Ирландия сафари олдидаги хавотир ҳамда огоҳлантирувчи қўнғироқ (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 4)
* * *
ИРЛАНДИЯ САФАРИ ОЛДИДАГИ ХАВОТИР ҲАМДА ОГОҲЛАНТИРУВЧИ ҚЎНҒИРОҚ
Бугун 2005 йилнинг 7 октябрь куни.
Биринчи марта Халқаро анжуманларда иштирок этиш мақсадида чет эл сафарига чиқиш арафасидаман. Илк марта. Тўғри, илгарилари ҳам хорижий мамлакатларда бўлиб ўтадиган Халқаро миқёсдаги йиғинларда иштирок этиш илинжида кўп уринганман. Ҳар сафар паспортимга чиқиш визаси бостиришга уринишларим ортидан турли можароларга дуч келаверганман. Қисқача қилиб айтганда барча ҳаракатларим бесамар кетаверган…
Эҳ-ҳе, озмунча тўсқинликлар, кўнгилсизликлар бўлган дейсизми?… Шу боис ҳам бугун бошимдан кечирганларимнинг барчасидан бохабар бўлган сафдошларимнинг кўнгилларидаги ҳадик олам қадар…
“Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти сифатида танилган ташкилотимиз фаоллари билан хайрлашиш мақсадида учрашарканман, ана шу ҳадиг уларнинг юз-кўзларида шундоққина акс этиб турганлигига гувоҳ бўлдим…
– Мўътабар опа, нима деб ўйлайсиз, бу сафар тегишмасмикин? – хавотирини яширмасдан гап бошлади Маъмиржон.
Унинг хавотирга йўғрилган саволини эшитар эканман, бу ерда тўпланган издошларимга бирма-бир разм солдим. Салимахон, Салимаопа, Патилаопа, Бобур, Нодир, Фарҳод… булар менга шунчаки йўлда йўлиққан йўлдошлар эмас. Бизни битта дард, бир хил азоб бирлаштирган аслида. Кечагина амалдорларнинг жиноий қилмишларидан зорланиб, давлат идораларидаги корчплонлар адолатсизликларидан нолиб, зўравонликларидан ҳақ-ҳуқуқлари топталиб, ҲУКУМАТ деб аталмиш золимнинг ҳақсизликларидан қўлини ювиб, қўлтиғига уриб, “Ўтюраклар Клуби”нинг остонасига нажот истаб, бош уриб келган жабрдийдалар аслида булар ҳам.
Афсуски, адолатсизлик ҳукм сурган бу мамлакатнинг ҳар бир кўчаси, ҳар бир муюлишида биттадан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилот фаолият юритган тақдирда ҳам, ҳаммаси бефойда. Чунки бу ҲУКУМАТ амалдорларининг оғзида кўп такрорланадиган “адолат”, “қонун устиворлиги” деган сўзлар аслида бу юртнинг амалдорларига буткул ёт. Айтадиларку, қай бир нарса ҳақида қанчалик бонг уриб гапирилса, айнан ўша нарса хор бўлади деб…
Аммо УЛАРга бу каби сўзларнинг қудрати-ю кучини кўрсатиб қўйиш учун шундай бир йўл бор, бир йўлки, бунда ҳақ учун, ҳуқуқ учун ҳар бир шахс, ҳар битта инсон курашиши лозим. Бунинг учун эса энг аввало ким ва қандай касб эгаси бўлишидан қатъий назар ҳамма ўз ҳақ–ҳуқуқини талаб қилишни билиши, ўз ҳуқуқини ҳимоя этишни ўрганмоғи шарт. Адолатни тиклаш ва ҳақиқатни қарор топтиришнинг бундан-да афзалроқ йўли йўқ.
Шу маънода “Биз жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши курашамиз – Биз огоҳмиз!” шиори остида фаолият юритувчи “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти мақсади ва иш услуби жуда оддий.
Энг аввало кўмак сўраб келган инсонларга оддий бир ҳақиқатни сингдиришга интилардик: “Бизнинг ташкилотимиз сизларга балиқ пишириб бериб, қорнингизни тўйғазмайди, ё уни қандай қилиб қовуришни ҳам ўргатмайди. Аксинча, сизни тўқ тутадиган ўша балиқни қандай қилиб тутиб олиш сирларидан сабоқ беради. Жамоатчилик асосида фаолият юритаётган ташкилотимиз фаолларининг асосини кечагина худди сиздек ҳуқуқлари топталиб, адолат истаб келган инсонлар ташкил қилади.
Демоқчи бўлганимиз, бу жамиятда жабрдийдалар оқими шунчалар кўпки, бир вақтнинг ўзида барчангизни ҳимоя қилишга улгура олмаслигимиздан эмас, бизга кўмакчи бўлиш, сафдошимизга айланишингиз учун ҳам энг аввало ўз ҳуқуқингизни тиклашда ўзингиз жонбозлик кўрсатишингиз, ҳуқуқ илмини эгаллашингиз даркор.
Биз эса ўрни-ўрни билан маслаҳатлар бериб, йўл-йўриқлар кўрсатиб, ҳужжатларингизни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга келтиришда кўмакдош бўламиз. Оғир вазиятларда эса албатта ёнингизда бўламиз, ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймаймиз”; – дер эдим мен ҳаққи-ҳуқуқи паймол қилинган, биздан нажот истаб келган жабрдийдаларга.
Шу нарсани аниқ билардимки, ҳар бир инсоннинг қалбига энг аввало ўз-ўзига бўлган ишонч уруғини қадай билиш лозим. Кўнглида ўзига нисбатан ишонч уйғонган, ҳуқуқий билимга эга бўлган инсон учун энди ҳуқуқшуноснинг ҳам, ҳуқуқ ҳимоячиси-ю, олимнинг ҳам кўмаги керак бўлмайди…
Ҳаёт тажрибамдан келиб чиқиб, яна шуни комил ишонч билан айтишим мумкинки, ҳуқуқ илми билан қуролланган киши ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун ҳайиқмай курашга киришаркан.
Мана бунга оддий бир мисол:
Жамоатчилик асосида ишлайдиган ташкилотимиз сафи арзу-ҳол қилиб келаётган фуқароларнинг ҳуқуқ илмини пухта эгаллашлари ҳисобига кун сайин кенгайиб борарди. Кечаги жабрдийдалар бугун ўзлари яшайдиган масканлардаги ҳуқуқ ҳимоячиларига айланардилар.
Бугун даврасида ўтирганим – мана шу издошларим ҳам аввалига нажот сўраб келиб, ташкилотимиз кўмагида кейинчалик ўзлари ҳам нажоткорга айланган инсонлар: бири хайдовчи, бири дурадгор, бирлари фаррош, яна бири деҳқон… Бугун улар нафақат ўз муаммолари, балки туғишганлари, қариндош-уруғлари, маҳалладошлари, қўни-қўшни, танишлари муаммоларини ҳам ҳал этиш учун кўмаклашишга қодир ҳуқуқ ҳимоячилари…
– Опа, нега жимсиз? Жавоб берсангиз-чи! Намунча ўйга ботмасангиз? Ё бу сафар қаттиқ тегишади деган ҳадикдамисиз? – дея хаёлларимни тўзғитди Нодир.
– Билмадим. Лекин Ирландияга борадиган бўлсам, Андижон фожиалари бўйича қўлимдаги мавжуд ҳужжатларни конференция иштирокчиларига ҳавола қилишимни билишади. Шунинг учун, худо сақласин-у, Абдували қори самолётга чиққанича изсиз йўқолгани каби менга қарши ҳам бирор бир фитна уюштиришларидан хавотирдаман, – дедим ташвишланиб.
– Тошкентга боришда довондан ўтишда ҳам эҳтиёт бўлишингиз керак! Жудаям эҳтиёт бўлинг! – огоҳлантирди Салимахон.
– Шу Ирландия сафарига боришдан воз кечиб қўя қолсангиз бўлмайдими? – дея саволомуз тикилди Фарҳод.
– Қўрқиб, ҳадиксираб яшагандан кўра, мардона курашиб ўлган афзал эмасми? Аллоҳга таваккал. Бошга тушганни кўз кўради, дейишади-ку, – дедим, бу сўзларим билан нафақат сафдошларимга, балки ўзимга ҳам далда бермоқ илинжида.
Ўша куни Марғилоннинг машҳур «Ўрам» чойхонасида маслакдошларим билан узоқ суҳбатлашдик. Орадан бирор ҳафта ўтгандан кейин яна дийдорлашишни келишиб олгач, гўёки видолашаётган кишилардек бир-биримизга қараб, оғир “уф” тортдик-да, хайрлашдик.
Инсониятда еттинчи сезги ҳам мавжуд дейишади. Бу бор гап. Ким билади дейсиз, ўша лаҳзалардаёқ бошимизга тушадиган кулфатларни ич-ичимиздан ҳис қилган бўлсак, ажаб эмас.
Бу дўстларим ва маслакдошларим билан қайта кўришиш, дийдорлашиш қачон насиб қилади ва мен то бу дийдорга қадар қанчадан-қанча азоблар аламини тортаману, ўлим билан неча бор юзма-юз бўламан, буни ҳали билмас, тасаввур ҳам қилолмасдик…
Тарқалишгач, уйимгача ҳамроҳлик қилган Фарҳод: – Мўътабар опа, нимагадир кўнглим ғаш. “Ўша анжуманга бормайман”, деб қўя қолинг, – деди фикримдан қайтаришга уриниб.
– Хавотир олманг, Аллоҳ хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. Биласизми, УВДда ишлайдиган бир амалдорга ҳукумат вакилларини чалғитиш мақсадида, гўёки анжуманда қиладиган маърузамни таржима қилиб беринг, деб топширдим. Уларга берилган вариантида Андижон фожиалари ҳақида бирорта ҳам сўз йўқ, – дедим Фарҳоднинг кўнглини тинчлантириш мақсадида сиримни ошкор қилишга мажбур бўлиб.
– Улар сизни бу ҳийлангизга ишонишади, деб ўйлайсизми? У ерда илоннинг ёғини ялаган одамлар ўтиришади, ахир! – унинг овозидан хавотири ҳамон босилмаганлиги шундоққина сезилиб турарди.
– Биламан, онасининг сутини ангишвонада пишириб ичган пухта одамлар улар. Аммо барибир, зора чалғиб қолишса, деган умиддаман. Уларга тақдим қилган маърузам ҳамма идораларга етказилган бўлса керак. Маъруза матнига ишонишса: “Хавфли томони йўқ, экан-ку” – деган ўйда менга тегишмайди.
– Ўтган ойда Андижон фожиаларини содир этишда айбланган ўн беш нафар судланувчиларнинг Олий суддаги судлов жараёнлари эсингиздан чиқдими? Ўшанда қўлингизда Андижон воқеаларида ҳукумат мансабдорларининг айби борлигини исботловчи далиллар борлигини айтиб, Олий судда гувоҳ сифатида иштирок этишни талаб қилгансиз-ку!
– Ҳа, гапирганман. Лекин Ирландияда қиладиган маърузам деб уларга тақдим қилган ҳужжатда бу ҳақда умуман оғиз очмаганман. Аксинча, гўёки Ўзбекистон ҳукумати ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотимиз фаолиятини ривожлантиришда бош-қош эканлиги, биз кўтараётган муаммоларга жиддий ёндашиб, уларнинг ижобий ҳал бўлишида давлат муҳим роль ўйнаётганлиги таъкидланган у ерда.
– Охири бахайр бўлсин-да ишқилиб, опа. Мен қайтдим бўлмаса. Эртага эрталаб ўзимиз келиб, кузатиб қўямиз. Хайр, яхши дам олинг, – хайрлашиш учун қўл чўзди у.
– Хўп Фарҳод, эртагача унда. Омонликда кўришайлик, хайр… – унинг меҳнатдан қаварган қўлини сиқиб қўйдим.
* * *
ТАҚДИРДАН ҚОЧИБ ҚУТИЛИБ БЎЛМАС ЭКАН! “СИЗ ҲИБСГА ОЛИНДИНГИЗ!”
– Мен, Фарғона вилоят прокуратураси Иқтисодий жиноятчилик ва Коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Бахтиёр Маматовман, – деди ўзини таништирган тахминан ўттиз беш ёшлардаги йигит қошларини чимириб, – СИЗ ҲИБСГА ОЛИНДИНГИЗ! – деди амирона овозда…
Фарҳодни кузатгач, сафарга ҳозирлик кўришга киришдим. Юмушлар, ташвишларнинг кўплигидан, охирги пайтларда ўзимнинг аёл эканлигимни ҳам унутиб қўяёзгандим. Ўзимни аёл эмас, энг аввало, ҳуқуқ ҳимоячиси деб билардим. Шунинг учун хориж сафарига кетаётган мендек аёл ўзимга қараш, оро беришга эмас, Халқаро анжуманда тақдим этишим керак бўлган ҳужжатларни яна бир бор кўздан кечиришга тушдим.
Бунга ҳам анчагина вақт сарфладим, ҳужжатлардан кўнглим тўлгач, жомадонга жойладим. Шундан сўнггина, аёл сифатида тараддуд кўриш юракка сиғди. Кўзгуга ўзимни солиб кўрсам, б-и-ир ўзимга қараб олмасам бўлмас экан.. Шундай сафар олдидан ўзимга оро бермасам, қачон бераман? Хорижга отланаяпман, ахир!
Шундай сафар олдида турган одам бир галгина бўлса ҳам ораста бўлишни истамайди, дейсизми? Албатта истайди-да. Мана, кейинги пайтда аёллар орасида қўнғир соч урф бўлган. Мен ҳам анчадан бўён сочимни қўнғир тусга бўяшга орзуманд бўлиб юрган эдим. Бунинг учун махсус тайёргарлик ҳам кўриб қўйганман. Ҳатто шу рангдаги соч бўёғини ҳам келтиргандим дўкондан. Энди фақат ана шу орзуни амалга ошириш илинжида уриниш қолган эди, холос…
Қўлимга махсус қўлқопчаларни кийдиму, сочимни бўяй бошладим. Ҳали ишимни тугатиб улгурмай, яширин сим карта солинган мобил телефоним жиринглаб қолди.
Очиғи, телефонимнинг ярим тунлари ҳам “жиринг-жиринг” қилишларига кўникиб қолганман.
Шунинг учун телефоннинг чорлову мени у қадар таажжубга солмаган бўлса-да, “ким бўлиши мумкин?” деган қизиқиш билан гўшакни кўтардим:
– Эшитаман.
– Ассалому алайкум опа, яхшимисиз? – гўшакдан Фарғона вилоятининг маъмурий органларидан бирида яхшигина лавозимни эгаллаган танишимнинг ширакайф овози эшитилди.
Рамазон ойида ўзини ҳурмат қиладиган мусулмон инсонни спиртли ичимликни оғзига олмаслигини биламан. Аммо унинг шундай дамда мастлигидан ҳайрон бўлдим. “Тинчликмикин ишқилиб?” деган хавотирли ўй ўрмалади кўнглимдан.
– Яхшимисиз, Қудратжон! Нима гап? Овозингиз ғалати… – дедим, “ичиб олганмисиз нима бало?” дейишга тилим бормади.
– Эҳ, опа, мен бугун жудаям сиқилганман. Шунинг учун Рамазонлигига қарамасдан ичдим. Бу ҳаёт шунчалар жирканч нарса экан-ки, ундан нафратланиб кетдим! Менга жуда алам қиляпти, шунинг учунам ароқ ичишга мажбур бўлдим-да… – ҳасрат қилди у.
– Нима бўлди ўзи, очиқроқ гапирсангиз-чи? – сўрадим бетоқат бўлиб.
– Опа, сизни Ирландияга жўнатмаслик учун қўлларидан келадиган барча ҳаракатларни қилишмоқчи… Нафақат қўлингиздагиларни, балким керак бўлса ўзингизни ҳам йўқ қилишга тайёр булар… Мен бугун шу ҳақда тасодифан эшитиб қолдим. Бироқ бу гапни сиз эшитмадингиз, мен айтмадим, хўпми, опажон? Агар билиб қолишгудек бўлса, бола-чақам билан йўқ қилиб юборишади, биласиз-ку…
– Хавотирланманг, сизга панд бериб қўймайман. Биласиз-ку мени, шунинг учун очиқроқ гапираверинг, – дедим суҳбатдошимни тинчлантириш истагида. Булар нималарни режалаштирмоқчи менга қарши? Айтинг!
– Опа, сиз зудлик билан бир йўлини қилиб вилоятдан чиқиб кетишингиз керак. Аммо йўлга чиққанингизни ҳеч ким билмасин, агар хабар топишса, автоҳалокат ҳам уюштиришлари мумкин. Шунинг учун довонда ҳам эҳтиёт бўлинг. Ҳатто машинада бирга кетаётган йўловчилар ҳам сизни Мўътабар Тожибоева эканлигингизни билмасин, танишмасин. Тошкентга эсон-омон етиб олсангиз, у ёғига худо подшо. Янаям ким билади дейсиз… Ўзингизни эҳтиёт қилинг, – мен бу сўзлар соҳибини яхши танирдим. Оғир-босиқ, ҳар бир сўзини ўйлаб гапирадиган мулоҳазали инсон эди. Ана шундай одамнинг овозидаги хавотирдан вазият ниҳоятда кескин эканлигини тушуниб етдим.
Мен то фикрларимни жамлаб улгурмасимдан, – Аллоҳ насиб қилса, қайта кўришармиз. Дийдор қиёматга қолмасин илоҳим, – деб хайрлашди-да гўшакни қўйди.
Суҳбатдошимнинг ҳайриҳоҳ овози ўрнини “ду-ду-ду-ду”лаган юракларни уюштирувчи совуқ оҳанг эгаллади.
Бу дамда қўнғироқ эгасининг овозидаги хавотир менинг ҳам кўнглимга кўчиб бўлган эди. “Наҳотки халқаро анжуманга бора олмасам?” – деган ҳадик бор вужудимни қамраб олди.
Телефонни қўлимдан қўймасдан туриб, ўша заҳотиёқ Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти рахбари Толиб Ёқубовга – Тошкентга сим қоқдим. Ирландияда бўлиб ўтадиган Халқаро Фронтлайн ташкилотининг инсон ҳуқуқлари муаммоларига бағишланган Дублин Конференциясига Ўзбекистондан икки нафар ҳуқуқ ҳимоячилари таклиф этилганди. Ана шу иккитанинг бири мен бўлсам, иккинчиси ҳозир қўнғироқ қилаётганим Толиб Ёқубов эди…
– Ассалому алайкум, Толиб ака, яхшимисиз?
– Раҳмат Мўътабар, ўзингиз-чи? – Толиб ака овозимдаги хавотирни сезди шекилли, сўради, – Тинчликми?
– Раҳмат, яхшиман, аммо тинчликмас-да. Шунинг учун безовта қилаётгандим. Биласизми, ҳозиргина бир танишим қўнғироқ қилиб, мени Ирландия сафаридан олиб қолиш учун барча ҳаракатлар бошлаб юборилганлигини айтди. Оқибати ёмон бўлишини истамасам, зудлик билан уйдангина эмас, Фарғонадан чиқиб кетишим шартлигини тайинлади. – дедим шоша-пиша.
– Бундай хабарни етказган шахс ишончлими ўзи? – хавотиримнинг нечоғлик асосли эканлигига аниқлик киритишга уринди Толиб ака.
– Ҳа, ишончли… Ишончлику-я…
– Я деганингиз нимаси яна? – бетоқат бўлди гўшак ортидан Толиб ака.
– Бироқ, бир лекини бор-да. Биласизми, менинг уйимгина эмас, ҳатто телефон қўнғироқларим ҳам доимий кузатувда. Буни ҳуқуқ идорасида ишлайдиган давлат одами яхши билиши керак. Аммо шунга қарамасдан танишимнинг иккиланмасдан менга сим қоқиши кўнглимда шубҳам ҳам уйғотмоқда. Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳозироқ йўлга чиқмасам бўлмайди. Эҳтимол ярим тунда етиб борарман. Агар йўлда бирор кор-ҳол содир бўлмаса, эсон-омон Тошкентга етиб олсам, Сизникида тунасам, бўладими? – сўрадим хижолат бўлиб.
– Албатта, бемалол ўз уйингиздек келаверинг, сўрашингиз нимаси? Хижолат бўлманг. Тезда йўлга чиқа қолинг бўлмаса. Аммо жуда эҳтиёт бўлинг-а? – тайинлади Толиб ака.
– Хўп, раҳмат. Тахминан бир соатларда йўлга чиқаман, насиб этса…
Толиб ака билан суҳбатни тугатгач, яна шошилиб навбатдаги рақамларни тера бошладим:
– Ало, ким бу? – телефон гўшагидан Тошкентда истиқомат қилувчи, Нобель комитети қошида ташкил этилган “Тинчлик учун 1000 аёл” Ҳалқаро ташкилотининг собиқ совет иттифоқи мамлакатлари бўйича куратори Марина Пикулина овози эшитилди.
– Марина салом. Бу мен Мўътабарман. Яхшимисиз?
– Ҳа, раҳмат. Ўзингиз-чи? Қачон йўлга чиқадиган бўлдингиз?
– Ҳозиргина ваҳимали бир хабар олдим. Халқаро анжуманда иштирок этмаслигим, Ирландияга боролмаслигим учун барча чораларни кўришаётган эмиш…
– Вой худо, энди нима қиласиз?
– Нима қилардим. Ўша эски усулимни қўллаб, кампирча кийиниб, қочиб қолмасам бўлмайди шекилли. Бошқа чораси йўқ. Тинчлик-хотиржамликда Тошкентга етиб олганимдан кейин ўзим қўнғироқ қиламан сизга. Насиб этса, эртага кўришармиз.
– Агар бугун йўлга чиқсангиз, бизникига кела қолинг. Барибир ярим тунгача компьютердан бошимни кўтармайман. Ухламай ўтираман, бизникига кела қолинг, хўпми?
– Қандай бўларкин… Толиб Ёқубовга сизларникига бораман, деб қўйгандим. У ҳолда йўлга чиққач у кишига қўнғироқ қилиб кутмасликларини айтиб қўйишим керак…
– Яхши, шундай қилинг. Кейин мобил телефонингиз доим ёниқ бўлсин. Қўнғироқлашиб турамиз. Ўзингизга эҳтиёт бўлинг. Дуч келган машинага эмас, ўзингиз танийдиган, ишончли хайдовчининг машинасига ўтиринг. Агар имконият бўлса, яқинларингиздан бирортаси олиб келиб қўйса, янаям яхши бўларди…
– Мен ҳам шу ҳақда ўйлаб тургандим. Ҳозир ўзимизникиларга қўнғироқ қиламан. Раҳмат маслаҳатингиз учун.
Шоша-пиша сафарга чиқиш учун ҳозирлик кўра бошладим. Аввало телефонда ташкилотимиз фаоллари билан боғландим. “Ўтюраклар Клуби” фаоли Маъмиржонга маҳалламиздаги катта трасса йўл бўйида жойлашган касалхона ёнига зудлик билан етиб келишини тайинладим. Шу касалхона яқинида истиқомат қиладиган Салимахон билан ҳам боғланиб, уйининг эшигини очиб туришни ҳам тайинлашни унутганим йўқ. Чунки ҳозирги шароитда ўз уйимдан юкларимни кўтариб бемалол чиқиб кетишнинг умуман иложи йўқлигини биламан.
Шу сабабли ҳозироқ сафарга керакли юкларимни куёвим Муроджон уларникига олиб бориб қўймоғи керак. Айнан шу борада Салимахон билан келишиб олгач, унинг адаши журналист Салима Рустамовага сим қоқдим ва унга Тошкентга кетиш учун шай бўлиб туриши шартлигини уқтирдим. Ёнимда ишончли инсонларимдан бири бўлишини истагандим…
* * *
Яқингинада турмушга чиққан қизим Маҳлиё ҳам ўзим яшайдиган шу уйнинг учинчи қаватида яшайди. Маҳлиёга қўнғироқ қилиб тезликда Муроджон билан бирга пастга тушишини айтдим.
Бир зумда кириб келган қизимга тезлик билан йўлга тушишим кераклигини айтарканман, вазиятни нақадар хавфли эканлиги ҳақида хабар олганимни унга билдирмадим.
Чунки айнан шу бугун Маҳлиё бугун тест синовидан ўтганлигини ва ҳомиладорлигини билганлигини айтганди. Уни бугунги қувончли кунида хавотирга солгим келмади. Фақат “Куёв қани, сен билан чиқмадими? Бор, унга айт, тезроқ тушиб, сафар сумкаларимни Салимахонларникига элтиб қўйсин” – дея шошилтирарканман: “Қайтаётганингда йўл-йўлакай қўшнилар – Мунаввархон билан Наргизани ҳам чақириб чиққин!” дея тайинладим бетоқат бўлиб.
– Қўшнилар кўчада ўтиришибди, – деди қизим дераза ойнасидан ташқарини кузатаркан.
– Унда тезда чақир, аямни жуда ҳам зарур гаплари бор экан, дегин.
Шамолдай шошиб ташқарига чиққан қизим, ҳаял ўтмай уйга қайтди.
– Ая, Мурод акам ҳозир чиқарканлар, қўшниларга ҳам тайинладим, ҳозир келишаркан.., – деди-да уй телефони турган хона томонга ўгирилди, – жиринглаяпти-ку, олмайсизми?
– Гўшакни сен кўтара қол. Мен нарсаларни жойлай, – деб ишга тутиндим.
– Ая, «Опамни пулларини олиб кетяпмиз ҳозир» деб, Ҳусан ака телефон қилди. «Аям кетяптилар» десам, «Бироз кутиб турсинлар, ҳозир етиб борамиз» деди.
– Кетаётганимни бекор айтибсан-да. Бошқа куни келинглар, бугун ишлари кўп, вақтлари йўқ, демабсан. ”Уйда йўқ эдилар, иш билан қаергадир кетгандилар”, десанг бўларди, – дедим афсус билан бош чайқаб.
* * *
Айнан ўша куни бўлиб ўтган мана шу воқеаларни негадир кейинчалик тез-тез эслайдиган бўлиб қолдим.
Гоҳо ўйлаб қоламан: Агар Ҳусан қўнғироқ қилган чоғда қизим «Аям уйда йўқ, бугун келиб овора бўлманглар” деганида нима бўлар эди? Мени ҳибсга олишолмаган бўлармиди?… Биргина муштипар бошим шунча аёвсиз азоб-уқубатларни кўрмасмиди?… Хўп, омад кулиб уларнинг тузоғидан қутилиб кетганимда-чи, кейин, кейин нима бўларди?
Мени тўхтатиш ва аҳдимдан қайтариш илинжида оғироёқ қизим билан куёвимга босим ўтказишмасмиди, уларни ҳибсга олишмасмиди? Мен дилбандимга қўлланилган қийноқларга дош бера олармидим? Фарзандим орқали қилинган таҳдидларни кўтаришга-чи? Қурбим етармиди? Ана шулар ҳақида ўйларканман, “Яхшиямки, ўша кун мен қочмадим, қочолмадим” дея Аллоҳга қайта-қайта шукроналар айтардим.
Ҳа, ҳа, минг шукурки, ўша куни айнан мени ҳибсга олишди… Йўқса… Мени эмас, зурриёдимни зиндонбанд этсалар, минг бир қийноқларга гирифтор қилиб, қилмаган жиноятларни тан олишга мажбур қилсалар нима қилган, қай аҳволга тушган бўлардим? Қизгинамни ҳақсизлик ботқоғидан қутқариш учун ҳамма нарсага тайёр бўлмасмидим? Мени жиноятчи дейишларига ҳам кўнмасмидим? Сўзсиз шундай бўларди. Бир сўз билан айтганда нафақат ўзимни, балки бошқаларни ҳам ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлардим…
* * *
МАТЛУБА АЗАМАТОВАНИ ҚОЧИРГАНИМИЗДЕК ҚОЧИШИМ КЕРАК БЎЛЯПТИ!
2000 йил январь ойида ташкил этганимиз “Ўтюраклар Клуби” таъсисчиларидан бири бўлмиш қўшним Мунаввархон ва яқинда маҳалламизга кўчиб келган Наргиза кириб келганларида мен нарсаларимни жомадонга жойлаб бўлгандим.
– Ҳа, Мўътабар опа, қаёққа кетяпсиз? – гап қотди Мунаввархон.
– Тезда Тошкентга кетишим керак бўлиб қолди, – дея жавоб қайтардим улар билан кўришарканман, жилмайишга уриниб.
– Йўлга эртага чиқмоқчийдингиз-ку, – ажабланди Наргиза.
– Тўғри, аммо ҳозир бир ташвишли хабар олдим. Бир танишим қўнғироқ қилиб, мени Ирландияга боришдан тўхтатиб қолиш учун турли ҳаракатлар бошланганлигини хавотир билан маълум қилди. “Зудлик билан чиқиб кетинг”, деб огоҳлантирди ҳам. Унинг айтганидек қилмасам бўлмайди назаримда. Шунга ҳаракатимни қилиб ётибман-да..
– Сиз ҳозироқ чиқиб кетасизу, уйингиз атрофини қўриқлаётганлар қўғирчоқ ўйна-а-а-б ўтиришади, деб ўйлайсизми? – деди Мунаввархон нигоҳлари билан дераза оша кўчага имо қиларкан.
– Сизни, уйингизни пойлайдиган қўриқчилару машиналар сони бугун негадир ҳар доимгидан кўпайиб қолибди десам, гап ҳали бу ёқда денг? – қошларини чимирди Наргиза, – Хўжайним ҳам эътибор берган экан бугун. “Булар негадир уяси бузилган аридек нотинч бўлиб қолишибди, тинчлик бўлсин-да ишқилиб” деганди-я!
– Бугун ҳам қўриқчиларни Матлубани қочирган пайтимиздагидек лаққиллатамиз. Ёрдамларингиз керак. Шунга чақиртиргандим сизларни Наргизахон, Мунаввархон, – вақт тиғизлиги боис муддаога кўчдим, – Бизга катта хотинлар ўрайдиган иккита катта рўмол керак бўлади. Сизлар уларни ўраб олиб, гўё мени қидириб, қаердандир келаётган жабрдийда аёллардек уйимга кирасизлар. Бир оздан кейин хайрлашамиз, “меҳмонлар” қайтиб кетишади. Икки аёл ортига қайтишади. Аммо уларнинг бири мен бўламан. Ўрин алмашамиз. Мен чиқиб кетаман, сиз эса Наргизахон икки соатлар мусиқани баланд қўйиб, чироқларни ёқиб ўтирасиз, шунда ана у соқчилар “Мўътабар опа уйида ўтирибди” деб ўйлаб, чалғиб қолишади.
– Мен Матлуба опани қочирганларинг ҳақида кўп этишганман, лекин сизни ўзингиздан аниғини эшитмагандим. Нима бўлганди ўзи ўшанда? – қизиқсиниб сўради Наргиза.
– Олий суд жараёнида Республика бош прокурорининг ўринбосари Анвар Набиев яқингинада чет эл сафаридан келган Матлуба билан мени Андижон фожиаларига алоқадорликда айблаб, баёнот берди. Устига устак Республика прокуратурасидан келган терговчилар куну-тун сўроқ қилиб, эзворишди Матлуба бечорани. Аслида у чет элда юрганида ватанга қайтишни унга мен маслаҳат берганман. Болалари ҳам шу ерда эди ўзи. У қайтиб келган палласида ҳаётимиз хавф остида қолганини тушуниб етгандик.
Худо кўрсатмасин, уни айбсиз айбдор қилишса, ўзимни ҳеч қачон кечиролмасдим. Мен-ку яқинларимни, ташкилотимиз фаолларининг ҳаётини хавф остига қўйиб, ўз тинчимни ўйлаб хавфсиз жойга кетолмасдим. Лекин Матлуба бу борада кўмакка муҳтож эди. Шунинг учун пойлоқчиларни чалғитиш учун Матлубани уйда қолдирдим-да, ўзим машинага ўтириб, кузатувчиларни ортимдан обкетдим.
Соқчилар кетганига ишонч ҳосил қилган Матлуба кекса кампирларнинг кийимини кийиб, рўмолини ўраб кўча чироқларининг ўчишини кутиб ўтирган. Кўча чироқларини қўшнилар ўчиришгач, кампир қиёфасидаги Матлуба қоронғуликда уйдан чиқиб кетган. Нариги кўча бошида кутиб турган машинада ўзимизникилар уни Қирғизистон чегарасига олиб боришганди ўшанда.
Бу пайтда биз қўриқчиларни чалғитиб, “дум”сиз у ерга аллақачон етиб олгандик. Йигитларимиз биздан олдин бу ерга етиб келиб, Матлубани чегарадан ўтказиб қўйишга ёрдам бера оладиган одамни топиб, гапни пишитиб ҳам бўлган эканлар.
Ўша одам билан яна бир бора маслахатлашиб, бугун Матлубани, эртаси куни эса унинг вояга етмаган фарзандларини ҳам Қирғизистонга ўтказиб қўйишини келишиб бўлгандикки, Матлубани ўзи ҳам етиб келди. Жон-жигарлардек йиғлаб, кўзда ёш билан хайрлашганимиз ҳамон эсимда. Эртаси куни болаларини ҳам худди ана шу йўл билан чегарадан ўтказиб берган эдик.
Матлубани кузатиб, уйга қайтарканман, бизни йўқотиб, еру кўкни остин-устун қилаётган қўриқчиларнинг аҳволи кўз ўнгимда гавдаланарди. Қаерга бориб келганимга қизиқишади ва бу ҳақда албатта ўзимдан сўраб билишга уринишади.
“Ҳа, ҳали сизми, шошмай туринг пойлоқчилар, бир боплайки сизларни!”, дедим-да, – рулдаги ҳамроҳимга йўлдаги дўконлардан бирига тўхтаб, икки шиша пиво сотиб олишини сўрадим.
Менинг ғалати талабимдан ажабланган ҳамроҳим менга саволомуз тикилди.
“Сиз айтганимдек қилаверинг, гап бор, кейин билиб оласиз”, дедим унга шивирлаб.
“Хўп, ҳозир” – дея машинадан тушиб дўкон томон кетган ҳайдовчи ҳаял ўтмай қайтиб, машинага ўтирди.
Унинг қўлидаги шиша идишларини оларканман, бирини очдим-да, ярмидан кўпроғини ерга сепдим. Бу нарса эшигим тагидаги айғоқчиларнинг мени отиб олган деб ўйлашлари учун ҳам жуда керак эди…
Кутганимдек бўлиб чиқди. Мен ўтирган машина уйим ёнига келиб тўхташи биланоқ бир нотаниш йигит югуриб келди-да: – Келдингизми опа, бошимга бир оғир иш тушиб қолганди, кўпчилик “Мўътабар опа билан маслаҳатлашинг” дейишгани учун кеч бўлса ҳам сизни йўқлаб келгандим. Келсам, уйингизда йўқсиз, опажон. Узоқ кутишимга тўғри келди. Хайрият-э, келдингиз… – деди лаби-лабига тегмай. Кейин мендан гап олиш учун муддаога кўчди, – Жуда узоқ қолиб кетдингиз. Бирор муаммо бормиди, опа?
– Муаммоми? Қанақа муаммо, ука, – маст одамдек кўзларимни хиёл юмдим-да, жилмайиб йигитга юзландим, – Фарғонадаги «Парвина» ресторанига бориб б-и-и-р мазза қилиб, буюртма кабоб еб келяпман. Янги пиво келган экан роса-а-а ҳузур қилдик-да ўзиям. Ичасизми? – дея қўлимдаги шишаларни унга узатдим.
У очиқ шишани қўлимдан оларкан, пивони тотиб кўрди. Шишанинг ичидаги яримлаб қолган суюқлик ҳақиқий пиво эканлигига ишонч ҳосил қилди чамаси: “Опажон, жуда чарчаган кўринасиз. Ҳозир ҳордиқ чиқаринг, эртага эрталаб ҳузурингизга маслаҳатлашгани келсам бўладими? – деганча жавобимни ҳам кутмасдан яна қоронғулик қаърига ғойиб бўлди.
Ҳа-а-а, худди шундай бўлган, оддийгина усул билан чув туширгандик уларни.
Қўшниларимга Матлубани чегарадан ўтказиб қўйиш билан боғлиқ воқеаларни гоҳ кулиб, гоҳ ташвишланиб сўзлаб берарканман, ўша кун, ўша тун кўз олдимда қайта жонланди гўё.
– Роса усталик қилган экансизлар-да ўзиям, қойил! – деди Наргиза ҳайратланганини яширмасдан.
– Ўшанда Матлуба опани охирги марта сизнинг уйингизга келгандан кейин уни йўқотиб қўйишганди. Эсимда, фуқаро кийимидаги кишилар унинг суратини қўни-қўшниларга кўрсатиб “Мана бу аёлни шу ерга келганида кўрганмисиз? Қачон кўргансиз? Кўрганлар бўлса, айтсин!” деб узоқ суриштиришган эди ўшанда, – деди Мунаввархон кулиб.
– Мўътабар опа, нарсаларингизни олиб чиқиб кетаётганимизда сезиб қолишмасмикин? – сўради Наргиза.
– Сездирмасликнинг ҳаракатини қилишимиз керак. Ҳозир бирингиз ўша эски усулимизга асосан кўчанинг чироқларини ўчиринг. Ана шундан кейингина Муроджон қоронғуликдан фойдалиб, жомадон ва мана бу юкларни олиб чиқиб кетади-да, Салимахонникига элтади, – дедим қисқача режани баён қилиб.
– Қани, кексаларга хос қанақа кийимларингиз бор? Рўмолингиз борми? Калиш-махси-чи? – сўради Наргиза.
– Иккита плаш топдим. Лекин битта рўмол тополдим холос. Ҳозир шуларни олинг-да, чиқиб, яна битта рўмол топинг, – дедим нарсаларни қўшниларимнинг қўлига тутқазарканман.
– Рўмолларим сандиқда эди. Очиб, қидириб топиб олиш учун анча вақт кетади, – деди Мунаввархон.
– Унда Мавлуда опадан рўмолини сўраб турамиз, – қўшимча қилди Наргиза..
– Яхши, унда вақт кетмасин, – дедим қўшниларимни кузатарканман, – Муроджон пастга тушганидан кейин сизларга қўнғироқ қилиб: “Сўраган кассетангизни топиб қўйдим, олиб кетишингиз мумкин”, – дейман. Ана шундай кейин кўча чироғини ўчирасизлар, келишдикми?
– Мўътабар опа, сизга нима зарур-а шулар билан олишиб? Ўзи сизни ҳаётингизни детектив китоб қилиб ёзиш керак., – шундай дея эшикни очган Наргиза билан Мунаввархон остонада турган Ҳусан ва Отабекка (Тоҳир) тўқнаш келдилар.
* * *
“ЎТГАН КУНЛАР” ҲОМИДИ ВА БУГУНГИ КУН ҲУСАНИ – СИАМ ЭГИЗАКЛАРИ!
Ҳусан Рўзматов деганлари асли Фарғонанинг Тошлоғидан. Марғилонда ичкуёв, хотинининг уйида истиқомат қилади.
Отабек Мамадаминов эса Андижон вилоятининг Улуғнор туманидан. Уни ҳамма Отабек деб танисада, паспортидаги исми Тоҳир эди. Бу икковлон Андижондаги балиқчилик хўжалигига алоқадор машмашалар туфайли бошига кулфат тушиб, бир ярим йил олдин мендан кўмак сўраб келишганди. “ББСнинг мухбири Матлуба Азаматова билан гаплашгандик муаммоларимиз бўйича, у киши сизни тавсия қилди” дейишганди улар хонадонимга биринчи марта кириб келганларида.
Улардан қўлимдан келган ёрдамни аямаганман. Бошқа аризачилар каби Ҳусан ҳам менинг ташкилотим билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди. Бизнинг турли тадбирларимизда иштирок эта бошлади. Кейин билсам, у қаллоблик билан кун кўраркан. Уни маҳаллий ҳуқуқ идораси вакиллари билан тил бириктириб, турли амалдорларни чув туширадиган қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, товламачилик қилишидан хабар топдим.
Шундай кейин унга: “Бу ишларингиз жиноятдан ўзга нарса эмас. Агар бунингдек қилмишларингизни тўхтатмасангиз йўлларимиз айро тушиши тайин” – дея кўп таъкидладим.
Бироқ Ҳусан ўз билганидан қолмади, қинғир ишларидан қайтмади. Натижада, унга ғайриқонуний ҳаракат қилаётганлар ташкилотимиз билан алоқа қилишга ҳақсиз эканлиги тушунтириб, ҳайдаб солдик…
Бу орада Ҳусан Андижон вилояти Улуғнор туман прокуратурасидаги муттаҳамлар билан ош-қатиқ бўлиб, балиқчилик хўжалигининг раҳбарлари устидан жиноий иш қўзғатишга ҳам эришибди.
Буни мендан ёрдам сўраб келган Балиқчилик хўжалиги бошлиғи Аҳмадулло Абдуллаев ва бош ҳисобчи Ҳафизиддин Қорабоевлардан эшитгач, уларнинг ҳуқуқларини терговда ҳимоя қилишга рухсат беришларини сўраб, Улуғнор туман прокуратурасига телеграмма юбордим. Бироқ Улуғнор туман прокурори Бекмуҳаммад Аҳмадалиев мени тергов ҳаракатларига умуман яқинлаштирмади. Ҳаттоки, прокурорнинг топшириғи билан мени прокуратура биносидан ҳайдаб солишди.
Шундан сўнг 2004 йилнинг 31 август куни Балиқчилик хўжалигида ишловчи бир неча аёллар номидан Президент Ислом Каримов номига телеграмма жўнатиб, Улуғнор туман прокурори Бекмуҳаммад Аҳмадалиевни истеъфосини талаб қилдик.
Мени Балиқчилик хўжалиги раҳбарларини ҳимоя қилишга киришганим ва Президентга телеграмма юборганимдан қутуриб кетган Ҳусан прокуратура терговчиси Умаров Ҳабибулло билан жиноий тил бириктириб, 2004 йилнинг 16 ноябрь куни хўжаликнинг бош ҳисобчиси Ҳафизиддин Қорабоевни Ҳусан Рўзматовдан олти ярим миллион сўм қарздорлиги ва унга ўша қарзларини тўлашга ваъда бериш ҳақидаги терговчи Умаров томонидан расмийлаштирилган баённомага имзо чекишни Ҳафизиддиндан талаб қилишган. Бундай ғайриқонуний баённомага имзо чекишдан бош тортган Қорабоевга ваҳшиёна қийноқлар қўллашган, ўласи қилиб калтаклашган ва ниятларига етганлар, яъни ушбу баённомага имзо чектириб олишга эришганлар.
Қўлланилган қийноқлар оқибатида аҳволи оғирлашган Қорабоев Ҳафизиддин шифохонанинг жонлантириш бўлимига келтирилган. Ана шундан кейин ҳуқуқий кўмак истаб келган Ҳафизиддиннинг хотини Қорабоева Майнахон ва укаси Қорабоев Зоҳиджонни қўлларидаги мавжуд ҳужжатларни – Ҳафизиддинни касалхонага тушганлиги ҳақидаги медицина қоғозларидан тортиб, прокуратура терговчиси Ҳабибулло Умаров томонидан расмийлаштирилган “Қарзни қайтариш ҳақидаги Баённома”ни қўлимга тутқазишди.
Бўлиб ўтган воқеа ҳамда Ҳафизиддинни касалхонанинг жонлаштириш бўлимида ётгани, аҳволи ниҳоятда оғирлиги ҳақидаги хабарни этишганимдан кейин дарҳол Қорабоевлар оиласи номидан Президент Ислом Каримов номига телеграмма ёздим. Унинг нусхаси барча ҳукумат миқёсидаги органларга юборилди.
Чидаб бўлмас ҳақсизликларга сукут сақлаб тура олмасдим. Шунинг учун Балиқчилик хўжалиги вакилларига қарши қўзғатилган жиноят ишини кўраётган Жиноят ишлари бўйича Улуғнор туман судига Ҳусан Рўзматовнинг сохта ҳужжатлари асосида жиноят иши қўзғатилганлиги, Ҳафизиддин Қорабоевга қийноқлар қўллаб, мажбурлаш натижасида қонунга зид равишда тузилган “Қарзни қайтариш ҳақидаги баённома”га имзо чектириб олганликлари ҳақида ёздим. Шунингдек, йўл қўйилган бир қатор қонунбузилиш ҳолатларини баён қилиб, судьянинг номига телеграмма жўнатарканман, мени судда гувоҳ тариқасида сўроқ қилишларини талаб қилдим. Тўғри, мени судга гувоҳ сифатида чақиришмади, аммо мен келтирган важларни синчиклаб ўрганиб чиққан суд жиноят ишини қайта терговга юборди…
… Ҳали Ҳусаннинг кирдикорлари фош бўлмасидан олдин, яъни унинг жабрдийдалигига ишониб юрган пайтларимда менинг ҳуқуқий кўмагимда ижара кўлини қайтариб олган Отабек бир кун ошнаси Ҳусан билан ҳузуримга келишганди.
Отабек менга: “Ниятлар катта, опа, аммо, ўзингиздан қолар гап йўқ, бўлиб ўтган можаролар сабаб қўлим калталик қилиб қолди. Балиқчиликни ривожлантиришга маблағ зарур, ҳомий кўмагига муҳтожман. Қўллаб юборсангиз, фойда кўргач, маблағингизни, албатта, ортиғи билан қайтараман. Ёлғиз умидим сиздан” – деганди ялиниб…
Қаршилик қилмадим. Чунки балиқчилик хўжалигини ташкил қилиш ҳақидаги бир пайтлардаги орзуларим армон бўлиб қолганди. Ана шунинг учун ҳам Отабекка моддий кўмак бергандим. Оқибати ёмон бўлмади. Отабекнинг балиқчилик хўжалигидан ижарага олган кўлида етиштирилган балиқлар белгиланганидан кўра кўплиги ва балиқларнинг катта-катталигини кўриб, унинг ютуқлари Андижон телеканалида махсус кўрсатув намойиш қилинди.
Лекин балиқлардан тушган даромад ҳисобидан ҳомийлик учун сарфлаган маблағимни қайтариш масаласига келганда, Отабек оқсаб қолди. Ўзини мендан олиб қочди. Шундай кунларнинг бирида Тоҳирнинг онаси Малика опа уйимга келиб: «Кўлда пайдо бўлган ўра балиқларимизни оқизиб кетибди, Мўътабархон, фойда кўролмадик, турган битгани кони зарар бўлди. Сиз берган пулларни бу йил қайтариб беролмаймиз. Қачон қўлимизга пул тушганда берамиз» – дея зорланди.
Малика опанинг ёлғон гапираётганлигини ҳис қилиб турардим. Алданганлигини билган одам нима қилиши мумкин билмадиму, бироқ мен Отабекнинг боқилган балиқларини мўмайгина пуллаб, яхшигина даромад олганлиги ҳақида маълумотга эга эканлигим боисидан шу маълумотларни исботловчи ҳужжатларни тўпладим. Мен ана шу ҳужжатлар асосида балиқчилик хўжалигининг ривожига тиккан пулимни, сарфлаган харажатларимни ундириш учун фуқаролик судига мурожаат этишим ҳам мумкин эди…
Бироқ, “бўзчи белбоққа ёлчимас” деганларидек, ҳомийлик ёрдами сифатида сарфлаган маблағларимни ундириб беришларини сўраб, судга мурожаат қилиш учун ўзгаларнинг ташвишидан ортиб, вақт тополмас, яъни ўзим учун вақт ажратишга кўзим қиймасди…
* * *
… Ирландияга хизмат сафарига боришим маълум бўлган кезларда Ҳусан яна менинг атрофимда ўралашиб қолди. У ташкилотимиз фаолларини ва қизимни ўртага қўйиб, беш дақиқагагина қабул қилишимни ялиниб ўтиниб сўрарди.
Шунда ҳам ман уни хонадонимга киритишга кўнмаган эдим, у остонамга: “Сизга қарши фитналар уюштирилаяпти. Бу ўйинларнинг ортида сизнинг моддий кўмагингизда балиқчилик хўжалигидаги бизнесини оёққа қўйиб, катта даромад олаётган Отабек турибди” – деган мазмундаги хабар бергувчи мактублар ташлаб кетадиган одат чиқарди.
Бу хатларда аниқ факт ва далиллар баён қилинардики: “Нимага Мўътабархон тушунмайдилар, мен унга ачинганимдан, азбаройи кўмаклашиш мақсадида учрашмоқчиман. Мақсадим, уни фитналардан огоҳлантириш, холос. Тўғри, охирги дамда менга қарши турган бўлсалар-да, бир пайтлар менга ёрдам қўлини чўзганлар. Бугун мен хатоимни тушуниб етганман. Қилган қилмишларимдан пушаймонман, беш дақиқага қабул қилсинлар,” – дея ҳоли-жонимга қўймасди.
Охирги сафар Ҳусан ташкилотимизнинг кўмаги билан ҳуқуқлари тикланган синфдоши Абдуғаффорни ҳам ўртага қўйиб тавба-тазарру қилаверганидан кейин у билан учрашишга розилик бердим.
– Отабек пулингизни қайтармаслик мақсадида сизнинг устингиздан турли бўҳтонлар ёзиб, тегишли идораларга арзбозлик қилиб юрибди. Устингиздан жиноят иши қўзғатишга тайёргарлик кўриб юришибди, – деди Ҳусан ўзини менга меҳрибон қилиб кўрсатишга мақсадида.
– Отабекка айтинг, истаган жойига мурожаат қилиши мумкин. Қўрқмайман. Қўлимда етарли ҳужжатларим бор. Менинг пулим эвазига сотиб олинган, боқилган балиқларини қаерда сотиб, қанчага пуллаганини ҳам биламан, ҳатто. Яхшиликка ёмонлик экан-да. Хизматга туҳмат қилиб, ғалаба қозонаман деб ўйласа, ҳомтама бўлади. Ундан кўра етказиб қўйинг, эсини йиғиштириб олсин, – дедим дона-дона қилиб.
Шу қисқа суҳбатимиздан кейин шошилинч чиқиб кетган Ҳусан орадан икки кун ўтгач яна қайтиб келди: “Опа, Отабекнинг виждони қийналибди, ўша кўмак учун берган пулларингизни қайтарармиш” деган хабар келтирди. Бу гапни эшитиб “Инсоф бергани чин бўлсин” дегандим…
Ҳатто улар кўп куттирмай, 6 октябрь куни: “Сарфлаган сармоянгизнинг маълум қисми – “хамир учидан патир” – дея уч юз эллик минг сўм ҳам келтириб беришга улгуришганди…
Мен Отабекка берган пулларимни қайтариб бера бошлаганидан хурсанд бўлдим. Лекин мен энг муҳим нарсани – Андижон фожеаларидан кейин фуқаролик жамияти фаолларини турли туҳматлар билан ҳибсга олиш жараёнлари бошланиб кетгани, бу ишларда маъмурий органларга хизмат қилувчи Ҳусан каби “қулоқ”лар кўмак бераётганини унутиб, хушёрликни қўлдан бой берган эканман ўшанда…
* * *
Бугун сафарга чиқиб кетишим олдидан уйимга бирин – кетин кириб келган Ҳусан билан Отабек худди ана шу кўмак сифатида берган пулларимнинг яна бир қисмини олиб келишган эди…
– Ассалому алайкум опа, кеча келишганимиз икки юз эллик минг сўмни олиб келдик, мана, – дея Отабек кулимсираганча қўлимга бир даста пул тутқазди.
Улар билан у ёқ, бу ёқдан бир оз гаплашган бўлдик.
– Жуда шошиб тургандим. Жуда вақтида келдингизлар. Сал кеч қолганингизда мени уйдан тополмас эдингиз. Зудлик билан бир жойга бориб келмасам, бўлмайди, узр-а! – дедим уларни кузатиб қўйишга ошиқиб, – Ҳозир мен ҳам сизлар билан чиқаман, ярим йўлгача, – дея қўшиб қўйдим.
– Биз пиёда келгандик, – деди Ҳусан.
– Ҳечқиси йўқ. Яёв бўлсангиз ҳам майли, бирга-бирга пиёда кетаверамиз, – дедим улар билан тезроқ хайрлашиб, йўлга чиқиб кетиш мақсадида.
– Сен ташқарига чиқиб тур, Отабек, мен ҳозир…, – деди Ҳусан шеригига қараб.
Бу гап уларнинг олдиндан келишиб олган “пароли” эканлигини кейин билдим…
Отабек “хўп” дегандек бошини ирғиганча ташқарига чиқди. Бироқ, у чиқиб кетганига икки дақиқа ҳам ўтмасдан, эшик таққиллади. Отабек қайтиб келди шекилли деган хаёлда эшикни очсам, подъездимиз видеокамера кўтарган йигитларга, турфа одамларга лиқ тўла. Аксарияти зирҳли кийим кийган, ниқобли қуролланган кимсалар…
Йигитлардан бири менга хизмат гувоҳномасини кўрсатаркан: – Мен, Фарғона вилоят прокуратураси Иқтисодий жиноятчилик ва Коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Бахтиёр Маматовман, – деб ўзини таништирди-да, – СИЗ ҲИБСГА ОЛИНДИНГИЗ! – деди амирона овозда…
Шундагина мен ўзимнинг кўмак сифатида берган пулларим, дориланган ҳолда қайтарилганлигини англаб етдим… Не ажабки, ўз пулларимни ўзларининг таклифи билан келтирган кимсаларнинг уюштирилган фитнасига кўра жиноятчига чиқарилдим…
Бир пайтлар ташландиқ чўлда Балиқчилик хўжалиги ташкил қилиш мақсадида қилган саъйи ҳаракатларим туфайли кескин қаршиликларга учраган эдим. Ана шунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси, шоира Матлуба Деҳқон қизи шундай деб нола қилган эди:
Кунлар келар «олтин балиқчам»
Сен бўларсан кўллар париси!
Балиқчилар сафин тўлдирар,
Фарғонамнинг ой малак қизи…
Афсус, яна минг афсуски, шоира айтганидек, кўллар париси бўла олмадим. Насиб этмади. Аксинча, балиқчиликни ривожлантиришга бўлган иштиёқим жиноятчилар сафига қўшилишимга хизмат қилди, холос…
Ўша куни хонадонимга кириб келган икки эркак – Отабек ва Ҳусан ана шундай аянчли тақдиримга сабаб бўлишган эди…
… Кейин билсам, айнан ўша 6 октябрь куни Отабек билан Ҳусан қўлимга тутқазган уч юз эллик минг сўм ҳам дориланган экан, прокуратура мансабдорлари ўша куниёқ менга қарши тергов ҳаракатларини бошлаб юборган эканлар. Аммо мени ҳайрон қолдирган нарса шуки: прокуратуранинг асосий иш функцияси жиноятни олдини олиш ҳисобланса-да, пул берилган 6 октябрь куни мени ҳибсга олмасдан, «жиноятни давом эттиришим” учун имконият яратиб беришган.
Демак, улар 6 октябрда тергов харакатлари олиб борилган экан ва суҳбатимизни ёзиб борган эканлар. Лекин менга қарши жиноий иши қўзғатиш учун бу суҳбатимизда керакли далиллар топилмагани учун ҳам шу куни мени ҳибсга олишмаган экан.
Давоми бор.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish