мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари учун мўлжалланган «Қозоғистон тарихи», «Ижтимоий билим асослари», Жаҳон тарихи», «Инсон ва жамият», «География» дарсликларининг таржимониман.
1993-йилдан буён Тошкент шаҳрида доимий пропискадаман. Фуқаролигим йўқ. Шу кунга қадар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олиш мақсадида қонун-қоида бўйича собиқ Президент Ислом Каримов номига 3 марта ариза ёзганман. Лекин ҳеч қайси аризаларимга жавоб берилмаган.
Ўзим туғилиб ўсган Қозоғистон Республикасига ЎзР ИИВ томонидан бериладиган «Фуқаролиги йўқ шахснинг хорижга чиқиш ҳужжати» асосида Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасидан виза олиб, минг азоблар билан бориб келаман. Боз устига «Фуқаролиги йўқ шахснинг хорижга чиқиш ҳужжати» ҳамда ушбу ҳужжатнинг ичига ёпиштирилиши лозим бўлган стикер ҳеч қачон ўз вақтида берилмайди.
«Фуқаролиги йўқ шахснинг хорижга чиқиш ҳужжати» илгари 2 йил мухлатга берилар эди, пешана теримиз билан ишлаб топган барча даромадларимиз қисқа муддатда тугаб қоладиган «Фуқаролиги йўқ шахснинг хорижга чиқиш ҳужжати»ни расмийлаштириш ва олиш ҳамда унинг ичига ёпиштирилиши лозим бўлган стикерни расмийлаштириш ва олишга, сўнгра Қозоғистон элчихонасидан виза олишимизга кетарди. «Фуқаролиги йўқ шахснинг хорижга чиқиш ҳужжати» 2012-йилдан эътиборан 5 йил мухлатга берила бошланди.
Мен 2008 йил ноябрь ойида навбатдаги «Фуқаролиги йўқ шахснинг хорижга чиқиш ҳужжати»ни олиш учун барча тўловларни тўлаб, Тошкент шаҳар Миробод туман ИИБга топширган эдим. Аммо 2012 йил октябргача, яъни 4 йил туман ИИБ менга номаълум сабабларга кўра ҳужжат бермади.
2010 йил 20-августда отам Азим Абдуғани ўғли Ҳамидов оламдан ўтди. Мен барча органларга, туман ИИБ, шаҳар ИИББ, Республика ИИВ, Ўзбекистон Республикаси Президент девони, Президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказига мурожаат қилдим. Аммо бундан ҳеч қандай натижа чиқмади. Шу тариқа қўлимда ҳужжат бўлмагани туфайли мен отамни сўнгги манзилга кузата олмадим.
Шоир Муҳаммад Исмоилнинг Сиз ҳақингизда ёзган ҳикоясини, яъни Миромон отанинг ҳукумат стационарида даволанган чоғида ўн беш кун давомида отангизнинг ёнида ўтириб, унга бор меҳр-муҳаббатингизни, меҳрибончилигингизни кўрсатганингизни завқ билан ўқиб чиқдим. Меҳр-муҳаббатингиз, фарзандлик бурчингизга содиқлигингиз мени бағоят шодлантирди. Мени эса, Отам учун энг оғир дақиқаларда Отамга меҳр беролмаганим бир умр қийнайди. Отамнинг жон таслим қилолмай, мени тинимсиз ёнига чақиришлари, мен эса паспортим – ҳужжатим бўлмагани учун ёнига боролмаганим, бир қултум сув оғзига тутолмаганим, Отамни сўнгги манзилга кузатолмаганим, розилигини эшитолмаганим ҳамон виждон азоби исканжасида қовурилишимга сабаб бўлиб келмоқда.
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
«Фуқаролиги йўқ шахснинг хорижга чиқиш ҳужжати»даги стикер муддати тугагани туфайли яна одатдагидай барча тўловларни тўлаб, ўзим яшайдиган Тошкент шаҳар Миробод туман ИИБга топширганман. Шу кунга қадар 5 йил мухлатга берилган ҳужжатимга 2 марта ОВиР стикер олганман. Ҳар иккаласини ҳам ўз вақтида эмас, кеч олганман. Бу учинчиси 1 йилга берилиши керак. Чунки паспортим муддати 2017 йил сентябрда тугайди. Туман ИИБдаги масъул ходимлар стикер 3 ойдан 6 ойгача бўлган вақт оралиғида берилишини айтмоқда. Айни пайтда 78 ёшли Онам оғир аҳволда. Худди Отам каби мени ҳар куни сўрайди ва ака-укаларимдан мени 1 кунга, 1 соатга келиб-кетишимни айтиб ялинади. Мен шу кунларда қаттиқ хавотирда яшаяпман. Йўлимга интизор Онаизоримнинг олдиларига бориб, ёнларида бўлишни сидқидилдан хоҳлайман. Аммо яна ўша стикер жавоби тўғаноқ бўляпди. 28 йилдан бери Ўзбекистон фуқаролигини ололмаганимдан қаттиқ сиқилиш эвазига, асаб касалига чалинишим натижасида эшитиш қобилиятимни йўқотганман.
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Сиздан жорий йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳар Миробод тумани ИИБга стикер учун топширган «Фуқаролиги йўқ шахснинг хорижга чиқиш ҳужжати» – паспортимга масъул органлар ўз вақтида стикер ёпиштириб беришларига амалий ёрдам беришингизни илтижо қилиб сўрайман.
Ҳурмат ва эҳтиром билан,
Рўзибой Азимий.»
Ушбу юборган биринчи хатимга Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг ХЧК ва ФР бошқармаси бошлиғи ўринбосари У. Тошходжаев номидан № 22/1-А-5001 сонли жавоб хати олган эдим.
Хатда шундай дейилган эди:
Бошқарма бошлиғи ўринбосари У. Тошходжаевнинг жавоби, табиийки, мени заррача қониқтирмаган эди. Чунки мавжуд қонун-қоидага кўра хорижга чиқиш учун рухсатнома олиш масаласи 15 иш кунида ҳал бўлиши керак. Агар мазкур масала ана шу муддат ичида ҳал бўлмаса, у ҳолда соҳага доир мавжуд қоида бузилган ҳисобланади.
Жаноб У. Тошходжаев мурожаат матнидан келиб чиққан ҳолда бу ерда қоида бузилаётганини ҳеч қандай истисноларсиз билиши керак эди. Афсуски, у бу ерда ўз соҳаси бўйича профессионал мутахассис эмаслигини, кимларнингдир қош-қовоғига қараб иш юритишини, кимларнингдир етагида юришини, бирор бир нарсани касби-коридан келиб чиққан ҳолда ўзи мустақил равишда ҳал қила олмаслигини яна бир карра кўрсатди.
Агар у соҳа мутахассиси бўлганида сансоларликларни такрорламаган, шундоғам 3 ойдан бери ҳудудийлиги бўйича ўрганилаётган хатни яна ҳудудлар бўйича ўрганилишига чек қўйган ва натижаси билан хабардор қилишни яна ва яна яшаш жойииз бўйича ички ишлар идораси зиммасига юкламаёқ ўзи узил-кесил жавоб берган бўлар эди. Хулласи калом, Виртуал қабулхонага ёзган биринчи хатимизга ижобий жавоб ололмаганимиздан кейин Президент Ш. Мирзиёевнинг Виртуал қабулхонасига 2017 йилнинг 27 февраль куни иккинчи марта хат ёзишга мажбур бўлдик.
«Ассалому алейкум Шавкат Миромонович!
Мен Азимий Рўзибой Азим-ўғли, 1972 йилда Қозоғистон Республикасининг собиқ Чимкент
(ҳозирги Жанубий Қозоғистон) вилояти Туркистон тумани, Чўрноқ қишлоғида туғилганман. Миллатим – ўзбек. 1989 йили ўрта мактабни тугатиб, Тошкент шаҳрига ўқишга келганман. 1989-1990 йиллари Тошкентдаги 6-билим юртида, 1991-1997 йилларда собиқ Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг ўзбек филологияси факультетида кечки бўлимда таҳсил олганман.
Талабалик йилларимдан то 2000 йилгача Ўзбекистон Республикасидаги турли таҳририятларда, жумладан, ЎзР Мудофаа вазирлигининг «Ватанпарвар» газетасида мусаҳҳиҳ, катта мусаҳҳиҳ, ЎзР Адлия вазирлигининг «Инсон ва қонун» газетаси ҳамда «Ҳаёт ва қонун» журналида масъул мухбир, «Камолот» Ёшлар ижтимоий ҳаракатининг «Туркистон» газетасида мухбир, «Тошкент ҳақиқати» газетасида мухбир, «Мулкдор» иқтисодий-ҳафталик газетасида мухбир, ижодий гуруҳ катта мухбири лавозимларида ишлаганман.
2001 йил февраль ойида Қозоғистон Республикасининг Алмати (Олма-Ота) шаҳрида жойлашган «Мектеп» нашриётига ишга таклиф қилиндим. Мазкур нашриётда шартнома асосида муҳаррир ва таржимон бўлиб ишладим. Қозоғистон Республикасидаги ўзбек мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари учун мўлжалланган «Қозоғистон тарихи», «Ижтимоий билим асослари», Жаҳон тарихи», «Инсон ва жамият», «География» дарсликларини қозоқ тилидан ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш ишларида қатнашдим.
Шунингдек, 10-11-синф ўқувчиларига мўлжалланган «Ўзбек тили» ва «Ўзбек адабиёти» дарсликларига масъул муҳаррир бўлдим. 2001 йил ноябрь ойида ўзбек тилидаги дарсликларни тўлиқ чоп қилиб бўлгач, шартнома муддати тугагач доимий яшаш жойим Тошкентга, ўз уйимга қайтиб келдим. 2002 йилнинг январь ойида мени маҳалламиздаги участка милиция инспектори участка пунктига чақирди.
У ерда мени ўзини МХХ ходими деб таништирган Алижон исмли киши савол-жавоб қилди. Алижон ака мен билан суҳбат ўтказаркан, асосий эътиборини Олма-отада «Мектеп» нашриётида чоп этилган 10-11 синф ўқувчиларининг «Ўзбек тили» ва «Ўзбек адабиёти» дарсликларига қаратди. Ижтимоий-гуманитар йўналишдаги «Ўзбек тили» (10-11-синф) дарслиги муаллифи Бахтиёр Исабеков, «Ўзбек адабиёти» дарслиги ҳаммуаллифи (10-синф) Ботир Норбоевлар ҳақида, шу билан бирга, «Мектеп» нашриётига кимнинг таклифи билан борганим ҳусусида сўради.
Мен «Мектеп» нашриётига Тошкентдаги «Ўзбекистон» нашриётининг қозоқ тилидаги дарсликлар бўйича муҳаррири Жанат ака ҳамда устозим, таниқли ёзувчи Носир Фозиловлар орқали борганимни, шунингдек, дарслик муаллифлари Бахтиёр Исабеков ва Ботир Норбоевларни танимаслигимни билдирдим. Мен МХХ ходими Алижон аканинг билдиришидан кейин Б. Исабеков ва Б. Норбоевларнинг «Эрк» демократик партияси аъзолари бўлганини билдим. МХХ ходими мени мухолифат вакиллари дарслигига муҳаррир бўлганим, «Ўзбек тили» дарслигида машқ сифатида Рауф Парфи ҳамда Муҳаммад Солиҳ шеъри ва мақоласидан парча берилганини билсам ҳам, уни қисқартирмасдан, чоп этилишига йўл қўйганим учун айблай бошлади.
Холбуки, мен оддий муҳаррир сифатида муаллиф розилигисиз ҳеч қандай матнларни қисқартириш ҳуқуқига эга эмас эдим. Боз устига, Ўзбекистонда Рауф Парфи ижодига таъқиқ қўйилганидан ҳам хабарим йўқ эди. Муҳаммад Солиҳ имзоси билан чоп этилган машқ муаллифини эса 15 асрда яшаб, ижод қилган Муҳаммад Солиҳ қаламига мансуб деб билганимни айтдим. МХХ ходимига китоб муаллифларини умуман танимаслигимни, ҳеч қачон мулоқот қилмаганимни билдирсам ҳам у тушунишни асло хоҳламади.Мен ҳақиқатанан ҳар иккала муаллифни танимас ҳам, уларнинг кимлигини билмас ҳам эдим.
МХХ ходими менга тушунтириш хати ёздирди. Ёзган тушунтириш хатим асосида текширув ўтказишини, фактлар нотўғри бўлса жиноий жавобгарликка тортилишимни айтиб, хайрлашди. 2001 йилнинг 3 март куни Алижон ака уй телефонимизга қўнғироқ қилиб, соат 15-00 да Шароф Рашидов ҳайкали атрофига боришимни тайинлади. Мен бордим. Алижон ака 15-40 да шериги билан келди. Шеригининг исми Бахтиёр эди. Ёзган тушунтириш хатимни ўрганганини, ундан ёлғон фактлар топганини айтиб, менга пўписа қила бошлади.
Улар мени «Эрк»чига чиқариб қўйди.»Эрк» партиясининг қайси аъзолари билан алоқа қилишимни айтишимни талаб қилди. Мен эса «Эрк»чи ҳам, партиянинг аъзоларини ҳам мутлақо танимас эдим. Рости, уларнинг фаолиятини тан олмас ҳам эдим. Алижон ака қўпол муомалага ўтди. Бахтиёр ака эса, менинг «Эрк»чи эканлигим тўғрисида ўзларида аниқ маълумот борлигини, исботласак қамалишимни, «Эрк»чи эмаслигимни барибир исботлай олмаслигимни айтиб, ёш умримни қамоқхонада хазон қилмай «келишиб қўя қолишимга», агар келишсам бундан кейин ҳеч ким безовта қилмаслигини айёрона тарзда билдирди. Мен бунга рози бўлмадим.
Чунки «Эрк»чи эмаслигим, қандайдир безори, давлат сиёсатига қарши мухолифат вакили эмаслигим 100 фоиз аниқ эди. Фирибгар Алижон 2002 йил 23-март яна уйимга телефон қилди. Бу сафар соат 12-00 да Миробод тумани ИИБ дарвозаси олдига чақирди. У пайтда Миробод тумани ИИБ биноси 8-март кўчасида эди. Туркистондан раҳматли дадам Азим Ҳамидов келган эди.
Мен учрашувга дадам билан бирга бордим.Соат 12-25 да МХХнинг қаллоб ходими Алижон қандайдир бир милиция лейтенети билан бирга келди.У менинг дадам билан бирга келганимни билмади. Ўзаро салом-аликдан кейин ИИБга киришимни билдирди. Ёнимда дадам борлигини билгач улар раъйидан қайтишди. Дадам МХХнинг товламачи ходими Алижондан ҳужжатини кўрсатишни талаб қилди. У ҳужжат кўрсатишга ҳаққиси йўқлигини билдириб, орқасига қайтди.
Ундан кейин мени МХХ ходимлари безовта қилмади. Аммо шу йилдан эътиборан бирон жойга кириб ишлай олмадим. Ишга кирган жойимдан маълум бир муддат ўтгач сабабсиз бўшатилавердим. Боз устига, фуқаролиги йўқ шахс бўлганим учун Қозоғистонга ҳам бора олмай қолдим.Сабаби менга «Фуқаролиги йўқ шахснинг хорижга чиқиш гувоҳномаси» сабабсиз берилмай қўйди. Мен 2008 йил ноябрь ойида навбатдаги «Фуқаролиги йўқ шахснинг хорижга чиқиш ҳужжати»ни олиш учун барча тўловларни тўлаб, Тошкент шаҳар Миробод туман ИИБга топширган эдим. Аммо 2012 йил октябргача, яъни 4 йил туман ИИБ менга номаълум сабабларга кўра ҳужжат бермади. Бунда МХХ ходимларининг қўли борлигини яхши биламан.
Муҳтарам Шавкат Миромонович! Мен 1993-йилдан буён Тошкент шаҳрида доимий пропискадаман. Фуқаролигим йўқ. Шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш мақсадида қонун-қоида бўйича собиқ Президент Ислом Каримов номига 3 марта ариза ёзганман. Лекин ҳеч қайси аризаларимга жавоб берилмаган.Ҳар доим ўзим туғилиб ўсган Қозоғистон Республикасига ЎзР ИИВ томонидан берилган «Фуқаролиги йўқ шахснинг хорижга чиқиш ҳужжати» асосида Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасидан виза олиб, минг азоблар билан бориб келаман. Боз устига «Фуқаролиги йўқ шахснинг хорижга чиқиш ҳужжати» ҳамда ушбу ҳужжатнинг ичига ёпиштирилиши лозим бўлган стикер ҳеч қачон ўз вақтида берилмайди.
2010 йил 20-августда отам Азим Абдуғани ўғли Ҳамидов оламдан ўтди. Мен барча органларга, туман ИИБ, шаҳар ИИББ, Республика ИИВ, Ўзбекистон Республикаси Президент девони, Президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказига мурожаат қилдим. Аммо бундан ҳеч қандай натижа чиқмади. Менинг «Фуқаролиги йўқ шахснинг хорижга чиқиш учун ҳужжат»га топширган ҳужжатларим йўқолиб кетди.
Шу тариқа қўлимда ҳужжат бўлмагани туфайли мен отамни сўнгги манзилга кузата олмадим. Бу мен учун бир умрлик оғриқ, армон бўлиб қолди. Отамнинг жон таслим қилолмай, мени тинимсиз ёнига чақиришлари, мен эса паспортим – ҳужжатим бўлмагани учун ёнига боролмаганим, бир қултум сув оғзига тутолмаганим, Отамни сўнгги манзилга кузатолмаганим, розилигини эшитолмаганим ҳамон виждон азоби исканжасида қовурилишимга сабаб бўлиб келмоқда.
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
«Фуқаролиги йўқ шахснинг хорижга чиқиш ҳужжати»даги стикер муддати тугагани туфайли яна одатдагидай барча тўловларни тўлаб, ўзим яшайдиган Тошкент шаҳар Миробод туман ИИБга топширганман. Шу кунга қадар 5 йил мухлатга берилган ҳужжатимга 2 марта ОВиР стикер олганман. Ҳар иккаласини ҳам ўз вақтида эмас, кеч олганман. Бу учинчиси 1 йилга берилиши керак. Чунки паспортим муддати 2017 йил ноябрда тугайди. Туман ИИБдаги масъул ходимлар стикер 3 ой вақт оралиғида берилишини айтган эди.
Ҳужжатни топширганимга ярим йилдан ошса ҳам ҳеч қандай жавоб йўқ. Айни пайтда 78 ёшли Онам оғир аҳволда. Худди Отам каби мени ҳар куни сўрайди ва ака-укаларимдан мени 1 кунга, 1 соатга келиб-кетишимни айтиб ялинади. Мен шу кунларда қаттиқ хавотирда яшаяпман. Йўлимга интизор Онаизоримнинг олдиларига бориб, ёнларида бўлишни сидқидилдан хоҳлайман. Аммо яна ўша стикер жавоби тўғаноқ бўляпди. Бу ҳақида Сизнинг номингизга хат йўллаганман ва 2016 йил 8 ноябрь куни жавоб хати олганман. Унга кўра менинг ҳужжатларим ҳудуд бўйича ўрганилаётган экан. 28 йилдан бери Ўзбекистон фуқаролигини ололмаганимдан қаттиқ сиқилиш эвазига, асаб касалига чалинишим натижасида эшитиш қобилиятимни йўқотганман.
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Сиздан Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини олишимга, (Сизнинг номингизга ариза ёзиб, тўловларни тўлаб, керакли ҳужжатларни топширганман) паспорт олгунимга қадар 2016 йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳар Миробод тумани ИИБга стикер учун топширган «Фуқаролиги йўқ шахснинг хорижга чиқиш ҳужжати» – паспортимга масъул органлар ўз вақтида стикер ёпиштириб беришларига амалий ёрдам беришингизни илтижо қилиб сўрайман.
Ҳурмат ва эҳтиром билан, Рўзибой Азимий.
2017 йилнинг 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Виртуал қабулхонасига иккинчи марта ёзган хатимизга 27/10-1605 ВМ сонли жавоб келди. Гарчи хат шахсан Ш.М. Мирзиёев номига ёзилган ва бу бўйича хатда алоҳида қайд этилган бўлса-да, бу сафар ҳам хатимиз ўз эгасини топа олмади.
Виртуал қабулхонадаги масъул ходимлар биринчи хатимизни Республика ИИВнинг ХЧК ва ФР бошқармасига жўнатган бўлса, иккинчи хатимизни ундан қуйи орган – Тошкент шаҳар ИИББ ХЧК ва ФР бошқармасига жўнатишди. Холбуки, виртуалчилар Республика ИИВнинг ХЧК ва ФР бошқармасидан ижобий жавоб ололмаганимиздан воқиф.
Бизнинг 6 ойдан бери хорижга чиқиш учун рухсатнома ололмаётганимизга доир мурожаатимизга Тошкент шаҳар ИИББ ХЧК ва ФР бошқармаси бошлиғи Б.А. Сайфуллаев жавоб берган.
Жавоб хати қуйидагича:
Агар виртуалчилар хатимизнинг нусхасини Тошкент шаҳар ИИББ ХЧК ва ФР бошқармасига юборишган бўлса, у ҳолда шаҳардаги мутасаддилар бизнинг Республика ИИВнинг ХЧК ва ФР бошқармасидан ижобий жавоб ололмаганимизни билиши керак. Чунки бу ҳақда хатда баён этилган. Боз устига, биз ўз хатимизни Тошкент шаҳар ИИББ ХЧК ва ФР бошқармасига эмас, юқорида айтганимиздек, Президентнинг Виртуал қабулхонасига ёзиб жўнатганмиз.
Тошкент шаҳар ИИББ ХЧК ва ФР бошқармаси буни яхши билади. Била туриб, яна бизга ўзларидан юқори турувчи қайси ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқимиз борлигини эслатяпти??? Ахир улардан юқори турувчи ЎзР ИИВнинг ХЧК ва ФР бошқармаси тайинли жавоб бермаса, Президентнинг Виртуал қабулхонаси сансоларликка йўл қўяётган бўлса яна бошқа қайси «юқори турувчи ташкилотлар»га мурожаат қилишимиз мумкин?
Нега Виртуал қабулхонада ишлаётган ходимлар ҳар бир хатга нисбатан масъулиятли ёндошмаяпти? Улар хатлардаги мурожаат мазмунларини мукаммал ўрганиб чиқиб, аниқ манзилга, ташкилотга юборса бўлмайдими? Масалан, мен Президент Шавкат Мирзиёевнинг Виртуал қабулхонасига ёзган иккинчи хатимда ўзимнинг 15 йилдан бери МХХ зулми ва зўравонликларидан азият чекиб келаётганимни, уларнинг менга уюштирган қабиҳликларини, фирибгарликларини, қаллобликларини, ёвузликларини очиқ-ойдин, фактлар асосида баён қилганман.
Виртуалчилар хатни Ш. М. Мирзиёевга беришни хоҳламаган экан, у ҳолда нега хатни мукаммал, диққат билан ўқиб чиқиб, уни хатда тилга олинаётган ташкилотга жўнатишмайди. Аслида менинг Президентнинг Виртуал қабулхонасига ёзган иккинчи хатим Тошкент шаҳар ИИББ ХЧК ва ФР бошқармасига эмас, МХХ раиси Рустам Иноятовга жўнатилиши керак эди. Афсуски, бундай бўлмади. Бунинг натижасида виртуал қабулхонага нисбатан ишончимиз кундан кунга – сусайишда давом этмоқда.
Рўзибой Азимий
Мустақил журналист
Fikr bildirish