Фарғона МХХ вакиллари қийноқлар қўллашни кучайтириб, аввал фуқарони аёвсиз калтакладилар ва унга нисбатан жиноят иши қўзғадилар

Снимок,,,,,,,

«Фуқаролик жамияти» Ҳалқ харакати Фарғона вилоят миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси Ўзбек ҳалқини хукуматга нисбатан нафратланиш ва хукуматга қарши қўзғалишга мажбур қилишлик жиноятини содир этаётганликда айбламоқда.

Т е л е г р а м м а

Тошкент: Матбуотчилар кўчаси 6 уй Президент Девонига. Президент Ислом Каримовга;

Нусхаси: Тошкент. Шевченко кўчаси 6 уй. Бирлашган Миллатлар ташкилотининг  Ўзбекистондаги ваколатхонасига;

Нусхаси: Тошкент: Якадемик Яхё Ғуломов кўчаси 1 уй. Республика Бош прокуратурасига;

Нусхаси: Тошкент. Олий Мажлис. Омбудсман Сайёра Рашидовага;

Нусхаси: Тошкент. Ҳамид Олимжон кўчаси Ҳалқаро Европада Ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилотининг (ОБСЕ) Ўзбекистондаги ваколатхонасига;

Нусхаси: Тошкент. Абдулла Қодирий кўчаси 1 уй. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига;

Нусхаси: Тошкент. Сайилгоҳ кўчаси 7 уй. Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати Кўмитасига;

Нусхаси: Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 32 уй «Ҳалқ сўзи” газетаси бош муҳарририга;

Нусхаси: Тошкент. Навоий кўчаси 69 уй, Республика телерадиокомпанияси раиси Абдусаид Кўчимовга;

Нусхаси: Республика Соғлиқни Сақлаш Вазири Феруз Ғофуровга;

Нусхаси: Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига;

Нусхаси: Ўзбекистонда фаолият юритаётган ҳалқаро матбуотлар журналистларига

Фарғона миллий хавфсизлик хизмати вакиллари қийноқлар қўллашни кучайтириб, аввал фуқарони аёвсиз калтакладилар ва унга нисбатан жиноят иши қўзғадилар

12.04.2005 йил

12 апрель куни Фарғона вилоят Миллий хавфсизлик хизмати Фарғона вилоят бошқармасининг терговчиси Тохир Норматов 11 апрель куни хибсга олинган фуқарони қўйиб юборишга мажбур бўлди.

Шунга ҳам ота гўри қозихонами? дейишга шошилманг. Бу фуқаро Қирғизистон Республикасининг Баткент области Қадамжой қишлоғида яшовчи 1968 йилда туғилган, 4 нафар вояга етмаган гўдак фарзандларнинг онаси Эргашева Хабибадир.

Миллий хавфсизлик хизмати вакиллари Хабиба Эргашевани гувоҳ тариқасида чақиртириб, оила аьзоларига хабар бермасдан бир кеча бир кундуз хибсда сақлаганликларининг боиси Фарғона тумани Қўрғонтепа қишлоғи Янги-йўл кўчаси 93- уйда яшовчи Нишонов Муротни ва унинг шерикларини қўрқитиб қўйишдан иборат бўлган.

Чунки бу фуқаролар, яъни Олтиариқ тумани Фурқат кўчаси 20-уйда яшовчи Отабек Нурматов, Олтиариқ тумани Исломобод кўчасида яшовчи Жумаев Ғуломжон, Фурқат кўчаси 4-уйда яшовчи Эрматов Ўлмасжонлар вилоят МХХ терговчиси Тохир Норматовга, вилоят прокурори Ҳамид Неъматовга, вилоят МХҲ бошқармаси бошлиғи Мансур Абдуллажоновга 8 апрель куни ариза билан мурожаат қилиб, ўзларига нисбатан ўтказилаётган ғайриқонуний тергов харакатларига чек қўйишни, МХҲ ходимлари томонидан тортиб олиб қўйилган паспортларини зудлик билан қайтариб беришни талаб қилган эдилар.

Бундан ташқари бу фуқаролар ўзлари билан ўтказилаётган тергов харакатларида инсон Ҳуқуқлари ҳалқаро жамияти аъзоси, «Ўтюраклар» клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, «Фуқаролик жамияти» ҳалқ харакати асосчиси, мустақил журналист Мўътабар Тожибоевани ўзларига ҳимоячи сифатида терговда қатнашишини, бунинг учун қарор чиқариб беришни, акс ҳолда ҳеч қандай кўргазма бермасликларини айтгандилар.

Бунга асос қилиб эса Республикаси Олий Мажлисида мухокама қилиниб, тасдиқланган ва Ислом Каримов томонидан имзо чекилган Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал Кодексинииг 49 ва 53-моддаларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрь кунидаги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорини кўрсатгандилар.

Шунингдек Отабек Нурматов, Жумаев Ғуломжон ва Эрматов Ўлмасжонлар томонидан шартнома тузилиб, айнан уларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ёлланган адвокат Эргаш Шерғозиевнинг ҳимоясидан воз кечиб, ўзаро тузилган шартномани бекор қилгаиликларини маълум қилгандилар. Шу билан биргаликда адвокат Эргаш Шерғозиев Нишонов Муроджонни адвокати эмаслиги, у билан шартнома ҳам тузмаганлиги, ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш бўйича оғзаки илтимос ҳам қилмаганлиги, лекин адвокат Шерғозиев Эргашни МХҲ терговчилари хоҳиш истаги билан Нишонов Муротнинг терговларида қандай хужжатсиз ҳимоячи сифатида қатнаштираётганликларини ёзгандилар.

1984 йил 10 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган ва Ўзбекистон Республикаси имзо чеккан «Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шавқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши ҳалқаро конвенция»га имзо чеккан бўлишига қарамасдан хукумат маъмурий органлари томонидан фуқароларга нисбатан, кўпинча умуман бирор бир жиноятга алоқаси бўлмаган, қайсидир корчалоннинг кўзига хунук кўриниб қолган фуқароларга нисбатан ўта шавқатсиз, инсонийликка зид, қадр-қимматни камситувчи турлари қўлланилмоқда.

Мурод Нишонов ҳам ҳеч қандай жиноят содир этмаган. «Фуқаролик жамияти»га ёзган аризасида бу ҳақда Мурод Нишонов шундай деган:

«…23 февраль куни Хонқиз қишлоғида ўтирганимизда бир нотаниш йигит Жигулида келиб «Мурот ака учта Камаз Миндон тарафга чиқиб кетяпти» деди. Мен ўрнимдан туриб орқасидан етиб борганимда мен танимаган Ғуломжон деган Камазистни божхона ходимлари ушлаб турган экан. «Ёрдам беринглар» десам унашмади, сўнг уйга тушиб кетавердим.

24 февраль куни ўзимни шахсий ишим билан Водилга борганимда центрда мени МХҲ ходимлари ушлаб олишди. Уларга «Нима айбим учун ушладиларинг» десам, «Сени совға қилиб хўжайинга олиб киришимиз керак . Чунки сен семиз қўйсан» дейишди. Кейин мени хўжайини Мухсин деган одамни олдига олиб кириб у ерда уришиб, оғир аҳволга туширишди ва Мухсин «Кечки пайт таможняга, яъни Водилга бормасанг сени наркотик билан бўлса ҳам қаматамиз» деди.

Водил таможнясига кечки пайт бордим, борганимда Қапчуғай қишлоғида яшовчи Тиркашев Икром исмли лўли йигит ва унинг шериклари «Бу бизни юк Вторчерметга олиб кетяпмиз, хужжатларимиз бор» дейишса ҳам «Бу Муротни юки, сенлар аралашма» деб лўлиларни қўрқитишди. Кейин Икромга қарата «Сен судлангансан бўйнингга олма» деб айтишди.

Сўнгра мени хонасига олиб кириб Мухсин ва Равшан деган МХХ ходимлари роса дўппослашди, бу орада «сотка» орқали рахбарлари билан алоқада бўлиб туришди, гапларини ўз қулоғим билан эшитиб турдим. Соткадаги бошлиғи «Бўйнига қўйинглар, бўйнига олмагунча ураверинглар» деди. Кейин бу 2 нафар МХҲ ходими мени ўнг қўлимни уриб синдиришди, кўкрагимга тепишди, чап қошимни ёришди.

Соат 10-дан кечасиги 03гача урганликлари учун чидолмасдан уларга «Олиб келинг қоғозларингни, айтган нарсаларингна ёзиб бераман, менга тинчлик керак» деб улар расмийлаштирган хужжатларга имзо чекдим, яъни қилмаган жиноятни қилдим деб бўйнимга олдим. Чунки мени 5 нафар фарзандимни кўз олдимга келтириб, қийнаганликлари сабабли азобларига чидолмасдан мажбур ёзиб бердим. МХҲ ходимлари «Ёзиб берсанг сенга тегмаймиз, қамамаймиз, уйингга кетаверасан» деди.

Улар мени ваҳшийларча калтаклаётган пайтларида гувоҳлар, яъни ўртоғим Рахимов Шавкат, Нурматов Абдумуталиб акалар бор эди. Шавкат деган ўртоғимга айтдим, “бориб уйимиздагиларга хабар бер мени қийнашяпти» деб айтдим. Шавкат уйга келиб акамларга айтибди.

Акамлар соат 06-лар чамасида врачлар билан яъни Ўролов Шукуржон, Қодиржонов Икромжон, Қодиржонов Тўлқинжонлар билан бирга бориб «Муротни нимага урдиларинг?» деб таможня ходимларидан сўрашганида улар «Биз урганимиз йўқ, МХҲ ходимлари урган» дейишган. «Кимлар урди?» деб акам сўраганида Тамонжняда «дознователь» бўлиб ишловчи Бахтиёр ва шериги Шавкатлар «Мухсин билан Равшан МХХ ходимлари уришди, шу аҳволга ўшалар туширишди» деб айтишган.

Мурот Нишоновни аҳволи оғирлашганидан кейин 25 февралдан 10 март кунигача Фарғона тумани Марказий поликлиникасида даволанган. Унга даволовчи врач имзо чеккан 16 март кунги 254-сонли маълумотномага асосан бош мия чайқалиши ва бошқа тахшислар қўйилган. Лекин МХҲ ходимлари калтаклаганини айтганлиги учун криминал хабар берилмаган, хужжатлар расмийлаштирилмаган.

МХҲ бошқармасинииг Фарғона туманидаги худудий бғлими ходимлари Мухсин ва Равшанлар жиноятга қўл урдилар, яъни Жиноят Кодексининг 301-моддаси «Хокимиятни суисътемол қилиш, хокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки хокимият харакатсизлиги жиноятини 2-қисмини, яъни баданга ўртача оғирликда шикаст етказиб содир этдилар. Лекин хали-хануз бу жиноятчилар эмас, Нишонов Мурод МХҲ бошқармасига қатнаб жиноятчи сифатида кўргазма бермоқда.

Қирғизистонлик Хабиба Эргашивага ҳам Нишонов Мурод ва Тиркашев Икромлар билан жиноий тил бириктириб қимматбахо темир парчаларини Қирғизистонга олиб ўтиш жиноятига қўл урган ва жиноятларини якунлай олмасдан қолишган деб айб қўйишган. Лекин Эргашева Хабиба бу айбга иқрор бўлмаган.

«Ўтюраклар» клуби томонидан дарҳол бу фуқарони адвокат билан таъминлаб, ҳимоя қилинганидан сўнг, 200 минг сўм гаров пули олиб қўйиб юборишга мажбур бўлишди. Лекин айнан Мурот Нишонов калтакланган куни қонуний хужжатлар билан Вторчетмортга юк олиб кетаётган Камаз машиналар таможняга олиб кириб қўйилган. Уларнинг қўлида мавжуд бўлган юк хужжатлари эса МХҲ ходимлари томонидан йиртиб ташланган.

Бизнинт фикримизча ўта қашшоқ бу мамлакатнинг хукумати қалбаки хужжатлар билан фуқароларга тегишли бўлган хусусий мулкларини давлат фойдасига мусодара қилишни янги усулини оммавийлаштирмоқдалар. 2004 йил 19 апрелдан 19 декабргача Наманган МХҲ хисобига олинган ва Наманган телевидениесида ким ошди савдосига қўйилаётганлиги ҳақида рекламалар берилган 30 та Форд автомашинасини мулк эгаларига қайтариб беришга мажбур бўлганликларини унутган кўринадилар.

«Фуқаролик жамияти» номли ҳалқ харакати томонидан зудлик билан Мухсин ва Равшан исмли МХҲ ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилишини, Нишонов Мурод, Отабек Нурматов, Жумаев Ғуломжон, Эрматов Ўлмасжон ва Хабиба Эргашеваларта нисбатан қалбаки хужжатлар билан қўзғатилган жиноят ишларини ҳақиқий хужжатларни, шартномаларни нусхаларини иш материалларига қўшиб жиноят ишини харакатдан тугатишни, 50 кундан буён тортиб олиб қўйилган Камаз автомашиналарни мулк эгаларига зудлик билан қайтариб беришни, бу фуқароларнинг ҳимоячиси сифатида қатьий талаб қиламиз.

Акс ҳолда Қирғизистоннинг бугунги кундаги хукуматидан Қирғизистонлик аёлнинг ҳуқуқларини оёқ ости қилаётган Ўзбек хукуматига баёнот беришини сўрашга мажбур бўламиз ва ўзбек хукуматини истеъфосини талаб қилиб қисқа кунларда транспорт йўлларини Камаз автомашиналар билан тўсиб норозилик намойишлари бошлашга мажбур бўламиз.

Марғилон шаҳар Зуҳро кўчаси 31 уй 31-хонадонда
жойлашган «Фуқаролик жамияти» ҳалқ харакати ва
«Ўтюраклар» клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш ташкилоти рахбари, мустақил журналист
Мўътабар Тожибоева

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.