Адолатсиз судда ҳимоя нутқи сўзлашдан қатъий бош тортаман! (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 2)
* * *
ЎЗБЕКИСТОН СУДЛАРИ ҚЎҒИРЧОҚ ВА ТРАГЕДИЯ ТЕАТРИДИР!
“Қийноқлар ороли асираси”да “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи ташкилотнинг қандай қилиб Ўзбекистон давлатининг суверинететига салбий таъсир кўрсата оладиган, қонунга зид равишда фаолият юритадиган ташкилотга айлантирилгани ва “Ўзбекистонда таъқиқланган ташкилот” дея суд ҳукмига киритилгани ҳужжатлар асосида ёритиб берилган.
Асарда ўзбек судларининг нақадар қўғирчоқ ва куч ишлатар тизимларига тобе эканликлари сабаб, менинг умуман айбсизлигим яққол кўриниб турган бўлсада, сохта айбловлар билан қоралаб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилганликлари ҳолатига урғу берганман.
* * *
Мени 2005 йилнинг 7 октябрь куни Ирландияга, Халқаро Фронтлайн инсон ҳуқуқлари ташкилоти томонидан уюштирилаётган Инсон ҳуқуқлари Халқаро “Дублин” Конференциясига кетишим олдидан, йўлга чиқаётган палламда ғайриқонуний тарзда ҳибсга олдилар.
Тарихни титкиласангиз, дунёнинг ҳеч бир бурчагида ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИСИ – МУСТАҚИЛ ЖУРНАЛИСТ – АЁЛ кишини ғайриқонуний равишда ҳибсга олиб, Жиноят Кодексининг ўн саккизта моддаси билан қоралаб, ўн учта моддаси билан айбдор деб ҳукм ўқиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилинмаган бўлса керак…
Ислом дини бўйича умуман бирор билимга эга бўлмаган, замонавий аёлни исломий радикализмга алоқадор жиноятларни содир этганликда айблаш ҳам фақатгина ўзбек судларига хосдир.
Бунинг исботи сифатида менга қарши қўзғатилган 41254013-сонли жиноят иши материалларига эътибор қаратиш, уларга ҳуқуқий баҳо бериш ўта муҳимдир.
* * *
АДОЛАТСИЗ СУДДА ҲИМОЯ НУТҚИ СЎЗЛАШДАН ҚАТЪИЙ БОШ ТОРТАМАН!
Уч ой давомида бир томонлама олиб борилган тергов жараёни натижасида расмийлаштирилган Айблов хулосаси ҳамда ўн олти жилддан иборат жиноят иши материаллари 2006 йилнинг январь ойининг учинчи ўн кунлигида ушбу жиноят ишини судда кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судига тақдим қилинган.
2006 йилнинг 30 январь куни ёпиқ тарзда бошланган Қуйичирчиқ туманидаги Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг сайёр тарзда бошланиб, 6 март кунигача давом этган суд жараёнини одил судловга қарши жиноят деб аташга тўлиқ ҳақлиман.
3 март куни суд жараёни якунланиш арафасида менга ҳимоя сўзи берганларида қисқача нутқ ирод қилгандим:
“Мен айнан Ўзбекистон Республикасининг фаол фуқароси – мустақил журналист ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида ўтказганим журналистик суриштирувлар ва мониторинглар натижасида Андижонда етилиб келаётган оғир вазиятни олдиндан ҳис қилганим учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номига 4 апрелда юборган телеграммам туфайли Республика миқёсидаги маъмурий бошқарув органлар мансабдор шахслари томонидан уюштирилиб, ўғирлаб кетилдим, таҳқирландим.
Афсуски мени – Мўътабар Тожибоевани ашаддий жиноятчи деб талқин қилаётган Республика бошқарув органлари мансабдорлари бу ҳаракатларини ўз жиноий қилмишларини хаспўшлаш ниятида амалга оширмоқдалар.
Андижон фожиалари содир бўлишидан қирқ кун аввал Ўзбекистон ҳукуматини яқинлашиб келаётган хавфдан огоҳ этганим сабабли ўғирлаб кетдилар, таҳқирлардилар. Ушбу юборганим огоҳномани қонунга биноан ҳал этмай, ўз вазифаларига лоқайдлик ва совуққонлик билан қарадилар. Бунинг ортидан юзлаб беайб инсонларнинг қони тўкилишига бўлдилар.
Ирландияда инсон ҳуқуқлари бўйича ўтказиладиган Халқаро Дублин Конференцияси пайтида ана шуларни фош қилишимдан чўчиганликлари учун ҳам йўлга чиқишим арафасида ҳибсга олдилар…
Ўзбекистондаги маъмурий органлар мансабдорлари таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, бошидан оёғигача коррупция ботқоғиға ботганликлари учун ҳам уларга жўнатганим – ОГОҲНОМА телеграмма мурожаатномамни умуман қонуний ҳал этмай, Андижон фожиаларининг келиб чиқишига сабабчи бўлдилар.
Америкалик буюк инсон ҳуқуқи ҳимоячиси ва руҳоний Лютер Кинг: «Тартибсизликлар – бу ўз вақтида тингланмаган инсонлар овозидир» деган.
2005 йил 4 апрель кунги Президент Ислом Каримов номига жўнатганим телеграммани қонуний ҳал этиш учун қабул қилиб олган Республика миқёсидаги мансабдорлар томонидан мени ўғирлаб кетиб, жисмоний ва руҳий қийноқлар қўллаб, таҳқирлаш ўрнига бу мурожаатномамда айтиб ўтилган важларга жиддий ёндашганларида эди, орадан бир ой ўтиб, Андижон фожиалари содир бўлмасди. Ҳеч қандай қора кучлар фуқароларни қўлига қурол олишга мажбур қила олмасди.
Юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, яъни мени мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасидаги фаолиятим давомида жиноий кирдикорлари фош бўлиб келган мансабдорлар бугунги оғир вазиятда Ҳукуматни дунё жамоатчилиги олдида обрўсизлантиришдан қўрқмай, суд жараёнида ҳам менинг ҳуқуқларимни узлуксиз равишда бузиб, ҳимоя ҳуқуқимни таъминланишига қаршилик қилганликлари, адвокатларим билан бирор дақиқа ҳам холи учрашмаганим, яъни суд томонидан ҳам руҳий қийноққа солинганим сабабли ҳеч қандай ҳимоя нутқи қилмайман.
Ҳимоя сўзи сўзлашдан буткул бош тортаман!
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Жиноят Процессуал Кодекси ва бошқа қонун нормалари ва шулар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси имзо чеккан БМТнинг Конвенциялари, Пактлари талаблари тергов ва суд томонидан бузилганлиги учун ҳам ўзимга қўйилган айблар юзасидан ҳеч қандай ҳимоя сўзи гапирмайман!
Мен Ўзбекистондаги судлов тизимини “Қўғирчоқ ва трагедия театри” деб атайман. Мамлакатдаги куч ишлатар тизимлар мансабдорлари қўлидаги қўғирчоқ судялар томонидан олиб борилаётган адолатсиз судловлар одил судловга қарши жиноятлар сарасига киради.
Афсуски қора курсида ўтирган айбсиз-айбдорларнинг турли жиноятларни содир қилганликда қораланиб, мана шу ҚЎҒИРЧОҚ судялар томонидан тўлиқ исботини топмай туриб, улар ўқиб эшиттирилаётган узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилиш жараёнлари эса ТРАГЕДИЯ театридир!
Мен ушбу “Қўғирчоқ ва трагедия театри”да иштирок этмоқчи эмасман Мен қачондир адолатли суд бўлсагина ҳимоя сўзи гапираман!”
* * *
“БЎЛДИ АЖИБ ҚИЗИҚ ҲАНГОМАЛАР!…”
“Зиёдуллоҳ Шамсиддин ўғли”
Фарғонадаги «Ўтюраклар Клуби” рахбари, ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоевага нисбатан уюштирилган суд жараёни давом этмоқда.
Дарҳақиқат, нўноқ артистлар ижросида кўрсатилаётган қўғирчоқ театридан фарқ қилмайдиган бу томоша кўп ажиб ҳангомаларга бой бўлди.
Аввалига биз бу суд жараёнининг Фарғонада эмас, балки Тошкент вилоятининг киши билмас туманларидан бирида ўтказилиши (қаранг: Фарғона вилояти Академик Давлат фожиали комедия театрининг Тошкент вилоятидаги гастроллари, деб ўқинг) суд иштирокчиларининг хавфсизлигини сақлаш нуқтаи назаридан бўлса керак деб ўйлаган эдик.
Негаки, ҳукумат учун “…ўта хавфли мафиози…” Мўътабар Тожибоеванинг асосан аёллардан иборат бўлган тарафдорлари асосан эркаклардан иборат бўлган судья ва прокурорларнинг баданларидаги нозик жойларига тан жароҳати етказиши мумкин эди-да, ахир!
Лекин, бизнинг хавотиримиз ноўрин бўлиб чиқди. Бу томоша ижрочилари ўзлари тайёрлаган спектакл нечоғли бемаза эканлигини билиб турганлари учун ҳам фаҳм-фаросатли, зукко томошабин кўзидан четроқда кўрсатишни лозим топганлар.
Бу лўттибозликка жиддий тус бериш мақсадида ҳукумат миқёсидаги реклама ишга туширилди: (бу саҳнани сўз билан таърифлаш мумкин эмас, фақат кўриш керак!!!).
Ўртада Тоштурманинг катта “воронок” деб аталувчи машинаси, уни олдида чироқларини липиллатиб келаётган Мерседес русумли патрул машинаси ва юзига ниқоб тутиб олган автоматчилар ўтирган Джип машинаси, орқасидан яна бир юк машинасида автоматчилар ва худди шундай Джип ва Мерседес машинаси қўриқлаб келаётган колоннани кўз олдингизга келтиринг. Бундан ташқари қишлоқнинг барча чорраҳаларида блок-постлар.
Мен Мўътабар Тожибоевани биринчи марта кўрганимда уни француз қўшиқчиси Мирей Матьега ўхшатган эдим. У ҳам Мирей Матьега ўхшаб кетадиган кичкина жуссали аёл. Фақат у Фарғонадан, аниқроғи Марғилондан.
Мирей Матье ўз замонасида эстрада саҳнасига чиқиб, бутун дунёдаги эркакларнинг юрагига ғулғула солган бўлса, Мўътабар Тожибоева ҳам ўз замонасида сиёсий саҳнага чиқиб, ўзини “эркакман” деб юрган милиция, суд, прокурор ва ҳокимларнинг юрагини инфаркт қилди. Француз эркаклари ўзбек эмас экан, биттаси шартта Мирей Матьега уйланиб олиб, бошқаларни муаммоларини ҳал қилди-қўйди.
Ўзбекнинг марғилонлик эркаги эса (айтишга тил ҳам айланмайди, бу эпизодни кўриш керак эди…) баланд минбарга чиқиб олиб, бутун дунёга эшиттириб, “…Мўътабар Тожибоева мени ҳаттоки зўрламоқчи бўлди…”, деди чийиллаб.
Судья ва прокурор буни жон-жон деб ҳақиқат сифатида протоколга киритдилар.
Лекин шоунинг кульминация нуқтаси бу эмас эди. Фарғоналик терговчи ва прокурорлари тайёрлаган айбномада нималар дейилганди?! (Буни ҳам фақат ўз қулоқларингиз билан эшитишингиз керак. Бу театрни давомини кўриб қолиш учун шошилинг.
2006 йил 6 март куни якунловчи саҳна асари қўйилади).
Демак, айбномада шундай дейилади:
«…Мўътабар Тожибоева ўзининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатини давом эттириб, шахснинг (прокурорнинг, судьянинг, ҳокимнинг) шаъни, қадр-қийматини камситувчи, ҳақоратловчи “порахўр”, “чаласавод”, “коррупционер” деган сўзлар ёзилган плакатлар билан норозилик намойишлари уюштирган ва ўтказган…”
“… 1. Аввало, плакатлар саводсизларча ёзилган. Тақдим этилган йигирма саккизта плакатдаги ёзувларда шахснинг шаъни, қадр–қийматини камситувчи, ҳақорат қилувчи «порахўр, чаласавод, коррупционер, эркатой» каби сўзлар мавжуд.
Мазкур атамаларни ҳақорат сўзлари деб ҳисоблашда қуйидаги филологик омилга-объективликка суянилади, шу сўзлар билан айтилаётган шахсларнинг хатти–ҳаракати, фаолияти атамалар маъносига мос ёки зид эканлиги эътиборга олиниши лозим. Агар плакатлар матнида тилга олинган ҳуқуқшунослар ўз вазифаларини ҳалол адо этиб, профессионал хатога йўл қўймаган бўлсалар, бу сўзлар улар учун ҳақорат ҳисобланади.
- Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26–моддасида «жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча, у айбдор ҳисобланмайди» тарзида кўрсатилганидек, бирор шахсни айбдор деб топиш учун суд ҳукми қонуний кучга кирмай туриб, унга нисбатан «порахўр», “чаласавод”, “коррупционер”, “эркатой” каби сўзларни ишлатиш мантиқан тўғри эмас.
Шунингдек «Адолатсиз хукумат куни битди», «Қонхўрлар ҳукумати истеъфога чиқсин», «Ислом Каримов Президентликдан бўшатилсин», деган ёзувлар бўлган плакатлар аҳоли ўртасида ваҳима пайдо қилиб, ҳукуматга ва унинг раҳбариятига ишончсизлик келтириб чиқариб, вазиятни беқарорлаштиришга таъсир қилади…”
Бундай баҳони, яъни “Суд адабиётшунослик экспертизаси хулосаси”ни Марғилон бозорида туршак сотаётган хотинлар эмас, келажаги буюк Ўзбекистоннинг буюк алломалари – Эксперт комиссиясининг раиси – Фарғона давлат университети фалсафа кафедраси мудири, фалсафа фанлари доктори, профессор М.Абдуллаев, комиссия аъзолари – ўзбек тилшунослик кафедраси мудири, филология фанлари доктори профессор А.Мамажонов, кафедра доценти, филология фанлари доктори Сиддиқ Мўминов, умумий тилшунослик ва хориж адабиёти кафедраси доценти филология фанлари доктори М.Хакимовлар буюкликда ва ноёбликда ўзларидан ҳам қолишмайдиган, Фарғона вилояти прокуратураси жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи адлия катта маслаҳатчиси Нурмуҳаммад Сулаймоновнинг 2005 йил 10 декабрдаги 18/05-сонли хатига мувофиқ беряптилар.
Энди ўша “ўта саводсизларча ёзилган…” дейилган ёзувга асос бўлган йигирма саккизта плакатнинг биринчисига ёзилган шеърга эътибор беринг.
Буни ўша фарғоналик буюкларнинг буюги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Оқсарой маддоҳи, шу хизматлари учун қаҳрамон даражасига кўтарилган аллома ёзган.
Бу замон ғазали
Тиллашибдур бўри бирла, тозилар,
Бирлашибдур ўғри бирла қозилар.
Не деб айтур ул бообру анжуман
Қўл кўтарсин ушбу ҳолга розилар.
Зўр баҳодирмиз, жасорат биздадир,
Пашша қонин тўккан эй мард ғозилар.
Биз чунон хизматга белни боғладик,
Борми ҳиммат ўлчагич тарозилар.
Бизга нелар дер халойиқ бу замон?
Нелар айтар келгуси ҳам мозилар?
Мен ғазал ёзмоқчи эдим, на қилай?
Бу замон тарихга шундоқ ёздилар
(Эркин Воҳидов – Олий мажлис депутати.
Мустақил газета 2003 йил июн 19 сон)
Ўзбекистонда ҳақиқатда ақл бовар қилмайдиган ажаб ҳангомалар содир бўляпти. Бир одам ғазал ёзиб, президент эркатойи даражасига кўтариляпти, қаҳрамон бўляпти, бошқаси эса шу ғазални кўтариб чиққани учун жазоланяпти.
Шу ўринда суд мажлисида судья Абдулазиз Йўлдошевнинг бир гапи менга таъсир қилди.
У Мўътабар Тожибоевага қарата шундай деди: “… сиз уларни порахўр, чаласавод, ўғри дейишга ҳаққингиз йўқ. Буни фақат суд ҳукмидан кейин айтишингиз мумкин…”
Мана буни томошани кульминацияси деса бўлади!!!
Мўътабар Тожибоеванинг уйидан судья, прокурор ва ҳокимларни қинғир ишларини фош қилувчи ўн саккиз коробка ҳужжат олибсизлар. Марҳамат, суд қилинг! Ким сизга қаршилик қиляпти?!
Лекин мен азбаройи худо, бир нарсани ҳечам тушунмайман. Чаласавод судья чаласавод ҳокимни саводлилик даражасини қандай аниқлайди?
Сиз тушундингизми? Ёки бўлмаса, прокурор пора олмаса, ҳоким ўғирламаса нима учун улар ҳам ўқитувчилар каби қашшоқ эмаслар?! Ёки бошқаларга ўхшаб мардикор бозорига чиқмаяптилар?!
Лекин, “Шахсни фақат суд ҳукмидан кейингина жиноятчи дейиш мумкин”, деганингизга мен ҳам қўшиламан.
Бу ўзларингизни Олий Мажлисингиз ишлаб чиққан, ўзларингизни президентингиз тасдиқлаган Конституциянинг 26-моддасида кўрсатилган.
Аммо нимагадир, буюк юртбошингиз суд ҳукмини кутмасдан туриб, “Андижонга президентимиз келар экан” деб кўчага чиққан минглаб тинч аҳолини жиноий тўда деб эълон қилворди-ку!?
Устасига барибир деб шуни айтсалар керак.
Фақат мен бир нарсани аниқ айтишим мумкин. Фарғоналик прокурорлар, судьялар, ҳокимлар энди қўрқмасдан аввалги “ишларини” давом эттирсалар бўлаверади.
Чунки улар кўп йиллар орзиқиб кутган ниятларига эришдилар.
Шуни айтсалар керак, “Ўғрилар даврасида тўғрига жой йўқ” деб.
Хуллас, Ўзбекистонда ажиб ҳангомалар давом этади.
Келгуси хабарларимизни кутинг.
Марғилон–Фарғона–Тошкент–Дўстобод (Солдатское)
05.03.2006 йил
* * *
ҲАНУЗГАЧА ИЖРОСИНИ КУТАЁТГАН БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ ҚАРОРИ
2009 йилнинг март ойидан буён мен Францияда сиёсий қочқин мақомида яшарканман ушбу асарни ёзиб тугатгунимгача бўлган даврда, яъни биринчи уч йилликда, тўртта муҳим жараённи амалга оширдим.
Булардан биринчиси: 2009 йилдан ёзишни бошлаганим ушбу “Қийноқлар ороли асираси” роман-хроникамни 2012 йилнинг 12 май куни якунлаб, инглиз тилида таржима қилишлари учун FIDH вакиласи, менинг ушбу асарни ёзиб якунлашимга асосий сабабчилардан бири бўлган Саша Кулаевага топширдим.
Иккинчиси: Ҳибсга олинган пайтимда ғайриқонуний равишда уйимдан олиб чиқиб кетиб, кейинчалик адолатсиз судиннг ҳукми билан Ўзбекистон ҳукумати томонидан йўқ қилинган “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг архивини тўртдан бир қисмини тиклашга эришдим.
Учинчиси: Ўзбекистон судининг адолатсиз ҳукми билан ғайриқонуний дея талқин қилиниб, таъқиқланган “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти фаолиятини қайтадан йўлга қўйдим, яъни тикладим.
2010 йилнинг 10 октябрь куни муассислар йиғилиши ўтказиб, ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Париж профектурасига мурожаат қилдим.
2011 йилнинг 3 февраль куни “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Францияда давлат рўйхатидан ўтиб, ўз фаолиятини расмий тарзда давом эттириш ҳуқуқини қўлга киритди. Ташкилот бугунги кунгача ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда.
Тўртинчиси: 2009 йилдан бошлаб 2012 йилгача Лондондаги REDRESS ва Париждаги FIDH ташкилотлари ҳуқуқшунослари кўмагида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари қўмитасига шикоят аризаси тайёрладик.
Бу шикоят аризада мен инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланганим учун 2002-2008 йиллар давомида ҳукуматнинг сиёсий зўравонлиги, қатағони, қийноқлар қурбони бўлганим, муттасил равишда таъқиб, босимга нишон бўлганлигим, қийноқлар қурбони бўлганим, мажбурий стерилизация қилганлари ҳақида далилларга асосланган ҳолда баён қилганман.
Булар орасида 2005 йилнинг 15 апрель куни Республика Ички Ишлар Вазирлигида бўладиган матбуот анжуманига кетаётган палламда Ҳукумат мансабдорлари томонидан уюштирилиб, Тошкентда катта йўлда таксида кетаётган пайтимда ўғирлаб кетиб таҳқирлаганларидан тортиб, ғайриқонуний равишда ҳибсга олиб, менга ва “Ўтюраклар Клуби” фаолларига нисбатан босимлар ўтказиб, қийноқлар қўлланилгани маълумотларигача мавжуд.
Шунингдек бизнинг ташкилот томонидан ҳуқуқлари ҳимоя қилинган жабрдийдалардан менга қарши шикоятлар ёзиб беришни талаб қилиб, босимлар ўтказганликлари, менга қарши олиб борилган суд жараёнини қонунга зид равишда ёпиқ тарзда ўтказиб, кейинчалик судни очиқ тарзда давом эттирган бўлсаларда биз томондан талаб қилинган бир неча ўнлаб асосий гувоҳлардан биронтасини ҳам судга чақиртириш талабимизни бажарилмагани, ҳаттоки жабрланувчи Ҳафизиддин Қорабоевни на терговга, на судга жалб қилмаганликлари баён қилинган.
Ушбу шикоятда ҳибсга олинган пайтимдан бошлаб, суд жараёни пайтида ҳам, аёллар қамоқхонасида менга қарши уюштирилган сохта айбловларни расмийлаштириш чоғида мени ҳимоя ҳуқуқимни таъминламаганликлари, барча ҳуқуқларимни оёқ ости қилиб, топтаганликлари, қамоқхонада кўз кўриб, қулоқ этишмаган қийноқлар қўллаганликлари ҳақида баён қилганман.
Суд ҳукмига асосан саккиз йиллик қамоқ жазосини ўтаëтганимда менга маълумот қилмасдан, тушунтирмасдан жарроҳлик амалиёти ўтказиб, ихтиëримга қарши мажбурий стерелизация қилиб, бачадонимнинг олиб ташлаганликлари, жарроҳлик амалиёти ўтказиш палласида тўрт сантиметрлик жойни тикмасдан, очиқ қолдирганликлари, шу бугунги кунгача жарроҳлик амалиёти ўтказилгани сабабини тушунтирилмагани ҳамда тўлиқ, ишонарли медицина хулосасини бермаганликлари далилларини батафсил киритганман.
Ўзбекистон ҳукумати устидан берган шикоятимда мен ўзбек расмийларини шавқатсиз таъқибда айбладим. Мени мустақил журналист сифатида ҳамда ўзим асос солган “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотини бошқарган йилларим давомида фаолиятимга тўсқинлик қилиш мақсадида зўравонлик қилган турли идораларда фаолият юритувчи кўплаб мансабдор шахсларни кирдикорлари юзасидан текширув ўтказишни талаб қилганман.
Шунингдек, менинг ҳуқуқ ва эркинликларимни бузилишига сабабчи бўлган айбдорларни жазога тортишга, келтирилган зарар учун товон тўлашга ҳамда менинг устимдан ўтказилган мажбурий жарроҳик амалиётига қарашли ҳужжатларни тақдим этишга чақиришни сўраганман.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига жўнатилган шикоят 2012 йилнинг 18 декабрь куни БМТда қабул қилиб олиниб, № 2234/2013 сон билан рўйхатга олинган ва узоқ муддат кўриб чиқилган. Шикоятда келтирилган важлар юзасидан Ўзбекистон ҳукумати билан бир қанча ёзишмалар қилинган.
Ушбу шикоятни БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитаси 2015 йилнинг 29 июндан 25 июлгача давом этган 114–сонли сессияси давомида атрофлича кўриб чиқиб, 2015 йилнинг 1 октябрь кунги қарори билан менга нисбатан шафқатсиз муносабат ва қийноқлар қўллангани учун Ўзбекистон ҳукуматини масъул деб топган.
Қўмита ўзининг қарорида “Тожибоева тинимсиз таъқиблар, ҳўрлашлар ва қийноқларнинг инкор этиб бўлмас далилларини тақдим этди” деган.
Шунингдек Ўзбекистон ҳукумати менинг қийноқлар тўғрисида қилган шикоятларимни кўриб чиқмаганини эслатиб, текширув жараёнини зудлик билан бошлаш ва айбдорларга нисбатан жиноий иш қўзғатишга чақирган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукуматининг менга нисбатан келтирган зарари учун товон тўлаши, Қўмита қарорини давлат тилига таржима қилиб, матбуотда кенг оммага эълон қилиши, кўрилган чоралар ҳақида Қўмитага бир юз саксон кун ичида ахборот беришини ҳам шарт қилиб қўйган.
БМТнинг Ўзбекистон ҳукуматига ушбу қарорни ижросини таъминлаш учун берган бир юз саксон кунлик муддат 2016 йилнинг март ойида якунига етди. Лекин ҳанузгача Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг қарорини бажариш учун бирор бир ҳаракат қилгани йўқ.
* * *
ОММАВИЙ ҚИРҒИНЛАР
Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги бугунги ҳукуматнинг амалга ошириши керак бўлган энг муҳим вазифаси, бу – диктатор Ислом Каримов даврида содир этилган жиноий қилмишлар ва оммавий қирғинлар юзасидан атрофлича текширувлар ўтказиб, ҳуқуқий бахо бериши даркор. Бизлар эса ушбу текширувлар жараёнида фаол иштирок этишга, ҳукуматга кўмак беришга тайёрман.
Булар: 1990 йил 19-20 февралда Тошкент вилоятининг Бўка ва Паркент туманларида бўлиб ўтган қонли воқеалар;
1992 йилнинг 16 январь куни Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида нон ва бошқа озиқ-овқат нархларининг кўтарилишига норозилик билдириб, минглаб талабалар кўтарган исён ортидан шаҳарчадаги талаба ёшларни ўлдирилиши;
1999 йил 16 февраль куни Тошкентда Вазирлар маҳкамаси биноси олдида ва бошқа жойлардаги портлашлар;
2005 йилнинг 13 май куни Андижонда содир этилган “АНДИЖОН ҚАЛИОМИ”. Мамлакатда йиллар давомида илдиз отган коррупция, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий муаммоларни Андижонга келиши кутилаётган Президент Ислом Каримовга айтиш, мақсадида тинч намойишга тўпланган аҳолини қирғин қилиб, юзлаб бегуноҳларнинг ўлимига, минглаб инсонларни мамлакатни тарк этишларига мажбур қилган айбдорларни аниқлаб, уларни қонун олдида жавоб беришларини таъминлаш учун ушбу қатлиом юзасидан ҳукумат миқёсида текширувлар ўтказиш, ўрганиб чиқиш, текширув натижаларини жаҳон ҳамжамиятига тақдим қилиши шартдир!
Агар юқорида санаб ўтилган барча сиёсий зўравонлик, қатағон, қийноқ ҳамда адолатсиз судловлар … қурбонлари ҲУКУМАТ томонидан оқлансалар (вафот этганлар “ўлимидан кейин оқлаш” мақомига эга бўлсалар) ва улар оилалари учун адолат қарор топса, мамлакатда қонун устуворлиги таъминланса, бу ҳукумат ва ўзбек халқи учун катта резонанс бўлади. Ҳукуматниг ушбу масалалар бўйича олиб борадиган ишлари очиқ ва шаффоф бўлиши керак.
* * *
ЎЗБЕК ДИКТАТОРИНИНГ ЎЛИМИДАН СЎНГ СИЁСИЙ ЗЎРАВОНЛИК ВА ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИ ЗУДЛИК БИЛАН ОҚЛАНИШЛАРИ ДАРКОР!
1953 йилда Иосиф Виссарионович Сталиннинг ўлимидан кейиноқ унинг тахтини эгаллаган шогирди Никита Сергеевич Хрушчевнинг илк амалга оширган муҳим сиёсий амалларидан бири Сталин даврида сиёсий қатағонга учраган, қамалган маҳкумларни озодликка чиқариб, барча сиёсий зўравонлик қурбонларини оқлашга Фармон бериш бўлганди.
Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё давлатлари ичида, балким собиқ Совет Иттифоқи давлатлари ичида ҳам сиёсий, ҳам диний маҳкумлар сони кўпчиликни ташкил этиши билан олдинги сафда туради.
Лекин диктатор Ислом Каримовнинг вафот этганига бир ярим йилдан ортиқ вақт ўтган бўлсада, йиллар давомида озодлиги учун курашиб келинган сиёсий маҳкумлар озодликка чиқарилган бўлсаларда диктатура режими томонидан диний эътиқоди сабаб “террорчи”ларга, диний “радикал”ларга айланиб, қамоқларга тиқилган ва қийноқларга тутилаётган бир неча минглаб диний маҳкумлар ва уларнинг яқинлари тақдирига Мирзиёев бошчилигидаги ҳукумат томонидан етарлича эътибор қаратилгани йўқ.
Шунингдек Ислом Каримов қатағони қурбони бўлган ва унинг даврида жиноятлари адолатли судлов томонидан исботланмасдан туриб отувга ҳукм қилинган жабрдийдалар ўлимларидан кейин бўлсада, оқланмадилар.
Уларнинг оила аъзолари, фарзандлари ҳамон «ватан хоинининг фарзанди», «ваҳҳобийни оиласи» сингари қора номларни кўтариб юрибдилар.
Бундай оилалар вакиллари дунёнинг турли бурчига тарқалиб кетганлар, уларнинг аҳволидан хабар оладиган, «ҳолинг нечук?» дея бошини силайдиган, ҳуқуқларини тиклайдиган бирор-бир инсоннинг ўзи йўқ.
Диктатор Ислом Каримов даврида ғайриихтиёрий равишда ғойиб бўлган диний уламолар, диндор инсонларнинг тақдирига ҳам ҳанузгача умуман эътибор қаратилгани йўқ.
Мамлакатнинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ҳукумат ҳали бу бедарак йўқолган инсонларнинг тақдири билан қизиққани, уларнинг яқинларига таскин бергувчи муждани бергани йўқ.
Ислом Каримов замонида ғайриихтиёрий тарзда ғойиб бўлган ўнлаб диний арбоблар ва уларнинг издошларининг яқинлари, онаизорлари, фарзандлари эшик тиқ этса «Болам келдимикан?» дея кўзларини эшикка тикишдан тўхтаганлари йўқ.
Қамоқнинг бир куни ҳам, бир дақиқаси ҳам қамоқдир. Буни ўзбек қамоқхонаси азобларини тотиб кўрган инсонларгина ҳис қила оладилар холос.
Мамлакатда сиёсий ва диний айбловлар билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг турли моддалари билан адолатсиз судлов тизимининг ноҳақ ҳукмларига асосан озодликдан маҳрум қилинганларни ва қийноқ қурбонларини, турли мамлакатлардан ўғирланганлар, экстрадация қилинганларни оқлаш, уларни озод қилиш, шунингдек, улар соғлиғининг тикланиши ва нормал ҳаётга қайтишлари учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан зудлик билан Махсус Давлат Комиссияси (МДК) ташкил этилиши даркор.
Мазкур Махсус Давлат Комиссияси таркибида турли соҳа вакиллари – ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, бошқа касблар эгалари бўлмиш фуқаролик жамияти фаоллари ҳамда ўз соҳасининг виждонли усталари – ҳуқуқшунослар, прокурорлар, адвокатлар ва судьялар бўлиши керак.
Ўзбекистондек йирик мамлакатда Ислом Каримов бошчилигидаги диктатура режими жиноий қилмишларига баҳо бера оладиган, сиёсий зўравонлик ва қатағон қурбонлари масалаларини, сиёсий ва диний маҳкумларнинг жиноят ишларини ўрганиб чиқиб, ўз хулосаларини беришлари мумкин бўлган малакали, виждонли мутахассислар, ҳуқуқшунослар етарли.
Махсус комиссия вакилларини энг аввало БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитаси, қийноқларга қарши қўмитаси ва ишчи гуруҳлари томонидан Мустақиллик эълон қилинган йиллардан бошлаб эълон қилган қарорлари, хулосалари ва тавсияларини ўрганиб чиқиб, ушбу халқаро ҳужжатларда баён қилинган таклиф ва талабларни бажарилишига маъсул қилиб тайинланса мақсадга мувофиқ бўлади.
Чунки Дилмурод Саид, Ғайбулло Жалилов, Санжар Исмоилов, Хайрулло Турсунов, Солижон Абдураҳмонов, Алишер Кароматов, Абдурасул Худойназаров, Бобомурод Раззоқов, Қаюм Ортиқов, Эркин Мусаев сингари собиқ сиёсий, Уйғун ва Ойбек Рўзметов сингари диний маҳкумларни, шунингдек қанчадан-қанча адолатсиз судлов ва қийноқ қурбонларини ҳуқуқлари паймол қилинганини халқаро экспертлар исботлаб берганлар.
Махсус Давлат Комиссияси биринчилардан бўлиб сиёсий, диний маҳкумлар, сиёсий зўравонлик, қатағон ва қийноқ қурбонлари, сўроқ, тергов давомида ҳамда қамоқдаги қийноқлар натижасида вафот этганлар, адолатсиз судлов натижасида қамалганлар, турли давлатлардан ўғирланганлар, экстрадация қилинганлар ҳамда мустақиллик йилларида ғайриихтиёрий равишда ўғирлаб кетилган ва тақдири ҳанузгача номаълумлигича қолаётган инсонлар ишларини ўрганиши керак.
Махсус Давлат Комиссияси сиёсий ва диний айбловлар билан узоқ йилларга қамалганлар ва озодликка чиқиш арафасида жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчи сифатида сохта айбловлар билан жазо муддатлари узайтирилган маҳкумлар устидан очилган жиноят ишларини қайтадан кўриб чиқишлари, зудлик билан уларни озодликка чиқариш учун ўз хулосаларини ҳукуматга тақдим этишлари керак.
Махсус Давлат Комиссияси адолатсиз суд ҳукмлари билан қамоқда қолаётган, у ерда ўз соғлиғини йўқотган ҳамда тергов ва қамоқда қийноққа дучор қилинган ёки сиёсий қатағон қурбони бўлган инсонлар ҳамда тергов пайтида ёки колонияда қўлланилган қийноқ натижасида жон берган инсонларнинг яқинларидан, оила аъзоларидан, қариндошларидан кечирим сўраши ва уларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш масаласини ҳал этиши керак.
* * *
ЖИНОЯТ ИЖРОИЯ КОДЕКСИНИНГ 105 ВА ЖИНОЯТ КОДЕКСИНИНГ 221-МОДДАЛАРИГА БИР НАЗАР
Махсус Давлат Комиссияси асосан қамоқхонадаги маҳкумлар иши бўйича қуйидаги иккита асосий йўналишда фаолият юритиши керак.
Биринчиси Сақлаш режимини ашаддий бузувчиликда айбланган маҳкумлар иши бўлса, иккинчиси “Маъмурий ҳуқуқбузарлар” ишидир.
* * *
САҚЛАШ РЕЖИМИНИ “АШАДДИЙ БУЗУВЧИ МАҲКУМЛАР” ИШИ
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Ижроия Кодексининг (Ўз.Р.ЖИК) 105-моддаси (“Интизомий жазо чоралари”) ҳамда Жиноят Кодексининг (Ўз.Р.ЖК) 221-моддаси (“Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик”) мамлакатдаги қамоқхоналарда қийноқлар қўллашнинг асослари ҳисобланади.
Ўзбекистонда сиёсий ва диний эътиқоди учун қамалган маҳкумларни амнистия қарори билан жазодан озод қилмаслик мақсадида тинимсиз равишда Ўз.Р. ЖИКнинг 105-моддасига асосан сохта айблар билан уларни “интизомий жазо”га тортиб турилиши одатий тусга кирган.
ЖИКнинг 107-моддасида (“Интизомий жазо устидан шикоят бериш”) “Маҳкум ўзига нисбатан қўлланилган интизомий жазо устидан хоҳишига кўра юқори турувчи мансабдор шахсга, прокурорга ёки судга шикоят қилишга ҳақли” дейилган. Лекин Ўзбекистонда маҳкумларга, уларнинг оила аъзоларига, адвокатларига маҳкумга нисбатан интизомий жазо қўлланилишига асосан бўлган ҳужжатлар жамламаси ва интизомий жазо қўллаш қарорлари билан танишиб чиқиш, уларнинг устидан шикоят бериш ва уларни бекор қилиш имконияти умуман берилмайди.
Шу бугунги кунгача бирорта маҳкум ёки уларнинг оила аъзолари, адвокатлари қамоқхонадаги “қулоқ” маҳкумлар иштирокида (ёрдамида) расмийлаштириладиган “интизомий жазолаш” чоралари ва қарорлари, шунингдек ушбу қарорларни чиқаришга асос бўлган ҳужжатларни қонунийлигини аниқлаш учун танишиб чиқиш ва уларни бекор қилиш бахтига муяссар бўлмаганлар.
Ҳукумат қора рўйхатидаги маҳкумларни Жиноят Ижроия Кодексининг 105-моддасига асосан сохта айбловлар билан бир неча марта интизомий жавобгарликка тортиб, уларни жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчи” ёки “тузалиш йўлига ўтмаган” маҳкум сифатида талқин қиладилар. Буларнинг барчаси ушбу тоифадаги маҳкумларнинг Амнистия актидан фойдаланиш ҳуқуқини йўққа чиқариш учун ишлатилади.
ЖАЗО ЎТАШ ТАРТИБИНИ АШАДДИЙ БУЗУВЧИ МАҲКУМЛАР деб – камида икки марта жазони ўташ тартибини қўпол равишда бузганлиги учун интизомий бўлинмага киритиб қўйилган ва бирор жазо белгиланган тартибда олиб ташланмаган ёки бекор бўлмаган маҳкумларга айтилади.
Бу тоифадаги маҳкумлар енгиллаштирилган сақлаш шароити ва манзил колонияларига ўтказилмайди, унга жазони ўташдан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилмайди.
Ўзбек расмийлари ва қамоқхоналар маъмуриятлари кўп ҳолларда сиёсий ва диний айбловлар билан қамалган маҳкумларга қарши интизомий жазолаш қарорлари расмийлаштириб, ушбу қарорларга асосан маҳкумларни интизомий бўлинмаларга (асарда ва қамоқхона жаргонида жазо изоляторлари), карцерларга қамайдилар ва уларга нисбатан қийноқларнинг турли усулларини қўллайдилар. Бундай тоифадаги маҳкумларни жазолаш учун улар барча усуллардан фойдаланадилар. Жумладан, уларга нисбатан қамоқхона жазо изоляторида, карцерларда қамоқхона маъмурияти фойдасига ишлайдиган маҳкумлар (лохмачлар) ёки қамоқхона ходимлари томонидан қийноқлар қўлланилади.
Маҳкумлар оч ва юпун қолдирилади, яқинлари билан учрашувдан маҳрум қилинадилар, “лохмач”лар ҳамда қамоқхона ходимлари уларга қарши ёлғон кўрсатмалар беришади, уларга қарши провокациялар уюштириб, жиноят ишлари қўзғатилади.
“Номақбул” хисобланган сиёсий ва диний маҳкумларга нисбатан Жиноят ижроия кодексининг 105 – “Интизомий жазо чоралари” моддаси бўйича айбловлар ҳар йилги Ҳукуматнинг Амнистия қарори эълон қилинишига саноқли кунлар қолганида бир неча кун ичида ёки атига бир кун ичида бир неча марта “Жазони ўташ тартибини бузганлик учун интизомий жазога тортиш қарор”лари расмийлаштирилиб, бундай ҳаракатлар қамоқхона жаргонида “террор” деб аталади.
Бундай пайтларда қамоқхона маъмурияти ушбу тоифадаги маҳкумларнинг Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматининг Марказий аппаратидан юборилган алоҳида қора рўйхатида тургани ва уларга нисбатан Амнистия акти қўлланилмаслиги ёки жазо муддати тугаган бўлса-да, озодликка чиқарилмаслиги маъқулроқ экани тайинланганини рўкач қилишади. Натижада маҳкумлар жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчиси сифатида махсус рўйхатга олиниб, нафақат амнистиядан актидан фойдаланишдан мосуво бўладилар, балким “муддатидан илгари шартли равишда озод этилиш” ва “жазони ахлоқ тузатиш ишларига алмаштириш” каби имкониятлардан ҳам буткул маҳрум этиладилар.
Ушбу расмийлаштирилажак сохта ҳужжатлар асосида қора рўйхатдаги маҳкумлар нафақат жазо изоляторларига, карцерларга қамаб, қийноққа тутиладилар, балким жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчи маҳкум сифатида рўйхатга олинганлари сабабли кейинчалик ЖКнинг 221-моддасига кўра уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади ва жазо муддати бир неча йилларга узайтирилади.
Ўзбекистон ҳукумати ушбу моддалардан ўзи учун “номақбул” дея билган фуқаролик жамияти вакиллари ва виждон тутқунларидан иборат бўлган сиёсий ва диний маҳкумларни озодликка чиқиб, жамият ҳаётида фаол иштирок этишларини олдини олиш мақсадида уларга нисбатан сохта айбловлар билан янгитдан жиноят ишлари очишда кенг фойдаланади.
Жиноят Кодексининг 221-моддасида қуйидагича ёзилган:
“Озодликдан маҳрум қилиш жойида жазони ўтаётган шахснинг жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслиги ёхуд маъмуриятнинг ўз фаолиятини амалга оширишига бошқача йўсинда тўсқинлик қилиши, башарти, маҳкумга нисбатан бир йил мобайнида жазони ўташ тартиби талабларини бузганлиги учун жазони ижро этиш колониясининг карцерига ўтказиш тариқасидаги жазо қўлланилганидан ёки турмага ўтказилганидан кейин содир этилса” уч йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинадилар”.
Ўзбекистонда “номақбул” ҳисобланган маҳкумларга қарши янги жиноят ишлари очиб, ушбу жиноят иши ҳужжатларини сохталаштирадилар, маҳкумлар ўзлари хоҳлаган адвокатлар билан умуман таъминланмайдилар, уларнинг оила аъзолари уларга нисбатан янги жиноят иш қўзғатилгани, тергов ҳаракатлари, суд жараёнлари олиб борилаётгани ҳамда жазо муддатлари узайтирилгани ҳақида хабардор қилинмайдилар.
Маҳкумларга, уларнинг яқинлари ва адвокатларига нафақат маҳкум жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчиси сифатида эътироф этилган расмий ҳужжатлар ва қамоқхона қарорлари, шунингдек ЖКнинг 221-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши материаллари умуман таништириш учун тақдим қилинмайди.
Гарчи ЎзР Жиноят Процессуал Кодексини йигирма бешинчи моддасида (“Судда ишларни юритишда тортишув”) Биринчи инстанция судининг суд мажлисида, шунингдек ишлар юқори судларда кўрилаётганда иш юритиш тарафларнинг ўзаро тортишуви асосида амалга оширилиши баён қилинган бўлса-да, Ўзбекистонда суд жараёни пайтида томонлар тортишуви амалга оширилмайди.
Ушбу Кодекснинг эллик биринчи моддаси олтинчи қисмида (“Ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳоллар”) “Давлат қораловчиси ёки жамоат қораловчиси иштирок этаётган ишлар бўйича ҳимоячининг иштироки шарт” дея баён қилинган.
Лекин ҳукумат “қора рўйхат”ида турган маҳкумларнинг жазо муддатлари қўшиб берилиши бўйича жиноят ишлари судларда кўрилиши пайтида томонлардан бири – давлат қораловчиси иштирок этади холос.
Маҳкумларнинг оила аъзолари маҳкумга нисбатан янгитдан жиноят иши қўзғатилганидан бехабар қолганликлари сабабидан адвокат ёлламайдилар, ҳукумат амалдорлари эса маҳкумларнинг ҳимоя ҳуқуқларини таъминламайди. Кейинчалик оила аъзолари, яқинлари томонидан ёлланган адвокатларга маҳкумнинг ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилишлари учун умуман имконият ва шароитлар яратиб берилмайди.
* * *
“МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛАР” ИШИ
Махсус Давлат Комиссияси бугунги кунда қамоқларда қолаётган сиёсий, диний маҳкумлар ҳамда қийноқлар ва адолатсиз судлов қурбонлари ҳисобланмиш маҳкумларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилишидан аввал маъмурий қамоқ жазосига тортилган ишлари билан биринчилардан бўлиб танишиб чиқиши даркор.
Чунки қонунга зид равишда ҳибсга олиниб, бир неча кунга маъмурий қамоқ жазосига тортилиб, мана шу муддат оралиғида ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб, жиноят ишлари қўзғатилиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилиш Ўзбекистон шароитида одатий ҳолга айланган.
Ҳеч кимга сир эмаски, Ўзбекистонда бирор инсонни қотиллик, зўрлаш, ўғирлик, босқинчилик, ғайриқонуний диний-экстремистик ташкилотга аъзолик ва шу каби ўта оғир жиноятларда айбловни бўйнига қўйишдан аввал Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг (МЖтК) 183-моддаси (“Майда безорилик”) ва 194-моддаси (“Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) моддалари билан айблаб, ўн беш суткагача маъмурий қамоқ жазосини тайинлаш амалиёти кенг тарқалган.
Бундай инсонларни ҳибсга олишда маълум бир куч ишлатар тизимлар фойдасига ишлайдиган енгилтабиат аёллар, “қулоқлар” ва шунга ўхшаш жамиятнинг чиркин унсурлари хизматларидан фойдаланилади.
Маъмурий қамоққа олинганлар адвокат хизматидан маҳрум қилинадилар, яъни ташқи дунёдан бутунлай узиб қўйиладилар. Бу орада уларга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўлланилади ва натижада улар ўзлари содир этмаган жиноятларга иқрор бўлишга мажбур бўладилар.
Бундай усуллар қамоқдан озод бўлган ва давлат назоратида турган собиқ маҳкумларга нисбатан ҳам кўп қўлланилади. Чунки одатда бу собиқ маҳкумлар қайта жиноятлар содир этиш эҳтимоли катта бўлган шахслар тоифасига киради.
Бундай инсонлар очилмасдан келаётган ўта оғир жиноят ишларини ёпиш мақсадида содир этмаган жиноятларига иқрор қилинадилар ва ўта хавфли рецидивистлар сифатида узоқ муддатли қамоқ жазосига қайтадан ҳукм қилинадилар.
Давоми бор.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish