Ишчиларнинг сўнгги чораси – иш ташлаш…
2003 йил 10 август
Ўзбекистонда сўм конвертациясига эришиш (агар эришиб бўлса) халқимизга жуда қимматга тушмоқда. Шу мақсадда сўм қадрини (қийматини) барқарорлаш ва ошириш учун хукумат муомаладаги сўмлар (банкнотлар) миқдорини, қандай қилиб ва қандай йўллар билан бўлмасин, камайтиришни ўзига қаттиқ аҳду паймон қилиб олган.
Масалан, тадбиркорларнинг савдо тушумларини мажбурий инкассация қилиш, деҳқонлар ҳақларини беришни йиллаб, ишчи-хизматчилар маошларини тўлашни ойлаб пайсалга солиш каби хатти-харакатлар ўша йўллар жумласидандир.
Мана, 6 ой ўтяптики, Фарғона нефтни ишлаш заводи ишчилари ҳам ўз ҳақлари (маошлари, болалари нафақалари, хатто 2001 йил дивидендлари)ни ололмай хуноблар.
Улар, ҳуқуқ ҳимоячилари хабарига кўра, оилаларини боқиш учун қарзга ботишган, бисотларидаги буду-шудларини сотмоқдалар ва хоказо. Айни вақтда завод рахбарлари эса ўзлари учун данғиллама дала ховлилари қуришга пул топишмоқда.
Маълум бўлишича, завод ишчиларининг шикоятлари бўйича юқори идораларнинг вакиллари хозиргача бу ерда 4 марта (шу йилнинг феврал, март, май ва июл ойларида) бўлишиб, «ишчиларнинг ҳақлари ўз вақтида берилади» дея, ҳар гал ваъда инъом қилишар экан. Лекин ҳамон пулдан дарак йўқ.
Шунинг учун 8 августда заводнинг 5000 кишилик жамоаси номидан 344 киши Ўзбекистон ва Фарғона вилояти рахбарларига яна бир бор шикоят аризаси йўлладилар. Улар август ойи ичида талаблари бажарилмаган тақдирда сўнгги чорани қўлламоқчилар: иш ташламоқчилар.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish