HARAKAT JURNALI: Фарғоналик ўтюрак аёлнинг эркакларча кураши
1 июль куни Фарғона шаҳрида Марғилондаги «Ўтюраклар» аёллар Клубининг раисаси, мустақил журналист Мўътабар Тожибоева милиция томонидан хибсга олинган.
Маълум бўлишича, ҳамма нарса Мўътабар Тожибоева Фарғона вилояти жиноий ишлар бўйича суди биносини пикет қилиши тўғрисида билдириш бергандан сўнг бошланди. Унинг айтишича, Фарғона вилояти суди унинг товламачи Эргашев Рахим устидан судга берган аризасини ўз вақтида кўриб чиқмаган. Охунбобоев тумани судяси Маъруф Қаюмов эса ишга алоқадор материалларни йўқ қилиб юборган.
Пикет қилишга билдириш берганидан кейин ўз уйига танишининг автомобилида қайтаётган Тожибоевани ДАН ходимлари тўхтатишиб, уни Киргули тумани ИИБсига олиб боришипти. Ички ишлар бўлимида милиция подполковниги Акром Ботиров бошчилигида уни тинтув қилишган ва изоляторга қамаб қўйишган. Тожибоеванинг айтишича, милиция капитани Сайфуддин Тиллаев унга куч ишлатиб бошига урган.
Мўтабар Тожибоева қамоққа олинишининг бошқа сабаби борлигини ҳам айтмоқда. «Хибсга олинишдан бир кун олдин, – дейди у, – Америкалик журналист Скотт Паттерсенни Дўрмон қишлоғига олиб борганман. Охунбобоев туманида жойлашган Дўрмон қишлоғида Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари «Хизб-ут-тахрир» партиясига алоқадор деб гумон қилинаётган бир йигитни уриб ўлдиришган эди. Мени айнан журналистни шу қишлоқга олиб борганим учун эртасига қамоққа олишди. Қамоққа олинганимда, ҳатто менинг ички кийимларимни ҳам эркак милиционер титиб кўриб, ички кийимларим ичига наркотик модда солиб қўймоқчи бўлди».
Хуллас, эртасига Мўътабар Тожибоева устидан суд бошлашди. Лекин, судья Тожибоеванинг харакатларида дарҳол хибсга олиш учун сабаб тополмасдан, уни озод қилди. Лекин унга нисбатан очилган жиноий иш давом этажагини билдириб, суд ишида танаффус эълон қилди.
Бу орада Киргули суди биносига Тожибоеванинг ўнлаб тарафдорлари келишди ва зудлик билан бу спектаклни тўхтатишни талаб қилишди. Бир гуруҳ қариялар эса бошқа акциялар ўтказишга ҳам тайёр эканликларини билдиришди.
Суднинг кейинги мажлислари 30-31 июль кунлари Киргули тумани судида бўлиб ўтди. Суд Тожибоеванинг харакатларида маъмурий қонунбузарчилик бор, лекин булар унга жазо бериш учун етарли эмас, деб топди. Яъни, очилган жиноий ишни маъмурий ишга айлантирди. Жасур аёл эса суднинг бу хукмидан норози эканлигини ва ҳеч қандай қонунбузарчилик қилмаганини айтиб, ҳақиқатни излаш учун яна курашини давом эттиражагини эълон қилди.
HARAKAT JURNALI № 4 (37) 2002 -> Воқеалар хроникаси
(Июль-август, 2002 йил)
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish