Ҳоким террорчилар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини бир қаторда кўради
Ушбу хатда туманда диний экстремизм ва терроризм, қўпорувчилик ҳаракатларининг олдини олиш, аҳоли ҳушёрлигини оширишга қаратилган тадбирлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилган.
02.05.2005
М.Тожибоеванинг айтишича, бу хатда: “Сиздан ўз ҳудудингизда тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилмаган айрим сиёсийлашган гуруҳлар, фаолияти амалдаги қонунчиликка хилоф бўлган ҳамда Ўзбекистондаги ижтимоий ва сиёсий вазиятни издан чиқаришга қаратилган, гўёки инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида иш юритаётган бузғунчи кайфиятдаги тузилмалар вакиллари ҳаракатига қонуний баҳо бериш мақсадида уларнинг шахс сифатида кимлигини, асосан, кимларнинг ҳимоячиси эканини чуқур ўрганиб, уларга нисбатан таъсирчан чоралар қўллашингизни талаб қиламан”, – дейилади.
М.Тожибоеванинг фикрича, хатда террорчилар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг алоҳида ажратиб кўрсатилмагани аҳолининг бу тоифа кишиларга бир хил назар билан қарашига олиб келади. Бу хатдан асл мақсад аҳолиси нисбатан сиёсий фаол бўлган Ўзбекистон туманида бу фаолликка тўсиқ қўйишдир.
“Озодлик” мухбири хатга муносабат сўраб, Ўзбекистон тумани ҳокимлигига мурожаат қилганида, унинг вакили туман ҳокими У.Тожибоев яқинда ишдан бўшатилгани, хатдан эса бехабарлигини билдирди.
Тумандаги фуқаролар йиғинларидан бирининг раиси эса туман ҳокимининг шу мазмундаги хатини олганини маълум қилди. Унинг айтишича, хат асосида маълум тадбирлар кўриш бошланганди, аммо туман ҳокими ишдан кетгач, хат ҳам эътибордан четда қолди.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу каби хатлар бошқа туманларда ҳам қабул қилинишидан хавотир олмоқда.
Бундан бўлишининг олдини олиш учун, М.Тожибоеванинг таъкидлашича, Ўзбекистон туманининг собиқ ҳокими устидан судга ариза берилади.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish