Милиция ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилишдан тўхтаётгани йўқ
Фарғонадаги «Ўтюраклар» Клуби ташкилоти рахбари Мўътабар Тожибоева 30 июн куни соат 11-30 да ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубовнинг Юнусободдаги идорасида оммавий ахборот воситаларига, ҳусусан «Ахборот» кўрсатуви журналисти Мухаммаджон Обидов ва «Хуррият» газетасига бўлган муносабати ҳақида матбуот анжумани уюштирди.
Анжуманда Фарғонадаги Туэл қишлоқ фуқаролар йиғинининг раиси Эркин Қўзиев, Мухаммаджон Обидов томонидан хозирланиб, «Ахборот» кўрсатувида намойиш қилинган «пахта даласида маош тарқатиш» тўқима лавхасида қатнашган аёллар, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда «Озодлик» ва «Би-би-си» радиоларининг мухбирлари қатнашишган.
Толиб Ёқубовнинг уйида ташкил қилинган мазкур матбуот анжумани тугаб, соат 13-30 лар атрофида қатнашчилар тарқалаётганида Аъзам Турғунов, Абдужалил Бойматов ва Юрий Коноплёвларни шу атрофда кутиб турган милиция ходимлари тўхтатишган ва хужжатларини талаб қилишган. Бунга жавобан ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам милиция ходимларидан хужжатларини кўрсатишни талаб қилганлар.
Маълум бўлишича, бу милиция ходимлари Юнусобод туман ИИБ патрул хизмати катта лейтенанти Дилмурод Очилмуродович Қулиев ва сержант Жахонгир Абдуқодировлар экан. Милиционерлар Аъзам Турғунов ва Абдужалил Бойматовнинг хужжатларини кўриб чиқиб, шахсингизни аниқлаймиз деб милиция пунктига мажбуран олиб боришган. Бунда улар агар шахснинг ёнида тасдиқловчи хужжати бўлса ҳам, барибир уни милиция пунктига олиб келиш ҳақида буйруқ борлигини рўкач қилишган.
«Орадан ярим соат чамаси вақт ўтгандан кейин мана шу, яъни Юнусобод тумани, 4-квартал, Наврўз маҳалласи қошидаги 409-милиция пунктига Фарғонадан анжуманга қатнашиш учун мехмон бўлиб келган 10 та одамни ҳам олиб келишди», – дейилади хабарда.
Милицияхонага олиб келинганларнинг паспорти бўлишига қарамай, ўзини ИИВ масъул ходими деб таништирган милиция майори Тойирбек Садирович Турсунхонов маҳалла участка нозирига: «Буларнинг ҳаммасига 194-модда билан хужжат расмийлаштиргин», – дея дўқ ура бошлаган. Унинг ёнида юрган ва ўзини таништирмаган яна бир кимса эса: «Агар керак бўлса, чўнтакларингга наша ҳам тиқиб қўямиз», – деб пўписа қилган.
Шу куни соат 16-30 ларда «Хьюман Райтс Вотч» вакиллари Аллисон Гил ва Карло ҳамда «Озодлик» ва «Америка овози» журналистлари Хусниддин ва Абдумаликлар бу ерга етиб келишганидан сўнг ушлаб кетилганларнинг барчаси қўйиб юборилган.
Мусулмон Ўзбекистон
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish