Мўътабар Тожибоева: Коррупционер сенаторлар жиноятлари ҳақида бонг урамиз!
Биз журналистлардан қонун ҳам, матбуот ҳам Аҳаджон Исақов учун ҳам, ширкат хўжаликлари рахбарларини чидаб бўлмас ҳақоратли сўзлар билан сўкканлиги учун калтакланиб, шифохонага тушган сенатор Ноъмонжон Омонов учун ҳам, Комил Бойматов-у, уларнинг шотирлари учун ҳам бир хил эканлигини исботлаш учун журналистик суриштирувлар ўтказиб матбуотда танқидий мақола чоп этишларини талаб қиламиз.
Фикримизни якуни сифатида Сенатор Ноъмонжон Омонов, унинг Олтиариқдаги жиноий шериклари, терговчи Комил Бойматов ва унинг шотирлари томонидан содир этилган жиноятлар юзасидан қўлимизда етарлича маълумотлар борлигини эслатмоқчимиз.
Биз жиноят ҳақида берган ушбу хабаримиз юзасидан ўтказиладиган хизмат текширувларига жалб этилишимизни қатъий талаб қиламиз.
Т е л е г р а м м а
8 июнь 2005 йил
Тошкент. Матбуотчилар кўчаси б уй. Президент девонига. Президент Ислом Каримовга;
Нусхаси: Мустақиллик кўчаси 1 уй. Олий Мажлис Сенат раиси Мурод Шарифхўжаевга;
Нусхаси: Тошкент. Мустақиллик майдони. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси, Бош Вазир Шавкат Мирзиёевга;
Нусхаси: Тошкент. Сайилгоҳ кўчаси 7 уй. Республика МХХ кўмитаси раисига;
Нусхаси: Тошкент. Академик Яҳё Ғуломов кўчаси 66 уй. Республика Бош прокуратурасига;
Нусхаси: Тошкент. Абдулла Қодирий кўчаси 1 уй. Республика Олий суди Пленумига;
Нусхаси: Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 32 уй. «Ҳалқ сўзи» газетасига;
Нусхаси: Фарғона. «Адолат йўли» газетаси бош муҳаррири Алишер Ибодиновга
КОРРУПЦИЯ ЖИНОЯТИ ХАКИДА ХАБАР
«Коррупция, энг аввало, уюшган жиноий тузилмамаларга мададкор бўлиш ёки тўғридан-тўғри ёрдам бериш учун давлат хизматининг имкониятларидан фойдаланишдир. Бу эса жамият ҳавфсизлиги ва барқарорлигига тўғридан-тўғри тахдиддир» Ислом Каримов.
Шу йилнинг З июнь куни Республика «Мохият» газетасининг 22-сонида журналист Кумуш Мирзакаримованинг «Таассуф. Яхшилик қўлингдан келмаса, ёмонлик қилма» рукни остида «ТАН ОЛИШ МАШАҚҚАТИ» Фарғона вилоят прокурорининг собиқ ўринбосари Маъруф Усмоновга» номли танқидий мақоласи чоп этилди.
Ушбу мақолада Фарғона вилоят прокурорининг собиқ ўринбосари, Қўқон шаҳар Хокими, сенатор Маъруф Усмоновнинг жиноятлари ҳақида нафақат Фарғоналиклар, балким бутун бир Ўзбекистонликлар хабардор бўлган, ўз вақтида Марказий матбуотларда чоп этилган танқидий мақолаларда, фельетонларда ёзилган далиллар тўплами баён қилинганди. Бу далиллар коррупциянинг қанчалик илдиз отганлигидан далолат беради.
Жиноят Процессуал Кодексининг 322-«Жиноят ишини қўзғатиш сабаблари ва асослари» моддасида жиноят иши қўзғаш учун асос бўладиган холатлар бирма-бир баён қилинган бўлиб, «жиноят белгилари мавжудлигини кўрсатувчи маълумотлар жиноят ишини қўзғатиш учун асос бўлади» дейилган.
Маъруф Усмонов нафақат Қўқон шахар хокими, сенатор балким, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича кўмита раиси ўринбосари хисобланади. Ўзбекистон қонунлари Маъруф Усмонов учун бошқа фуқаролар сингари баробарми, йўқми, буни келажак кўрсатади.
Яна бир сенатор – Охунбо6оев туман хокими Ноъмонжон Омонов ҳақида тўхталсак:
Республика Адлия Вазирлигининг 15 март кунги 39-УМ рақамли «Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислохотларни ривожлантиришга қаратилган қонун хужжатларнинг ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги буйруғида «Ер ажратиш масалаларида суисътемолчиликка йўл қўйилган холатлар хавфли жиноят деб бахолансин ҳамда айбдорларни муқаррар жавобгарликка тортиш чоралари кўрилсин. Айбдор шахсларни жиноий жавобгарлиги масаласини ҳал қилиш учун тегишли хужжатлар вилоят прокуратурасига юборилсин ва назоратга олинсин» дейилган.
«Халқ сўзи» газетасининг 2004 йил 10 август кунги сонида «ЕР ТАБАРРУК НЕЪМАТДИР — ердан мақсадли фойдаланишда айрим мансабдорлар томонидан йўл қўйилаётган суисътемолликлар хусусида» Республика бош прокуратураси қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунийликни таъминлаш ва хўжалик юритувчи субьектларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи, адлия катта маслаҳатчиси Эргаш Менглиевнинг мақоласида Олий Мажлис депутати Ноъмонжон Омоновни ўғли, қизи, турмуш ўртоғи, ошна-оғайниларига ер ажратиб бериб, талон-тарожга йўл қўйганлик фактлари ёзилган.
Аслида 2004 йилнинг июнь ойида Мамлакат Президенти Ислом Каримовга Ноъмонжон Омоновнинг ерларни ўз шахсий манфаати йўлида талон-тарож қилаётганлиги ҳақида телеграмма юборганимиздан кейин, ушбу телеграмма юзасидан прокуратура идоралари томонидан текширишлар ўтказилганлиги ва бу текширишларда Президентга юборилган телеграммада келтирилган важлар тасдиғини топганлиги ҳақида Олтиариқ туман прокуратурасидан 10 сентябрь куни 11-2004 рақамли жавоб хатини олгандик.
У хатда шундай дейилганди:
«Президентга юборилган телеграммалар юзасидан прокуратура 2004 йилни июль ойида туман хокими Ноъмонжон Омоновни яқин қариндошлари номида фермер хўжаликларини ташкил этиш юзасидан текшириш ўтказди. Бу ўтказилган текшириш якунига кўра туман хокими Н.Омоновни турмуш ўртоғи Х.Омонова номида «Омонжон Хаж» номли фермер хўжалиги ташкил этиш ҳақида»ги хокимнинг 30.09.2001 йил кунги 768-сонли, келини Д.Тоштурғунова номида «Кибриё Олтиариқ» номли фермер хўжалигини ташкил этиш ҳақида»ги хокимнинг 10.06.2002 йилдаги 486-сонли, ишчиси Ф.Дониқулов номида «Ёқуб ота файз» номли фермер хўжалигини ташкил этиш ҳақида»ги хокимнинг 20.10.2003 йилдаги 654-сонли қарорларини бекор қилиш юзасидан, яьни Ноъмонжон Омонов томонидан ўзининг яқин қариндош уруғларига қонунга зид равишда фермер хўжалик юритиш учун ер майдонлари ажратиб берилганлиги аниқланиб, туман хокимининг ноқонуний қабул қилган қарорларини бекор қилиш учун прокуратура томонидан протест киритилиб, протест асосида жаъми 90 гектар ер майдони Отақулов ширкат хўжалигига қайтарилиши таъминланди.
Вилоят прокуратураси томонидан 2004 йил 13 июль куни мазкур қонун бузилиши холатларини бартараф этиш юзасидан вилоят хокими номига тақдимнома киритилиб, мухокама натижасига кўра туман хокими Н.Омоновга интизомий жазо сифатида «хайфсан» эълон қилинган».
Бундан ташқари «Ўзбекистон» ширкат хўжалигининг 287-контурадаги 7 гектар ер майдони 2001 йил 22 сентябрь кунидан бошлаб 2010 йил 31 декабрь кунига қадарли ўзаро тузилган шартномага асосан ижарачи Ш.Марахимовга тегишли бўлсада, пора сифатида ўзга бир фуқароларга туғилган кунларига совға қилиб бериб юборганлик факти аниқланиб, Ноъмонжон Омоновнинг 2003 йил 16 май кунги 400-сонли ва 26 июнь кунги 475 сонли қарорлари бекор қилинган.
Лекин Ноъмонжон Омонов ҳеч қандай жавобгарликка тортилмади, ижарачи Ш.Марахимовга ери ханузгача қайтарилмади. Республика бош прокурори «Ҳалқ сўзи» газетасида 22 апрель куни ёзганидек «ҚОНУН ОЛДИДА БАРЧА БАРОБАР» бўлганида эди, Ноъмонжон Омонов сенатор эмас, балким қайсидир бир турманинг махбуси бўлиб ўтирар эди.
Олтиариқ туман прокуратурасидан 10 сентябрь куни 11-2004 рақамли жавоб хатида яна қуйидагиларни ўқиш мумкин:
«Жўрак» ширкат хўжалиги томонидан туман хокимининг биринчи ўринбосари Ж.Суярқуловнинг ўғли Д.Суярқулов номида бўлган «Суярқул ота» номли фермер хўжалигига жаьми бўлиб 183,5 минг сўмлик, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи М.Мусаевнинг ўғли Ж.Мусаев номида бўлган Жахонгиробод номли фермер хўжалигига 193,7 минг сўмлик техника хизмати кўрсатилганлиги, лекин тегишли хужжатлар юритилмаганлиги аниқланди.
Шунингдек «Жахонгиробод» номли фермер хўжалигигига қўшимча равишда 7 гектар ер майдони ажратишда қонун бузилишларга йўл қўйилиб, 1 гектар ер майдони ноқонуний равишда ажратиб берилганлиги аниқланди ва фермер хўжалигига қўшимча ер майдони ажратиш ҳақидаги туман хокимининг 2003 йил декабрь кунги 721-сонли қарори юзасидан 1 гектар ер майдонини ширкат хўжалигига қайтариш учун туман хокими номига 28.08.2004 йил куни протест киритилди».
Прокуратуранинг жавоб хатида юқоридаги холатлардан ташқари «Туманда полиз экинларини экилишини қонунийлиги юзасидан ўтказилган текширишда «Охунбобоев» ширкат хўжалиги томонидан ҳақиқатда 11,2 гектарга полиз экилган бўлсада, туман статистика бўлимига 2,5 гектар, «Б.Отақулов номли ширкат хўжалигида 2,5 гектар полиз экилган бўлсада, 4-СХ2 хисоботида 2 гектар полиз экилганлиги тўғрисида хисобот тақдим этганлиги аниқланган»
Бизга берилган жавоб хатида 2,5 гектар полиз экини эккани ҳолда 4-СХ2 хисоботида 2 гектар полиз экилди деб хисобот бериб, 0,5 гектарини яширгани учун Б.Отақулов номли ширкат хўжалиги бошқарув раиси Н.Холматов маъмурий жавобгарликка тортилгани ёзилган. Лекин негадир «Охунбобоев» ширкат хўжалиги рахбарининг 11,2 гектарга полиз экилган ер майдони хисоботлардан яширилган бўлсада статистика бўлимига 2,5 гектар экилди деб 8,7 гектарини яширганлиги учун чора кўришни «унутиб» қўйишган.
Ноъмонжон Омонов Олтиариқ тумани хокими бўлган пайтида бир нечта ширкат хўжалиги рахбарлари хокимнинг ҳамтовоқлари бўлганликлари боис ҳеч бир мард уларнинг мушугини пишт дея олмаган.
Биргина мисол: «Охунбобоев номли ширкат хўжагида ўтказилган текшириш жараёнида ширкат хўжалиги мансабдор шахслари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 август кунги «Бюджет билан хисоб-китобларни амалга оширишда хўжалик юритувчи субьектлар рахбарлари жавобгарлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори талаблари қўпол равишда бузилиб, 2003 йил давомида ижарага олинган ерлар хисобига 10955 минг сўмлик бартер шартномалари тузилганлиги аниқланган.
Олтиариқ туманида яшовчи Х.Юсупов 2004 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёевга ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Р.Қодировга шикоят ариза ёзиб, «Ўзбекистон» ширкат хўжалиги амалдорларнинг жиноий кирдикорлари ҳақида баён қилиб, қонун устиворлигини таъминлашни сўраган. Республика прокуратурасига юборилган хат Олтиариқ туман прокуратурасидан прокуратура ҳузуридаги солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш бўлимига 19 август кунги 1р-2004 сонли хат орқали юборилган.
Ушбу ариза прокуратура ҳузуридаги солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўрганиб чиқилган ва ширкат хўжалигида текшириш ўтказишга рухсат сўраб, 2004 йилнинг 23 август куни 12-1-264-сонли – хат орқали Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика Кенгаши Фарғона вилоят худудий комиссиясига мурожаат қилишган.
Фуқаро Х.Юсуповнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёевга ёзган аризаси юзасидан вилоят хокимияти томонидан гуруҳ тузилган ва «Ўзбекистон» ширкат хўжалигида текшириш ўтказилган. Текширишда аризада кўрсатилган ширкат хўжалиги мансабдор шахслари хусусан «Ўзбекистон» ширкат хўжалиги рахбари Расул Ҳамдамов томонидан амалга оширилаётган жиноий хатти-харакатлари деярли барчаси тасдиқланган.
Бу амалдорнинг кирдикорлари юзасидан ўтказилган текширишда қатнашган Фарғона вилояти МЧЖ «Водий» аудиторлик ташкилоти аудитори Маъруф Абдурасулов томонидан текшириш якуни бўйича ёзилиб имзо чекилган маълумотномада Расул Ҳамдамов ва бошқаларнинг, хусусан Ноъмонжон Омоновнинг Жиноят Кодексининг бир қанча моддаларидаги жиноятларни содир этганликлари очиқ ошкора бирма бир баён қилинганди.
Ушбу текшириш натижалари бўйича тузилган маьлумотнома вилоят хокимининг 2004 йил 2 сентябрь кунги рақамсиз кўрсатмасига асосан қонуний чора кўриш учун вилоят прокуратурасига юборилган. Бу ҳақда бўлим бошлиғи М.Баннопов Олтиариқ туман прокурори Р.Камоловга ва Х.Юсуповга 2004 йил 30 сентябрь кунги 12-1-300-сонли алоқа хатида маълум қилган бўлсада, қонунбузар амалдорга унинг ҳомийси Ноъмонжон Омоновдан қўрқиб ҳеч қандай чора кўрилмади.
Ноъмонжон Омонов бугунги кунда Охунбобоев тумани хокими сифатида фаолият юритмоқда. У ширкат хўжаликлари мансабдор шахсларига нисбатан кучли назорат ўрнатиб, ўзининг жиноий шериги Охунбобоев туман прокуратураси терговчиси Комил Бойматов орқали кўплаб ширкат хўжаликлари мансабдор шахсларининг жиноий жавобгарликка тортилишларига эришди.
Ноъмонжон Омонов Олтиариқ туманида ишлаган пайтида қонунлар ўзгача эдими?
Нима учун Охунбобоев туманидаги ширкат хўжаликлари рахбарлари қилмаган жиноятлари учун жавобгарликка тортилишлари керагу, Олтиариқликларга ҳеч ким тегмаслиги керак?
Нима учун???
Сенатор Ноъмонжон Омонов номига «Намуна» ширкат хўжалигининг раҳбарларига қилинаётган ғайриқонуний хатти-харакатлар устидан фуқароларнинг ёзган шикоят аризалари Омоновни қутиртириб юборди ва сенатор сифатида ҳақиқатни аниқлаш ўрнига Охунбобоев туман прокуратурасига буюртма бериб, ширкат хўжалиги рахбарларини жазолашга топшириқ берди.
2004 йил 10 декабрь куни Охунбобоев туман прокурори томонидан Ноъмонжон Омоновнинг буюртмасига асосан «Намуна» номли ширкат хўжалигининг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 205-моддаси 2 қисми «в» банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Бу ғайриқонуний қўзғатилган жиноят иши бўйича Тошлоқ туман прокурори лавозимида ишлаган пайтида қонунларни оёқ ости қилганлиги учун прокурор лавозимидан четлатилган терговчи Комил Бойматов тергов харакатлари ўтказган. Ўзининг жиноий хатти-харакатлари юзасидан Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суди томонидан 2004 йил 9 июль куни хусусий ажрим чиқарилиб, вилоят прокуратурасининг 9 август кунги тезкор йиғилишида муҳокама қилиниб, тергов харакатлари давомида йўл қўйган камчиликлари кўрсатиб ўтилган ва келгусида юқорида қайд этилган қонунбузилишларга йўл қўйса интизомий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилган Комил Бойматов Ноъмонжон Омонов сингари жиноятларга қўл уришдан асло чўчимайди. Чунки у ҳам биладики, ҳеч қачон жазоланмайди.
Агар у қонунларни хурмат қилганида ва жиноятлари учун жазо муқаррарлигини сезганида эди, тумандаги мансабдор шахслар М.Асқаров, А.Умурзақов, С.Қосимов ва А.Тошпўлатовларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш ҳакида қарор қабул қилинмасдан туриб тергов харакати олиб бормас, айб эълон қилмасдан туриб ва уларга жиноят иши қўзғамасдан туриб қамоққа олмас эди.
Унинг навбатдаги жинояти сабабли Тошлоқ туман судининг 2004 йил 28 сентябрь кунги чиқарган ажрими юзасидан Комил Бойматовга одил судловга қарши жиноятларни содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилиши керак эди.
Афсуски, «Ҳалқ сўзи» газетасида ёзилганидек коррупция бу коррупция-да!
Комил Бойматов ўзининг ҳар доимги жиноий шериги адвокат Ўлмас Ибрагимова билан жиноий тил бириктириб, сенатор буюртмасига асосан жиноятчига айланиб қолган айбланувчиларга дўқ пўписа қилиб юриб ҳар биридан 80 минг сўмдан адвокат учун пул йиғиб берган. Лекин адвокат Ўлмас Ибрагимовани айбланувчиларнинг айбсизликлари умуман қизиқтирмаган. Тергов харакатларида ҳам умуман қатнашмаган. Агар у ҳаққоний ҳимоя қилганида эди, жиноят иши қўзғаш учун ҳеч қандай асос йўқлигини, шундай бўлсада жиноят иши қўзғатилганлигини асослаб берган ва химоясидаги айбсиз айбдорларни ҳаққоний равишда ўз химоясига олган бўларди.
Жиноят иши қўзғаш ҳақидаги 10 декабрь кунги қарорда эса «Фуқаро (аслида Охунбобоев туман ИИБ терговчиси) Жума Рахимовнинг тушунтиришича ижарага ерни олиш учун берилган аризадан ва ўзаро тузилган ижара шартномадан бехабар эканлиги ва қўйилган имзоларни ўзи қўймаганлигини таъкидлаб ўтди» дейилган.
Лекин жиноят иши материаллари орасида Жума Рахимовнинг ана шундай мазмундаги аризаси, на тушунтириш хати, на гувоҳ тариқасида кўргазма берганлигини исботловчи хужжатлар умуман мавжуд эмас.
Бундан ташқари «Намуна» ширкат хўжалиги мансабдор шахсларининг ушбу жиноят ишида бўрттирилган «жиноятлари» юзасидан Охунбобоев туман прокуратураси томонидан текшириш ўтказилиб, 2004 йил 14 октябрь куни бу «жиноятчилар Давлат солиқ инспекциясининг қарори билан маъмурий жаримага тортилганлар, яъни биргина нотўғри хатти-харакатлари учун ширкат хўжалиги рахбарлари 2 мартадан жазога тортилдилар.
«Намуна» ширкат хўжалиги рахбарларига нисбатан 2004 йил 10 декабрда қўзғатилган жиноят иши тергов харакатлари тугатилиб, 2005 йил 26 март куни айблов хулосасига имзо чекилди. Бу айблов хулосасига кўра «Намуна» ширкат хўжалигининг собиқ раиси Мирсолиев Иброхим Турсунович, бош хисобчи Холматов Икромжон Эргашевич, собиқ бош иқтисодчи Қўшақов Мамир Тожиматович, техника устахона мудири Машраббой Сайидов ва ер тузувчи Тўхтасинов Қурбонали Қосимовичлар Жиноят Кодексининг бир нечтадан моддалари билан айбланганлар.
Ушбу жиноят иши терговини олиб бориш пайтидаги текширишлар жараёнида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика бош прокурори, Республика Миллий Хавфсизлик хизмати раиси, Республика Ички Ишлар Вазири ва Республика давлат солиқ кўмитаси раиси билан келишилган ва Адлия Вазирлиги томонидан 2001 йил 8 май куни тасдиқланган, шунингдек 15 май куни 917-1 сон билан рўйхатга олинган «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ва текширишларни рўйхатга олиш китобини юритиш тартиби тўғрисидаги Низом» талаблари ўта қўпол равишда бузилган.
Чунки бу Низом «Тадбиркорлик фаолияти зркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 8 августдаги ПФ-1 503 сонли «Текширишларни тартибга солиш ва назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиришни такомиллаштириш тўғрисида»ги ва 1998 йил 19 ноябрдаги ПФ -2114 сон «Хўжалик юритувчи субъектларни текширишни ташкил қилишни тартибга солиш тўғрисида»ги Фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2000 йил 17 февралдаги 57-сон Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи Кенгаши фаолиятини фаоллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таьминлаш мақсадида ишлаб чиқилганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Ушбу Низомнинг «Текширилаётган хўжалик юритувчи субъектлар ва текширувчи органлар ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари» баён қилинган тўртинчи қисмида текширувчи мансабдор шахслар Кенгаш ёки вилоят комиссияси қарорини ва қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ бўлган текширишни тайинлаш тўғрисидаги терговчи қарорини, текшириш ўтказиш учун асос хисобланувчи бошқа хужжатларни ҳавола қилиши, текширишларни рўйхатга олиш китобига ушбу Низомда белгиланган тартибда ёзув киритишлари ва бошқа мажбуриятлари очиқ ойдин баён қилинган.
Лекин жиноят иши материаллари ичида қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ бўлган текширишни тайинлаш тўғрисидаги терговчининг қарори умуман мавжуд бўлмасада, юқоридаги Низом талабларига зид равишда Охунбобоев туман молия бўлими ходими Валишер Зокиров, давлат солиқ инспекцияси ходимлари Адхам Рахимов ва Қаҳрамон Сотволдиевлар ширкат хўжалигида ғайриқонуний тарзда текширишлар ўтказишган.
Бу «қонун ҳимоячилари»ни текшириш ўтказиш учун ҳам ҳеч қандай ваколатлари йўқ бўлишига қарамай нафақат тафтиш, балким Валишер Зокиров ва Қаҳрамон Сотволдиевлар ушбу жиноят иши бўйича тергов гуруҳига киритилмаган, уларга нисбатан буйруқ ёки қарор бўлмасада, улар тўлиғича тергов харакатлари ўтказганлар.
Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Охунбобоев туман судида гувоҳ сифатида кўргазма берган барча гувоҳлар маьлум қилишди. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Далиллар мақбуллигига оид Жиноят-Процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 2004 йил 24 сентябрь кунги 12-сонли қарорига кўра ушбу жиноят ишидаги барча далилларни номақбул деб топилишига асос бўлади.
Ширкат хўжалиги вакилларига нисбатан қийноқлар қўлланиб, уларнинг шаъни, қадр қимматини оёқ ости қилиб, хақоратлаб, қамаб қўйиш билан қўрқитиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида дуч келинаётган оғир вазиятда ширкат хўжалигини тебратганликлари учун рағбатлантириш ўрнига, 6 миллион сўмдан ортиқ маблағни ғараз мақсадларда ўзлаштирганликда айблаб, улардан б миллион сўм давлат фойдасига ундириб олинган. Лекин Валишер Зокиров бошчилигида ўтказилган тафтиш якуни бўйича тафтиш далолатномаси деб айтилаётган, лекин оралиқ далолатнома деб расмийлаштирилган ғайриқонуний хужжатда ўзлаштирилди дейилаётган сумма миқдори буткул бошқа.
Фарғона вилоят прокуратурасининг «Адолат йўли» газетасининг 15 апрел кунги сонида «Ишни муштумзўрликдан бошлаган хокимнинг қонунга хилоф ишларига чек қўйилди» номли мақола чоп этилган. Унда суднинг хукми билан узоқ йилларга қамоқ жазосига хукм қилинган Риштон туман хокими Аҳаджон Исақов кирдикорлари ҳақида ёзилган.
Бугунги кунда Фарғоналиклар барчаси «Аҳаджон Исақов бош вазир Шавкат Мирзиёевга Фарғонада бўлган йиғилишда гап қайтарганлиги учун ҳам қамалди, ҳам матбуот орқали шарманда қилинди» дейишмоқда.
Биз журналистлардан қонун ҳам, матбуот ҳам Аҳаджон Исақов учун ҳам, ширкат хўжаликлари рахбарларини чидаб бўлмас ҳақоратли сўзлар билан сўкканлиги учун калтакланиб, шифохонага тушган сенатор Ноъмонжон Омонов учун ҳам, Комил Бойматов-у, уларнинг шотирлари учун ҳам бир хил эканлигини исботлаш учун журналистик суриштирувлар ўтказиб матбуотда танқидий мақола чоп этишларини талаб қиламиз.
Фикримизни якуни сифатида Сенатор Ноъмонжон Омонов, унинг Олтиариқдаги жиноий шериклари, терговчи Комил Бойматов ва унинг шотирлари томонидан содир этилган жиноятлар юзасидан қўлимизда етарлича маълумотлар борлигини эслатмоқчимиз.
Биз жиноят ҳақида берган ушбу хабаримиз юзасидан ўтказиладиган хизмат текширувларига жалб этилишимизни қатъий талаб қиламиз. Текшириш жараёнларида асосли хужжатларни ашёвий далил сифатида текширувчиларга тақдим этамиз.
Фарғона вилояти Марғилон шаҳар Зуҳро кўчаси 31 уй 31-хонадонда жойлашган Фуқаролик жамияти халқ харакати асосчиси ва «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, мустақил журналист, «Намуна» ширкат хўжалиги номидан иштирок этувчи фуқаровий даъвогарнинг ва беш нафар судланувчиларнинг вакили:
Мўътабар Тожибоева
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish