«Буларнинг ҳаммасига 194-модда билан хужжат расмийлаштир!»
Тошкент шаҳар Юнусобод тумани прокурорига
Фарғона вилояти, Марғилон шаҳар, Зухро кўчаси, 31-уй, 31-хонадонда яшовчи Мўътабар Ибрагимовна Тожибоева;
Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани, Туюл қишлоғи фуқаролари Эркин Қўзиев, Мухторжон Рахимов, Ўктамхон Қодирова,
Мақсудахон Ризақулова, Дилрабохон Зокирова, Мухаммаджон Бойматов;
Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани, Учбулоқ қишлоғи фуқароси Содиқжон Қиронов;
Тошкент шаҳар, «Ғалабанинг 40-йиллиги» массиви, 2-квартал, 22в, 32-квартирада яшовчи Абдужалил Акрамович Бойматов;
Тошкент шаҳар, Чилонзор-3, 38-уй, 3-квартирада яшовчи Юрий Константинович Коноплев;
Тошкент шаҳар, С.Рахимов тумани, Қорақамиш-2/4, А.Юнусов кўчаси, 3-уй, 32-квартирада яшовчи Аъзамжон Турғуновлардан
ШОШИЛИНЧ ШИКОЯТ АРИЗА
Мухтарам прокурор!
30 июнь 2004 йил
Бугун 2004 йил 30 июнь куни «Ўтюраклар» Клуби ташкилоти рахбари Мўътабар Тожибоева ташаббуси билан соат 11-30 да ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубовнинг Юнусободдаги идорасида оммавий ахборот воситаларига, ҳусусан «Ахборот» кўрсатуви журналисти Мухаммаджон Обидов ва «Хуррият» газетасига бўлган муносабати ҳақида матбуот анжумани уюштирилди.
Мазкур матбуот анжуманида Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани, Туюл қишлоғи фуқаролари – Ўзбекистон тумани Туэл қишлоқ фуқаролар йиғинининг раиси Эркин Хаёнович Қўзиев, Туэл маҳалласи посбони Мухторжон Махмудович Рахимов, Ўктамхон Юсуповна Қодирова, Мақсудахон Хасановна Ризақулова, Дилрабохон Расуловна Зокирова, Мухаммаджон Ваҳобович Бойматов, Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани, Учбулоқ қишлоғи фуқароси ҳуқуқ ҳимоячиси Содиқжон Қиронов, Фарғона вилояти Боғдод туманида яшовчи Патилахон Абдуллажоновалар иштирок этишди.
Анжуман тугаб, соат 13-30 лар атрофида қатнашчилар тарқалаётганида Толиб Ёқубов хонадонини биринчи бўлиб тарк этган ҳуқуқ ҳимоячилари Аъзам Турғунов, Абдужалил Бойматов ва Юрий Коноплёвлар Юнусобод тумани, 4-кварталида кўчада кетаётганларида шу атрофда уларни кутиб турган ва ўзини таништиришни хохламаган нотаниш кимсалар томонидан тўхтатилдилар.
Нотаниш кимсалар ҳуқуқ ҳимоячиларидан хужжатларини кўрсатишларини талаб қилишди. Бунга жавобан ҳуқуқ ҳимоячилари нотаниш кимсалардан ҳам ўзларини хужжатларини кўрсатишни талаб қилишди. Нотаниш кимсалар хужжатларини тақдим қилишмади, лекин милиция ходимлари эканлигини айтишди. Кейинчалик аниқланишича бу милиция ходимлари Юнусобод туман ИИБ патрул хизмати катта лейтенанти Дилмурод Очилмуродович Қулиев ва сержант Абдуқодиров Жахонгир экан.
Милиционерлар уларнинг хужжатларини кўриб чиқиб бўлгач, “Шахсингизни аниқлаймиз, рахбарларимиз сизлар билан сухбатлашмоқчилар” деб ҳуқуқ химоячиларини улар билан биргаликда милиция участкасига мажбуран олиб боришди.
“Мана қўлимиздаги паспортларимизни сизларга тақдим қилдик. Қонун бўйича агар шахснинг ёнида тасдиқловчи хужжати бор бўлса, унда яна қандай усул билан шахсимизни аниқлашингиз керак?” деган мазмунда берилган саволларга милиционерлар “Барибир сизларни милиция пунктига олиб бориш ҳақида буйруқ бор. Биз буйруқни бажаришимиз шарт” дейиш билан чекланишди.
Шундан сўнг милиционерлар ҳуқуқ фаолларини Юнусобод тумани, 4-квартал, Наврўз маҳалласи қошидаги 409-милиция пунктига олиб боришди.
Айни шу пайтда яна бошқа формасиз нотаниш кимсалардан бир нечтаси 15 М 83-01 рақамли зангори ДАМАС автомашинасида кетаётган Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидан Тошкентга келган фуқароларни 30-ж 79-54 рақамли оқ Нексия автомашинаси билан йўлларини тўсиб чиқиб, Дамасни тўхтатишди.
Тахминан 35 ёшлардаги ўзини таништирмаган нотаниш йигит «Сизлар Фарғоналик мехмонмисизлар?» деб сўради. Мехмонлардан тасдиқ жавобини олганларидан кейин уларга ҳам шахсларини аниқлаш учун худуд профилактика таянч пунктига олиб боришлари шартлигини айтди.
Ўзининг хамроҳларига нисбатан қилинаётган ноқонуний муносабатни кўрган Мўътабар Тожибоева ўша нотаниш кимсадан мехмонларни тўхтатиши сабабини сўраганида у кимса “Сизни биров тўхтатгани йўқ. Йўлингиздан қолманг” деди. Лекин Мўтабар Тожибоева ҳаммаслаклари олиб кетилаётган милиция пунктига борди.
Милиция пунктига олиб келинганларнинг барчасининг қўлларидаги паспортларини олиб текшириб кўрганларидан кейин, ўзини ИИВ масъул ходими деб таништирган милиция майори Тойирбек Садирович Турсунхонов маҳалла участка нозирига: «Буларнинг ҳаммасига 194-модда билан хужжат расмийлаштиргин», – деган ва тутиб келтирилганларга дўқ ура бошлади.
Унинг ёнида юрган ва ўзини таништирмаган яна бир кимса эса: «Агар керак бўлса, чўнтакларингга наша ҳам тиқиб қўямиз», – деб пўписа қилди.
Шу куни соат 16-30 ларда «Хьюман Райтс Вотч» вакиллари Аллисон Гил ва Карло ҳамда «Озодлик» ва «Америка овози» журналистлари Хусниддин Қутбитдинов ва Абдумалик Бобоевлар милиция пунктига етиб келишганидан сўнг ушлаб кетилганларнинг барчаси қўйиб юборилди.
Милиция пунктидаги қонунбузилишлар, ҳақоратлар ва камситишлар ҳақида батафсил тарзда сизга қўшимча равишда хабар қиламиз. Хозир эса бугунги ноқонуний тутиб кетилганимиз ва ҳуқуқларимиз бузилганлиги юзасидан ушбу шошилинч шикоят аризамизни ўз назоратингизга олиб бизнинг ҳуқуқ ва эркинликларимизни бузган милиция мансабдорларига нисбатан қонуний чора кўришингизни сўраймиз.
Мўътабар Ибрагимовна Тожибоева: имзо
Эркин Хаёнович Қўзиев: имзо
Мухторжон Махмудович Рахимов: имзо
Ўктамхон Юсуповна Қодирова: имзо
Мақсудахон Хасановна Ризақулова: имзо
Дилрабохон Расуловна Зокирова: имзо
Мухаммаджон Ваҳобович Бойматов: имзо
Содиқжон Қиронов: имзо
Абдужалил Акрамович Бойматов: имзо
Юрий Константинович Коноплев: имзо
Аъзамжон Турғунов: имзо
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish