Зафар Обидов: Терговчиларнинг топшириғини бажариб келаётган сохта ҳимоячидан воз кечаман!
Мен аслида маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳам содир этганим йўқ. Бувайда тумани М.Қориев кўчасида жойлашган қўшмачихона қўшмачиси Суйдипачоқнинг вахшийларча ўлдирилганлиги юзасидан ҳақиқий қотилни топа олмасдан ушбу қотилликни мени зиммамга қўйиш мақсадида қалбаки хужжатлар расмийлаштириб, мени ҳимоя ҳуқуқимдан маҳрум қилиш мақсадида маъмурий жавобгарликка тортиб, суд ишни одилона кўрмасдан туриб қамоқ жазосига қарор чиқарди.
Фарғона вилоят прокурори Ҳамид Неъматовга;
Нусхаси: Фарғона вилояти Марғилон шаҳри Зуҳро кўчаси 31 уй 31 хонадонда яшовчи «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, мустақил журналист Мўътабар Тожибоевага
Фарғона вилоят ИИБ ИВСда сақланаётган маъмурий ҳуқуқбузар Обидов Зафаржондан
А Р И З А
17 июнь 2005 йил
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 49-моддаси 2-қисмига кўра жиноят ишида судланувчининг қонуний вакиллари, шунингдек бошқа шахслар ҳимоячи сифатида иштирок этишига терговчининг қарори ва суд ажрими бўйича йўл қўйилиши мумкинлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрь кунидаги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 11-банди бўйича ҳимоячи сифатида қатнашиши мумкин бўлган «бошқа шахслар» деганда айбланувчи томонидан ҳимоячи сифатида ишга киритилиши сўралаётган шахс тушунилиши ва ишда ҳимоячи сифатида иштирок этишга рухсат этилган шахсга суд томонидан ажрим шаклида ёзма хужжат берилиш ва ажримда ҳимоячининг ЎзР ЖПКниг 53-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 53-моддасида белгиланганидек:
«Ҳимоячи»:
– манфаатларини ҳимоя қилаётган шахснинг нимада гумон қилинаётганлиги ёки айбланаётганини билишга:
– ишда иштирок этиш учун ўзига ижозат берилгани тўғрисида суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суддан ёзма равишда тасдиқ талаб қилишга;
– гумон қилинувчи сўроқ қилинаётганда иштирок этиш, шахсга айблов эьлон қилинаётганда ҳозир бўлиш ҳамда айбланувчи сўроқ қилинаётганда, шунингдек уларнинг иштирокида ўтказиладиган бошқа тергов харакатларида қатнашиш ва гумон қилинувчига, айбланувчига, гувоҳларга, мутахассисларга саволлар беришга;
– суриштирувчи ёки терговчининг рухсати билан тергов харакатлари юргизилаётганда иштирок этишга;
– ўзи қатнашган тергов харакатларининг юритилиши хусусида ёзма мулоҳазалар беришга;
– илтимосномалар бериш ва рад этишга;
– далиллар тақдим қилишга;
– давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан ҳамда жамоат бирлашмаларидан ҳимояни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа хужжатлар сўраб олишга;
– гумон қилинувчи ёки айбланувчи иштирокида ўтказилган процессуал харакатларга оид хужжатлар билан, дастлабки тергов тамом бўлгандан кейин эса, жиноят ишига доир барча материаллар билан танишиш ва улардан керакли маьлумотларни ёзиб олишга;
– агар ҳимояни амалга ошириш зарурияти тақазо этса, давлат сирлари, тижорат сири ёки бошқа сир хисобланган маълумот билан қонун хужжатларида наэарда тутилган тартибда танишишга;
– ишнинг суддаги мухокамасида тараф сифатида иштирок этишга;
– суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ва суднинг харакатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар келтиришга;
– суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ва у ҳавда ўз мулоҳазаларини билдиришга;
– иш бўйича келтирилган шикоятлар, протестлардан хабардор бўлиш ва уларга эътирозлар билдиришга;
– аппеляция, кассация ва назорат инстанцияси суди мажлисларида иштирок этишга.
Айбланувчи ёки судланувчи қамоқда бўлса, ХИМОЯЧИ яъни Сиз ва бошқа ҳимоячилар у билан ҳоли учрашишга ҳақлисизлар. Бундай учрашувлар сони ва давом этиш вақти чегараланмайди.
Мен аслида маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳам содир этганим йўқ. Бувайда тумани М.Қориев кўчасида жойлашган қўшмачихона қўшмачиси Суйдипачоқнинг вахшийларча ўлдирилганлиги юзасидан ҳақиқий қотилни топа олмасдан ушбу қотилликни мени зиммамга қўйиш мақсадида қалбаки хужжатлар расмийлаштириб, мени ҳимоя ҳуқуқимдан маҳрум қилиш мақсадида маъмурий жавобгарликка тортиб, суд ишни одилона кўрмасдан туриб қамоқ жазосига қарор чиқарди.
Хозирда тергов харакатлари олиб бориляпти. Оила аъзоларимга ҳеч қандай хабар берилгани йўқ. Мени ҳимоя ҳуқуқимни бузиб мен умуман танимаган, билмаган кимсани тергов пайтида ҳимоячим сифатида қатнаштиришяпти. Мен бугунги кунгача мени ҳуқуқларимни қонунга биноан ҳимоя қилмаган, фақатгина терговчиларнинг топшириғини бажариб келаётган сохта ҳимоячидан воз кечаман.
Шунингдек Олий Мажлисида муҳокама қилиниб, тасдиқланган ва Ислом Каримов томонидан имзо чекилган Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал Кодексининг 49 ва 53-моддаларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрь кунидаги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисидаги қарори”га асосан Фарғона вилояти Марғилон шаҳри Зуҳро кўчаси 31 уй 31 хонадонда яшовчи «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, Мустақил журналист, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ҳалқаро жамияти аъзоси Мўътабар Тожибоевани ва Бувайда тумани Жалоер қишлоғида яшовчи Сохибахон Умурзақовани онам Бувайда тумани М.Қориев кўчаси 8 уй 5-хонадонда яшовчи Обидова Истарахон томонидан нотариал идора орқали ишончнома бериб мени ҳуқуқларимни ҳимоя қилишга ваколат берганликлари сабабли, уларни ҳимоячим сифатида ишда иштирок этишига қарор чиқаришни назорат қилишингизни қатъий талаб қиламан.
Мен Мўътабар Тожибоева ва Сохиба Умурзақовалар иштирокисиз ҳеч кимга ҳеч қандай кўргазма бермайман.
Ушбу аризамга 2005 йил 17 июнь куни нотариал идора орқали расмийлаштирилган Мўътабар Тожибоева ва Сохиба Умурзақоваларки мени қонуний манфаатларимни ҳимоя қилишлари учун уч йил муддатга онам Обидова Истарахон томонидан берилган ишончнома нусхасини маьлумот тариқасида юбораман.
Ҳуқуқбузар: Обидов Зафаржон
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish