Ўзбекистонлик ишбилармон ва тадбиркорларга қарши хужум кучайиб, улар қийноққа солинмоқда

Снимок,,,,,,,

Т Е Л Е Г Р А М М А

Бугунги кунда Андижон шахрида норасмий Акромий диний экстремистик оқимга аъзоликда айбланаётган 23 нафар ишбилармон-тадбиркорларнинг суди бўляпти. Бу 23 нафар фуқаронинг яқинлари, қариндош уруғлари суд залига киритилмаяпти. Чунки суд кичик бир залда бўлмокда ва у ерда хозир бўлган фуқаролар бу залга сиғишмайди. Суд жараёни эса…

4 апрел 2005 йил

Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 6 уй. Президент девонига. Президент Ислом Каримовга;

Нусхаси: Тошкент. Хукумат уйи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасига Бош вазир Шавкат Мирзиёевга;

Нусхаси: Тошкент. Академик Яхё Ғуломов кўчаси 1 уй, Ўзбекистон Республикаси бош Прокуратурасига;

Нусхаси: Тошкент. Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлигига;

Нусхаси: Тошкент. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Омбудсман Сайёра Рашидовага;

Нусхаси: Тошкент. Президент девони – Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги судьяларни танлаш, лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясига;

Нусхаси: Тошкент. Абдулла Қодирий кўчаси 1 уй, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига;

Нусхаси: Тошкент. Сайилгоҳ кўчаси 7 уй, Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик хизмати кўмитасига;

Нусхаси: Тошкент. Ўзбекистон Ишбилармонлар ва Тадбиркорлар Либерал Партияси Марказий Кенгашига;

Нусхаси: Тошкент. «ХХ1 аср» газетаси бош мухаррири Муродил Абдурахмоновга;

Нусхаси: Тошкент. Матбуотчилар кучаси 32 уй, «Халқ сўзи» газетаси бош мухаррири Аббосхон Усмоновга;

Нусхаси: Тошкент Навоий кўчаси 69 уй, Республика Телерадиокомпанияси раиси Абдусаид Кўчимовга;

Нусхаси: Тошкент. Усмон Юсупов кўчаси 1-а уй, Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар Ва тадбиркорлар палатаси бошқарувига;

Нусхаси: Тошкент. Тошкент Моварауннахр кўчаси 6 уй, Республика Оқсоқоллар Кенгаши ва «Маҳалла» Жамғармаси бошқаруви рахбари Аъзамжон Гадойбоевга;

Нусхаси: Тошкент. Республика Соғлиқни Сақлаш Вазири Феруз Ғофуровга;

Нусхаси: Андижон вилояти «Андижоннома» газетаси бош мухарририга;

Нусхаси: Андижон вилояти Телерадиокомпаниясига

Мухтарам хонимлар ва жаноблар!

Бугунги кунда Андижон шахрида норасмий Акромий диний экстремистик оқимга аъзоликда айбланаётган 23 нафар ишбилармон-тадбиркорларнинг суди бўляпти. Бу 23 нафар фуқаронинг яқинлари, қариндош уруғлари суд залига киритилмаяпти. Чунки суд кичик бир залда бўлмокда ва у ерда хозир бўлган фуқаролар бу залга сиғишмайди. Суд жараёни эса…

Андижон вилояти хокимлигининг «Андижоннома» газетасининг 26 март куни 26-сонида А.Абдуллаев муаллифлигида «Қўшнинг тинч – ўзинг тинч» рукни остида «ОМОНЛИК – БУЮК НЕЪМАТ» номли мақола чоп этилган эди. Бу мақолада қуйидаги сатрлар бор эди: «Ўзбекистон истиқлолга эришгандан буён Юртбошимиз раҳнамолигида олиб борилаётган доно ички ва ташқи сиёсат туфайли мамлакатимизда барқарорлик, фаровонлик, яратувчилик кайфияти хукм сурмоқда. Шу Билан бирга тинчлик – омонлик шундай бир ҳилқатки, у доимо Ватан уғлонларидан садоқатни, эътиқодга собитликни, қатъиятлиликни талаб қилади. Шукрки, Ўзбекистонимизда ўзаро якдиллик, хамфикрлилик, бир ёқадан бош чиқариб, ислохотлар муваффақиятини таъминлашга интиқлик фазилатлари шаклланганлиги боис Эл тинч, юрт тинч, миллат тинч…»

Ушбу мақола газетада Чоп этилишидан бир кун аввал эса, яъни 25 март куни эса Андижонлик 350 нафардан ортиқ фуқаролар жуда кўплаб ташкилотларга мурожаатнома юбориб ёрдам сўрагандилар. Лекин…

Хукумат рахбарларига ва халқаро ташкилотларга юборилган мурожаатнома матнини тўлиғича келтиришга қарор қилдик.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Мухтарам И.А.Каримовга;

Нусхаси: Республика Вазирлар Махкамасига;

Республика Бош Прокуратурасига;

Республика Ички Ишлар Вазирлигига;

ОМБУДСМАНга;

Андижон шахрида фаолият кўрсатиб келган бир неча корхона, ишбилармон ва тадбиркорлар аъзолари ишчилари номидан

М У Р О Ж А А Т

Ушбу мурожаат ўз халқининг ғамини чекаётган мухтарам юртбошимиз ва хукумат бошлиқларини бефарқ қолдирмайди деб ишонамиз.

Биз Андижон вилоятида фаолият кўрсатиб келган йигирмага яқин корхона, элликдан ортиқ тадбиркор ва ишбилармонларнинг номидан шуни маълум қиламизки, Андижон вилоят Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан 2004 йил май-июнь ойларида норасмий диний уюшма, экстремистик гурух ва диний ақидапарастлик деган гумон билан айбланиб, шу корхона рахбарлари ва тадбиркорлари хибсга олинганлар.

Тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг иш фаолиятлари ривожланиб кетаётганилиги ва юрт равнақига катта хиссаларини қўшиб келаётганлликларини кўра олмаётган адовати бор баъзи кимсалар томонидан уюштирилган бу тухмат Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги обрўсига путур-зиён етказиши муқаррар. Шуниси ачинарлики, бу инсонлар аслида ўз юртининг ҳақиқий фидойилари, юқори малакали етук мутахассис ва рахбарлардир. Уларнинг кўпчилиги вилоят, шахар тадбиркорлар палаталари томонидан уюштирилган бир неча кўрик – танловларда қатнашиб, нуфузли ўринларни эгаллаганлар.

Натижада, Республика миқёсидаги кўрик – танловларда иштирок этишиб, ўз сохасининг етакчи мутахассислари деб тан олинганлар. Шу билан бирга, хукуматимизнинг ҳайрия тадбирларида ҳам маҳаллий хокимият ва маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда фаол қатнашганлар. Бу ҳаммага маълум, ҳалқ буни яхши билади ва уларнинг ишларидан хабардор. Айнан бу холат кўпчилик фуқароларни ҳайратга солмоқда. Бундай инсонларни қўллаб – қувватлаш ўрнига уларни йўқотишга ва яхши ишларини йўққа чиқаришга харакат қилинмоқда.

Ҳаттоки вилоят Миллий Ҳавфсизлик Хизмати, Вилоят Назорат-тафтиш ва Солиқ бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган молиявий-хўжалик текшируви натижасида бу корхоналар фаолиятлари қонун асосида олиб борилганлиги ва чет элдан ҳеч қандай молиявий ёрдам бўлмаганлиги аниқланган. Аудиторлик хулосалари ижобий деб топилган. Шунга қарамай бу шахслар устидан тергов ишлари олиб борилиб, уларни маънавий ва жисмоний тайзиқ ўтказиш йўллари билан қилмаган гуноҳларини бўйнига олишга мажбур қилинган. Булардан айримларини келтириб ўтамиз:

Тадбиркор Артиқов Шокиржонни МҲХ ходимлари яланғоч қилиб, бошига қоп кийгизиб, 4-5 киши ўртага олиб, токи хушидан кетгунча уришган, дўппослашган. Артиқов хушига келганидан кейин МҲХ ходимлари унга «Мана бу қоғозларга қўл қўясан, қўймасанг холингни бундан беш баттар аҳволга соламиз, қўшимчасига хотинингни ҳам олиб келиб, нималар қилишимизни биласан-а?» деганларидан кейин, «ундай қилманглар, нимага қўл қўй десаларинг қўйиб бераман» деганини судда очиқ ойдин айтиб берди ва суддан олдинги кўрсатмаларини инкор этди.

Тадбиркор Нодиров Дадахонга ҳам МҲХ ходимлари жисмоний куч ишлатиб, нозик органларига қараб бетўхтов уришган. Нодиров калтаклар азобига чидамай, кўрсатилган қоғозларга Артиқов Шокиржон сингари ўқимасдан қўл қўйган. МҲХ ходимларининг бу харакатлари ва бугунги кунга қадар ҳам зарур медицина ёрдами кўрсатилмай келинганлиги сабабидан Нодировнинг саломатлиги хозиргача ёмон аҳволдалигини судда айтган ва суддан олдинги кўрсатмаларини инкор этди.

Рўзиев Хусанбойни ўртоқлари билан ўтирган жойидан МҲХ ходимлари «15 дақиқада келасиз, сизга бир оғиз гаnимиз бор» – деб олиб кетишган. Унга «рахбарингга қарши кўргазма берасан» дейишганида, у «Йўқ нарса билан тухмат қиладиган инсон эмасман» деб рад этган. Хусанбойни қариндошлари безовталаниб, исташганида ўртоқлари : ¬«Оқ дамасда биз Миллий хавфсизликданмиз» деб олиб кетишди дейишган.

Яқинлари Хусанбойни реаниманциядан ўта оғир холатда топишган. Хусанбойнинг айтишича МҲХ ходимларининг гапига унамаганидан кейин уни қийнашиб, уриб, чала ўлик холатига олиб келишган. Сўнг, реанимацияга ташлаб кетишган.

МХХ ходимлари врачларга «унга ҳеч қандай ёрдам кўрсатманглар» деган гапига қарамай, реанимация ходимлари Хонтўраева Насибахон ва Юлдашева Мухаббатхон «Мен Гиппократ қасамини ичганман» деб Хусанбойнинг ҳаётини сақлаб колган. (Асосли хужжатлар илова қилинади).

Устига – устак корхона рахбарларига қарши кўрсатма бериш учун бир қанча ишчи ходимларга МҲХ ходимлари томонидан маънавий ва жисмоний тазйиқ ўтказиш эвазига нотўғри кўрсатма беришга мажбур қилинган ва шу кўрсатмалар асосида суд жараёни олиб борилмоқда.

Бунинг оқибатида корхоналар ва тадбиркорларни иш фаолиятлари тўхтаган. Натижада бир неча юзлаб ишчи ўринлари йўқолиб, аҳоли ишсиз қолган. Бу холат жамиятимиз равнақига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Ишсиз аҳолининг юзлаб оилалари ижтимоий ва иқтисодий таъминотдан махрум бўлдилар.

Давом этаётган суд жараёнида бу айбланувчилар олдинги кўрсатмаларини инкор этишди. Буларнинг харакатида Давлатга, Президентга, Хукуматга, Конституцион тузумга қарши ҳеч қандай харакатлар бўлмаган.

Аслида эса, бу тадбиркорларнинг фаолиятидан уларнинг асосий мақсади Республикамизнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишига ўз хиссаларини қўшиб, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, ҳамда Ўзбекистонимизни дунё ҳамжамиятида етакчи ўринларга олиб чиқиш эканлиrn яққол кўриниб туради. МҲХ ходимларининг тинч аҳолига нисбатан ўрта аср инквизицияси усулида тутаётган бу харакатлари инсон ҳуқуқларини поймол этилишига ва Ўзбекистон Конституциясидаги шахс эркинлиги ва амалдаги ҳуқуқий қонунларга зид келиши, аҳоли орасидаги хукуматга қарши норозилик кайфиятларининг кучайишига олиб келмоқда. Биз, мурожаатчилар, вилоятимизда содир этилаётган бу хунрезликларни тўхтатиш ва Ватанимизнинг равнақига ҳисса қўшиб келган фидокор ўғлонларни озодликка чиқариб, корхоналаримиз фаолиятини тиклаш учун қатъий чоралар кўрасиз деган умиддамиз.

25 март 2005 йил.

Мурожаатчилар. Имзолар илова қилинади (350 та имзо)».

«Фуқаролик жамияти» халк харакати, «Ўтюраклар» клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти, ҳамда «Қийноқларга қарши ҳуқуқшунослар» ташкилоти фаоллари юқорида номлари зикр этилган давлат ва нодавлат ташкилотларидан, сиёсий партиядан, республика, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларидан ушбу мурожаатномада баён қилинган далилларга жиддий ёндашиб, ушбу тадбиркор ва ишбилармонларни ҳимоя қилишга чақирамиз.

«Фуқаролик жамияти Ҳалқ Харакати асосчиси ва «Ўтюраклар»
Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, мустақил журналист Мўътабар Тожибоева”

ИЗОҲ: Ушбу телеграммага фақатгина Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг судларда жиноят ишлари кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш бошқармаси бошлиғи Б.Р.Эргашев номидан 14–апрель кунги 12–р–2005 рақам билан аризани Жиноят ишлари бўйича Олтинкўл туман судининг раиси А.Манноновга юборилганлиги ҳақида Тожибоевага жавоб бериш билан чегараланган холос. Фуқароларнинг мурожаатлари ҳақидаги ва бошқа қонунларга биноан юқорида санаб ўтилган нуфузли хукумат идоралари, сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлар, матбуотлар қандай ҳуқуқий харакатлар қилишлари керак эди-ю, улар нима қилдилар?

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.