Фарғона водийсида қийноқлар ва тазйиқлар кучаймоқда

Кузатувчиларнинг эътироф этишича, сўнгги вақтларда Фарғона водийси вилоятларида ҳукумат сиёсатига қарши фикрлайдиганларга нисбатан қийноқлар ва тазйиқлар кучайтирилгани кузатилмоқда.

Яқинда Фарғона ички ишлар бошқармаси бошлиғи Аминжон Тошхўжаев ўз лавозимидан бўшатилиб, ўрнига Ҳаким Ғойибназаров тайинлангач, вилоятда фаолият олиб бораётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мухолифат вакилларига тазйиқлар янада кучайди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашевнинг айтишича, “Ўтюраклар” клуби фаоли, Олтиариқ туманидаги Навоий маҳалла фуқаролар йиғини раисаси Мавжуда Отақулова устидан суд жараёни давом этаётган бир пайтда вилоят марказида “Эрк” партияси аъзоси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан калтакланган.

Унинг таъкидлашича, эркчи Бахтиёр Мусиддиновни вилоят ИИБнинг қотиллик билан боғлиқ жиноятлар бўлими бошлиғи подполковник Адҳам Ҳайдаматов шу даражада шафқатсиз калтаклаганки, у вилоят эндокринология шифохонасига ётқизилган.

Шифокорлар унинг ҳаётини зўрға сақлаб қолган. Аммо ИИБдагилар “Озодлик” мухбирига Б.Муҳиддинов милиция ходимлари томонидан калтакланганини рад этди.

Наманганда яқинда ташкил этилган «Ҳимоя гуруҳи” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Собитхон Устабоев наманганлик Комил Муҳиддиновнинг тергов ҳибсхонасидан ота-онасига ёзган хатидан парча келтиради. Хатда айтилишича, Комилни ҳибсхонада мунтазам калтаклашган. Охири йигитлик ғурурини поймол этмоқчи бўлганларидагина у қилмаган айбни бўйнига олган.

1981 йилда туғилган К.Муҳиддинов 2001 йил 24 августда Давлатобод тумани суди томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 3-банди «Б” қисми билан айбланиб, 13 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ушбу ҳукмдан сўнг Комилнинг ота-онаси Олий судга мурожаат қилади ва шундан сўнг у оқланади. Озодликка чиққандан кейин Комил етти ой давомида даволанганига қарамай, ҳибсхонадаги қийноқлар асоратидан вафот этади.

Хабарларга қараганда, Комилнинг ота-онаси ўғлини ноқонуний суд қилганлар, қийноқ орқали йўқ айбни бўйнига қўйганлар жазоланишини сўраб турли идораларга мурожаатлар қилмоқда. Бироқ бу шикоятларнинг барчаси эътиборсиз қолаётир.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.