Зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлганлар тақдирига эътибор қаратинг, жаноб Президент!

Мухтарам Шавкат Миромонович!

Сизни яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 26 йиллиги байрами ҳамда қутлуқ Қурбон хайити билан муборакбод этамиз!

Ўзбек миллатининг чорак асрлик тортган азоблари, қатағонларга барҳам беришингизга умид қилиб қоламиз ва она Ватанимиз Ўзбекистонни тенглар ичра тенг бўлишига ўз муносиб хиссамизни қўшишга доимо тайёрлигимизни Сизга яна бир бора билдирмоқчимиз.

Сизнинг 2017 йилни «Ҳалқ билан мулоқот йили» деб номлаганингиз ва шу мақсадни амалга оширишга, яъни халқнинг дардига дармон, қувончига шерик бўлиш учун уринишларингиз, халқнинг манфаатига зид ҳатти харакатлар содир этишдан тийилмаётган мамлакатдаги давлат бошқарув идоралари – прокуратура, суд, милиция, мавжуд сиёсий партиялар, депутатлар, сенаторлар ва маҳаллий хокимият амалдорларининг кескин танқид қилганларингизни, матбуотни эркинлиги учун жон куйдираётганингизни ижобий бахолаймиз.

Сиз томондан ташкил этилган порталга мурожаат қилиб, бузилган ҳуқуқларини тиклаётган фуқароларнинг сони борган сари ошиб бораётганидан хурсандмиз.

Лекин 1948 йил 17 январда Сурхандарё вилояти Денов тумани Шўрчи қишлоғида туғилган таниқли диний уламо Абдулла Ўтаев Ўтаевичнинг 1992 йил 15 декабрь куни изсиз ғойиб бўлгани юзасидан унинг АҚШда истиқомат қилаётган фарзанди Убайдулла Ўтаевнинг порталга ариза ёзиб ўз отаси тақдирига оид маълумот беришни сўраб қилган мурожаатига етарлича эътибор қаратилмаганидан, мамлакатдаги ушбу жиддий муаммо – зўрлик остида ёки ғайриихтиёрий ғойиб бўлганлар тақдирига бефарқлик билан муносабатда бўлинганидан бағоят афсусдамиз.

Биз сиз бошқараётган хукуматни Ислом Каримов Президентлик пайтида  зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлганлар тақдирига бефарқ бўлмасликни, уларни тақдирига алоқадор маълумотларни ўрганиш, тўплаш ва ушбу инсонларнинг яқинлари, ота-оналари, қариндош-уруғлари, қолаверса кенг жамоатчиликка хисоб бериш ишлари билан шуғулланувчи махсус комиссия тузишни,  ушбу комиссия фаолиятини шаффоф бўлишини таъминлашингизни сўраймиз.

Биз Ўзбекистон Фуқаролик жамияти фаоллари 2015 ва 2016 йилларда «Ўзбек режими томонидан ўғирлаб йўқ қилинганларни хотирлаш” номли кампаниялар уюштириб, ўтказиб шу бугунги кунгача ўзбек режими томонидан ўғирланган ва бугунги кунгача тақдири номаълум қолаётган йигирмадан ортиқ инсонларнинг маълумотларини жамладик.

Бугун 30 августда БМТ Бош Ассамблеясининг «Зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлганлар халқаро куни» (International Day of the Victims of Enforced Disappearances) дея эълон қилганига 6 йил тўлди.

Шу  муносабат билан ўтган 2016 йил 30 август куни «Ўзбекистондаги зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлиш қурбонлари тақдирига алоқадор шаффоф ва тўлиқ текширув ўтказишни талаб қиламиз!» номли хисоботимизни жамоатчилик ихтиёрига тақдим қилгандик.

Ушбу муаммо ханузгача долзарблигича қолаётгани ва бугунги кунгача сиз бошқараётган хукумат ҳам ушбу инсонлар тақдирига эътибор қаратмаётганлиги яна бир бора таъкиддаш мақсадида ўтган йилги эълон қилган баёнотимизни қайтадан Сизнинг ихтиёрингизга тақдим қилишга қарор қилдик.

Зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлганлар тақдирига алоқадор ҳисобот

Ушбу хисоботининг тўлиқ ва рус тилидаги вариантини бу ердан ўқиб танишишингиз мумкин.

Зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлиш ҳолатлари қўрқув муҳитини ёйиш стратегиясига кирган ҳамда БМТ Бош Ассамблеяси экспертларининг фикрича, глобал муаммога айланиб бўлган. Аввало бундай ҳолатлар диктаторлик режимлари учун хос жиҳатдир ва бу вазиятда Ўзбекистондаги зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлиш ҳолатлари истисно эмас.

Ўзбекистонда зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлиш ҳолатлари ўтган асрнинг 90- йиллар ўрталаридан бошланди ва асосан ўзбек ҳукуматига мухолиф бўлган демократик кайфиятдаги сиёсий ва диний кучлар бундай ҳолатларнинг қурбонига айландилар.

Қайд этилган давр мобайнида зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлиш ҳолатларининг қурбонларини икки тоифага бўлиш мумкин: демократик сиёсий мухолифат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг аъзолари ва фаоллари, мустақил журналистлар; мустақил диний гуруҳларнинг фаоллари ва етакчилари.

Юқорида санаб ўтилган гуруҳларга нисбатан қўлланилаётган зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлиш ҳолатларининг қуйидаги ўзига хос характеристикасини алоҳида қайд этиш лозим:

  • Зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлишлар доим Ўзбекистон сиёсий элитасининг мухолиф кучлар ва ўз танқидчиларига қарши бўлган ноқонуний курашининг бир қисми бўлиб келган. Бундай ҳолатлар доимо махфий хизматлар ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг махфий амалиёти сифатида амалга оширилган, яъни ўз хоҳишига кўра ёки давлат буйруғига кўра иш олиб бораётган бирор-бир учинчи ёки жисмоний куч эмас, фақат давлат органлари томонидан амалга оширилган ишдир;
  • Агар зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлиш ҳолатларига учраган мухолифат, ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил диний гуруҳлар ва мустақил журналистлар ишлари доимо оммага маълум бўлиб келган бўлса, юзлаб оддий мусулмонларнинг ўғирланиш ҳолатлари деярли ноаниқлигича қолмоқда – уларнинг қариндошлари буни ошкор этишдан қўрқишади, мамлакатда инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар деярли қолмагани боис улар билан боғланиш имкони жуда кам;
  • Жамиятда зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлиш ҳолатларига нисбатан бефарқлик ва иложсизлик муносабати пайдо бўлди, ҳайратланиш ва қаршилик кўрсатиш ҳислари қайгадир йўқолди, чунки ҳамма бунинг ортида давлат ҳокимияти турганини билади ва агар у номақбул иш бўлганини сезганини билдириб қўйса, ўзи ҳам бундай ҳолатнинг навбатдаги қурбонига айланиши мумкинлигини яхши билади;
  • Ўзбекистонда зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлиш ҳолатлари муаммоси кўлами охиргача ўрганилмаган, чунки жамоатчиликка уларнинг фақат шов-шувлиларигина маълум, холос. Бу муаммо кўлами охиригача ўрганилмаганининг бошқа бир сабаби эса давлат ҳокимияти бу кўринишни террорчиликка қарши кураш ниқоби остида усталик билан яширмоқда ва бу жараёнда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳар бир қонун бузилишини оқламоқда.

“Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти рахбари Мўътабар Тожибоева ташаббуси билан ташкил қилинган ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва кўплаб фуқаролик жамияти вакилларини ўз ичига олган «Муқобил Ўзбекистон» Мувофиқлаштириш Кенгашининг 2015 ва 2016 йилларда «Ўзбек режими томонидан ўғирлаб, йўқ қилинганларни хотирлаш” бир ойлик кампанияси доирасида Ўзбекистондаги зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлиш бўйича энг шов-шувли ҳолатларни ўрганиб, бу холатлар бўйича маълумотлар йиққани бу йўналишдаги илк қадамдир.

Мазкур жараён 1995 йилда изсиз йўқолган таниқли ўзбек имоми Абдували қори Мирзаев ва унинг шогирди Рамазон Маткаримовларнинг зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлганига 20 йил тўлгани муносабати билан ташкил қилинганди.

Ушбу кампания доирасида амалга оширилган ишлар натижасида қўлга қиритлан илк натижалар қувонарлидир. Биз Ўзбекистонда содир бўлган зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлиш билан боғлиқ 20 дан зиёд ҳолатни йиғишга муваффақ бўлдик. Айни пайтда биз Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги мобайнида ғайрихтиёрий ўғирланган ва тақдири ҳозиргача ноаён қолаётган инсонлар рўйхатини туздик.

Бугун, яъни “Зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлганлар халқаро куни”нинг 5 йиллиги арафасида Ўзбекистон фуқаролик жамияти «Муқобил Ўзбекистон» Мувофиқлаштириш кенгаши ва шу кенгаш иштирокчиси “Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти халқаро ҳамжамиятни, жумладан, БМТ, ЕХҲТ, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Норвегия, Нидерландия, Швейцария, Швеция ва ғарбдаги бошқа Европа давлатлари орасидаги Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорларини расмий Тошкентдан мустақиллик йилларида содир бўлган зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлиш ҳолатлари борасида тўлиқ ва объектив текширув ўтказиш, шаффофлик ва ҳақиқат ўрнатилишини таъминлашини талаб қилишга чақиради.

Зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлиш ҳолатларининг айбдорлари аниқланиши ва жазога тортилиши керак, зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлиш ҳолатларининг қурбонлари, агар улар тирик бўлса, зудлик билан оилаларига қайтарилиши, улар ва оилалари чеккан азиятлари эвазига керакли товон пули олишлари керак.

Ўзбекистон ҳукумати келажакда бундай ҳолатлар қайтарилишининг олди олинишини кафолатлаши зарур.

ЗЎРЛИК ОСТИДА ВА ҒАЙРИИХТИЁРИЙ ҒОЙИБ БЎЛИБ, БЕДАРАК КЕТГАНЛАР РЎЙХАТИ

l. Абдулла Ўтаев Ўтаевич – 1948 йил 17 январда Сурхондарё вилояти Денов тумани Шўрчи қишлоғида туғилган. 1992 йил 15 декабрь куни изсиз ғойиб бўлган илк фаол;

2. Абдували Мирзаев – 1950 йил 11 апрелда Андижон шахрида туғилган. 1995 йил 29 август куни ўғирланган;

3. Рамазон Абдухолиқович Маткаримов – 1959 йил 20 март куни Андижонда туғилган. Абдували Мирзаевга ҳамроҳлик қилган. 1995 йил 29 август куни ўғирланган;

4. Аҳмедов Абдулло – 1948 йилда Андижон шахрида туғилган, маълумоти ўрта, оилали, фарзандлари бор. 1996 йилда ғойиб бўлган;

5. Неъматуллоҳ Парпиев – 1962 йилда туғилган. Жомеъ масжидида талабаларга каратэдан ўргатувчи тренер бўлган. 1996 йил ёз фаслида эрталаб уйидан нонга чиқиб кетиб қайтмаган

6. Касымбеков Камелетдин – 1999 йил 5 августда ўғирланган;

7. Холмуродов Маматқул (Муҳаммадқул) – 1955 йил 25 майда туғилган. 1999 йилда ўғирланган. 21 апрель 1999 йилдан бошлаб Федерал қидирувга берилган;

8. Хасанов Баходир – Чирчиқлик, асли Бурчумуллалик (лақаби Француз) Тошкентдаги Франция элчихонасига тегишли Француз тили Марказида француз тилидан дарс берган. 2000 йилда милиция вакиллари томонидан олиб   кетилган ва шу бўйича ғойиб бўлган;

9. Алишер – Қибрайлик. 1978 йилда туғилган. Шарқшунослик институтида 3 курсгача ўқиган, кейинчалик мадрасада ўқиб, диний билим олган. 2000 йил тахминан сентябрь ойларида ИИБ ходимлари томонидан уриб ўлдирилган ва кейинчалик қидирувга берилган;

10. Сайфиддин Мўминов – Хизбут тахрир вакили. 2001 йилда ўғирланган;

11. Шерзод Маликов – Хизбут тахрир вакили. 2001 йилда ўғирланган;

12. Раҳмонов Содиқжон (Содиқ қори) – 1962-йил Қирғизистонни Ўзган шаҳрида туғилган. 2003 йилни сентябрь ойида ўзбек МХХ вакиллари томонидан ўғирлаб кетилган;

13. Луқмонхон Юсупов – 1962 йил Сурхандарё вилояти Денов туманида туғилган. Диний оилада туғилиб, бошлангич диний таълимни оилада ўзлаштирган. 2003 йил ноябрда ўғирланган;

14. Ҳусниддин Назаров – Обидхон қори Назаровни ўғли. 1976 йил 8 июлда Наманганда туғилган. 2004 йил 16 май куни ўғирланган;

15. Юнусов Оқилжон Азизжонович – 1971 йил 6 ноябрда туғилган. 2004 йил 28 май куни ўғирланган;

16. Фаррух Ҳайдаров – 1972 йилда Тошкентда туғилган. Мадинада таълим олган. 2004 йил 24 июнда ўғирланган;

17. Ҳикмат – Тошкентлик. Турк фирмасини бошқарган ва Фаррух Хайдаровни фаолиятига хомийлик қилган ва унинг хайдовчиси бўлган Фаррух йўқолганидан бир икки кун ўтгач Хикмат ҳам ғойиб бўлган, аниғи 2014 йил июнь ойида ўғирланган;

18.Абдурасул Рахимов Абдурашидович – 1972 йилда туғилган. 2004 йил 14 июлда ўғирланган;

19. Равшан (Шокир) Исманходжаев Султонович – 1975 йилда туғилган. Қамоқдаги инсонларни оила аъзоларига кўмак бериш билан шуғулланган. 2004 йил 14 июль куни кечқурун тахминан 20:30ларда ғойиб бўлган;

20. Дилмурод Саъдуллаев Тўхтамуродович – Тошкент шахри, Олмазор тумани, Охунбобоев мавзесида туғилиб, шу манзилда яшаган. 2004 йилда ўғирланган;

21. Маҳмуджон – 1968 йилда туғилган. 2004 йилда ўғирланган

22. Алишер – Қибрайлик. Махмуджонни хайдовчиси бўлган ва Махмуджон ўғирланган пайтда биргаликда ўғирланган;

23. Шамсуддин Тўхтаев – 1961 йилда Бухорода туғилган. 2004 йил 11 августда ўғирланган;

24. Сухбатуллаев Хусан Абдурасулович – 1980 йилда туғилган Тошкент вилояти, Тошкент тумани Абдурахмонов ширкат хўжалиги, А.Каримов кўчаси 6 уйда яшаган. Тахминан 2004 йил ёз фаслида ўғирланган.

«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти;

Ўзбекистон фуқаролик жамияти «Муқобил Ўзбекистон» Мувофиқлаштириш кенгаши

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.