Улуғбек Бакир: Табриклаймиз! Қутлаймиз! Бугун Мўътабар Тожибоева туғилган кун!
Бугун таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, инсон ҳақларининг толмас курашчиси, қатор Халқаро мукофотлар совриндори, «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти асосчиси Мўътабар Тожибоева туғилган кун!
Шу муборак айём муносабати билан Мўътабар Тожибоевани чин дилдан самимий муборакбод этамиз!
Мўътабар Тожибоева 2000 йил январь ойида Марғилон шаҳрида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш «Ўтюраклар клуби»га асос солган.
М.Тожибоеванинг «Ўтюраклар клуби»ни яратиши унинг расман инсон ҳуқуқлари соҳасига кириб келишига имкон берди.
2001 йилда «Ўтюраклар клуби» ёрдамида Тожибоева хонимнинг «Огоҳ бўлайлик» номли рисоласи чоп этилган.
2002 йил январида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марғилон шаҳар кенгашининг пленумида «Ўтюраклар клуби»нинг икки йиллик иш фаолияти муҳокама қилинган ва клуб раҳбари М.Тожибоеванинг ҳисоботи тингланган.
Пленум клубнинг жиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши олиб борган курашини ижобий баҳолайди. Унинг иш фаолиятини Республика бўйлаб намуна сифатида кўрсатиш ҳақида қарор қилади. Маҳаллий ва Республика матбуотида клуб фаолияти ҳақида мақола, очерклар ёзилиб, махсус кўрсатувлар бериб борилган.
Мўътабар Тожибоева 2005 йил март ойида ташкил этилган «Фуқаролик жамияти“ Халқ ҳаракати асосчиларидан биридир.
Тожибоева хоним 2005 йил 7 октябрда Дублинга инсон ҳуқуқлари бўйича ҳалқаро анжуманга кетиш арафасида ҳибсга олинган. Унга тергов жараёнида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 18 та моддаси асосида айблов қўйилган, суд эса ушбу моддаларнинг 13 таси билан М.Тожибоевани айбдор деб топган ва 8 йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм чиқарган. Унинг ҳибсга олиниши инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолияти, 2005 йилдаги Андижон воқеалари юзасидан танқидий чиқишлари ва халқаро текширув ўтказиш талаби оқибати, деб таъкидланган.
2005 йилда Мўътабар Тожибоева Халқаро Нобель мукофоти номинанти мавқейига эришди.
2008 йил 15 майда, ҳали жазо муддатини ўтаётган даврда Халқаро Мартин Энналс мукофоти совриндори бўлди. Шу куни Халқаро инсон ҳуқуқлари масалалари мавзусида ёзувчилар бу соҳага улкан ҳисса қўшган ўн аёл рўйхатини эълон қилди ва бу ўнталикка Мўътабар Тожибоеванинг номи ҳам киритилган эди.
2008 йил 2 июнь куни М.Тожибоева қамоқдан озод қилинади. Шу йили 20 ноябрь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида унга Мартин Энналс мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтади.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 60 йиллиги муносабати билан 2008 йилда «Ўтюраклар клуби“ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилотига Франция Республикасининг «Озодлик, Тенглик, Биродарлик“ мукофоти берилди.
2009 йил март ойида Мўътабар Тожибоевага АҚШ Давлат департаментининг «Жасорат» мукофоти топширилди.
Август ойида у Инсон ҳуқуқлари Халқаро жамғармасининг кенгашига аъзо бўлди.
М.Тожибоева «Қийноқлар ороли асираси» номли асар муаллифи.
2015 йил январда ташкил этилган – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Виртуал Сайлов Комиссияси (ВСК)га раислик қилган.
2009 йилнинг март ойидан буён Францияда яшайди.
Бир фарзанди ва тўрт набираси бор.
Мўътабар Тожибоева 2018 йилнинг май ойигача «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилотига раҳбарлик қилган.
Инсон ҳақларининг толмас курашчиси Мўътабархоним Тожибоевани таваллуд айёми билан чин юракдан қутлаб, Опага узоқ умр, мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий бахту саодат ва эзгу ишларида улкан муваффақиятлар тилаймиз!
Кейинги айёмларингизни жонажон она Ватанимизда халқимиз билан бирга қарши олишлик барчамизга насиб айласин!
ТАВАЛЛУД КУНИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!
Сафдош дўстларингиз,
шогирдларингиз номидан,
Улуғбек Бакир
«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Халқаро ташкилоти раҳбари
25 август, 2018 йил,
Норвегия
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish