Ўзбекистонлик аёллар ҳукумат тазйиқига бардош бера олсалар, 2005 йилда Нобель мукофотини олишлари мумкин
Номзодлар билан суҳбатлашгач шу нарса маълум бўлдики, номзоди Нобель мукофотига кўрсатилган ўзбекистонлик аёлларга нисбатан маҳаллий ҳукумат тизимлари, жумладан, прокуратура томонидан босим кўрсатила бошланган.
Номзодларга таҳдид қилинган, фарзандлари ва қариндошлари тўғрисида маълумотлар йиғилган.
Ҳукумат вакиллари аёллардан ўз номзодларини олиб ташлашларини талаб қилганлар.
Нобель мукофоти таъсис этилган 1901-йилдан буён фақат ўн икки аёлгина бу мукофотни олишга муваффақ бўлган.
Европарламентнинг швейцариялик депутати Габи Вермонтга бу рақам эркак лауреатларникидан анча оз кўринди.
03.07.2005
Андрей Кудряшов (Тошкент)
Мукофотга қуйидаги тамойиллар асосида номзодлар кўрсатилади:
Инсон Ҳуқуқлари, болалар ва ногиронлар ҳамда турли ижтимоий гуруҳлар манфаатлари борасида фаол ҳаракат қилаётган, қашшоқликка ва унинг омилларига, зўравонликка, ирқий, синфий ва этник камситишга қарши курашаётган, ҳарбий жиноятларни ҳужжатлаштираётган аёллар.
Қабул қилинган тартибга биноан, номзоди кўрсатилган минг аёлдан уч нафари қуръа ташлаш йўли билан танлаб олиниб, 1 миллион 300 минг доллар миқдоридаги мукофотни қабул қилиб олиш учун Ослога боради. Лекин мукофот пул билан олинмайди.
Бу маблағ аёллар ташкилотларини қўллаб–қувватлаш махсус жамғармасига ўтказилади.
29-май куни Тошкентдаги “Интерконтиненталь” меҳмонхонасида Марказий Осиёдан номзоди кўрсатилган аёллар учун тантанали маросим ўтказилиши керак эди. Улар орасида ўзбекистонлик аёллар ҳам бор эди.
– “Биз “Интерконтиненталь” меҳмонхонасига таклиф қилинган меҳмонлар қаторида келганимизда, маъмур бизга тантана бўлмаслигини ва “Вива” хусусий меҳмонхонасига боришимиз мумкинлигини айтди”, – дедилар “Фарғона.Ру” мухбирига воқеа гувоҳлари. – “У ерда ярим ертуладаги барда “П” шаклида қўйилган стол атрофида 40 киши ўтирган экан. Бошқа давлатдан келган меҳмонларнинг исм – шарифлари ёрлиқлар билан кўрсатилган эди.
Қозоғистон, Тожикистон ва Озарбайжондан келган номзод аёлларни расман таништириб, уларга сўз бердилар. Фақат тантана охиридагина залда ўзбекистонлик аёллар ҳам борлиги тантана ташкилотчиларининг эсига келди. Уларнинг сони ўн нафар эмас, тўрт нафар экан. Уларнинг ҳам исм–шарифлари айтилмади. Сўзга чиқар эканлар, ўзбекистонлик аёллар нимадандир хижолатда эдилар”…
Номзодлар билан суҳбатлашгач шу нарса маълум бўлдики, номзоди Нобель мукофотига кўрсатилган ўзбекистонлик аёлларга нисбатан маҳаллий ҳукумат тизимлари, жумладан, прокуратура томонидан босим кўрсатила бошланган. Уларга таҳдид қилинган, фарзандлари ва қариндошлари тўғрисида маълумотлар йиғилган.
Ҳукумат вакиллари аёллардан ўз номзодларини олиб ташлашларини талаб қилганлар. Вилоят ҳокимияти ва ҳуқуқ–тартибот тизими ходимлари аёлларнинг тантанага боришларига тўсқинлик қилганлар. «Хьюман Райтс Вотч», Буюк Британия ва Германия элчихоналари томонидан номзоди кўрсатилган “Оналар ўлим жазосига қарши” ташкилоти раҳбари Тамара Чикуновани эса тадбир ўтказилиши ҳақида огоҳлантирмаганлар ҳам.
Халқаро дастурнинг расмий сайти http://www.1000peacewomen.org/га кирганимизда эса “ўзбекистонлик аёллар тазйиқлардан қўрқиб ўз исм–шарифларини матбуотда ёритмасликни илтимос қилганлари” тўғрисида хабар топдик.
– “Мен бундай ҳолатдан ғазабдаман”, – деди Тамара Чикунова. – “Қоидага кўра, Нобель мукофотига номзодлар номлари Халқаро Кенгаш тасдиқлагунга қадар сир сақланади. 1000 нафар номзоднинг рўйхати чоп этилди, рўйхатда ривожланган демократия мамлакатларидан ташқари Бурунди, Гаити, Папуа ва Янги Гвинея каби давлатлардан номзоди кўрсатилган аёлларнинг исмлари бор.
Бу мамлакатларда уларни миллий қаҳрамон сифатида алқамоқдалар. Ўзбекистонлик номзодлар рўйхати эса, номзодлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чоп этилмагани ёзилган. Бу ёввойиликдир.
Масалан Афғонистондан Нобель мукофотига менинг дугонам Жойя Малалай номзоди кўрсатилган. У Толиблар ҳукуматига қарши чиқиб, уларнинг жаҳолатини қоралаган. Паранжисини ташлагани учун уни тошбўрон қилмоқчи бўлганлар. Ҳозир у халқаро аксилтеррор кучлари ҳимоясида яшамоқда. Наҳотки у ўзбекистонлик номзод аёлларга нисбатан хавфсизроқ яшаётган бўлса”?
Тамара Чикуновага кўра, Ўзбекистон раҳбарияти ҳукуматга мойил бўлмаган аёлларга Нобель мукофоти берилиши билан уларнинг сиёсий обрўси ошиб кетишидан ташвишланмоқда.
– “Ўзбекистондан Нобель мукофотига номзоди кўрсатилган аёлларнинг рўйхатини чоп этмаслик Швейцарияда ўтган мувофиқлаштириш кенгаши йиғилишида келишилган.
Бу қарор кенгашга бир неча аёл “муайян қийинчиликлар туғилгани” боис ўз номзодларини олиб ташлаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганларидан сўнг қабул қилинган”, – деди “Фарғона.Ру” мухбирига дастурнинг минтақавий мувофиқлаштирувчиси Марина Пикулина. – “Лекин бу қоидага зид эмас.
Ўзбекистон ҳукумати ва Аёллар қўмитаси дастуримизнинг мақсадини тушуниб етмаётир. Бунинг натижасида расмийлар дастуримизни қўллаб–қувватлашдан бош тортмоқдалар. Дастур сиёсий мухолифатни қувватлаш мақсадини эмас, аёлларнинг тинчликпарвар ҳаракатини ривожлантириш мақсадини кўзлайди”.
– “Менимча, бу дастурни амалга ошириш вақти ноқулай пайтга тўғри келиб қолди”, – дейди Марина Пикулина. – “Фикримча, агар дастур жамиятни қарама–қарши гуруҳга бўлган 13-майдаги Андижон воқеаларидан олдинроқ амалга ошганда Ўзбекистон ҳукумати мойиллик билдирган бўлар эди”…
Марина Пикулинага кўра, у яқин кунларда Нобель мукофотига номзодини кўрсатишга розилик сўраб, 10 аёлга яна қайта мурожаат қилишга мажбур бўлади. Ўзбекистонлик номзодлар рўйхати яқин икки ҳафтадан сўнг дастур веб–саҳифасида эълон қилиниши мумкин. Энди бу рўйхатнинг пайдо бўлишини мухолифат ҳам, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам, ҳукумат тизимлари ҳам қизиқиш билан кутадилар.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish