«Фуқаролик жамияти» ХҲ ва «Ўтюраклар Клуби»нинг Ўзбек халқига мурожаатномаси
«Фуқаролик жамияти» Ҳалқ Ҳаракати ва «Ўтюраклар»
Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг
ЎЗБЕК ҲАЛҚИГА МУРОЖААТНОМАСИ
Энг ёвуз зўравонлик– қонун соясига беркиниб, адолат байроғи остида иш кўради.
Ш.Монтескье.«… Бизнинг мустақил аталмиш (Мустақул) Республикамиз ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари «меҳрибончиликлари» туфайли деярли ҳар бир хонадонда тухмат, бўхтон билан қилмаган айби учун жавобгарликка тортилиб, турмаларда азоб чекаётган яқинларингиз – акангиз, укангиз, отангиз, хаттоки опа сингилларингиз ҳам бор.
Мухтарам ҳамюртлар!
«Даъвогар суст бўлса қози иймонини ютади» деган мақол бор.
Дарҳақиқат сизларнинг яқинларингиз айнан ўша сизларнинг сусткашликларингиз туфайли узоқ йилларга қамоқ жазоларига махкум қилинганлар.
Чунки сиз ўз яқинингизни хибсга олинганини эшитганингиз заҳоти албатта МҲХ, Прокуратура ва Ички Ишлар бўлими терговчисининг ёнига етиб боргансиз. Мен хозир терговчилар билан бўлган биринчи мулоқотингизни кўзингиз олдига тиклаб бераман.
Терговчи сизлар билан сухбатлашиб, яқинингизни хозирча айби тасдиқланмаганини, худо хоҳласа бугун эрта қўйиб юборишини айтади ва шу билан биргаликда сизнинг иқтисодий қийин аҳволга солиб қўймаслик учун жуда кучли адвокатни сизни яқинингизни ҳимоя қилиши учун жалб қилганлигини айтади.
Сиз «арзон» ёки «бепул» ҳимоячи топиб берганлиги учун терговчига ич ичингиздан миннатдор бўласиз. Ҳаёлингизга «мунчалар ширинсўз, мунчалар меҳрибон терговчи экан-а!?» деган ўй келади. Лекин «бу терговчи менинг қариндошим бўлмаса, танишим бўлмаса нега меҳрибонлик қиляпти?» деган шубҳага бормайсиз. Сизнинг фожеангиз ҳам ана шунда. «Арзоннинг шўрваси тотимас».
Терговчилар топиб берган «арзон» ёки «бепул» адвокатлар терговчилар учун «результат» қилиб берадиган, ўзи мустақил ишлай олмайдиган, ўзига ҳалқ ишонмайдиган чаласавод ва виждонсиз адвокатлардир. Фарғона вилоятининг ҳар бир шаҳар, туман прокуратураси, Ички ишлар бўлими, МХХ терговчиларининг штатли адвокатлари бор. Улар асосан фуқароларга қўлланиладиган қийноқнинг алдов усулидан фойдаланадилар, яъни фуқароларни руҳий қийноққа солиб, алдайдилар.
Масалан: Марғилон шаҳар прокуратурасида Ўлмас Ибрагимова билан, Бувайда туман Ички Ишлар Бўлимида Боқи Қодиров ўзингиз яшаётган худуддаги маъмурий органларнинг югурдаклари бўлган «штатли» адвокатларнинг рўйхатини олиш ҳеч ҳам қийин эмас.
«Тергов талаби» бўйича деб қалбаки хужжат расмийлаштириб, ўзининг адвокатини терговга киритган ва сизни тинчлантирган терговчи энди Сизнинг яқинингиз зиммасига умуман унинг алоқаси бўлмаган, бехабар бўлган ўта оғир жиноятларни содир этганликда айблаб хужжатларни тайёрлайди.
«Штатли» адвокат Сизнинг яқинингизни кобра илон сингари алдаб, ҳозир айблов хулосасига имзо чекиб бераверишини, судда қамоқдан чиқиб кетишини, бунга адвокат сўз беришини айтиб, ишонтиради.
Қарабсизки, яқинингиз узоқ муддатларга қамоқ жазосига хукм қилинди. Энди тинимсиз ёзишмалар ёзинг, ҳаттоки Президентга ёзинг, додингизга ҳеч ким қулоқ солмайди. Алдов, ёлғон, қаллоблик қурбони бўлган яқинингиз узоқ йиллардан кейин оғир касалликка чалиниб қамоқдан қайтиб келади.
Марғилон шаҳар Чорчинор маҳаллалик Ҳошимов Мусо шундай фитна қурбони бўлиб, адвокат Ўлмас Ибрагимованинг алдови туфайли терговда қилмаган ўта оғир жиноятни зиммасига расмийлаштирилган хужжатларга синчиклаб ўқимасдан туриб имзо чекиб берган.
Ўлмасхон Ибрагимова унга судда қамоқдан чиқиб кетишини башорат қилган. Суд жараёнида эса «мана адвокатининг иштирокида ўзи имзо чеккан, демак бу жиноятни қилган» деб айбсиз содда ва гўл бир фуқарога суд хукм чиқариб 10 йил қамоқ жазоси берди.
Темирни қизиғида босмасангиз кейин кеч бўлади. Шунинг учун яқинингиз тақдирини адвокатларга тўла ишониб топшириб қўйманг. Терговчи сизга меҳрибонлик қилиб ўзининг адвокатини тавсия этса дарҳол бу адвокатдан воз кечинг. Ўзингиз таниган, билган, эшитган адвокатни яқинингиз иши билан шуғулланишига шартнома тузинг.
Шунингдек ўзингиз, ака-укаларингиз, она-онанингиз ҳам, қўни-қўшнингиз ҳам, бошқа шахсларнинг ҳам яқинингизни ҳимояси билан шуғулланишга Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан ҳаққи-ҳуқуқларингиз бор.
Жумладан: Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 49-моддаси 2-қисмига кўра ишда ҳимоячи сифатида:
– адвокатлар: ҳимоячи сифатида қатнашиш учун махсус рухсатномага эга шахслар:
– жамоат бирлашмаларининг ўз аъзоларининг ишлари бўйича вакиллари қатнашишлари мумкин.
– Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари; қонуний вакиллари; унинг оила аъзоларининг хоҳиш истаги билан муомила лаёқатига эга бўлган бошқа шахслар ҳимоячи сифатида иштирок этишига терговчининг қарори ва суд ажрими бўйича йўл қўйилиши мумкинлиги белгиланган.
Албатта жамоат бирлашмаларининг вакиллари, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг яқин қариндошлари, қонуний вакиллари, ҳимоячи сифатида ишга жалб қилинган бошқа шахслар юридик маълумотга эга бўлишлари шарт эмас.
Сизларнинг яқинингиз ҳибсга олингудек бўлса дархол терговчига, кейинчалик судга исталган пайтда мурожаат қилиб ҳимоячи сифатида жиноят ишида қатнашишни талаб қилинг. Чунки яқинингиз ўзини ҳимоя қилиш имкониятидан, далилларни тўплаш имкониятидан маҳрум, сиз эса очиқликда бемалол харакат қила оласиз.
Гумонланувчи, айбланувчи, судланувчи ҳам бу талабни қўллаб-қувватлаши керак. Унинг талабини қаноатлантирмасдан у истаган одамни ҳимоячи ёки қонуний вакил, жамоатчи ҳимоячи сифатида ишда қатнашишга терговчи ёки судья рози бўлмадими, ўзининг «штатли» адвокатидан ўзга одамни яқинлаштирмаяптими, билингки, яқинингизнинг ҳаёти хавф остида.
Дарҳол «штатли» адвокатнинг ҳимоясидаги яқинингиз бу адвокатнинг ҳимоясидан воз кечсин. Шу билан биргаликда терговчи ва судьяни ҳолислигига шубхаси борлиги учун уларни рад қилишига асос бор. Чунки улар гумонланувчи, айбланувчи, судланувчининг ҳимоя ҳуқуқини қўпол равишда бузди.
Терговчини, судьяни рад қилиш ҳақидаги ариза қаноатлантирилмаса, яқинингиз кўргазма беришдан кескин бош тортсин. Майли уни уриб калтакласалар ҳам, руҳий қийноққа солсалар ҳам чидасин. Шу билан биргаликда дарҳол расман очлик эълон қилсин. Агар тергов ва суд пайтидаги қийноқларга, азобларга дош берса узоқ йиллик азоблардан қутулиб қолади.
Ўзбекистон туманининг Яйпан шаҳрилик Номоз Усмонов ва Иқбол Сатторовлар қотиллик ва ўғрилик, Охунбобоев тумани Пахтакор қишлоғилик Нуриддин Сохибоев вояга етмаган гўдакни номусига тегиш, Охунбобоев тумани Оқтепа қишлоғилик Салимбек Рахимов қотиллик, талончилик, босқинчилик, фирибгарлик, товламачилик, Фарғоналик Абдурахимов Улуғбек қотиллик, Фарғоналик Баратов Содиқ ва Олтиариқ туманилик Юлдашев Шерзодлар автоавария содир этиб, одамлар ўлимига сабаб бўлиш жиноятлари содир этганликда айбланаётган эдилар.
Кўпчилигининг ҳимояси учун прокуратура ва Ички Ишлар бўлимларининг «штатли» адвокатлари терговчилар томонидан жалб қилинганди ва уларнинг бу ўта оғир жиноятларни содир этганликларини адвокатларининг» саъйи харакатлари билан «тан олгандилар». Уларнинг иқрорлик кўргазмалари видеотасмаларга ҳам олинган эди.
Баъзилари эса ўзлари хоҳлаган одам химоячи сифатида ишда иштирок этмагунча ҳеч қандай кўргазма бермасликларини айтиб, фикрларида қатъий тургандилар. Юқорида номлари баён қилинган фуқароларнинг оила аъзолари «Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига ҳимоячи сифатида туҳматга учраган яқинларини ҳимоя қилишга ёрдам беришни сўраб мурожаат қилганлар. Натижада улар барчаси озодликка чиқарилдилар. Терговчилар ва «штатли» адвокатлар эса фош бўлдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрь кунидаги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 11-банди бўйича ҳимоячи сифатида қатнашиши мумкин бўлган «бошқа шахслар» деганда айбланувчи томонидан ҳимоячи сифатида ишга киритилиши сўралаётган шахс тушунилиши ва ишда ҳимоячи сифатида иштирок этишга рухсат этилган шахсга суд томонидан ажрим шаклида ёзма хужжат берилиш ва ажримда ҳимоячининг ЎзР ЖПКниг 53-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 53-моддасида белгиланганидек: ХИМОЯЧИ яъни сиз ва сизнинг яқинингизни ҳимоясига отланган ҳар бир шахс у ким бўлишидан қатъий назар қуйидаги ҳуқуқларга эгасиз:
– манфаатларини ҳимоя қилаётган шахснинг нимада гумон қилинаётганлиги ёки айбланаётганини билишга:
– ишда иштирок этиш учун ўзига ижозат берилгани тўғрисида суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суддан ёзма равишда тасдиқ талаб қилишга;
– гумон қилинувчи сўроқ қилинаётганда иштирок этиш, шахсга айблов эьлон қилинаётганда ҳозир бўлиш ҳамда айбланувчи сўроқ қилинаётганда, шунингдек уларнинг иштирокида ўтказиладиган бошқа тергов харакатларида қатнашиш ва гумон қилинувчига, айбланувчига, гувоҳларга, мутахассисларга саволлар беришга;
– суриштирувчи ёки терговчининг рухсати билан тергов харакатлари юргизилаётганда иштирок этишга;
– ўзи қатнашган тергов харакатларининг юритилиши хусусида ёзма мулоҳазалар беришга;
– илтимосномалар бериш ва рад этишга;
– далиллар тақдим қилишга;
– давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан ҳамда жамоат бирлашмаларидан ҳимояни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа хужжатлар сўраб олишга;
– гумон қилинувчи ёки айбланувчи иштирокида ўтказилган процессуал харакатларга оид хужжатлар билан, дастлабки тергов тамом бўлгандан кейин эса, жиноят ишига доир барча материаллар билан танишиш ва улардан керакли маьлумотларни ёзиб олишга;
– агар ҳимояни амалга ошириш зарурияти тақазо этса, давлат сирлари, тижорат сири ёки бошқа сир хисобланган маълумот билан қонун хужжатларида наэарда тутилган тартибда танишишга;
– ишнинг суддаги мухокамасида тараф сифатида иштирок этишга;
– суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ва суднинг харакатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар келтиришга;
– суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ва у ҳавда ўз мулоҳазаларини билдиришга;
– иш бўйича келтирилган шикоятлар, протестлардан хабардор бўлиш ва уларга эътирозлар билдиришга;
– аппеляция, кассация ва назорат инстанцияси суди мажлисларида иштирок этишга.
Айбланувчи ёки судланувчи қамоқда бўлса, ХИМОЯЧИ яъни Сиз ва бошқа ҳимоячилар у билан ҳоли учрашишга ҳақлисизлар. Бундай учрашувлар сони ва давом этиш вақти чегараланмайди.
Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида мухокама қилиниб, тасдиқланган ва Ислом Каримов томонидан имзо чекилган Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал Кодексининг 49 ва 53-моддаларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрь кунидаги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорини бажариш мақсадида ҳимоячи сифатида ишда иштирок этишига қарор ва ажрим чиқариши қатъий талаб қилинглар. Бу қонуний талабларни рад этадиган, яъни Ўзбекистон Республикаси қонунларига бўйсунмайдиган терговчи ёки судья Ўзбекистон Республикаси хукумати сиёсатига ва Конституцион тузумга қарши эканликлари аён бўлади.
Бу ҳақда, яъни яқинингиз ҳаёти хавф остида қолганлиги ҳақида дарҳол Ташкент, Шевченко кўчаси б уйда жойлашган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Ваколатхонасига, депутатларга, Матбуотчилар кўчаси б уй Президент девонига, Президент Ислом Каримовга ва шу манзилдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги судьяларни танлаш, лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясига, Академик Яхё Ғуломов кўчаси 1 уйда жойлашган Республика Бош прокуратурасига, Юнус Ражабий кўчаси 1 уйда жойлашган Республика ИИВ Тергов Бошқармасига, Матбуотчилар кўчаси 32-уйда жойлашган Республика газеталарига, Навоий кўчаси 69-уйда жойлашган Республика Телерадиокомпанияси раиси Абдусаид Кўчимовга, Прокуратура газетаси «Ҳуқуқ»қа, «Адолат йўли»га, ИИВ газетаси «Постда»га, Олий суд муассислигидаги «Куч адолатда» газеталарига, Ҳалқаро ташкилотларга, Ҳалқаро матбуотларга, Инсон Ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига, Омбудсман Сайёра Рашидовага ёзиб буюртма хат орқали юбориб, уларни жалб қилиш ҳуқуқига эгасиз.
«Фуқаролик Жамияти» Ҳалқ ҳаракати асосчиси,
«Ўтюраклар» Клуби рахбари, мустақил журналист
Мўътабар Тожибоева.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish