«Ўтюраклар Клуби» рахбари Мўътабар Тожибоева ташаббуси билан «Зухро» маҳалласида ўтказилган ОЧИҚ МУЛОҚОТ баёни
“Биз маҳалламизни Республикада энг ибратли, энг намунали маҳаллага айлантирамиз” мавзусидаги очиқ мулоқот
Фарғона вилояти Марғилон шаҳар “Зуҳро” маҳалласи фуқаролар йиғинининг “Биз маҳалламизни Республикада энг ибратли, энг намунали маҳаллага айлантирамиз” мавзусидаги очиқ мулоқот
Б А Ё Н И № 1
1– июль 2001 йил Марғилон шаҳри “Зухро” маҳалласи
ТАКЛИФ ҚИЛИНГАНЛАР: Оммавий ахборот воситалари вакиллари, шаҳар Хокимияти рахбарлари, шаҳардаги ҳуқуқ тартибот идоралари рахбарлари, аҳолига хизмат кўрсатувчи барча идоралар рахбарлари, шунингдек маҳалла худудида жойлашган ДАН идораси рахбарлари.
ҚАТНАШГАНЛАР:
Марғилон шахар хокими ўринбосарлари Дилором Мухаммедова, А.Бобораҳимов; Марғилон шаҳар маҳалла хайрия Жамғармаси раиси М.Мақсудов; ҲДП Марғилон шаҳар Кенгаши 1–котиби Мухаммадали Исоқов; Марғилон шаҳар “Санэпидстанция” бош хакими М.Тошпўлатов; Марғилон шаҳар Мехнат Бандлик бўлими бошлиғи А.Рўзиев; Марғилон шаҳар ДАН бошлиқ ўринбосари Ж.Фозилов; “Марғилон ҳақиқати” газетаси бош муҳаррир ўринбосари М.Абдураҳимова; Марғилон шаҳар радиоси муҳаррири Т.Юсупалиев, мухбири Х.Тўраев; Марғилон телевидениеси мухбири Ханифа Юнусова; Марғилон шаҳар “Сувоқава” ташкилоти назоратчиси.
Бундан ташқари йиғилишда “Зухро”маҳалласи фуқаролар йиғини маслахатчилари, фаоллари, уй катталари, участка нозири Бахром Мадаминов, ҳалқ посбонлари, маҳаллий кенгаш депутати Эгамберди Яминов ҳамда 200дан ортиқ маҳалла аҳли иштирок этдилар.
Таклифнома берилган, аммо йиғилишга келмаган ташкилотлар рахбарлари:
Марғилон шаҳар прокуратурасидан; Миллий хавфсизлик хизмати Марғилон шаҳар худудий бўлимидан; Марғилон шаҳар Ички Ишлар бўлимидан; Марғилон шаҳар Молия бўлимидан;
Марғилон шаҳар электр тармоқлари идорасидан; Марғилон шаҳар алоқа бўлимидан; “Марғилонгазтаъминот” филиалидан; 3–Ширкат (№ 3 ЖЭКдан); Марғилон шаҳар Иссиқлик манбаидан; Марғилон шаҳар Солиқ Инспекциясидан.
К У Н Т А Р Т И Б И Д А :
1. “Зухро” маҳалласида юзага келган оғир ижтимоий сиёсий аҳволни бартараф этиш юзасидан маҳалла фуқаролар йиғини ва Халқ Демократик Партияси “Зухро” маҳалласи Бошланғич партия ташкилоти қошидаги “Ўтюраклар Клуби” ҳамкорлигида ташкил этилган “БИЗ МАҲАЛЛАМИЗНИ РЕСПУБЛИКАДА ЭНГ ИБРАТЛИ, ЭНГ НАМУНАЛИ МАҲАЛЛАГА АЙЛАНТИРАМИЗ” мавзусида очиқ мулоқот ўтказиш
Йиғилишни “Зуҳро” маҳалласи фуқаролар йиғини раиси М.Даминов очиб, “Зухро” маҳалласи фуқаролар йиғини оғир шароитдаги маҳалла хисобланиб, жиноятчилик, ишсизлик ва бошқа масалаларда ҳам шаҳардаги энг оқсоқ маҳалла эканлиги, ижтимоий муҳофазага мухтож фуқаролар, ногиронлар жуда кўплигини айтиб, ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилганлиги ҳақида гапирди.
Жумладан:
Маҳалла худудидаги ахлат уюмлари тозаланиб, ахлат ташиб кетувчи транспортлар харажатлари учун маблағ йиғиб бориш йўлга қўйилди. Бунинг учун энг аввало ўз ишига совуққонлик билан қараб келган кўплаб уй катталарининг ўрнига яшаб турган уйда хурмат эътиборли, қўни қўшниларига гапини ўтказа оладиган, яъни қўшнилари олдида хурматга сазовар бўлган инсонлар билан алмаштирилди. Шунингдек кам таъминланган оилаларга давлат томонидан ажратилган ёрдам пуллари ва 2 –16 ёшгача бўлган болалари бор оилаларга бериладиган нафақа пулларини ҳал қилгувчи комиссия таркибига ҳам ҳалқни шароитини тўғри тушунувчи инсонлар билан алмаштирилди.
М.Даминов қилинган ишлар билан биргаликда ҳали олдинда бажарилиши керак бўлган вазифалар бир талай эканлиги ҳақида гапириб, ушбу муаммоларни бартараф этишда энг аввало маҳалла зиёлилари бош қош бўлиши кераклиги ҳақида тўхталди.
Марғилон шаҳар хокимининг ўринбосари Хотин қизлар кенгаши раиси Д.Мухаммедова “Зухро” маҳалласидаги камчиликлар, уларни бартараф этиш омиллари ҳақида гапирди. Шунингдек аҳолини ҳуқуқ бурчлари ҳақида тўхталиб, маҳалла ўз–ўзини бошқариш органи сифатида энг аввало маҳалла аҳлининг муаммосини ечимини топиб бергувчи ягона маскан бўлиши кераклигини, шунингдек маҳалладаги ишсизларни иш билан таъминлаш учун мехнат ярмаркаларни ташкил этилаётганлиги, ярмаркаларда қатнашиб ўзига муносиб иш топиш мумкинлигини айтди.
Шунингдек фарзандлар тарбияси назоратга олинмаганлиги боис жиноят кўчаларига кириб кетаётган ёшлар, аҳлоқи бузуқ аёллар, гиёҳвандлар сони кескин кўпаймоқда. Аёллар энг аввало ўзи яшаб турган уйларини олдини тоза сақлашга қизлар ва келинларини жалб қилиб эришишлари мумкин. Турли хил коммунал тўловларни ўз муддатида тўлаб боришга харакат қилмоқ даркорлиги ҳақида тўхталди.
Шаҳар хокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари А.Боборахимов эса ўзи касби бўйича шифокор эканлигини, шунинг учун ҳам шу маҳалла аҳолиси ичида турли хил венерик касалликлар – захм, тери таносил касалига йўлиқиб, махсус рўйхатда турувчи фуқаролар қўплигидан хабардорлигини билдирди. Бундан ташқари бу маҳаллада гиёҳванд моддалар сотиш, исътемол қилиш одатий ҳолга айланиб қолаётгани, фарзандларимиз келажагини ўйласак бундай камчиликларга қарши дадил кураш очиш кераклигини айтди.
Шаҳар Санэпидстанциясининг бош хакими М.Тошпўлатов эса охирги пайтда маҳаллада тозаликка эътибор кучайтирилиб, ахлат уюмлари тозаланганини гапирди ва ичимлик сувларни юқори қаватларга чиқмаслиги сабаби сувни хўжасизларча исроф қилиниши, бепарволик туфайли ичимлик сув таъминотида қийинчиликлар бўлаётганлигини айтди.
Сўзга чиққан Марғилон шаҳар Ҳалқ Демократик Партиясининг 1–котиби Муҳаммадали Исақов “Зухро” маҳалласи охирги йилларда нихоятда оғир вазиятдаги маҳаллалардан бири бўлиб қолгани барчани хавотирга солганини гапирди. Ушбу камчиликларни бартараф этиб, маҳаллада борган сари ўсиб бораётган жиноятчиликка қарши кураш учун маҳалланинг бошланғич партия ташкилоти қошида “Ўтюраклар Клуби” ташкил этиб иш бошлаган Мўътабар Тожибоеванинг хизматлари чексиз эканлигини гапирди. Чунки бу Клуб “Биз жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши курашамиз – Биз огоҳмиз!» шиори осиида фаолият юритиб, наркомафияга қарши дадил кураш очди.
Бундан 1–2 йил аввал маҳалладаги кўп қаватли уйларни подъездларида маҳалла аҳлига нотаниш бўлган кимсалар ёш болалар кўзи ўнгида героин махсулотини томирига укол қилиб юриш даражасига етган бўлса, бугунги кунда наркотик моддаларни ёшлар кўзи ўнгида исътемол қилувчилар умуман қолмагани, лекин наркотик модда сотувчилар йўқолиб кетмаётганлиги, айниқса маҳаллада наркотик модда сотувчиларнинг кўпчилиги аёллар эканлиги барчани қийнаётганлигини айтди.
Бугунги очиқ мулоқот ҳам айнан “Ўтюраклар Клуби” ва маҳалла фуқаролар йиғини ташаббуси билан уюштирилганидан беҳад қувонганини, бундай тадбирлар тез –тез ўтказилиб турса маҳалла аҳлини қийнаб турган муаммолар бартараф этилишига ишонишини билдирди.
ДАН бошлиғи ўринбосари Ж.Фозилов техника хавфсизлиги бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди ва “Зухро” маҳалласи худудида жойлашган ДАН рахбар ва ходимлари маҳалла билан ҳамкорлик қилишга доим тайёрлигини билдирди. Маҳаллани муаммоларини ҳал этиш учун транспорт воситалари керак бўлганда ёрдам бериб келишаётганини айтди.
Марғилон шахар радиосининг мухбири Хасанбой Тўраев маҳалладаги ёшлар муаммоси ота –оналарнинг ўз фарзанди тарбиясига лоқайдлик билан қараётгани учун авж олиб кетаётганини гапирди. Шунингдек маҳалладаги “Ўтюраклар Клуби”ни фаолиятига бахо берар экан, нафақат шаҳарда, балки Республикадаги ҳар битта маҳаллада шундай “Ўтюраклар Клуби” иш олиб бориши зарурлигини билдирди. Чунки борган сари қоронғу зулматга кириб кетаётган маҳалла аҳлини маҳалланинг ўзидаги жасоратли, қўрқмас ва дадил инсонларгина сақлаб қолиши мумкинлигини, бунинг амалдаги исботини бугун шу ерда тўпланган барча инсонлар гувоҳи бўлаётганлинини айтиб, Мўтабар Тожибоеванинг яқинда нашрдан чиққан “ОГОҲ БЎЛАЙЛИК” номли китобчасида ҳам энг аввало ҳар бир инсон ўз маҳалласини турли ҳил жиноятчилар макони бўлиб қолишдан сақлаши кераклиги ҳақидаги фикрлар олға сурилганини айтиб, бугун Она Ватанимизни муносиб фарзандиман деган ҳар бир инсон энг аввало ўз маҳалласи учун жон куйдириши керак, чунки “Ватан остонадан, яъни маҳалладан бошланади” дея гапига якун ясади.
Шундан сўнг маҳалла аҳли ўзларини қийнаб келаётган муаммолар ҳақида гапирдилар:
1. “Зухро” кўчаси 11–уй 10–хонадонда яшовчи уй каттаси В.Астахова “Зухро” маҳалласида 5000дан ортиқ аҳоли яшаши, аҳолининг кўпчилик қисмини ижтимоий мухофазага мухтож, кам таъминланган, кўп болали оилалар ташкил этиши, Давлат томонидан берилаётган моддий ёрдам учун ажратилган маблағлар эса фақатгина 14 кишига етгулик ажратилаётганлигини гапирди. Шунингдек ширкат хўжалиги аҳоли билан контракт шартномаси тузмаган, лекин уй тўловларини талаб қилиб келмоқда;
2. “Зухро” кўчаси 35–уй 20–хонадонда яшовчи уй каттаси Саидахмедова Ёрқиной маҳаллада ташкил этилган дискотекада маҳалланинг ёшлари ярим кечагача қоронғилаштирилган майдонда ярим яланғоч холатда рақс тушаётганлиги, бу ишлар миллий урф одатларимизга зид эканлиги, ёшларимизнинг тарбияси бузилаётганлигини, маҳалладаги ишсиз ёшлар жуда ҳам кўплигини эътиборга олган ҳолда шу дискотека ўрнига хунармандлар тўгараги ва спорт –соғломлаштириш шахобчалари ташкил этишни гапирди;
3. 11–уйда яшовчи фуқаро Дадабоева кўп қаватли уйларда ит, қўй, мол, товуқ ва бошқа хайвонлар боқиш мумкинми –йўқми, шуни билишни исташини айтди. Чунки мутассади ташкилотларга қайта –қайта ёзма равишда мурожаат қилганлигини, лекин ҳеч қандай натижа йўқлигини айтди.
4. “Зухро” кўчаси 17–уй 17–хонадонда яшовчи фуқаро анча йиллардан буён подваллар дизенфекция қилинмай қўйгани, бунинг натижасида таракан, бурга ва каламуш кўпайиб кетганини гапирди;
5. А.Яссавий кўчасидан фуқаро Г.Миржалолова бугунги ёзнинг иссиқ кунларида сувни ўчириб қўйилаётгани, 4–этажга эса сув умуман чиқмаслиги, бунинг натижасида касалликлар авж олаётганини гапирди;
6. “Зухро” кўчаси 12 ва 14–уйлар фуқаролари номидан гапирган Тян Римма 12 ва 14 –уйлар орқасидаги “Турон шойиси” хиссадорлик жамиятига қарашли бўлган 1 гектарликдан катта майдонни эгаллаган Тошховуз бугунги кунда наркоманлар ва маиший бузуқлар учун макон бўлиб қолганини, энг аввало ховуздан таралаётган сассиқ хидга чидаб бўлмаслигини, шунингдек ҳар куни кечаси наркоманлар ва енгилтабиат аёллару– эркаклар ярим кечасигача қий –чув қилиб, уятсиз, шармсиз хатти –харакатлар қилишаётганлиги, тинч аҳолининг тинчини бузишаётгани, бу холатлар ҳақида маҳалла ахолиси мутасадди ташкилотларга уч йилдан буён ёзилаётганлигини, лекин ҳеч қандай чора кўрилмаётганлиги ҳақида гапирди. Шунингдек бу ховузда чўмилаётиб чўкиб нобуд бўлган ёш гўдаклар уволи ҳам шу лоқайд рахбарларни чўчитмагани одамни лол қолдиради. Бундан ташқари кўп қаватли уйнинг пастига товуқ, ўрдак каби хайвонларни боқувчи қўшниларни бу уй хайвонлари сассиқ хиди ва қий –чуви билан аҳолини тинчини бузганлиги учун чора кўришни сўраб, шаҳар Санэпидстанциясига бундан бир йил аввал мурожаат қилинган. Лекин ҳеч қандай натижа йўқ;
7. “Зухро” кўчаси 35–уй 9–хонадон фуқароси Фотима опа 7 йилдан буён қишги мавсумда уйи умуман исимаслиги, лекин исимаган совуқ уйлар учун иссиқлик учун тўловни тўлашни ЖЭК талаб қилаётганини, иситиш муаммоси билан эса умуман қизиқмаётганлигини гапирди. Хизмат кўрсатиш талаб даражасида эмас, аммо тўловлар ҳақи борган сари ортиб кетмоқда;
8. ”Зухро” кўчаси 43–каттаси Тешабоев Анваржон уй, электр, газ, сув ва бошқа тўловларни тўлашни талаб этилаётгани, аммо ишчиларга иш ҳақи ўз вақтида берилмаётганлигини гапирди. Жумладан, “Турон шойиси”да ишчилар иш ҳақи ўрнига қиммат нархда материал беряпти. У берилган материалларни бозорга олиб бориб ярим нархига ҳам сотишини имкони йўқлигини гапирди;
9. Бундан ташқари маҳалладаги мавжуд спорт майдончаларини қайта тиклаш кераклиги, 3–ЖЭК бўлимидан маҳалла фуқаролар йиғинига барча спорт анжомларини топширишни талаб этишни, ҳамда 3–ЖЭК рўпарасидаги болалар спорт майдончасини ўралган темир панжараларни Киргули маҳалласидаги масжидни ўраш учун бериб юборилгани, уни зудлик билан қайтариб олиш кераклигини айтишди. Чунки бу панжаралар кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролардан йиғилган пулга сотиб олинган эди;
10. “Зухро” маҳалласи худудидаги ерни “Камолот” ижтимоий ёшлар харакати шаҳар бўлимига ажратилганлигини, у ердан олинган махсулотнинг 50 фоизини “Камолот”га топширилиши, лекин бу ёшлар ташкилоти “Зухро” маҳалласи ёшлари учун ҳеч қандай иш қилмагани, маҳалла ёшларининг жиноят кўчасига кириб кетишини олдини олиш учун бирор қадам қўймагани учун бу ташкилот фойдаланаётган ерни маҳалла ихтиёрига олинсин;
11. Маҳалладаги кўп қаватли уйлар ва кўчаларни ёритиш яхши йўлга қўйилмаган. Электр тармоқлари идоралари нима учун бу ишга совуққонлик билан қараяпти?;
12. “Зухро” маҳалласи вазияти энг оғир маҳалла хисобланади. Жиноятчилик авж олган бу маҳаллада бугунги кунда на маҳалла фуқаролар йиғини идорасида, на участка нозири хонасида телефон ишламайди. Бунинг натижасида бошланган жанжал тўполон вакиллаарага хабар берилиб, улар етиб боришгунча жиноят содир этиш холатлари юз бермоқда;
13. “Зухро” маҳалласи шаҳардаги энг иқтисодий ночор маҳалла хисобланади. Юқоридагиларни эътиборга олган холатда маҳалла худудидаги магазин, ошхона, қассобхона, нонвойхона ва шунга ўхшаш хизмат кўрсатиш шахобчалари ва маҳалла фуқаролари томонидан бошқариладиган кира қилувчи РАФ автомашиналарни солиқ тўловлари суммаси шу маҳалланинг хисоб рақамига тўлаш таклифи билан чиқилди. Чунки маҳаллани жуда тезлик билан бу оғир аҳволдан олиб чиқиш зарур. Марғилон шаҳар Солиқ инспекцияси рахбарлари маҳалладаги вазиятни мураккаблигини хисобга олган ҳолда бу масалага ижобий ёндашсалар савоб қилган бўлардилар.
14. Маҳалладаги асфальт йўллар ўйдим –чуқур бўлиб етибди. Йўлларни текислаш даркор.
15. Шаҳардаги барча маҳаллаларни оталиққа олган моддий жихатдан бақувват ташкилотлар бор. Маҳалладаги аҳволни эътиборга олган ҳолда шаҳар хокимияти “Зухро” маҳалласига оталиқ қилиш қўлидан келадиган ташкилотга бириктириб қўйилсин.
16. Маҳалладаги ёшлардан ташкил топган футбол командаси спорт билан шуғулланиш учун шарт–шароит йўқ. Маҳаллада жойлашган стадионга бу ёшларни спорт билан шуғулланишлари учун киритилмайди. Маҳалла болалари ўзи яшаб турган маҳалласида стадион бор бўла туриб, қаерга бориб спорт билан шуғуллансин?
Маҳаллада бугунги кунда мавжуд бўлган ушбу муаммолар юзасидан савол–жавоблар бўлгандан сўнг шахар Мехнат ва Бандлик бўлими бошлиғи А.Рўзиев касб хунарга эга бўлган фуқароларни 6–7 нафар ёшларни тўплаб ўз касбига ўргатишни, ана шунда мехнат–бандлик бўлими томонидан уста–шогирд тўловлари устозга ва унинг шогирдларига тўланишини билдирди. Шунингдек маҳалла аҳолисининг ижтимоий мухофазага мухтож қатлами кўплигини эътиборга олиб, ёзишма билан чиқилса молия бўлими билан ҳамкорликда ижобий ҳал этиш йўлини топиш лозимлигини билдирди.
Очиқ мулоқот сўнгида “Ўтюраклар Клуби” рахбари Мўътабар Тожибоева сўзга чиқиб, ушбу очиқ мулоқотнинг асл мақсади рахбарлар билан ҳалқнинг ҳамкорлигида, ҳамжихатлигида маҳалладаги мавжуд муаммоларни бартараф этишдан, “Зухро” маҳалласини жуда қисқа давр ичида Республикадаги энг ибратли, энг намунали маҳаллага айлантиришдан иборатлигини гапирди. Ана шу эзгу ният билан ташкил этилган биринчи очиқ мулоқотга таклиф этилган ўнлаб ташкилотлар, хусусан шаҳардаги ҳуқуқ тартибот идоралари рахбарлари ва 7 та аҳолига хизмат қилувчи идораларнинг рахбарлари очиқ мулоқотга ташриф буюрмадилар. Ваҳоланки юртбошимиз И.А.Каримов “Ҳалқ ноиблари ва рахбарлар ўз сайловчилари олдида ўз вақтида хисобот беришлари ҳам қарз, ҳам фарздир” деганлар.
Бугунги тадбирга кўплаб ташкилотларнинг рахбарлари ташриф буюрмаганлиги учун наркоманияга, жиноятчиликка доир аҳолининг саволлари жавобсиз қолди. “Зухро” маҳалласи аҳолиси номидан ҳалқнинг таклифини бажонидил қабул қилган ва ушбу тадбирда иштирок этган мехмонларга миннатдорчилик билдириш билан биргаликда “Биз маҳалламизни Республикада энг ибратли, энг намунали маҳаллага айлантирамиз” мавзусидаги очиқ мулоқотлар “Зухро” маҳалласида ҳар ойда тахлил этилиб, ўтказилишини билдирди ва ушбу очиқ мулоқотга таклиф этилган ва сабабсиз қатнашмаган ташкилотларни келгуси мулоқотларга вилоятдаги рахбарларини таклиф этилишини айтди.
“Зуҳро” маҳалласи аҳолисининг кўтарган муаммолари ва мутасадди ташкилотларнинг рахбарларини берган жавобларини атрофлича мухокама қилиниб умумий йиғилиш
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ушбу очиқ мулоқотда “Зухро” маҳалласида мавжуд бўлган ва очиқ мулоқотда мухокама қилинган 16 та долзарб масалаларни ечимини топиш учун ва кўрсатилган камчиликлар юзасидан чора кўришликни сўраб очиқ мулоқотга таклиф этилган барча мутасадди ташкилотларга йиғилиш баёни тарқатилсин;
2. Очиқ мулоқотда кўтарилган муаммоларни бартараф этилиши юзасидан келгуси очиқ мулоқотда, яъни 4 –август куни бўладиган тадбирда бу мавзуларга яна қайтилишини эътиборга олинсин;
3. Ўтказилган ва яна келгусида ўтказиладиган очиқ мулоқотларни Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб борилсин;
4. Очиқ мулоқотга таклиф этилган ва иштирок этмаган ташкилотларнинг рахбарларига келгуси очиқ мулоқотга Вилоят миқёсидаги рахбарларини таклиф этилишини маълум қилинсин;
5. 4 –августда бўладиган очиқ мулоқот мавзуси ҳуқуқий билимга бағишланишланган мавзулар мухокамасига бағишлансин. Шунингдек маҳалла аҳолисига савдо хизмати кўрсатишни аҳволи мухокама қилинсин;
6. 4 –августда ўтказилажак очиқ мулоқотга “Зухро” маҳалласидан вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган Анваржон Мирзаев таклиф этилсин;
7. 4 –августда ўтказиладиган очиқ мулоқотга маҳалла худудида жойлашган барча ташкилотлар, аҳолига савдо, маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари, ўқув юртлари, болалар боғчалари рахбарлари ва маҳаллада яшовчи барча зиёли фуқаролар иштирок этиши зарурийлиги билдирилсин ва уларни қатнашишларини таъминлашни уй катталари ва маҳалла фаолларига юклатилсин.
“Зухро” Маҳалла Фуқаролар Йиғини раиси: М.Даминов
“Ўтюраклар Клуби” рахбари: М.Тожибоева
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish