«Олтин бошли қасоскор аёл» детектив қисса жиноят қуроли эдими?! (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 3)
1-КИТОБ – ЗУЛМАТ ҚАЪРИДА
Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар ҳақида баён қилгувчи “Қийноқлар ороли асираси” роман-хрониканинг “Зулмат қаърида” номли биринчи китобимда 2005 йилнинг 7 октябридан, яъни ҳибсга олинган пайтимдан бошлаб, 2006 йилнинг август ойигача, қарийб ўн ойлик муддат ичида содир бўлган воқеа-ҳодисалар баён қилинган. Бундан уч ойи тергов пайти, беш ойи суд жараёнлари, охирги икки ойи эса аёллар қамоқхонасидаги воқеаларни ўз ичига олган.
Бу асарда менинг қамалишимнинг асосий сабаби “Андижон қатлиоми” эканлиги, ушбу фожиа юзасидан олиб борган мониторинг натижасида ўта муҳим ҳужжатларни қўлга киритганим учунгина, уларни йўқ қилиш мақсадида ўғирлаб кетганликлари, таҳқирлаганлари ва мени Нобель мукофоти номинантлигига номзодим қўйилиши ортидан содир бўлган воқеалар ҳақида ҳам баён қилинган.
Шунингдек тергов пайтидаги қонунбузилишлар, адолатсизлик ва разолат, яқинларимга, ташкилотим фаолларига, мен билан мулоқотда бўлган, мен ҳимоя қилган жабрдийдаларга қарши уюштирилган босимлар, ҳимоям учун урилган бонглар ҳақида тўхталаман бу китобимда.
“Зулмат қаърида”ни ўқиган китобхонлар Тошкент вилоятининг чекка худуди “Солдатский”да бўлиб ўтган адолатсиз судлар сохталиклар–ю, аёллар қамоқхонасидаги икки ойлик кечган ҳаётим, шу муддат ичида менга ўтказилган босимлар, қийноқлар ҳақида ҳам танишадилар. Аёллар қамоқхонаси ва унинг руҳий касалликлар бўлимида содир бўлган воқеалар, биринчи марта жазо изоляторига қамаганликлари, айғоқчилар макони бўлмиш учинчи отряддаги ҳаётим ҳақидаги ҳикоялар ҳам баён қилинган бу китобда.
Адвокатим Дилафрўз Нурматова билан, шунингдек Маҳаррам опам ва укам Расулжон билан узоқ муддатли учрашувга чиққан пайтимдаги уюштирилган фитналар ҳам китобхонларда қизиқиш уйғотишига ишонаман.
* * *
Қамоқхонадаги махсус сўз ва атама (жаргон)лар:
“Авторитет” – Қамоқхона раҳбарияти ҳам, маҳкумалар ҳам ҳурмат билан муносабатда бўладиган маҳкума, қамоқхонадаги тинчликка таъсир ўтказа олади, маъмурият ҳисоблашади;
“Активлар” – Қамоқхона маъмурияти билан очиқ ошкора ҳамкорлик қиладиган маҳкумалар;
“Аттачмент” туриш – Диний маҳкумалар намоз ўқиётган паллаларида бошқа маҳкумаларни пойлоқчилик қилиб туриши;
“Блатнойлар” – Маъмуриятга бўйсунмайдиган маҳкумалар;
«Бедолагалар» – Ортидан ҳеч ким қидириб келмайдиган, хат хабар йўлламайдиган маҳкумалар;
“Бозорком” – Савдо-сотиқ билан шуғулланувчи маҳкумалар;
“Бычок” – Сигарет қолдиғи. Бир маҳкуманинг сигарети қолдиғини бошқа бир маҳкума чекиши;
“Вешалак” – Қамоқхонанинг кир қуритиш худуди;
“Дневальный» – Ойлик маош олиб ишлайдиган маҳкумалар;
«ДПНК» – дежурный помощник начальника колонии)
Муассаса бошлиғи навбатчи ёрдамчиси кабинети;
“Дубачка” – Дубинка кўтариб юрувчи ҳарбий назоратчилар;
Жазо изолятори (изолятор, ШИЗО (штрафной изолятор) – Маҳкумаларни сақлаш тартибини бузганликда айблаб, олиб кириб қўйиладиган интизомий бўлинма;
“Жилзона” – Маҳкумаларнинг яшаш худуди;
“ИР” (Исправительная работа) – Аҳлоқ тузатиш иши. Маҳкумаларнинг жазо шароитини енгиллаштирилган тури;
Карантин – Мослашув хонаси. Қамоқхонага янги келтирилган маҳкумалар ўн – ўн беш сутка давомида сақланадилар;
“Каптёркачи” – Маҳкумаларнинг кундалик эҳтиёж буюмлари солинган сумкалари сақланадиган омборхона қўриқчиси;
Кармушка – Жазо изоляторларидаги темир эшикларга ўрнатилган туйнук;
“Кишер” – Маҳкумаларни буюмлари сақланадиган сумкаси;
“Колония поселения” – Жазо муддати оз қолган маҳкумалар жўнатиладиган манзил-колониялар;
“Кобел” – Уйланган “лесбиянка”;
«Крысалар” – Ўғрилиги билан танилган маҳкумалар;
“Кир ювувчилар” – Ўзга маҳкумаларнинг кирларини ювиб, қуритиб беришни зиммасига оладиган маҳкумалар;
“Комната гигиена” – Ювиниш хонаси (Орасталик хонаси);
“Курилька” – Сигарет чекиш учун ажратилган махсус майдон;
“Лесбиянкалар” – Бир жинс вакилларининг жуфтлиги;
“Лохмачлар”, “Қулоқлар” (Козалар) – Бу ўзга маҳкумаларга қийноқлар қўллашда ва уларга қарши қалбаки айбловлар расмийлаштиришда фаол иштирок этувчи маҳкумалар;
“Медсанчасть” – Маҳкумаларнинг даволаниш маскани;
“Псих.отделение” – Руҳий ҳасталик билан оғриган ҳамда гиёҳванд маҳкумаларни даволаниш маскани;
“Венерология” – ОИТС, ВИЧ касалликларига дучор бўлган маҳкумалар даволанадиган маскан;
“НВН” – Ҳарбий назоратчилар бошлиғи;
“Нарушитель” – Қамоқхона тилида аталадиган бу сўз асосан қора рўйхатдаги маҳкумаларга нисбатан ишлатилади;
“Мусор” – Қамоқхона вакиллари;
“Отоварка” – Русча “отоваривание” – маҳсулот олиш” сўзидан келиб чиққан;
“Отрисаловка» – Жазони ўташ тартибни ашаддий бузувчи, маҳкумаларини маъмуриятга қарши қайрашда айбланадиган маҳкума;
“Отряд” – Адабий тилда “туркум” деб аталади. Қамоқхона тилида, маҳкумаларнинг ўзаро мулоқотларида отряд деб айтилиши сабабли асарда ҳам туркум “отряд деб аталади;
“Однохлебка” – “Оила” – маҳкумаларнинг уч – беш кишилик (гоҳида ундан-да кўп) гуруҳи бўлиб, қамоқхонада бир бирига ишонувчи маҳкумаларгина “Однохлебка” ва “оила” бўладилар;
“Она” – “Лохмач” ва “қулоқлар”нинг қамоқхона бошлиғи бўлган аёлга мурожаати. Обрўси юқори маҳкумаларни ҳам “она” дейдилар ёши кичик маҳкумалар;
Отбой – Тунги йигирма иккида маҳкумаларни уйқуга ётиши, зонада тревога тугаганини билдирувчи сигнал;
“Оёқ” – Маҳкума билан уни оиласидагилар ўртасидаги алоқачи қамоқхона вакили;
“Параша” – Ҳақиқатга зид бўлган, ёлғон хабарларни тарқатиш;
Паловник – Зона ошхонасида ишлатиладиган катта чўян чўмич;
Паровоз – Отрядларда шконкаларни бир–бирига улаб тиқилиши;
Пайка нон – Буханканинг тўртдан бир бўлаги;
“Промзона” – Ишлаб чиқариш зонаси;
“Промзона” ишчилари – улар икки тоифага бўлинади;
Пресслаш – маҳкумаларни мутлоқ синдириш, бўйсунувчан қилиш учун қийнаш;
Биринчи тоифадаги ишчилар – промзона ва жилзонадаги “дневальный”лар. Улар катта миқдорда ойлик маош оладилар;
Иккинчи тоифадагилар – “қора ишчилар” – қора ишларни бажарувчи, лекин жуда кам иш ҳақи олувчи маҳкумалар;
“Проверка” – Кунига бир неча марта ўтказиладиган умумий текширув;
«Передный план» – Ҳар бир текширувдан кейин маҳкумалар ўз отрядлари, бригадаларнинг олд қаторига ўтиришлари;
“Политинформатика” – Қамоқхонадаги текширувлардан кейин маҳкумаларнинг олд қаторга тўпланиб, уларнинг сиёсий онгини ошириш мақсадида ўтказиладиган тадбир;
“Подьём” – Тонгги соат олтида маҳкумаларни уйғотишга чалинадиган қўнғироқ;
“Прачка” – Маҳкумаларнинг кирларини ювиш хонаси, бу ерда маҳкумалар чўмиладилар ҳам, кирлар ювадилар ҳам;
Прогон – Қамоқхонага хабар жўнатиш усули;
Разборка – Юзага чиққан муаммони муҳокама қилиш;
Раскрутка – Жазо муддатига муддат қўшиш;
Резка – Жазо муддатини қисқартириш;
“Рупор” – ДПНК кабинетига ўрнатилган микрофон;
“Санрейдчи” – Қамоқхонадаги тозаликка риоя этилишини назорат қилгувчи маҳкума;
“Тревога” – Узундан узун чалинадиган гудок. Тревога сигнали чалинган пайтда маҳкумлар кроватларни тагига кириб, бошларини ерга қўйиб, қўлларини бошларига қўйиб ётишади;
“Террорист” – Қамоқхонада “ваҳҳобийлар” рўйхатининг бошида турганлигим, ашаддий тартиб бузувчи сифатида ҳам биринчи ўринда бўлганим сабабли “террорист” дейилса барча маҳкумалар билардиларки, бу Мўътабар Тожибоева;
“Террор” – Қамоқхоналарда амнистия акти эълон қилинишидан олдин “террор” ҳаракатлари олиб борилади ва ҳукуматнинг қора рўйхатидаги озод этилиши таъқиқланган маҳкумаларга қисқа муддатлар ичида бир неча “нарушение”лар расмийлаштирилади;
УДО (условно дострочное освобождение) – Шартли жазо қўллаш. Бу маҳкумаларнинг озодликка чиқарилиши;
“Қизлар” – Қамоқхонадаги бой ёки моддий имконияти яхши бўлган маҳкумалар хизматини қилиш эвазига кун кўрувчи маҳкумалар;
“Қизил отряд” – “Қулоқлар” отряди;
“Қамоқхона пуллари” – Қамоқхонада сигаретлар пул ролини бажаради.
PINE – Евро;
PALLMAL – Доллар;
KARVON – Ўзбек сўми;
Хата – Камера;
Шконка – Икки ярусли койкалар;
ШТАБ – Яшаш зонасидан ташқарида жойлашган бино. У ерда муассаса раҳбарияти фаолият юритади;
“ШМОН” – Қамоқхонада ўтказилувчи тинтувлар. Ҳукуматнинг қора рўйҳатида бўлган маҳкумаларга босим, таҳдидлар қилиш мақсадида уюштирилади;
Чефир – Заҳар-заққум қилиб тайёрланган чой;
“Чёртлар” – Блатнойларга хизмат қилгувчи маҳкумалар;
«Центральная каптёрка» – Маҳкумаларни ортиқча буюмлари сақланадиган марказий юк омбори;
Тожибой, Мамат… – Қамоқхонада маҳкумаларни фамилиясини қисқартирилган ҳолатда чақириш зонада одат тусига кирган.
* * *
ТАЪҚИҚҚА УЧРАГАН “ЧЕҲРА”
Аслида мен асар ёзишга илк бор қўл ураётганим йўқ. Ҳаётимда рўй берган ҳадсиз ҳақсизликлар мени илгари ҳам қўлимга қалам олишга мажбур қилган… Бир пайтлар «Олтин бошли қасоскор аёл» номли детектив қисса яратган эдим…
2001 йилда минг бир азоб билан ташкил этганим «Чеҳра» номли газетада худди ана шу асарим илк бор чоп этила бошлаганди ўшанда… Эҳ-ҳе, бу бошим мустақил журналист, ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида неларни кўрмади дейсиз…
Бу жамият деб аталмиш жаҳаннамда ҳақсизликлар, нуқсону камчиликлар… ва уларга қарши туриш жараёнидаги таҳдиду таҳқирлар озмунча дейсизми?… Аёвсиз таъқиблар ва таҳқирларга қарши туриш учун эса нима керак кишига? Курашмоқ даркор! Разолатга қарши курашни бир зум бўлсада тўхтатмаслик керак!
Худди ана шу мақсад ҳақида бош қотириб юрган кезларимда, аниқроғи янги Президентлик сайловидан кейин 2000 йилнинг январь ойи бошларида мамлакат президенти Ислом Каримов Фарғонага ташриф буюрди. Фарғонада бўлиб ўтган мазкур ташкилий сессияда Каримов, одатдагидек, коррупция ботқоғиға ботган мансабдорларнинг пўстагини қоқиб, жумладан, мана шундай мазмундаги гапларни қистириб ўтди: “Фарғона вилоятида кўплаб мансабдорлар мансаб лавозимини суистеъмол қилиб, бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйиб келганлар.
Жамоатчилик назоратини шакллантиришга интилган инсонларга нисбатан тўсқинликлар қилишган. Қанийди, шундай мансабдорларнинг танобини тортиб қўядиган, уларнинг содир этаётган жиноятларига қарши қонуний курашадиган ўтюракли фуқаролар халқимиз орасидан отилиб чиқса эди!”.
Ислом Каримовнинг ушбу нутқи шу куннинг ўзидаёқ деярли барча ўзбек матбуотларнинг бош мавзусига айланиб ҳам улгурганди. Президентнинг айнан мана шу мазмундаги маърузасидан тўлқинланиб, илҳом олиб, 2000 йилнинг 17 январь куни Ўзбекистон Халқ Демократик Партияси Марғилон шаҳар “Зуҳро” маҳалласи бошланғич партияси қошида “Ўтюраклар Клуби”ни ташкил этдик…
Клубимиз номи “Ўтюраклар” деб номланишига асосан Президент Ислом Каримов сабабчи бўлган. Яъни бир сўз билан айтганда “Ўтюраклар Клуби” номини Ислом Каримов қўйиб берган десам адашмайман. Гиёҳвандлар макони бўлган кичкинагина бир маҳаллада ташкил этилган бу Клуб йиллар ўтиб, дунёга танилган ва обрўли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига айланди.
Клубимиз Олий Мажлис ҳамда маҳаллий кенгашларга депутатлар сайлови ўтгандан сўнг ташкил топган. Мен ҳам еттинчи Ипакчи сайлов округидан Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутатлигига ташаббускор гуруҳдан ўз номзодимни қўйган эдим. Сайловчилар билан бўлиб ўтган кўплаб сайловолди учрашувларда, халқнинг ҳақиқий аҳволини, унинг дарду ташвишларини тушуниб, юракдан ҳис қилганман.
Менинг депутатликка номзод сифатидаги дастуримда мамлакатда фуқаролик жамиятини шакллантириш, жамоатчилик назоратини ривожлантириш йўлида қилинадиган саъйи-ҳаракатлар етакчи ўрин олган эди. Шу дастурим билан халқ олдига чиққанман ва табиийки, шу аснодаги чиқишларим, дастурим матбуотларда эълон қилинган.
“Қонунлар ижросини назорати кучайтирилган тақдирдагина жамиятимизда адолат барқарор бўлади, ҳақ қарор топади ва инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш кафолатланади. Шундагина халқ фаровонлиги учун қатьий қадам қўйилган бўлади.
Менинг асосий мақсадим Жамоатчилик назорати ҳақида Қонун ишлаб чиқиш ва бу қонунни зудлик билан ҳаётга тадбиқ этиш масаласини Республика миқёсига олиб чиқишдан иборат. Қонунлар ижросини назоратга олсак, ўйлайманки ҳаётимизда ўзгаришлар – ижобий ўзгаришлар албатта бўлади”.
Учрашувлар пайтида кўпчилик сайловчилар “Агар депутатликка сайланмай қолсангиз нима қиласиз?” каби саволлар билан биз депутатликка номзодларга мурожаатлар қилишарди. Мен уларга жавоб беришда депутатликка сайланса ҳам, сайланмасам ҳам сайлов дастуримдаги қатор масалаларни жамиятда олға суриш устида фаолиятимни давом эттиришимни ўшанда айтган эдим. Мен депутатликка сайланмадим, шундай бўлсада сайловчиларимга берган ваъдамни бажардим….
“Ўтюраклар Клуби”ни айнан шу мақсадда тузгандик.
Биз яшаётган “Зуҳро” маҳалласи гиёҳванд моддалар савдоси илдиз отган ҳудудлар бўйича республикада биринчилар қаторида турарди.
Маҳалла ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг атрофида гиёҳвандлар гала-гала бўлиб тўпланиб, томирларига қора дорилар санчишар, чекишар, хуллас, барча разил ишларни қилар эдилар. Бу ҳудуд уларнинг маконига, гиёҳванд моддалар савдоси марказига айланиб улгурганди. Савдо туну–кун қизигандан қизирди. Бу иллатларга қарши курашишга маҳалла аҳли томонидан жалб қилинган давлатнинг маъмурий органлари ҳеч бир амалий натижаларга эришолмас эди. Кўп ҳолатларда улар бефарқ эдилар.
Ҳатто бир куни қўшнининг ёшгина ўғилчаси тўсатдан кўздан ғойиб бўлиб қолган ва бутун маҳалла уни қидиришга оёққа қалқиганди. Ўша болакайнинг ўртоғи бир нечта наркоманлар дўстини алдаб, кўп қаватли уйларнинг бирини ертўласига олиб тушиб кетганларини хабарини бермаганида фожиа содир бўлиши аниқ эди. Шошилинч кўрилган чоралар сабаб гўдакни ҳеч бир захматсиз ўша разилларнинг қўлидан қутқариб қолгандик.
Ҳақли равишда айтишим мумкинки, палак отган гиёҳвандликка қарши курашиб, кўпгина амалий натижаларни қўлга киритиб, маҳалламизни Республика миқёсидаги илғор маҳаллалар сафига қўшилишида ўз ҳиссамизни қўшганмиз. Бу ютуқларимиз ҳақида марказий ва маҳаллий матбуотларда кўплаб материаллар чоп этилиб, фаолиятимиз кенг оммага тарғиб қилинган.
Клубнинг фаолиятини бошқариш жараёнида эса, эҳ-ҳе, оз мунча хавф-хатарга дуч келмадим, азоб-изтироб чекмадим, не кўргуликларга дош бермадим. “Ўтюраклар Клуби” фаолларидан қанчадан-қанчасига жиноят иши қўзғатилмади, қанчасини ҳибсларга олинмадилар дейсиз. Лекин биз ҳамон кураш майдонини тарк этганимиз йўқ. Биз курашимизни ҳамон давом эттирмоқдамиз.
* * *
“ОЛТИН БОШЛИ ҚАСОСКОР АЁЛ” ДЕТЕКТИВ ҚИССА ЖИНОЯТ ҚУРОЛИ ЭДИМИ?
Айнан, ҳа, айнан маҳаллий ҳокимият вакиллари ва амалдорларнинг нафақат тўсқинликлари, балки кўз кўриб, қулоқ эшитмаган фитналари мени нафақат ҳуқуқ ҳимоячиси, балки шахс сифатида шаклланишим, тобланишим ва жаҳолат ботқоғига ботган жинояткор унсурлардан ҳамиша устун бўлишимга асос, мисоли бир пойдевор бўлган бўлса, эҳтимол…
Ҳаётнинг ана шундай синовларида тобланиш, чиниқиш ва чархланишларим пировардида қабиҳ мансабдорларнинг асл қиёфасини кўрсатиш, фитналарини фош этишга, уларни шарманда-ю шармисор қилишга жуда-жуда қўл келарди.
«Олтин бошли қасоскор аёл» детектив асаримда кундалик ҳаётимда содир бўлаётган воқеалар, фаолиятим сабаб дуч келаётган тўсқинликлар, ҳақсизликларга қарши тинимсиз олиб бораётган курашларим ўз ифодасини топган эди.
Мазкур қиссамни сафдошларим билан яқиндагина ташкил этганимиз “Чеҳра” газетасининг нишона сонидан бошлаб чоп қила бошладик. Газетанинг учинчи сони чоп этилганидан сўнг Фарғона вилоят Матбуот бошқармаси раҳбарларидан бири мени суҳбатга чақиртирганди. Муддао битта: детектив асаримнинг давомини газетада чоп этишни тўхтатиш…
Ўша тўқнашувдаги тортишув кечагидек эсимда: – Яхши, асаримни қайта газетада чоп этмайман, бироқ, – деган эдим мен, титроғимни яширишга уринарканман, – бироқ фақат биттагина саволим бор. Ушбу талабингиз ва унинг сабабларини менга ёзма тарзда тақдим эта оласизми?! Марҳамат, ёзма равишда тақдим этинг, уларни ўқиб чиқиб, қонунийлигига эътибор қаратаман ва шунга қараб сизга жавоб бераман.
– Нима?! Тушунмадим сизни, Мўътабархон! – икки қошларининг ўртаси тугилган ходим менга укку қараш қилди, – Кечириб қўясиз, мен сизга ҳисобот беришга мажбур эмасман. Мен тепанинг буйруғини бажараман. Сиз эса бўйсунишга мажбурсиз, тушунарлими?
– Ёзма равишда бермасангиз, тушунмасам-чи! – дедим бамайлихотир, йўқ, очиғи, ўзимни хотиржам тутишга тиришиб.
– Нима, газетангизни ёпиб қўйишимизни истайсизми?
– Нега ёпиларкан? Ахир бу “Чеҳра”ни очгунгача оз мунча чопдикми, елиб югурмадикми? Энди уни йўқ қилишларингизга жимгина қараб турадиган ахмоқ бор эканми?! – дедим ғазабимни яшира олмай ва ўзим истамаган ҳолда ўрнимдан туриб кетдим.
– Ўтиринг жойингизга, ўтиринг, Тожибоева, ўти-ри-нг! – кейинги сўзларини атай урғу бериш учун бўғинлаб-бўғинлаб айтди у, – Ўзингизни босиб олинг! Бу замин хўжайини сиз эмассиз! Унинг ўз эгалари бор. Ана шулар истасагина газета чиқарасиз, исташмаса йўқ. Гапларим ёқмадими? Боринг, кетишингиз, бориб би-и-и-р танангизга ўйлаб кўришингиз мумкин. Боринг! – амр қилди у.
– Сиз қандай ўйлайсиз, нима деб сўйлайсиз, билмадиму, токи талабингиз ва унинг сабабларини ёзма тарзда баён қилиб бермас экансиз, мени бу ғайриқонуний буйруғингизга бўйсундира олмайсиз! – дедим қатъий оҳангда.
Матбуот бошқармаси раҳбари билан бўлган бу кўнгилсиз тортишувнинг оқибати нима билан тугашини гарчи кўнглим сезган бўлса-да, газетамизнинг кейинги сонида ҳам «Олтин бошли қасоскор аёл» асарининг давомини нашр этишга журъат этдим. Аммо можаро шу билан тугамади, аксинча янада жиддий тус олди.
Қиссанинг давоми чоп этилгач, Фарғона вилоят ҳокимлигининг матбуотни назорат қилувчи бўлими вакиллари детектив асаримнинг нусхасини уларга тақдим этишимни талаб қилишди. Асар нусхасини тақдим этмасликдан ўзга чорам бормиди?! Албатта, йўқ. Шу сабаб, асар нусхасини уларнинг эътиборига ҳавола қилдим.
Орадан бирор хафта ўтгач, менимча, қисса билан танишиб чиққач, қиссадан ҳисса чиқаришди чамаси, Фарғона вилоят хокимининг матбуотни назорат қилгувчи ўринбосари мени ҳузурига чорлади ва асарни чоп этишни зудлик билан тўхтатиш лозимлигини таъкидлади.
Мен бу истакка осонгина эгилиб кетадиганлардан эмас эдим, албатта: – Савияси паст эканми? Сабаби нима, айтинг?! – сўрадим жиғибийрон бўлиб.
– Гап савияда эмас, ўзингиз тушунган аёлсиз, – суҳбатдошим тилёғламаликка ўтди, – Ўзингиздан қолар гап йўқ-ку, мана, масалан мен асарингиз нусхасини ўқиб кўрдим. Тўғри, тан оламан, бу асарда танишларнинг исм-шарифи учрамайди…
Аммо, – у оҳиста дераза олдига борди, ҳаво етишмаётгандек, уни ланг очиб қўйди. Кейин қўлидаги тамакисини тутатишга уринди. Биринчи, ҳатто иккинчи уриниши ҳам бесамар кетди. Бу хатти-ҳаракатлари, қанчалар яширишга уринмасин, унинг ўта асабийлашаётганлигини фош қиларди… Мана, ниҳоят такрор уринишлари самара берди. Тамаки “ўт олди”.
У ашаддий кашандалардек тамаки тутунини “сипқораркан”, сўзида давом этди, – Аммо биласизми, синглим, гарчи исм-шарифларида, лавозимлари-ю, иш жойларида мутаносиблик бўлмаса-да, мен қиссангиздаги салбий образларни таниб қолдим. Ҳа, ҳа, таниб қолдим. Нафақат мен, газетхонлар ҳам айнан ана шу ҳақида гапиришмоқда айни дамда. Сиз нима деб ўйлаган эдингиз, сиз қалам тиғига олган ўша амалдорлар ахмоғу, фақат сизгина оқилмисиз? Шу қиссангизда акс этган кишиларнинг исм-шарифи ёхуд касб-кори-ю, лавозимини ўзгартириб қўйсам, ўз образларини танимайди, ҳеч нарсани билишмайди, деб ўйлаганмидингиз?
Ҳомтама бўлманг, ўша КУЧЛАР барибир бу асарингизни дунё юзини кўришига қўйишмайди, қаршилик қилишади. Шундай экан, ўзингизга душман орттириб, ҳаётингизни ортиқча хатарга қўйиб нима қиласиз-а? Ундан кўра шу қиссангиздан воз кечинг, вассалом, олам гулистон, келишдикми? – суҳбатдошимнинг юзи буруқсиётган тамаки тутуни ичида қолди.
– “Тўғри гап туққанингга ёқмайди”, деганлари шу эканда-а! Қиссамда исм-шарифларини аниқ қилиб ёзмаганимга ҳам шукур қилиб, раҳмат айтишса бўларди ўша сиз айтаётган зўравонлар. Мен тайёр асаримдан воз кечолмайман, асло бундай қилолмайман. Асар ёзишнинг ўзи бўларканми? Уйқусиз ўтказган тунларимни, кўзим нурини тўкканларимни сувга оқизолмайман-ку! Ҳеч нарсадан чўчимайман!… Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, дейишади…
– Сиз, сиз, – тутоқиб сўзимни бўлди суҳбатдошим, – Сиз муомалани, яхши гапни билмас, тушунмас экансиз. У ҳолда билганингизни қилинг, аммо эртага биздан гина қилмасангиз бўлгани… Бу билан сиз ўз газетангизга ўзингиз гўр қазияпсиз, шуни тушунасизми ўзи? Сиз қўрқишингиз керак бўлганлар чумчуқ эмас! Улар калхат… Ҳа, ҳа, улар калхатдек қудратли ва…
У айтгандек бўлди. Ростдан ҳам “Чеҳра” газетасининг навбатдаги олтинчи сони дунё юзини кўришга улгурмади. Сабаб, вилоят Матбуот бошқармаси «Чеҳра» газетасини ёпилиши муносабати билан уни босмадан чиқаришни таъқиқлаганлиги хусусида Фарғона шаҳар Босмахонасига расмий хат жўнатибди.
Аммо мазкур номада газетанинг ёпилиш сабаблари хусусида лом-мим дейилмаган эди. Ва кейинчалик ёзма равишда қилган саноқсиз мурожаатларимга ҳам “Чеҳра” газетаси фаолиятининг тугатилиши сабабларига оид ҳеч бир изоҳ ололмадим…
“Чеҳра”мнинг тақдири худди ана шу тахлитда якун топган эди… “Олтин бошли қасоскор аёл” детектив қиссасининг тақдим этилган нусхаси Ҳокимият томонидан қайтариб берилмади.
2005 йил 7 октябрь куни мени қонунга зид равишда ҳибсга олиб, уйимда менинг иштирокимсиз тинтув ўтказганларида «Ўтюраклар Клуби”нинг олти йиллик фаолиятига оид архив ҳужжатларимни, ташкилотга тегишли бўлган компьютерни жамики дисклари билан, ҳаттоки шахсий фотоальбомларимни, “Олтин бошли қасоскор аёл” асарининг асл нусхасини ҳам жиноят қуроли сифатида олиб кетилган ўн саккизта катта қоғоз қутиларга жойлаб, учта Дамас автомашиналарига юклаб олиб кетилган ҳужжатлар орасида олиб кетишди…
Энг ачинарлиси, улар қўлга киритган компьютеримда ҳам “Олтин бошли қасоскор аёл”нинг ёзма варианти мавжуд эди. Қолаверса, тинтувчилар томонидан битта қўймай йиғиштириб, олиб кетилган компьюер дискларининг бирига ҳам мазкур қиссамнинг нусхаси кўчириб қўйилган эди…
Минг афсуски, кейинчалик ғайриқонуний тарзда олиб кетилган барча ҳужжатлар, компьютер ва дисклар, жумладан, детектив қиссамнинг қоғоз тарзидаги, компьютердаги ва дискдаги нусхалари ҳам суднинг адолатсиз ҳукмига асосан “жиноят қуроли” деб топилиб, йўқ қилинди…
«Олтин бошли қасоскор аёл» детектив қиссадаги воқеаларни асос қилиб олган ҳолда келажакда детектив асар ёзиш ниятим ҳам йўқ эмас…
* * *
“ҚИЙНОҚЛАР ОРОЛИ АСИРАСИ” НОМЛИ КИТОБ ЁЗАМАН!
Қийноқлар оролига маҳкума бу кўнгил бир нарсани хоҳлар, ҳа, фақат бир нарсанигина жуда-жуда орзу қиларди…
Шу кўраётганим, кўриб қийналаётганим ҳадсиз ҳақсизликлар, чексиз азоблар ҳақида ҳаммага ҳайқирсам, бу янглиғ бедодликлар хусусида оламга овоза қилсам, Ўзбекистон аталмиш шу мўъжаз мамлакатни таназзулдан асраб қолсам… ана шуларни истарди кўнгил.
Бир асар битса, ҳаётий бир асар битсаки, унда “Келажаги буюк давлат” отлиғ ажал оғушида рўй бераётган жамики бедодликлар, адолатсизликлар акс этса.
Шундай бир китоб бўлса-ки, унинг асносида яратилган фильмда киндик қонимиз тўкилган мана шу заминдаги мушкул вазият, айбсиз айбдор бўлаётган, қийноқларга тутилаётан сон саноқсиз қисматдошларимизнинг оҳу-ноласи ўз ифодасини топса…
Худди ана шу истак исканжасида беҳаловат бўларди кўнгил… Агар шундай асар дунё юзини кўргудек бўлса, уни албатта «Қийноқлар ороли асираси» деб номлаган бўлардим…
– Ҳа, маҳкума Тожибоева, намунча хаёл дарёсига шўнғимасангиз?! Эҳтиёт бўлинг, ғарқ бўлиб кетманг яна, – телба кўнглимнинг ҳеч қачон ушалмасдек туюлган қўл етмас орзуларига бўй чўзиб турган хаёлларимни эркак кишининг дағал овози тўзғитиб юборди. Во дариғ, кўнглимнинг иссиққина оғушидан яна мен шу адолатсиз масканга, разолат ва қабоҳат ботқоғига қайтишга мажбур қилишди булар…
Шундай ўй билан атрофимга бефарққина кўз югуртирдим. Қаршимда Манзура Усмоновна Ашурбоева ўнг қўлини иягига тираганча кинояли қараб турарди. Хаёлларимга чанг солган Жаҳонгир Эркинбоевич Мадумаров эса бошини сарак-сарак қилиб, қув кўзларини мендан узмасди…
Булар – аёллар қамоқхонасининг зўравон вакиллари. Манзура деганлари ҳарбий назоратчилар бошлиғи, уни ўрисча қисқартириб НВН деб қўя қолишади.
Жаҳонгир – тезкор бўлим инспектори. У ҳозир ана шу “тезкорлик” вазифасини ўтамоқда: мени зудлик билан кўздан пана қилишга улгурган. Бунинг боиси бор, албатта.
2008 йилнинг 6 май куни мен қамоқхонага ташриф буюрган Халқаро Қизил Хоч жамиятининг Франциялик бир вакили билан учрашиш бахтига мушарраф бўлган эдим.
Ўша француз 9 май куни мен билан такрорий учрашишини ва унда мазкур жамиятнинг бошқа вакиллари ҳам иштирок этишларини менга айтганди.
Халқаро Қизил Хоч жамиятининг бошқа вакиллари билан ҳам рўбару келишимдан ҳайиққан қамоқхона маъмурияти мени мана шу Тошкент шаҳар онкология шифохонасига яширишган. Шу иккала жаллод менга ҳамроҳлик қилишга мажбур…
Бўм-бўш палатада қамоқхона вакиллари билан ўтирарканман, бир зум кўзларимни юмдим-да, юзимни четга ўгирдим… Э, воҳ, не қилайки, бу қиёфаларни, истасам-истамасам, ҳар куни кўришга тақдирнинг ҳақсиз ҳукми маҳкум этган мени…
– Кўрган кечирганларим ҳақида бир китоб ёзсам, фильмлар ишласам дея ширин хаёллар суриб ўтирган эдим, – дедим ўйчан.
Минг пора бўлган қалбимнинг қат–қатида ётган бу армонларимни сўзлаётганимда, орадан ҳафта ўтмай, жаҳондаги энг нуфузли Мартин Энналс мукофотининг совриндори бўлишимни билмас, орадан йигирма тўрт кун ўтиб эса қабоҳат қасридан батамом қутилиб, озодликка чиқишимни билмас эдим.
Мен бу гапни, Аёллар қамоқхонаси дея аталмиш қийноқлар оролида қанчалар қийнашмасин, не куйларга солишмасин, иродамни букиб, руҳимни синдириб, орзуларимни ўғирлаб бўлмаслигини ошкора қилиш, исботлаб қўйиш учунгина айтгандим, холос…
– Эҳ-ҳе, орзулар – осмон, денг?! – заҳарханда қилди Жаҳонгир. – Туя ҳаммомни орзу қилган экан-а, Тожибоева?! Хаёлда ҳам чегара бўлиши керак, нима дедингиз-а? Китоб ёзиб, фильм ишлармишлар! Ўтирган жойингиз қамоғ-у яна китоб билан кинони орзу қиласиз-а. Уни ўрнига талаб қилинган ҳужжатларга табаррук имзойингизни қўйиб, озодликка чиқмайсизми, ана ундан кейин қандингизни урмайсизми?! Сизни қаранг-у!
– Ундай деманг, Жаҳонгир, – луқма ташлади Манзура Усмоновна – Тожибоева фильм яратадиган бўлса, бош қаҳрамон бўлмасак-да, бирорта персонаж сифатида иштирок этиб, тарихда қоламиз. Шундай имкониятни қўлдан бой бергим йўқ. Тожибоева мўмайгина маош тўлашни ваъда берса, ўз ролимни ўзим ижро этган бўлардим… Бу ҳақда Тожибоева билан келишиб қўйишим керак. Бу фильмда менинг кучли эпизодларим ҳам бор.
Эсингиздами, Тожибоева, ўтган йилнинг ноябрида тонг саҳар колготкангизни ечиб олиб, сизни яна изоляторга қамашлари учун барча керакли ҳужжатларни ўзим расмийлаштирганман. Ўша воқеани, албатта, ёзсангиз керак?! Ёки яна борми шундай зўр эпизодлар? Ҳа бор менимча, анчагина бор. Аммо айтиб қўяй, бўрттириб юборманг-а? Ана ўшанда фильмингизда хотиржамгина рол ўйнаб бераман. Кексайган чоғимда набираларимга кинода суратга тушганман, деб мақтаниб юраман, нима дедингиз? – ўз гапларидан ўзи ҳузур қилган Ашурбоева қаҳ-қаҳа отди.
– Ҳа-а-а, шунақами, Тожибоева, ҳали яратажак асарингизу фильмингиз иштирокчилари бўламизми биз ҳам? – саволомуз термулди Мадумаров.
Мен, бундай беписанд кесатиқ ва заҳархандали киноялар суяк-суягимдан ўтиб кетса-да, тишимни-тишимга қўйиб, хотиржам эшитишга, ҳақоратомуз луқмаларга муносиб жавоб қайтаришга маҳкум эдим:
– Албатта шундай бўлади, аммо ўпкалаш йўқ, Манзура Усмоновна айтганларидек, бош қаҳрамон роли сизларга насиб этмайди… – ўзимни мажбурлаб жилмайишга уриндим.
– Биз ҳақимизда умуман ёзмай қўяқолсангиз-чи? Қандай бўларди? Ҳеч нарса йўқотмайсиз-ку, бизни четлаб ўта қолинг… – деди Жаҳонгир ярми ҳазил, ярми чин ялинганнамо оҳангда .
– Нега энди? Китобда ҳам, фильмда ҳам бор ҳақиқат ҳикоя қилинади. Сизларнинг иштирокингизсиз асар мукаммал чиқмай қолади-да. Тарихда қолсангиз, бунинг нимаси ёмон? – бу гал овозимдаги умид ўрнини ишонч эгаллаганди.
– Эҳ-ҳе, ҳали озодликка чиқдингиз-у, китоб ёздингиз-у… Китоб чоп қилиш, кино ишлаш учун миллион-миллион маблағ топиб, ишни бошладингиз-у… Биласизми, бу орзуингизни амалга ошишига ўттиз-қирқ қовун пишиғи бор ҳали, – овозимдаги ишонч оҳангини сезган Мадумаров ҳафсаламни пир қилишга тиришди.
– Сиз айтаётган ўша ўттиз-қирқ қовун пишиғидан кейин набираларимиз сизу бизнинг қилмишларимиз, кечмишимизга тарих саҳифаларида гувоҳ бўлишса ажаб эмас…
Сиз ризқ топиб болаларингизни боқаётган шу қамоқхоналардаги қийноқлар, айбсиз айбдор маҳкумларнинг аянчли тақдири, аччиқ қисмати, фожиали ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи китоб битилгудек бўлса, уни чоп этишга иштиёқманд ҳомий топилмайдими? Топилиб қолар… мана, кўрасиз, мен орзу қилган, кутган кунлар яқин! – сўзларим қандай таъсир қилганлигини кузатиш илинжида Мадумаровнинг юзларига синчков назар ташладим.
– Бошқасини билмадиму, аммо бир нарсани аниқ биламан, – Мадумаров кўрсатгич бармоқларини чап кўксига икки-уч бор уриб қўйди, – ҳарқалай, мен кексалик нафақасига чиқмагунимча, сиз на озодликка чиқасиз, на китоб ёзиб, на фильм яратасиз!
– Нафақага чиқишингизга ҳали анча борми? – ўсмоқчилаб сўрадим.
– Кўп эмас, уч–тўрт йил бор, холос…
– Хулоса чиқаришга шошилманг. Мана, мени айтди, дерсиз. Сиз нафақага чиқиб кетаётганингизда мен сизга ўша китобим ва фильм дискини туҳфа қиламан. Улар «Қийноқлар ороли асираси» деб номланган бўлади…
Менинг ишонч билан айтаётган сўзларимдан энсаси қотганини яширмаган ҳамроҳларимдан бирининг қошлари чимирилса, бири қизил бўёқ сурилган лабларини беписанд буриб қўйди.
Жон Кехони ўқиган бўлсангиз керак… Ниманики ният қилсанг, ниятинг ижобат бўлиши учун ана шу орзуларнинг амалга ошишига энг аввало ўзинг ишонишинг керак, деган ғояни илгари суради у…
Аммо шуни аниқ биламанки, бу ғоя минг асрлар олдин энг аввало бизнинг халқимиздан чиққан: “Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар “омин” дейди”, “Яхши ният – ярим давлат”, “Тиласанг, бутун тила” деган пурмаъно ҳикматлар, тўқмағиз мақоллар кўп йиллик ҳаёт тажрибасига таянган бизнинг аждодларимиздан, ота-боболаримиздан мерос, ахир.
Ким билсин, шу сабаб ҳам аждодларим ўгитига таяниб, яхши ният қилганим, ярим давлат бўлгандир, эҳтимол. Ким билсин, балки Аллоҳнинг оғир синовларидан кейинги берган ажру мукофотидир, эҳтимол…
Мана шу суҳбатдан кейин, кўп ўтмай, ҳуқуқ ҳимоячилари учун таъсис этилган ва Нобель мукофоти даражасидаги Мартин Энналс мукофотига муносиб топилганим, қийноқлар оролидан батамом қутилганим, озодликка чиққаним яхши ният қилганим учун тақдирнинг, йўқ, адашдим, Яратганнинг менга қилган туҳфаси, бир инояти бўлгандир…
… Тепамда тақдир қуёши кулиб боқди… Бошимда озодлик офтоби балқиди… Энди… эн-ди эса, муродим ҳосил, ниятларим ижобат бўлганлигининг шукронаси учун ҳам бир асар яратишим керак, бир асарки… У наинки менинг қисматим ҳақида, балким диктатура режими қатағони қурбони бўлган қисматдошларимнинг орзу армонлари, фожиавий тақдирлари ҳақида ҳикоя қилгувчи асар бўлсин…
Бироқ… Жаҳолат ботқоғида кўрган кечирганларим – ҳадсиз азобларни яна такрор юракдан ўтказиш, қаро кунларни кўз ўнгимда қайта гавдалантириш, жаҳаннам қаърида қолган қисматдошларим ҳақида бор ҳақиқатни битиш учун қўлимга қалам олиш мен учун оғир, жуда ҳам оғир….
Шу сабаб ҳам руҳим азобланар, таскин топиш учун тўрт томонга ташланар, ҳаловат истаб тинимсиз талпинарди…
Аммо Ўзбекистондаги аянчли вазият, тобора илдиз отиб бораётган коррупция, қамоқхоналардаги ваҳшиёна қийноқлару, адолатсиз судлар ҳақида гапирмаслик увол, диктатура режимига хизмат қилаётган корчалонлару, маддоҳ матбуот ва матбуотчилар, арбобларнинг жирканч қиёфасини кўрсатмаслик, кирдикорларини фош этмаслик гумроҳлик эканлигини яхши биламан…
Ана шундай тузумнинг жиноятлари гувоҳи ва ҳам бевосита, ҳам билвосита қурбони сифатида барча бедодликларга кўз юмишга, бефарқ бўлишга ҳаққим йўқ. Шу сабаб ҳам ўтмишим саҳифасини такрор варақлаш нечоғлик қийин ва мушкул бўлмасин, ҲАҚ ином этган ҳақиқатни рўёби учун ҳам қўлимга қалам олишга мажбурман…
Ушбу асар менинг мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида олиб борган фаолиятим давомида дуч келган ҳақсизликлар, қадри ва шаъни топталган шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнидага таъқиб ва таҳдидлар, қамоқхона ҳаётидаги азобли ҳаёт ва ваҳшиёна қийноқлар ҳақида ҳикоя қилади.
Китобхон! Бу асарда баён қилинган воқеалар бўрттирма асосига қурилмаган, барчаси бор ҳақиқат. Фақат қамоқхонада менга ёрдам қўлини чўзган баъзи инсонларнинг исм-шарифларигина уларнинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан ўзгартириб берилади, холос.
Қийноқ қўллашга алоқадор бўлган амалдорларнинг исми шарифини ўзгартирмаган ҳолда (албатта, хотирамда қолганларини) ёзишга қарор қилдим.
Давоми бор.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish