Маҳмудовлар оиласи: Даъвогар суст бўлса қози иймонини ютади!

Снимок,,,,,,,

Т е л е г р а м м а

Тошкент. Матбуотчилар кучаси б уй. Президент девонига, Президент Ислом Каримовга;

Нусхаси: Фарғона. Шамсутдинов кўчаси 16 уй. Фарғона вилоят прокуратураси терговчиси Ислом Мирзалиевга;

Нусхаси: Тошкент. Шевченко кўчаси 6 уй. Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига:

З май 2005 йил

Мухтарам жаноб Исломжонлар!

1 апрель куни «Фуқаролик жамияти» Ҳалқ Харакати ва «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти номидан содда ва оми ўзбек ҳалқига мурожаатнома эълон қилинган экан. Ушбу мурожаатнома билан бизнинг бутун оиламиз ҳам яқиндан танишиб чиқдик ва мурожаатномага тўлиғича қўшилдик.

Ушбу мурожаатномада қуйидагилар ёзилган эди:

«…Ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари «меҳрибончиликлари» туфайли деярли ҳар бир хонадонда тухмат, бўхтон билан қилмаган жинояти учун жавобгарликка тортилиб, турмаларда азоб чекаётганлар – яқинларингиз, акангиз, укангиз, отангиз, хаттоки опа сингилларингиз ҳам бор. «Даъвогар суст бўлса қози иймонини ютади» деган мақол бор.

Дарҳақиқат, сизларнинг яқинларингиз айнан ўша сизларнинг сусткашликларингиз туфайли узоқ йилларга қамоқ жазоларига махкум қилинганлар. Чунки сиз ўз яқинингизни хибсга олинганини эшитганингиз заҳоти албатта МҲХ, Прокуратура ва Ички Ишлар бўлими терговчисининг ёнига етиб боргансиз. Мен хозир терговчилар билан бўлган биринчи мулоқотингизни кўзингиз олдига тиклаб бераман.

Терговчи сизлар билан сухбатлашиб, яқинингизни хозирча айби тасдиқланмаганлигини, худо хоҳласа бугун эрта қўйиб юборишини айтади ва шу билан биргаликда сизнинг иқтисодий қийин аҳволга солиб қўймаслик учун жуда кучли адвокатни сизни яқинингизни ҳимоя қилиши учун жалб қилганлигини айтади. Сиз «арзон» ёки «бепул» ҳимоячи топиб берганлиги учун терговчига ич ичингиздан миннатдор бўласиз. Ҳаёлингизга «мунчалар ширинсўз, мунчалар меҳрибон терговчи экан-а!?» деган ўй келади. Лекин «бу терговчи менинг қариндошим бўлмаса, танишим бўлмаса нега меҳрибонлик қиляпти?» деган шубҳага бормайсиз. Сизнинг фожеангиз ҳам ана шунда. «Арзоннинг шўрваси тотимас».

Терговчилар топиб берган «арзон» ёки «бепул» адвокатлар терговчилар учун «результат» қилиб берадиган, ўзи мустақил ишлай олмайдиган, ўзига ҳалқ ишонмайдиган чаласавод ва виждонсиз адвокатлардир. Фарғона вилоятининг ҳар бир шаҳар, туман прокуратураси, Ички ишлар бўлими, МХХ терговчиларининг штатли адвокатлари бор. Улар асосан фуқароларга қўлланиладиган қийноқнинг алдов усулидан фойдаланадилар, яъни фуқароларни руҳий қийноққа солиб, алдайдилар.

Масалан: Марғилон шаҳар прокуратурасида Ўлмас Ибрагимова билан, Бувайда туман Ички Ишлар Бўлимида Боқи Қодиров ўзингиз яшаётган худуддаги маъмурий органларнинг югурдаклари бўлган «штатли» адвокатларнинг рўйхатини олиш ҳеч ҳам қийин эмас.

«Тергов талаби» бўйича деб қалбаки хужжат расмийлаштириб, ўзининг адвокатини терговга киритган ва сизни тинчлантирган терговчи энди Сизнинг яқинингиз зиммасига умуман унинг алоқаси бўлмаган, бехабар бўлган ўта оғир жиноятларни содир этганликда айблаб хужжатларни тайёрлайди. «Штатли» адвокат Сизнинг яқинингизни кобра илон сингари алдаб, ҳозир айблов хулосасига имзо чекиб бераверишини, судда қамоқдан чиқиб кетишини, бунга адвокат сўз беришини айтиб, ишонтиради. Қарабсизки, яқинингиз узоқ муддатларга қамоқ жазосига хукм қилинди.

Энди тинимсиз ёзишмалар ёзинг, ҳаттоки Президентга ёзинг, додингизга ҳеч ким қулоқ солмайди. Алдов, ёлғон, қаллоблик қурбони бўлган яқинингиз узоқ йиллардан кейин оғир касалликка чалиниб қамоқдан қайтиб келади.

Аслида Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 49-моддаси 2-қисмига кўра ишда ҳимоячи сифатида:

– адвокатлар: ҳимоячи сифатида қатнашиш учун махсус рухсатномага эга шахслар:

– жамоат бирлашмаларининг ўз аъзоларининг ишлари бўйича вакиллари қатнашишлари мумкин.

– Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари; қонуний вакиллари; унинг оила аъзоларининг хоҳиш истаги билан муомила лаёқатига эга бўлган бошқа шахслар ҳимоячи сифатида иштирок этишига терговчининг қарори ва суд ажрими бўйича йўл қўйилиши мумкинлиги белгиланган.

Албатта жамоат бирлашмаларининг вакиллари, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг яқин қариндошлари, қонуний вакиллари, ҳимоячи сифатида ишга жалб қилинган бошқа шахслар юридик маълумотга эга бўлишлари шарт эмас.

Сизларнинг яқинингиз ҳибсга олингудек бўлса дархол терговчига, кейинчалик судга исталган пайтда мурожаат қилиб ҳимоячи сифатида жиноят ишида қатнашишни талаб қилинг. Чунки яқинингиз ўзини ҳимоя қилиш имкониятидан, далилларни тўплаш имкониятидан маҳрум, сиз эса очиқликда бемалол харакат қила оласиз.

Гумонланувчи, айбланувчи, судланувчи ҳам бу талабни қўллаб-қувватлаши керак. Унинг талабини қаноатлантирмасдан у истаган одамни ҳимоячи ёки қонуний вакил, жамоатчи ҳимоячи сифатида ишда қатнашишга терговчи ёки судья рози бўлмадими, ўзининг «штатли» адвокатидан ўзга одамни яқинлаштирмаяптими, билингки, яқинингизнинг ҳаёти хавф остида.

Дарҳол «штатли» адвокатнинг ҳимоясидаги яқинингиз бу адвокатнинг ҳимоясидан воз кечсин. Шу билан биргаликда терговчи ва судьяни ҳолислигига шубхаси борлиги учун уларни рад қилишига асос бор. Чунки улар гумонланувчи, айбланувчи, судланувчининг ҳимоя ҳуқуқини қўпол равишда бузди. Терговчини, судьяни рад қилиш ҳақидаги ариза қаноатлантирилмаса, яқинингиз кўргазма беришдан кескин бош тортсин. Майли уни уриб калтакласалар ҳам, руҳий қийноққа солсалар ҳам чидасин. Шу билан биргаликда дарҳол расман очлик эълон қилсин. Агар тергов ва суд пайтидаги қийноқларга, азобларга дош берса узоқ йиллик азоблардан қутулиб қолади.

Ўзбекистон туманининг Яйпан шаҳрилик Номоз Усмонов ва Иқбол Сатторовлар қотиллик ва ўғрилик, Охунбобоев тумани Пахтакор қишлоғилик Нуриддин Сохибоев номусга тегиш, Охунбобоев тумани Оқтепа қишлоғилик Салимбек Рахимов қотиллик, талончилик, босқинчилик, фирибгарлик, товламачилик, Фарғоналик Абдурахимов Улуғбек қотиллик, Фарғоналик Баратов Содиқ ва Олтиариқ туманилик Юлдашев Шерзодлар автоавария содир этиб, одамлар ўлимига сабаб бўлиш жиноятлари содир этганликда айбланаётган эдилар.

Кўпчилигининг ҳимояси учун прокуратура ва Ички Ишлар бўлимларининг «штатли» адвокатлари терговчилар томонидан жалб қилинганди ва уларнинг бу ўта оғир жиноятларни содир этганликларини адвокатларининг» саъйи харакатлари билан «тан олгандилар». Уларнинг иқрорлик кўргазмалари видеотасмаларга ҳам олинган эди. Баъзилари эса ўзлари хоҳлаган одам химоячи сифатида ишда иштирок этмагунча ҳеч қандай кўргазма бермасликларини айтиб, фикрларида қатъий тургандилар.

Юқорида номлари баён қилинган фуқароларнинг оила аъзолари «Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига ҳимоячи сифатида туҳматга учраган яқинларини ҳимоя қилишга ёрдам беришни сўраб мурожаат қилганлар. Натижада улар барчаси озодликка чиқарилдилар. Терговчилар ва «штатли» адвокатлар эса фош бўлдилар

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрь кунидаги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 11-банди бўйича ҳимоячи сифатида қатнашиши мумкин бўлган «бошқа шахслар» деганда айбланувчи томонидан ҳимоячи сифатида ишга киритилиши сўралаётган шахс тушунилиши ва ишда ҳимоячи сифатида иштирок этишга рухсат этилган шахсга суд томонидан ажрим шаклида ёзма хужжат берилиш ва ажримда ҳимоячининг ЎзР ЖПКниг 53-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилиши белгиланган.

Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида мухокама қилиниб, тасдиқланган ва Ислом Каримов томонидан имзо чекилган Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал Кодексининг 49 ва 53-моддаларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрь кунидаги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорини бажариш мақсадида ҳимоячи сифатида ишда иштирок этишига қарор ва ажрим чиқариши қатъий талаб қилинглар.

Бу қонуний талабларни рад этадиган, яъни Ўзбекистон Республикаси қонунларига бўйсунмайдиган терговчи ёки судья Ўзбекистон Республикаси хукумати сиёсатига ва Конституцион тузумга қарши эканликлари аён бўлади.

Бу ҳақда, яъни яқинингиз ҳаёти хавф остида қолганлиги ҳақида дарҳол хукумат идораларига ва Ҳалқаро ташкилотларга, Ҳалқаро матбуотларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз деб ёзганди.

Сизлар 16 февраль куни ўлдирилган Алишер Усмоновни ўлдирган жиноятчиларни қидириб топиш ўрнига мени ўғлим Музаффар Махмудовни ғайриқонуний тарзда тутиб, қотиллик жиноятини содир этганликда айблаш учун аввал ҳеч нарса топа олмагач, Охунбобоев туман Ички Ишлар бўлими Жиноят қидирув бўлими инспектори Тойирхон Алихонов томонидан ўғлим бошқариб кетаётган Эсперо автомашинага очиқ ошкора наркотик модда ташлаб қўйиб хибсга олгансизлар ва ёш гўдакни товонларига дубинкалар билан уриб аёвсиз калтаклагансизлар.

Ўғлимизни ғайриқонуний тарзда хибсга олган заҳотингиз уни автомашинасини ҳам, машинадаги сотка телефони-ю, калитлари ва бошқа хужжатларини ҳам тортиб олиб қўйгансизлар. 78 ёшли Махмудов Азимжонга тегишли бўлган 34-96 давлат рақамли Эсперо автомашинасини қандай хужжатлар расмийлаштириб олиб қўйгансизлар? Биз бундан буткул бехабармиз. Шунингдек «Фуқаролик жамияти” Ҳалқ Харакати ўз баёнотида ёзганидек ўзларингизга қарашли адвокатни тергов талаби билан тергов ишларига жалб қилгансизлар.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 31-моддасига кўра «Жиноят Процессуал Кодекси 50-моддаси 4-қисмига мувофиқ суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд (судья) гумон қилинувчини, айбланувчини юридик ёрдам учун ҳақ тўлашдан батамом ёки қисман озод этишга ҳақлидир. Бундай ҳолларда адвокат меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси томонидан белгиланадиган тартибда давлат хисобидан қопланади.

Жиноят Процессулал Кодекси 50-моддасига асосан юридик ёрдам учун ҳақ тўлашдан меҳнатга қобилиятсиз ва тўловга қурби етмайдиган шахслар, яъни қарамоғидаги ҳар бир шахсга тўғри келадиган жаъми даромади энг кам иш ҳақининг ушбу масала кўрилаётган вақт учун белгиланган миқдоридан кўп бўлмаган, бинобарин кам таъминланган фуқаролар озод қилинади» дейилган.

Хўш, сиз томондан ўғлимни жиноятчи деб расмийлаштириб узоқ йилларга қамоқ жазосига хукм қилинишига ёрдам бераётган бизнинг оиламиз аъзоларининг биронтаси ҳам танимайдиган адвокатингиз билан қандай тарзда хужжат расмийлаштирдингиз? Сизнинг қўлингизда бизни оиламизни кам таъминланган, адвокатга ҳақ тўлай олмайдиган даражада камбағал деган бирон хужжат борми?

Бизнинг оиламиз ўз фарзандини ҳимоя қиладиган адвокатга ҳақ тўлай оладиган даражада бақувват оила.

Шунинг учун биз умуман танимайдиган чўнтак адвокатингиздан бизнинг оиламиз воз кечади, бу адвокатни ҳар эҳтимолга сақлаб қўйинг, қилган жиноятларингиз учун жиноий жавобгарликка тортилган пайтингизда Сизни ўзингизни мана шу адвокат ҳимоя қилади.

Бизни фарзандимиз Махмудов Музаффарни ҳимоя қилиш учун эса ЖПКнинг 49- моддаси 2-қисмига ва Ўзбекистсн Республикаси Олий Суди Пленумининг «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 11-моддасига биноан нотариал идора орқали расмийлаштирилган фарзандимизнинг ҳимоячилари Мўътабар Тожибоева ва Бувайда тумани Жалоер қишлоғида яшовчи Исломжон Мирзалиев билан жуда яқиндан таниш бўлган Умурзақова Сохибахонларни фарзандимиз Музаффарга нисбатан қўзғатилган жиноят ишида ҳимоячи сифатида ишда иштирок этишларига зудлик билан қарор чиқариб беришингизни қатъий талаб қиламиз.

Бугундан эътиборан фарзандимиз Музаффар Махмудов сизнинг ўзингизни шеригингиз бўлган чўнтак адвокатингиз иштирокида ва юқорида номлари баён қилинган оиламиз томонидан танлаб, ишонган ҳимоячиларимиз иштирокисиз биронта ҳам кўргазма бермайди. Фарзандимизни ҳимоя ҳуқуқини заррача бузгудек бўлсангиз фақатгина ўзингиздан ўпкаланг. Акс ҳолда қабул қилган қонунларига маъмурий органлар вакиллари итоат этмайдиган, хукуматни назар писанд қилмайдиган терговчиларнинг қонунларни оёқ ости қилишларига имконият яратиб бериб фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ўта қўпол тарзда бузилишига имконият яратиб бераётган хукуматга нисбатан ўз норозиликларимизни кескин йўллар билан баён қилишга мажбур бўламиз.

Жумладан: 15 апрель кунги Фарғона вилояти адвокатларининг умумий йиғилиши пайтида бир пайтлар Президент Ислом Каримов оиласи билан яқин бўлган Қувасой шаҳар судининг раиси бўлган, хозирда Америка Қўшма Штатларининг маблағлари эвазига кун кўрадиган «LEGAL ALT» адвокатлик фирмаси рахбари Феруза Валиева Мўьтабар Тожибоевани Қувасойдаги руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда туради деб гапирган тухмат ва бўхтон гапига қарши чўнтак адвокатлардан жабр тортган фуқаролар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, Мўътабар Тожибоевадан амалий ёрдам олган барча фуқаролар билан биргаликда Ўзбекистсн Республикаси хукуматининг истеъфосини талаб қилиб ўтказиладиган норозилик намойишларида бутун оила аъзоларимиз билан биргаликда қатнашамиз.

Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Садда қишлоқ фуқаролар Йиғини Сўкчилик кўчаси 95-уйда яшовчи Махмудова Саодатхон, Махмудов Турдиали, Махмудов Азимжон, Махмудов Ғайратжон, Махмудов Пўлатжон, Махмудова Шохистахон, Махмудов Неъматулло, Махмудова Лобархон, Махмудова Мухайёхон, Махмудова Тўлкиной, Махмудова Муборакхон ва бошқалар.

03.05.2005. Davogar sust bulsa qozi iymonini yutadi

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.