«Қийноқлар ороли асираси» нелар ҳақда сўйлайди?! (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 1)
СЎЗБОШИ
XXI аср бошида отилиб чиқиб курашини бошлаган ва қисқа муддатлар ичида дунёга танилган қаҳрамон аёл, инсон ҳақларининг толмас курашчиси, атоқли жамоат арбоби, қатор нуфузли халқаро мукофотлар соҳибаси Мўътабархоним Тожибоеванинг қўлингиздаги “Қийноқлар ороли асираси” номли икки томдан иборат роман-хроникасига Сўзбоши ёзар эканман, бундан ғоятда бахтиёр ва мамнунман!
Бу китоб бадиий тўқима асар эмас. Ҳужжатлар асосида реал ҳаққоний воқеалар ҳақида битилган тарихий романдир. Уни шунчаки ўтириб, хотиржам ўқий олмайсиз. Саҳифаларни аста-секинлик билан варақларкансиз, бутун вужудингиз ўт бўлиб ёнади…
Муаллиф Ўзбекистон тарихининг энг янги даврини ўз ичига қамраган, панжара ортидаги ёпиқ ҳаётни қаламга олади. Ўз бошидан ўтказган мусибатли оғир кунларни ҳикоя қилади.
Шунча азоб-уқубатларни кечирган мунис ўзбек аёлининг мазкур асарни ёзишга жазм қилгани, бу ҳеч шубҳасиз, улкан жасоратдир.
Зиндондаги ноинсоний ваҳшийликларни ўз танасидан ўтказиш нақадар азоб. Уни қоғозга тушириш эса, азоб устига минг азобдир.
Мўътабарнинг қамоқдан чиққанидан кейин қоралаган бу асарини бош қароргоҳи Парижда жойлашган FIDH ташкилоти инглиз тилига таржима қилиш учун қизим Нигинага берган эди.
Таржима жараёнида асар қаҳрамони бошига тушаётган азобларга дош бера олмаётган қизимга ёрдам бериш мақсадида, камина бу асарни рус тилига ўгириб бергандим.
Ўшанда Нигина иккимиз жуда кўп марта даҳшатли ҳолатга тушганимиз ҳамон эсимда.
Чунки бу асарда Мўътабар нафақат ўз бошига тушган кулфатларни қоралаган, балки Ўзбекистондаги куч ишлатар тизимларни, прокуратурадан тортиб судларгача, бир сўз билан айтганда, ўша даврда ҳукмронлигини давом эттираётган диктатура режимини очиқ-ошкора башарасини очиб ташлаган.
Ўзи ожиз ҳолатда бўлсада, аёллар қамоқхонасидаги бошқа маҳкумаларнинг, ўз қисматдошларининг ҳуқуқи учун олиб борган курашлари ҳар қанча таҳсинга лойиқдир.
Ўзбекистон ҳукумати қаттоллигини дунёга намоён қилган Андижондаги ўша машъум 2005 йилнинг 13 май куни содир этилган оммавий қирғиндан олдин, Мўътабар ўзбек расмийларини яқинлашиб келаётган тўфондан огоҳлантириш учун президент Ислом Каримов номига телеграмма йўллайди.
Бунинг ортидан у Ички ишлар вазири ўринбосари Алишер Шарофиддинов бошчилигида ўтказиши режаланган матбуот анжуманига кетаётган паллада ўғирлаб кетилиб, қаттиқ таҳқирланади. Мўътабар ҳали олдинда бундан-да, мудҳиш синовлар кутаётганини билмасди.
У биргина аёл боши билан шунча ситамларга чидамни, бардошни қайдан олганлиги, ҳануз мен учун катта жумбоқ. Инсон қиёфасидаги жирканч иблислар чангалидан омон чиққани эса, икки карра жумбоқ.
Мўътабар Тожибоеванинг адолат учун тинимсиз курашлари, ҳукумат амалдорларининг ғайриқонуний қилмишларини фош қилиши, расмийларнинг жон-жонидан ўтиб кетгани рост. Алал-оқибат, уни кишанлаб, қамоққа отдилар. Ундан пасткашларча қасд олдилар.
Романни ўқиганимда кўплаб расмий ҳужжатлар билан танишар эканман, ҳайратдан ўзимни қўярга жой тополмадим. Дунёда шу даражада ҳам адолатсиз маҳкама бўлишини ўша ҳужжатларда кўрганман.
Мўътабарнинг қамоқдаги оғир кунларини гапириш, ёзиш ўзи бир чидаб бўлмас азоб. Китобни ўқир экансиз, ўзингиз бунга амин бўласиз.
Одатда, биз юристларни эҳтирослардан холи, қаҳри қаттиқ инсон, дейишади. Асарни ўқиётиб, мен бундай эмаслигимни тушундим.
Тунлари чўчиб, уйғониб кетган пайтларим кўп бўлди. Мўътабарнинг ёзганлари ҳар қанча тош юракни ҳам эритиб юборади.
Суднинг сохталаштирилган “иши” масаланинг бир томони бўлса, иккинчи жиҳати, тергов пайтидаги нохолис ёндашув ҳамда терговчиларнинг қаллоблигидир.
Прокурорларнинг номуссизлигини таърифлашга тиллар ожиз, қаламлар кучсизлик қилади. Шу даражада қабоҳат, шу даражада разолат.
Қийноқлар оролидаги муттасил азоблар, таҳқирлашлар, бетондан бўлган музли карцерларга ташлашлар, оч қолдиришлар, қўйингки, шайтон ҳам ўйлаб топмаган қийноқларни қамоқхонанинг жаллодлари қўллашади.
Ўлим билан минг бора юзма-юз келган Мўътабар, бунча жабру зулмларга бардошни кимдан олган, қаердан топган?!
Инсон азиз, инсон мукаррам. Инсон манфур, инсон жаҳаннам. Лекин, Парвардигоримнинг адолати бу ёвузларни жазоламасдан қолмади.
Аёл номига доғ туширган бир неча зиндон жаллодлари ишдан ҳайдалди. Мўътабарнинг имкон қадар ташқарига чиқарган яширин номалари дунёга тарқаб улгурганди. Улар ўз кучини кўрсатди…
Мўътабарни жарроҳлар амалиёт қилганида, унинг тортган азобларини кўрган қамоқхона нозири ҳушини йўқотади.
“Гестапо” лақабли тезкор бўлим бошлиғи эса, амалиётдан чиққан Мўътабарга гулдаста туҳфа қилади. Душманлик қилган кимса ҳам унинг бардошига тан беради.
Мўътабар ўз номи билан мўътабар! Худога шукур, ўша мудҳиш қаро кунлари ортда қолиб, у озодликка чиқди.
Бугун мафтункор Франция диёрининг сўлим гўшасида набиралари ва сафдошлари ардоғида яшаб, ўз фаолиятини давом эттирмоқда. У озодликнинг қимматини, инсоннинг қадрини ҳаммадан яхши тушунади.
Қамоқ азоблари уни руҳан синдирмади, лекин жисмида ўз изини қолдиришга улгурди.
Ярим жони билан бугун зулмдан озор чеккан инсонларни ҳимоя қилмоқда.
Тундан кейин албат, тонг отажак.
Ҳали ёруғ кунлар олдинда.
Кунлар келади, “Қийноқлар ороли асираси” романи асосида ҳали қатор фильмлар суратга олинади.
Мўътабарнинг ҳаёти ва фаолияти мактаб дарсликларида ўқитилади. Олимлар илмий ишлар қилади.
Нурли кунларинг кўп бўлсин, мўътабарим!
Ўтюрагинг тафтидан олам яшнасин, яшнайверсин, азизим!
Бобур Маликов
Ўзбекистон Олий судининг собиқ раиси, Ўзбекистон Республикаси собиқ Адлия вазири, Ўзбекистоннинг АҚШдаги биринчи фавқулотда ва мухтор элчиси
Вашингтон, АҚШ
* * *
МУАЛЛИФДАН
Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлик, дейдилар. Шунга кўра, ушбу “Қийноқлар ороли асираси” номли роман-хроникам мавзусини мозийдан, яқин ўтган кунлардан, тарихимизнинг энг кир, қора кунлари бўлган – ўзбек диктатори Ислом Каримов замонидан белгиладим.
2018 йилнинг 30 январь куни диктатор Ислом Каримовнинг 80 йиллик юбилейи! Тўйга тўёна билан бориш биз ўзбекларнинг одатидир. Менинг “Қийноқлар ороли асираси” асарим чорак асрдан ортиқ мамлакатни бошқариб, ботқоққа ботирган золимнинг вафотидан кейин бўлсада, унга муносиб совға бўлишига ишонаман!
Ушбу асаримни мустақил Ўзбекистон, дея аталмиш қийноқлар мамлакатида ҳақ-ҳуқуқсиз азоб чекаётган муштипар халқимга, минг бир ситамларга гирифтор бўлган қисматдошларимга, сиёсий қатағон ва зўравонлик, қийноқ қурбонларига, чидаб бўлмас уқубатлар исканжасида дунёдан бевақт кўз юмган шаҳидлар хотирасига бағишлайман.
2018 йил 13 май куни юзлаб, ватандошларимиз қони тўкилган, мингларни эса она Ватанидан жудо бўлишига сабаб бўлган – Ўзбекистон ҳукуматининг инсониятга қарши ваҳшиёна жинояти – 2005 йил 13 май кунги “Андижон қатлиоми” содир этилганига 13 йил тўлади! Ушбу асарим ана шу “Андижон қатлиоми” қурбонлари хотирасига бағишланади. Бу қора кун миллатдошларимиз, дунё ҳамжамияти ёдида абадий қолади.
Қатлиом айбдорлари қачонлардир Олий судлов олдида жавоб беришлари шартлигини ушбу фожианинг ўн уч йиллигида дунё юзини кўрган “Қийноқлар ороли асираси” орқали яна бир бора уларга эслатишни лозим топдим.
Романим дунё юзини кўриши учун жонбозлик кўрсатиб, ўз ҳиссасини қўшган яқинларимнинг барчасига энг аввало, ўз номимдан, қолаверса, Инсониятга қарши уюшган жиноятчиликка барҳам бериш ниятида кураш олиб борувчи – Мўътабар Тожибоева инсон ҳуқуқлари Халқаро жамғармаси ҳамда “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти номидан миннатдорчилик билдираман.
2012 йилда ёзиб тугатганим – “Қийноқлар ороли асираси” роман-хроникам дунё юзини кўриши жуда қийин кечди. Минг афсуски қўлингиздаги асарим нашр этилмаслиги йўлида тиш-тирноқлари билан қаршилик кўрсатган қора кучларнинг ёвузликлари сабаб, китобни ҳар томонлама мукаммал тарзда тайёрлаш ва Сизларга тақдим этиш учун керакли мутахассисларни жалб қилишга молиявий имкониятим бўлмади. Шу туфайли китобда кўзингизга чалинадиган айрим камчиликлар борлиги учун Сиз азиз китобхонларимдан олдиндан узр сўрайман!
Лекин йиллар давомида диктатура режими томонидан содир этиб келинган сиёсий зўравонлик ва қатағон ҳақида ҳикоя қилгувчи бу асар дунё юзини кўриши шарт деб билганим сабабли, ногиронлик нафақамни сарфлаш орқали бўлсада чоп қилишга қарор қилдим. Келажакда бу асарнинг кейинги нашрлари ҳар жиҳатдан мукаммал ҳолда дунёга келишига умид қиламан ва ишонаман.
Энг муҳими, камина дилимдаги туғёнларимни сизларга етказа олдим, деган умиддаман…
Мўътабар Тожибоева
* * *
ЖОНТАЛАШ ТЎЛҚИНЛАР ИЧРА СУЗАДИ
ЧАЙҚАЛИБ – ЧАЙҚАЛИБ ХАЛОСКОР КЕМА!
2000 йилнинг 17 январь куни менинг ташаббусим билан Фарғона вилояти Марғилон шаҳри “Зуҳро” маҳалласида яшовчи беш нафар аёллар – оналар томонидан маҳаллада тобора авж олиб кетаётган гиёҳванд моддалар савдосига, жиноятчиликка қарши курашиш мақсадида ЎзХДП “Зуҳро” маҳалла БПТ қошида “Ўтюраклар Клуби” ташкил этилиб, ўз фаолиятини бошлаган.
Бугунги кунда бутун дунё таниган, тан олган “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг шиори – “Биз жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши кескин курашамиз – БИЗ ОГОҲМИЗ!” деб аталади.
Ташкилотнинг асосий миссияси, мақсад ва вазифаси инсоният равнақига тўсқинлик қилаётган қуйидаги салбий иллатларнинг ҳар қандай кўринишига қарши кескин курашишдан иборатдир:
Диктатура ва репрессив режимлар (сиёсий зўравонлик ва қатағон, қийноқлар, ғайриқонуний ҳибсга олишлар, адолатсиз маҳкамалар, ғайрииҳтиёрий ғойиб бўлишлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузиш, сўз ва фикр эркинлигига қарши тўсқинликлар);
Гиёҳванд моддалар савдоси (маъмурий органлар қўлига тушган гиёҳванд моддаларни йўқ қилиш ўрнига ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг коррупционер амалдорлари томонидан қайтадан пуллаш);
Одам савдоси (жинсий қуллик, фоҳишахоналар, қўшмачихоналар ташкил этиш ва уларга раҳнамолик қилиш);
Терроризм, радикализм, жиҳод, диний экстремизмни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳомийлик қилиш, молиялаш ҳамда тарғиб қилиш;
Коррупция, кир пуллар ювиш ва уларга раҳнамолик қилиш сингари инсониятга қарши уюшган жиноятчилик.
Ушбу мақсад йўлида тинимсиз кураш олиб борган “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти фаолларининг, ташкилот қошида ташкил этганимиз ташаббус гуруҳлари ва уларнинг вакиллари фаолиятлари ҳам тақсинга лойиқдир.
Мен ушбу асаримни “Ўтюраклар Клуби”нинг машаққатли фаолиятида елкама-елка туриб, ўз ҳиссаларини қўшиб келган ва бугунги кунда ҳам инсониятга қарши жиноятларга қарши олиб бораётган ўта оғир курашларимда ишончли ҳамроҳ бўлган сафдошларим, маслакдошларимга бағишлайман.
Шу ўринда, шоира Ҳалима Аҳмедованинг “Ҳалоскор кема” номли шеърини ёдга олгим келади.
Бу шеърни илк бор ўқиганимдаёқ, бу шеър менинг “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотим фаолиятига бағишлаб ёзилгандай туюлганди. Шунинг учун ҳам ҳанузгача мазкур шеърни севиб ўқийман.
“ҲАЛОСКОР КЕМА”
Жон талаш тўлқинлар ичра сузади
Тақдирга тан бермай адашган кема.
Бу денгиз қонлидур, жаҳолат пеша,
Ундан кутганинг не, кутганинг нима?!
Бошлари темирдан, тишлари ханжар,
Наҳанглар ғажишга шошилар уни.
Кема сузаверар елканларида
Кўтариб минг йиллик ёзғуларини.
Олчорлоқлар учар, қанотлари қон,
Адашган ингроқлар тўкилар қайдан?
Кема сузаверар, елканларида
Юракнинг қони-ла, чизилган Ватан.
Бу денгиз остида асрлар бўйи
Занжирбанд этилган муқаддас руҳлар.
На туннинг, на тонгнинг фарқига бормай
Яшайди бешиги тилло андуҳлар.
Жонталаш тўлқинлар ичра сузади
Чайқалиб-чайқалиб ҳалоскор кема.
Заржирбанд руҳларнинг қасоси ҳаққи,
Уни тўхтатолмас энди ҳеч нима.
Қамоқхонада қийноқларга тутилган пайтимда ва жуда оғир вазиятда курашаётган пайтимда ҳам мени азоблаётган нокасларнинг қўлида ачинарли ҳолатда эмас, балки, қаҳрамонларча ўлишни афзал кўрган эдим. Яъни, жанг майдонида жон бераётган саркарда, зобит сифатида, “саркарда, зобит” десам муболаға бўлар, балки, жангчи мисолида мен ўзимни руҳан тайёрлаб бўлган эдим.
Чунки, ўзини ҳурмат қилган, қалбида ғурури бор жангчи жанг майдонини, кема капитани эса, ғарқ бўлишга маҳкум бўлган кемасини ҳеч қачон ташлаб кетмайди.
Менинг “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти дея аталувчи кичкинагина кемачамни дунё тан олиб, эъзозлаётганидан ва энг асосийси, бу кемачам бамисли қутирган ваҳший ҳайвонлардан, олчорлоқлардан ҳазрати инсонларни қутқарувчи ҳимоя қалқони эканлигидан ва бу кеманинг капитани мен эканлигимдан жуда-жуда фахрланаман ва бахтиёрман!!!
* * *
2002 – 2005 ЙИЛЛАРДА ТАШКИЛ ЭТИЛИБ, ФАОЛИЯТ ЮРИТГАН ТАШАББУС ГУРУҲЛАРИ
2002 йилда – Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида яшовчи нафақадаги ўқитувчи, 1932 йилда туғилган Содиқжон Қиронов бошчилигида қишлоқ аҳолисининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилгувчи “Халқпарвар” Ташаббус Гуруҳи;
2002 йилда – Фарғона вилояти Олтиариқ тумани “Навоий” шаҳарчаси, “Ҳамза” маҳалла фуқаролар йиғини раисаси Мавжуда Отақулова ҳамда Олтиариқ туман ҳокимиятининг собиқ бош архитектори Маҳбуба Пирматовалар етакчилигида гиёҳванд моддалар савдоси – маъмурий органлар қўлига тушган гиёҳванд моддаларни йўқ қилиш ўрнига ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг коррупционер амалдорлари томонидан қайтадан пуллаш, шунингдек одам савдоси – жинсий қуллик, фоҳишахоналар, қўшмачихоналар ташкил этиш ва уларга раҳнамолик қилишга қарши кураш олиб борувчи «Орият» дея аталувчи Ташаббус Гуруҳи;
Бизлар бу гуруҳ фаолиятида қўшмачихона ва фоҳишахоналарда ўз танини сотишга, маъмурий органлар қўлига тушган гиёҳванд моддаларни қайтадан сотишга мажбур қилинадиган, алдов қурбони бўлган аёллар ва вояга етмаган қизлар тақдирига эътибор қаратганмиз.
Зокир Алматов бошчилигидаги Республика ИИВ мансабдорлари томонидан ушбу тизим қўлига тушган ғиёҳванд моддаларни йўқ қилинди дея расмийлаштириб, аслида куч ишлатар органлар амалдорлари томонидан қўшмачихоналар, фоҳишахоналар ташкил этиб, ушбу гиёҳванд моддаларни мана шу қўшмачихоналар ва фоҳишахоналарда қайтадан соттиришлари ва шунга алоқадор бошқа жиноий қилмишларига қарши кескин курашиб келганмиз. Ўша пайтда бундай муаммоларни кўтариш учун жасорат талаб қиларди.
2003 йилда – Ҳудудларда мачитларни рўйхатдан ўтказишга қаршилик қилгувчи маҳаллий ҳокимликлар мансабдорлари жиноий кирдикорларига қарши кураш олиб борувчи Фарғона вилояти Охунбобоев тумани Пахтакор қишлоқ фуқаролар йиғини қарияларидан ташкил топган нафақахўрлар Таваккал Комилов ва Содиқжон Адашевлар бошчилигида ташкил этилган «Диний эътиқод ва инсон ҳуқуқи» Ташаббус Гуруҳи;
2003 йилда – Маҳаллий телевидение ва газеталар мухбирлари, мустақил журналистлардан ташкил топган, таниқли журналист, Фарғона телевидениеси мухбири Салима Рустамова бошчилигидаги, матбуот ва сўз эркинлиги учун курашувчи «Тезкор журналистлар» Ташаббус Гуруҳи;
2004 йилда – Фарғона вилояти Қува туманидаги йигирманчи сонли ўрта мактаб ўқитувчилари Йигитали Турдалиев, Дилшод Ҳошимовлар бошчилигида мажбурий болалар меҳнати ва ўқув муассасаларидаги коррупция жиноятларига қарши курашувчи “Ўқув муассасаларида инсон ҳуқуқи» Ташаббус Гуруҳи;
2004 йилда – Мамлакатда тобора авж олиб бораётган сиёсий зўравонлик, қатағон ва қийноқларга қарши курашувчи адвокатлар Маҳаррам Тожибоева, Муҳаббат Жумаева, Дилафрўз Нурматова сингари таниқли адвокатлар томонидан ташкил этилган, адвокат Асқарали Файзуллаев етакчилик қилувчи «Ҳуқуқшунослар қийноқларга қарши» Ташаббус гуруҳи;
2005 йил 26 мартда – Қирғизистондаги инқилобдан бир кун ўтгандан сўнг “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти қошида мамлакатда “фуқаровий бўйсунмаслик” нозўравон ҳаракати бошлаган «Фуқаролик жамияти» Халқ Ҳаракати.
2002 йил 14 октябрда журналист Бобомурод Абдуллаев бошчилигидаги “Озод Овоз” нодавлат ташкилоти ва интернет нашри билан яқиндан ҳамкорлик қилганмиз.
2004 йил 3 май – Таниқли журналист Инера Сафаргалиева ташаббуси билан “Сўз ва фикр эркинлиги” қўмитасини таъсис этганмиз. Қўмитанинг Инера бошчилик қиладиган “Арена” интернет нашри орқали ўзбек матбуотларидаги ёлғонлар ва қаллобликларни беаёв очиб ташлардик. Мамлакатда сўз ва эркинлигига раҳна солгувчи ҳар қандай иллатларга қарши кескин курашганмиз.
Ўзбекистон телеканали “Ахборот” дастурининг Фарғона водийси бўйича мухбири Муҳаммаджон Обидов томонидан уюштирилган, 2004 йилнинг апрель ойида Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Тюль қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи колхозчиларга ойлик маош бериб, бу кўринишни видеотасвирга олиб, кейин уларга ойлик маош сифатида берилган пулларни қайтариб олиниш саҳна кўринишини фош қилишда “Сўз ва фикр эркинлиги” қўмитаси асосий роль ўйнаганди.
2004 йил 4 декабрь – Журналистлар, ҳуқуқ фаоллари, мухолифат вакилларидан Юсуф Расулов, Тўлқин Қораев, Ойгул Маматова, Абдурашид Мадалиев ва менинг муассислигимизда ташкил этилган ва Юсуф Расулов бошқарган «Ўзбекистондаги журналистлар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш” ташкилоти фаолияти орқали курашимиз авж паллага чиққанди.
Бизнинг вазифамиз ва бурчимиз – дунё тинчлигига раҳна солгувчи иллатларга қарши тинимсиз бонг уришдан, курашишдан иборат экан, бу разолат ва адолатсизликка қарши курашимиз узоқ давом этишини олдиндан билардик ва ушбу жангга руҳан тайёр эдик.
“Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти фаолияти кўрсатиш давомида ташкилотимиз фаолларидан, ҳамкорларимиздан Мавжуда Отақулова, Асқарали Файзуллаев, Эркин Қўзиевлар қамоққа олиниб, қийноқларга тутилганлар. Валижон Қўчқоров, Исмоил Маллабоев, Маъмиржон Мисиралиев сингари фаолларимизга нисбатан эса сохта айбловлар билан жиноят ишлари қўзғатилган ва уларга қарши суд ҳукмлари чиқарилган.
* * *
СИЁСИЙ ҚАТАҒОН ҚУРБОНИ – ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИСИ ВА МУСТАҚИЛ ЖУРНАЛИСТ АЁЛНИНГ “АШАДДИЙ ЖИНОЯТЧИ”ГА АЙЛАНИШ ТАРИХИ
Азиз ўқувчим! Мен нима учун ҳибсга олиндим, қандай жиноят қилган эдимки, мени шунчалар ваҳима билан қамоққа тиқдилар?! Нима айбим бор эдики, қийноқлар оролига асир этдилар?!…
Бу ҳақда батафсил тўхталиб, воқеалар жараёнини бир бошидан ёзиб бориш ҳақида ўйлагандим…
Лекин тергов ва суд жараёнларидаги ноҳақликлар, Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармасининг Вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасидаги “томошалар”, Фарғона шаҳридаги ўнинчи сонли тергов ҳибсхонасидаги, биринчи сонли тергов ҳибсхонаси ҳисобланмиш Тоштурмадаги изтироблар, икки ойлик суд жараёни пайтида сақланганим Қуйи Чирчиқ тумани Ички Ишлар Бўлимининг ертўласида кўрган – кечирганларим, чексиз азобларимнинг ўзи ҳам ўйлаб қарасам, бутун бир бошли китобга сиғмай кетаркан. Шунинг учун ҳам асаримда булар ҳақда батафсил тўхталмайман.
“Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига асос солган пайтимдан бошлаб, аёл киши бўла туриб, дуч келганим тўсқинликлар, босимлар, зўравонликлар ва Ўзбекистонда мустақил фикрлаш инсоннинг тақдири учун қанчалик хавф-хатарли бўлишини ўз бошимдан кечирган воқеалар, ҳодисалар асосида тафсилотлари билан алоҳида бир асар яратишни кўнглимга тукканман.
Шунинг учун ҳам бу асаримдаги асосий урғу Ўзбекистон шароитида оддийгина ҳуқуқ ҳимоячиси бўлмиш ўрта маҳсус маълумотли, мустақил журналист аёлни, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбарини ашаддий жиноятчига айланиб қолиши саҳна кўринишини очиб беришга қаратилган. Шунингдек Ислом Каримов бошқарган диктатура режими томонидан содир этилган бошқа жиноятлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтаман.
* * *
18 ТА ЖИНОЯТ ИШИ МОДДАЛАРИ ВА ЙЎҚ ҚИЛИНГАН 18 ҚУТИ АШЁВИЙ ДАЛИЛЛАР
2005 йилнинг 7 октябрь куни қонунга зид равишда ҳибсга олиб, менга қарши қўзғатилган 41254013-сонли жиноят иши материалларига асосан қуйидаги жиноятларни “содир этганим” баён қилинган:
- 139-моддаси 3-қисми “а, г” бандлари – Туҳмат (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб ва ғаразгўй ёки паст ниятларда содир қилинса);
- 140-моддаси 3-қисми “а” банди – Ҳақорат қилиш (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариш муносабати билан боғлиқ ҳолда содир қилинса);
- 165–моддаси 3–қисми «а» банди – Товламачилик (жуда кўп миқдорда);
- 167–моддаси 3–қисми «а» банди – Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан жуда кўп миқдорда талон-тарож қилиш;
- 168–моддаси 2–қисми «а, б» бандлари – Фирибгарлик (кўп миқдорда, такроран ёки хавфли рецедивист томонидан содир этилса);
- 179-моддаси – Сохта тадбиркорлик;
- 184–моддаси 3–қисми – Солиқ ёки бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (жуда кўп миқдорда содир этилган бўлса);
- 189–моддаси 3–қисми – Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш (товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш);
- 196–моддаси 1–қисми – Атроф табиий муҳитни ифлослантириш;
- 197–моддаси – Ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини бажариш ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш;
- 209–моддаси 1–қисми – Мансаб сохтакорлиги;
- 28–209–моддаси 2–қисми «а» банди – Мансаб сохтакорлиги (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан);
- 216–моддаси – Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш;
- 227–моддаси 2–қисм «а» банди – Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш (Паспорт, ҳарбий билет ёки бошқа муҳим шахсий ҳужжатларга нисбатан ёхуд ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларга нисбатан содир этилган бўлса);
- 228–моддаси 2–қисми «б» банди – Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш;
- 228–моддаси 3–қисми – Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш – ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш;
- 229–моддаси – Ўзбошимчалик;
- 244–1–моддаси 3–қисми «в» бандидаги – Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материаллар тайёрлаш ёки тарқатиш (диний ташкилотлар, шунингдек, чет эл давлатлари ташкилотлари ва фуқаролардан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб содир этилган бўлса).
Дарҳақиқат мени ғайриқонуний ҳибсга олган пайтларида хонадонимда ўтказилган қонунга зид тинтув ўтказиб, “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг олти йиллик архив материалларини ўн саккизта катта қутиларга солиб, учта Дамас автомашинага юклаб, олиб чиқиб кетганлар.
Олиб кетилган бу ҳужжатлар судда ашёвий далил сифатида эътироф этилиб, уларга ҳуқуқий баҳолар берилганида эди, нафақат мени ушбу жиноятларни содир этмаганлигим ўз исботини топарди, балким “Андижон қатлиоми”га тегишли ҲАҚИҚАТ ҳам дунё жамоатчилигига маълум бўларди. Афсуски ушбу ҳужжатлар қонунга биноан судда очиқ ошкора муҳокама қилинмади, уларга ҳуқуқий бахо берилмади. Аксинча адолатсиз суднинг ҳукми билан улар жиноят қуроли деб топилди ва йўқ қилинди.
* * *
“ҚИЙНОҚЛАР ОРОЛИ АСИРАСИ” НЕЛАР ҲАҚДА СЎЙЛАЙДИ?!
Азиз китобхон!
“Қийноқлар ороли асираси” бутун дунёни ларзага солган ХХ1 аср фожиаси ҳисобланмиш 2005 йил 13 май кунги “Андижон қатлиоми”нинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар, унинг ортидан бошимга тушган кулфатлар – ўғирлаб кетиб, таҳқирлашлар ҳақида сўйлайди.
Ушбу асар “Андижон қатлиоми” ҳақидаги бор ҳақиқатни ошкор қилгувчи ҳужжатларни йўқ қилиш мақсадида мени ғайриқонуний равишда ҳибсга олиш, қийноқларга тутиш, ташкилотнинг олти йиллик архив материалларини қонунга зид равишда олиб кетиш ва кейинчалик суднинг адолатсиз судлов ҳукмига асосан уларни йўқ қилиш ва мени саккиз йилга озодликдан маҳрум қилиш, ваниҳоят мутлоқ ногирон, ожизага айлантиришларига алоқадор воқеаларни ҳикоя қилади.
Ушбу асарни яратишдан асосий мақсадим:
Қаттол диктатор Ислом Каримов даврида инсон ҳуқуқи, сўз эркинлиги ва демократия ғояларини тарғиб қилганликлари; инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти билан шуғулланганликлари; диний эътиқодлари сабаб сиёсий зўравонлик, қатағон ва қийноқларга учраб, азоб чекканлари, қамоқхоналардаги қийноқлар сабабли дунёдан кўз юмган марҳум маҳкумлар; ногиронларга айланган собиқ сиёсий маҳкумлар, ёхуд бугунгача ўзбек зиндонларида азоб чекаётган қисматдошларим – сиёсий ва диний маҳкумлар; адолатсиз судларнинг ўлим жазосига ҳукм қилишлари ортидан отиб ўлдирилганлар; ғайрииҳтиёрий ғойиб бўлганлар, яъни қонунга зид равишда ўғирлаб кетилган ва бугунги кунгача тириклиги номаълум қолаётган жабрдийдалар тақдирига яна бир-бора дунё жамоатчилиги эътиборини қаратишдан иборатдир!
Ушбу асаримни Ўзбекистон қамоқхоналарида содир бўлаётган адолатсизликларни, қийноқларни камайтиришга оз бўлса-да ҳисса қўшармикан деган умидда ёзишга қарор қилиб, қўлимга қалам оларканман, энг аввало Ўзбекистон дея аталмиш “қийноқлар ороли” ҳақидаги бор ҳақиқатни ёритишни олдимга мақсад қилиб қўйдим.
Чунки исломий радикализм, терроризм жиноятига алоқадорликда айбланиб, узоқ йилларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган, Ўзбекистон қамоқхоналарида азоб чекаётган бир неча минглаб диний маҳкумлар, амалдаги Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф қарашда бўлган фаоллар, мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши олиб борган курашлари сабаб қамоқларда қийноқлар, сиёсий зўравонликлар қурбони бўлган ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар – Ўзбекистон фуқаролик жамияти вакилларининг аянчли тақдирлари – бир сўз билан айтганда қамоқлардаги қисматдошларимни менинг тақдиримдан оғир бўлса оғирки, асло енгил эмас…
Ўзбекистондаги адолатсиз ва қўғирчоқ судьяларнинг қанчалар даражада куч ишлатар тизимлар қўлида қарам эканликларини маҳкама жараёнларида судланувчиларнинг ўзлари содир этмаган жиноятларни зиммасига олиш, яъни тан олишга мажбурлаш мақсадида ҳибсга олинган пайтларидан бошлаб, тергов жараёнлари пайтида ҳам қийноқларга солинганликлари ҳақидаги шикоятлари, буни исботлайдиган таналаридаги жароҳатларни кўрсатсаларда, бу ҳолатларга умуман эътибор қаратмасдан, ҳуқуқий баҳо бермасдан, юзаки равишда суд жараёнларини ўтказиб, беайб инсонларни узоқ йилларга қамоқ жазосига ҳукм қилиш, яъни одил судловга қарши содир этиб келаётган судьяларнинг жиноятлари тўғрисида гапиришдан аввал албатта ғайриқонуний ҳибс ва терговлар ҳақида тўхталиш лозимдир.
Ушбу асарда мен асос солган ва бошқараётган “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти фаолиятига қарши босимлар, таҳдидлар, бизларни олиб борган курашимиз натижасида адолатсизлик қурбони бўлганимизни исботловчи бир қанча ҳужжатларни ҳам ушбу асаримда чоп қилишга қарор қилдим.
Чунки бу ҳужжатлар китобхонларни қизиқтиради ҳамда мамлакатда адолатсизнинг қанчалар даражада илдиз отганлигига, Ўзбекистон дея аталмиш бу маконда қонунлар фақатгина қоғозда ва мансабдорлар оғзида эканлигига, амалда эса қонунларга умуман итоат этилмаслигига ушбу ҳужжатлар асосида китобхонлар ўзлари гувоҳ бўладилар.
Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар ҳақида ҳикоя қилгувчи “Қийноқлар ороли асираси” роман-хроникада қонунга зид равишда ҳибсга олишлар, ҳибсдалик пайтида қўлланиладиган ваҳшиёна қийноқлар натижасида ўта оғир жиноятларни содир этганлик айби зиммаларига юкланган беайб жабрдийдаларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари тергов ҳаракатлари давомида йўл қўйиладиган ва одатий тусга айланган процессуал хатоликлар ҳақида ҳам тўхталаман албатта.
Ҳукуматнинг қора рўйхатида бўлган маҳкумларга нисбатан ушбу асарда акс этгандек усуллар билан кураш олиб борилади, уларга нисбатан узлуксиз равишда қийноқлар қўлланилади, “Амнистия” дея аталмиш инсонпарварлик актидан фойдаланишларига, зиндондан озод бўлишларига умуман имконият қолдирилмайди.
Шунингдек, жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчилар сифатида уларга қарши қамоқхонадаги “қулоқлар” ёрдамида сохта айбловлар расмийлаштирилади. Кейинчалик уларга қарши янгитдан жиноят ишлари очилиб, адолатсиз судлов ҳукмлари билан қамоқда қолиш муддатлари бир неча йилларга узайтирилади.
Айнан шунинг учун ҳам, яъни зиндонда қолаётган қисматдошларим ҳаққи-ҳурмати учун ҳам “Қийноқлар ороли асираси” роман-хроникам орқали дунё жамоатчилигига Ўзбекистондаги қийноқлар, сиёсий зўравонлик ва қатағонлар ҳақида баралла жар солмоққа қарор қилдим.
Токи бутун дунё билсин Ўзбекистон деган мамлакат қийноқлар ороли эканлигини, у оролдаги асирларни қутқариш учун дунё жамоатчилиги тинимсиз бонг урмоғи шартлигини.
Давоми бор.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish