Фарғонада қийноқларга қарши норозилик намойиши

Снимок,,,,,,,

17 январь куни Фарғона шаҳридаги 10 сонли тергов хибсхонаси ёнида 10га яқин фуқаролар норозилик чиқиши ўтказганлар.

Икки соат давом этган бу норозилик чиқишида фуқаролар махбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари махбуслар ҳаётига бефарқ қараётганидан норози бўлиб хукумат истеъфосини талаб қилишган.

Уларнииг қўлларидаги плакатларда “Турмада ётган муслим ва муслималарга зулм кўрсатаётган ўзбек хукумати истеъфога чиқсин!”, “Зулмга йўл қўяётган хукумат вакиллари жавобгарликка тортилсин!”, «Ойша Аҳмедовани ноҳақ айблаётган, уни қийноқларга тортаётган ёвузлар жазолансин!» каби талаблар ёзилган эди.

“Хизб-ут-таҳрир” ноқонуний диний уюшмага алоқадорликда айбланаётган 55 ёшли Ойша Ахмедова Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида бўлиб ўтган махкама жараёнига калтакланган, танасида ўткир жисмлар билан ўйилган тан жароҳатлари билан келтирилган.н

Бу эса қамалганларнинг яқинлари ўртасида норозилик кайфиятини уйғотган. Норозилик чиқишида қатнашаётган унинг қизи Озода Холбоева онасининг “Хизб-ут Тахрир” уюшмасига аъзоликда айбланиб, 6 ойдан буён хибсда ётгани, унга нисбатан қийноқлар қўлланилаётганини айтади.

– Онамга дастлаб руҳий таъсир ўтказмоқчи бўлишди. Ҳар ҳил ақлдан оздирадиган муолажа қилишди. Натижада онам суд нима деса тасдиқлайдиган ҳолга келди. Тергов давомида вилоят Миллий Хавфсизлик хизматидагилар бутун оиламизни тергов қилишган. Терговчи Тохир Норматов отамнииг қарилигидан, кўзи ожизлигидан фойдаланиб, ёлғон маълумотларга қўл қўйдириб олган. Ҳатто менга ҳам “Хизб-ут Тахрир”га аъзо бўлгансан, онангга қўшилиб фаолият юргизгансан” деб айб қўймоқчи бўлди. Лекин мен ҳеч қайси қоғозига қўл қўймадим, натижада мени қамоққа тиқишни эплолмади.

Пикетда қатнашаётган Одина Дадажонова ҳам қамоқда бегуноҳлар ётганини, уларнинг асосий қисми калтаклар таъсирида айбига иқрор қилинган деб хисоблайди.

– Буларда одамгарчиликнинг ўзи йўқ. Бечора муслималарни чакана азобга солишмаяпти. Бугун судда Ойша опани кўриб юрак—бағримиз эзилиб кетди. Буткул ақлдан озган одамга ўхшайди. Марғилонлик Шахзода Валиева эса Ойша Ахмедованинг жиноятчи эмаслиги, унга нисбатан қийноқлар қўлланилиб, айбига иқрор қилинаёгани, бу эса адолатдан эмаслигини таъкидлайди.

Ички ишлар мулозимлари бу жарохатларни махбус Ойша Ахмедованинг камерадоши етказган деб изоҳлашади. Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Камолиддин Обидов Ойша Ахмедовани калтакланишида милициянинг алоқаси йўқлигини, уни қотилликда айбланаётган камерадоши урганлигини айтди

— Наталья Князова деган аёл билан бир камерада ётишган, натижада оддийгина сигерат орқасидан жанжал бошланган,- дейди Камолиддин Обидов.

Гарчи Ички ишлар бошқармаси бошлиқлари бу ишни ўрганиб, айбдорларни жазолашга ваъда қилган бўлсада, лекин норозилик қатнашчилари уларнинг ваъдаларига ишонишмади.

– Ўзлари уюштириб, энди шундай баҳона қилишяпти, дейди пикетчилардан бири.— Қўрқишади-да, Тошкентдан комиссия келяпти экан. Ўзларини фаришта қилиб кўрсатишлари керак. Ҳатто «хайит» арафасида ҳам инсофга келишмаяпти булар.

Маҳаллий кузатувчилар Марғилонлик Зухриддин Қодиров, Муқаддас Рустамова ҳамда Ойша Аҳмедовалар устидан шу йилнинг 6 январида бошланган махкама ҳали узоқ давом этишини, лекин уларга хукм ҳам аввалгиларникидан фарқ қилмаслигини айтишади . Жиноят Кодесининг Ўзбекистон Республикаси конституцион тузумига тажовуз қилиш жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материаллар тайёрлаш ва тарқатиш, ноқонуний диний уюшма тузиш ва унга рахбарлик қилиш каби моддалари билан айбланаётган бу фуқаролар уйидан таъқиқланган диний адабиётлар ҳамда уларни кўпайтирадиган ризограф дастгоҳи топилганлиги уларга бериладиган жазонинг енгил эмаслигини кўрсатади.

Давлат рўйхатидан ўтмаган, лекин вилоятдагина эмас, Республика миқёсида ҳам фаолият юритаётган “Ўтюраклар” Клуби рахбари Мўътабар Тожибоеванинг фикрича, бундай норозиликлар келиб чиқишита ҳуқуқ-тартибот идоралари мулозимларининг ўзлари айбдордирлар.

– Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади, деган ҳалқ мақоли бор, – дейди Мўътабар Тожибоева. Арзимаган мансаб, сохта обрў ортидан қувиб натижа излаш, бегуноҳларни хибсга олишнинг оқибати яхши бўлмайди. Айби исботланмаган фуқароларга ўзлари ҳам тушунмайдиган айбларни қўйиш яхшиликка олиб бормайди. Бугунги норозилик чиқиши бунга мисол бўла олади.

Нилуфар.

18.01.20О5

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.