Мўътабар Тожибоева: Биз терроризмга қаршимиз!
Т Е Л Е Г Р А М М А
Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 6 уй. Президент девонига
Президент Ислом Каримовга
Яна Ўзбекистонда қўпорувчилик харакати содир этилди. Яна қурбонлар берилди. Ачинарлиси ўзбек ҳалки секин аста портлашларга, қурбонликлар беришга кўникиб бормоқда.
Охирги портлашлар аввалгиларидан кескин фарқ қилиб, Республика бош прокуратураси биноси ичида, Америка Қўшма Штатлари ва Исроил давлатининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари бинолари ёнида содир этилди.
Ўзбекистон хукумати 1999 йил 16–февраль кунги, 2004 йил 3– март, 1–апрель кунларидаги қўпорувчилик харакатларидан кейин аҳоли ўртасида гўёки тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтирди.
Бу ҳақда газеталар жуда кўп ёзди. Телевидение-радиоларда тинимсиз эфирга узатилди. Лекин бу тарғибот–ташвиқотлар ўзбек ҳалқига, ўзбек хукуматига ва ҳаттоки кенг жамоатчиликка нима берди?
Ҳўш, бундан 4 ой аввал содир этилган қўпорувчиликдан кейин аҳоли ўртасида «Терроризм нима, унинг оқибатлари нима билан тугайди?», «Терроризмни олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш керак?» мазмунида тушунтириш ишлари олиб борилдими?
Албатта, маҳаллий хокимиятлар, маъмурий органлар жойларда аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилганлигини исботловчи қораламалар, йиғилиш протоколларини ғарам-ғарам қилиб кўрсатишлари мумкин. Асли ўша йиғилишлар ўтказилганми? Йиғилишлар ўтказилган бўлса бу тадбирлар ташкилотчилари йиғилиш қатнашчилари кўнглига қўл сола олдими? Бугун уларни нима муаммо қийнаяпти? Бу муаммоларни ечиш йўли қандай?
Нима учун бу масалалар амалдорлар иштирок этаётган йиғилишлар баённомаларида расмийлаштирилмаяпти? Бунинг биргина сабаби бор, хозирги кунда амалдорлар–корчалонлар оддий ҳалқ вакиллари билан учрашишдан, уларнинг ўзларини қийнаётган саволларга жавоб беришни талаб қилиб қолишларидан қўрқадилар. Натижада ўтказилмаган йиғилишлар баённомалари юқориларга статистик маълумот тариқасида юбориш билан чекланилмоқда.
Ҳўш, терроризм нима? Бизнинг бу қўпорувчилик харакатига муносабатимиз қандай? Биз зўравонликка таянган ҳар қандай харакатни қоралаймиз ва бунингдек харакатлар ташаббускорларига қарши кескин курашамиз. Чунки Ўзбекистонда содир этилган ҳар учала қўпорувчилик харакатларида ҳам хоҳ у милиционер бўлсин, хоҳ прокурутура вакили беайб инсонлар қурбон бўлдилар.
Ҳозирда камикадзе деб аталаётганларни ўзлари ҳам қурбон бўлмоқдалар. Оллоҳ-таоло томонидан берилган умрни эса инсон томонидан тортиб олиниши гуноҳлар ичидаги энг оғир гуноҳдир. Инсонни яшаш ҳуқуқи ўзга бир инсон томонидан маҳрум қилиниши Ҳалқаро ҳуқуқ нормаларига ҳам зиддир.
Хукумат вакилларининг, амалдор тўраларнинг кирдикорларига қарши курашишнинг ўзгача йуллари борки, зуравонликка таянган холатдаги норозилик тадбиридан хеч бир зот бахраманд бўлмайди. Энди яна назорат кучаяди, узоқ қишлоқлардан Тошкентга келиб оиласини боқиш учун кечани-кеча, кундузни кундуз демай қора терга ботиб ишлаётган қора ишчилар, мардикорлар қийин қистовга олинадилар.
Оддий милиционерлар дам олиш нималигини ҳам унутган ҳолатда кунига 24 соатдан тинимсиз ишлайдилар. Натижада хукумат вакилларининг ҳам, ҳалқ вакилларининг ҳам ҳуқуқлари топталяпти. Уларнинг бир бирига нисбатан нафрат хисси кучайиб боряпти. Ҳўш, бунга ким айбдор? Ўша ўзини кўрсатиб қўймоқчи бўлган «қаҳрамонлар» айбдор.
Эндиги навбатдаги террористик харакатларга тайёргарлик кўраётган «бўлажак қаҳрамонлар»га бир савол билан мурожаат қилмоқчиман. Айтингчи, сизларнинг бу ғайриинсоний ҳатти-харакатингиз кимга, нима беради? Ҳа, албатта ёшлигимизда барчамиз мақтаб дарсликларида чўпон Широқнинг ўз ҳалқини озодлиги учун мардонавор туриб ўзини қурбон қилганлигини ҳаяжонланиб ўқиганмиз, таъсирланганмиз.
Худди Широқ сингари мардлик қилишни кўнглимизга тикканмиз. Лекин Сизларнинг хозирги харакатларингизни афсонавий қаҳрамон Широқ билан тенглаб бўладими? Йўқ, сизлар навқирон пайтингизда, ўн гулингиздан бир гулингиз очилмай туриб ўз ҳаётингизга ўзингиз якун ясаяпсиз, лекин энг ачинарлиси тарихга ҳам фақатгина қора ном билан кирасизлар.
Мен Сизларга курашнинг зўравонликка таянмаган усулини тавсия этаман. Бу демократик йўл. Мархамат порахўрликка, коррупцияга қарши курашиш, бу йўлда жон фидо қилишни ният қилган экансиз, бизларнинг сафга қўшилинг. Мамлакат қонунларини оёқ ости қилиб ҳалқнинг лаънатига учраётган манфур кимсаларни қонуний йўллар билан, масалан судлар орқали асл башарасини фош этайлик.
Бундан ташқари парламентга сайловлар бошланиш арафасида турибмиз. Ҳалқ орасида тушунтириш ишларини кучайтириб, демократик тамойилларга таянган ҳолатда сайлов жараёнини ўтказиб, кучли фуқаролик жамияти қуришга хисса қўша оладиган фаол фуқароларни депутатликка сайлайлик. Ана ўшанда Мамлакатдаги мавжуд муаммони парламент доирасида ҳал этиш имкони туғилади.
Энди масаланинг иккинчи томонига келсак. 25 миллионлик мамлакат аҳолисининг тинчлигини сақлаш, уларни муҳофаза этиш кафолатини олган энг нуфузли маъмурий орган – Республика бош прокуратураси биноси ичида ва чет эл ваколатхоналари биносига яқин жойларда бомба портлади. Бу портлаш оддий ҳалқнинг рухҳиятига ёмон таъсир қилди, ҳалқни тинчини, ҳаловатини йўқотди.
Чунки оддий одамлар орасида «Ўзиники, ўз ходимлариники, чет эл ваколатхоналариники ҳимоя қила олмаган прокуратура рахбарлари эртага мени, сизни тинчлигимизни қандай қилиб муҳофаза қилади? Эртага жамоат транспортида ёки метрода кетаётган пайтимизда, ёхуд фарзандларимиз таҳсил олаётган боғчаларда, мактабларда, олийгоҳларда портлаш содир этилмайди деб ким кафолат беради?» деган мазмундаги ҳақли саволлар туғилиб қолди.
Мамлакат Президентининг «Ўз уйингни ўзинг асра» деган гапи кўп жойларга шиор тариқасида ёзиб ҳам қўйилган. Дарҳақиқат ўз уйиданда азиз бўлиб қолган қадрдон гўшаси иш жойини террористлардан ҳимоя қила олмаган прокуратура тизими бизни уйимизни қандай қилиб асрайди? Биз ўз ҳаётимизни, фарзандларимиз ҳаётини қандай қилиб уларга ишониб топширайлик?
Агар Мамлакатимизда қонунлар ишлаганида эди ўша қўпорувчилар ҳадди сиғиб бунингдек портлашларга жазм қилмаган бўлар эди. Чунки қаердаки бўшлик бор экан, ўша ерга чиркин иллат уя қуриш учун харакат қилади. Мамлакат рахбарига ёқиш учунгина қилинадиган ҳар бир харакат оддий ўзбекнинг кўзи ўнгида содир этилаётганлиги ҳам ҳалқнинг амалдорларга ишончсизлигини кучайишига олиб келмоқда.
Бунга биргина мисол келтириш кифоя: Ўзбек аёлларининг фаоллигини ошириш ҳақида Мамлакат Президенти махсус фармонга имзо чекканидан буён телевизорни қачон ёфманг, аёллар масаласида йиғилиш бўлаётганини намойиш этаётган бўлишади. Бунингдек кўзбўямачиликка ўтказилаётган тутуруқсиз йиғилишлар ўзбек аёлига нима беряпти? Шу саволга ҳеч ким жавоб топиб бера олмайди.
Биз хукумат идоралари вакиллари билан оддий ҳалқ ўртасида катта жарлик борлигини, ўша жарлик ҳавотири туфайли амалдорларни ҳалқ орасига дадил кириб бора олмасликларини тушунамиз. Шунинг учун ташаббусни ўз қўлимизга олиб «Ўтюраклар» Клуби ташаббуси билан жойларда оддий ҳалқ билан очиқ мулоқотлар ўтказишга, уларга терроризм балоси қандай бало эканлиги, унинг олдини олиш чора тадбирлари ҳақида тушунчалар бериш учун жойларда, қишлоқларда, маҳаллаларда митинглар, йиғилишлар ўтказишга жазм қилдик.
Айнан 2001 йилда чоп этилган «ОГОҲ БЎЛАЙЛИК» номли рисолада ҳалқимизнинг, хукуматнинг тинчлиги йўлида кимлар, қандай вазифаларни бажаришлари кераклиги батафсил баён қилинган. Ўтказилажак митинглар ва йиғилишларда айнан ўша масалаларга тўхталишга қарор қилдик. Ушбу тадбирда иштирок этишни хоҳловчи инсон ҳуқуқлари фаолларини ҳам ҳамкорликка чақирамиз.
«Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқлари
ташкилоти рахбари, мустақил журналист
Мўътабар ТОЖИБОЕВА
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish