Мўътабар Тожибоева: Жаноб Каримов! Зудлик билан милиция ҳақидаги қонунни қабул қилинг! Ҳукуматнинг содиқ хизматчиси милиция терговчисини ҳимоя қилинг!!!

Жаноб Ислом Абдуғаниевич!

“Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти номидан “Зудлик билан милиция ҳақидаги қонунни қабул қилинг – Ўзбек хукуматининг содиқ хизматчиси милиция терговчисини ҳимоя қилинг!!!” дея қатъий талаб қиламиз.

Чунки Ўзбекистонни мустақилликка эришганига бир неча йиллар бўлишига қарамасдан ханузгача милиция ҳақида қонун қабул қилинмаган. Бунинг натижасида Ўзбекистондаги милиция органларида фаолият юритувчи шахслар нафақат Ўзбекистондаги қонунларга бўйсунмасликлари холати, балким уларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имониятлари мавжуд эмас. Бир оғиз сўз билан айтганда милиция ходимларининг қонунбузилиш холатларига қонуний бахо бериш ва ҳуқуқи бузилганларни ҳимоялаш механизми ишлаб чиқилмаган.

Т е л е г р а м м а

Зудлик билан милиция ҳақидаги қонунни қабул қилинг – Ўзбек хукуматининг содиқ хизматчиси милиция терговчисини ҳимоя қилинг!!!

18 август 2005 йил

Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 6 уй. Президент девонига. Президент Ислом Каримовга;

Нусхаси: Тошкент. Хукумат уйи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасига Бош вазир Шавкат Мирзиёевга;

Нусхаси: Тошкент. Академик Яхё Ғуломов кўчаси 1 уй, Ўзбекистон Республикаси бош Прокуратурасига;

Нусхаси: Тошкент. Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлигига;

Нусхаси: Тошкент. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Омбудсман Сайёра Рашидовага;

Нусхаси: Тошкент. Президент девони — Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги судьяларни танлаш, лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясига;

Нусхаси: Тошкент. Абдулла Қодирий кўчаси 1 уй, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига;

Нусхаси: Тошкент. Сайилгоҳ кўчаси 7 уй, Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик хизмати кўмитасига;

Нусхаси: Тошкент. Матбуотчилар кучаси 32 уй, «Халқ сўзи» газетаси бош мухаррири Аббосхон Усмоновга;

Нусхаси: Тошкент Навоий кўчаси 69 уй, Республика Телерадиокомпанияси раиси Абдусаид Кўчимовга;

Нусхаси: Тошкент. Республика Соғлиқни Сақлаш Вазири Феруз Ғофуровга;

Нусхаси: Фарғона вилоят МҲХ Бошқармасига;

Нусхаси: Фарғона вилоят ИИБга:

Нусхаси: Фарғона вилоят Прокурорига;

Нусхаси: Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди раисига

Жаноб Ислом Абдуғаниевич!

“Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти номидан “Зудлик билан милиция ҳақидаги қонунни қабул қилинг – Ўзбек хукуматининг содиқ хизматчиси милиция терговчисини ҳимоя қилинг!!!” дея қатъий талаб қиламиз.

Чунки Ўзбекистонни мустақилликка эришганига бир неча йиллар бўлишига қарамасдан ханузгача милиция ҳақида қонун қабул қилинмаган. Бунинг натижасида Ўзбекистондаги милиция органларида фаолият юритувчи шахслар нафақат Ўзбекистондаги қонунларга бўйсунмасликлари холати, балким уларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имониятлари мавжуд эмас. Бир оғиз сўз билан айтганда милиция ходимларининг қонунбузилиш холатларига қонуний бахо бериш ва ҳуқуқи бузилганларни ҳимоялаш механизми ишлаб чиқилмаган.

Барча оғир ва қонунга зид талаблар милиция ходимлари зиммасига юкланади. Ўзбекистон хукуматининг ўз сиёсатидан нафратланадиган инсонлардан қўрқиши шунчалар кучайганки, милиция ходимлари рахбарларнинг ғайриқонуний талаблари билан тинимсиз қонунларга зид равишда фуқароларга босимлар ўтказишлари, қонунларни оёқ ости қилишлари керак. Натижада оддий ҳалқнинг нафрати ушбу милиционерларни қонунга зид равишда босимлар ўтказишга мажбурлаётган хукуматга нисбатан эмас, ҳуқуқи бузилганда ёлғизланиб қоладиган милиционерларга қаратилади. Кечани кеча кундузни кундуз демай, жинояткор хукуматнинг манфаати учун хизмат қилаётган милиционерларни ҳам ҳимоя қилиш учун, ҳам уларни қонундан четга чиқмасликлари учун Милиция ҳақидаги қонунни зудлик билан қабул қилишингизни қатъий талаб қиламиз.

1984 йил 10 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган ва Ўзбекистон Республикаси имзо чеккан «Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шавқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши ҳалқаро конвенция»га имзо чеккан бўлишига қарамасдан хукумат маъмурий органлари томонидан фуқароларга нисбатан, кўпинча умуман бирор бир жиноятга алоқаси бўлмаган, қайсидир корчалоннинг кўзига хунук кўриниб қолган фуқароларга нисбатан ўта шавқатсиз, инсонийликка зид, қадр-қимматни камситувчи турлари қўлланилмоқда.

Бу далилларни исботи тариқасида Фарғона вилояти Ички Ишлар Бошқармаси Тергов бошқармаси собиқ терговчиси, махбус Ҳайдаров Пирмуҳаммад Мухторовичнинг сизга йўллаган шикоят аризаси билан танишиб чиқиш кифоя қилади деб хисоблаймиз.

Биз собиқ милиция терговчиси Пирмуҳаммад Ҳайдаровнинг ўз шикоятида келтириб ўтган қонунбузилишлар, қўлланилган қийноқлар юзасидан махсус хукумат комиссияси тузишингизни ва Ҳайдаров ишида қонунбузилишларга йўл қўйган маҳаллий мансабдорларнинг кирдикорларига ҳуқуқий бахо берилишини шахсан ўзингиз назорат қилишингизни қатъий талаб қиламиз.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовга Ҳайдаров Пирмуҳаммад Мухтаровичдан

А Р И З А

Мухтарам Президент!

Мазкур аризамни айнан Сизга ёзишимдан мақсад шундан иборатки, инсон улуғ, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш адолатли тузумнинг бош мақсади. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда мамлакатимизда ҳам инсонпарварлик тамойиллари тобора чуқур илдиз отаяпти. Ҳаётда қўлланилаётган бундай тадбирларнинг ҳуқуқий жихатдан тўла-тўкис, жахоний тажрибаларга мутлақ хосу-мослиги ҳам юрагимизда демократик жараёнлар изчиллик билан амалга оширилаётганидан далолатдир…

Бироқ, жамиятда амалга оширилаётган ислохотлар турли жабхаларда, ҳар хил соха ёки тармоқларда содир бўлиши турлича талқин қилиниб, ушбу ислохотларни демократиклиги кимларгадир малол келаяпти, кимлар эса баҳоли қудрат қўллаб қувватламоқда.

Мен ҳаётим, умримни асосий қисмини жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши кураш ва жиноятчиликни олдини олишга бахшида этган, ички ишлар идораларининг ходими, терговчи, милиция капитани, хозирда Фарғона вилоят Миллий хавфсизлик хизмати ва прокуратураси томонидан ИИБ тизимига нисбатан ўзаро ички низо-нифоқларини қурбони (результати) бўлиб, «пора олиш»да айбланиб, қамоққа олиндим. Менга нисбатан уюштирилган бу бўҳтонлар ва ноҳақликлардан норозилик билдириб ўнлаб, ҳатто юзлаб шикоят аризалар билан турли инстанцияларга мурожаат қилиб келмоқдаман.

Аммо мени нолаларим умуман текширилмасдан, яна ғариқонуний тергов ва суд олиб борилаётган Фарғона вилоятига қайтариб юборилмоқда. Шунинг оқибатда фақат Сизга, юртбошимизга, инсонларни дардини чин дилдан тинглайдиган Президентимизга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқдаман. Нима учун айнан Сизга мурожаат қилмоқдаман? Шунинг учунки, Фарғона вилоятида МҲХ ва прокуратура бир томон, иккинчи томонда эса асосан Ички ишлар идоралари ва бошқалар тарафма-тараф бўлиб, ўзаро ички низоларни авж олдириб, ходимларни қурбон қилиш, ноҳақдан айблаш, қамаш билан машғул бўлиб келишмоқда. Ваколат МҲХ ва прокуратурада юқорироқ бўлгани учун асосан Ички Ишлар идораларининг ходимлари бадном бўлишмоқда. Сўнг маданий ва қонуний бўлиши учун суд орқали, уларга тазйиқ ўтказишиб, хукм чиқаришга эришишмоқда.

Суд қонунан даҳлсиз бўлсада, бироқ МҲХ ва прокуратура тазйиқи остида номига ҳалқ кўз ўнгида суд мухокамаси ўтказиб, жуда кўп қонунбузилишларни ҳаспушлаб, суд жараёни экс этиши лозим бўлган баённомаларни МҲХ ва прокуратура манфаатларига мослаб, ўзгартириб, лозим бўлса кайта ёзиб, бирон-бир асосли далилларсиз адолатсиз равишда хукм чиқармоқда. Бунинг оқибатида нафақат мен, балким минглаб оддий фуқароларнинг давлат органларига нисбатан ишончсизлик, норозилик туйғулари жунбушга келмоқда.

Мени иш юритувимда бўлган ўта оғир турдаги жиноят, яъни кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини сотганликда айбланаётган шахсни озодликка чиқариб юбориш учун мен 4000 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилиб олган эмишман. Қачонки ушбу шахсни мазкур жиноятни содир этишдаги айби етарли далиллар билан тўла тасдиқланган, қамоққа олинган, ушбу шахс тўғрисидаги маълумотлар ваколатли идораларга ёзма равишда юборилган, уни озодликка чиқариб юбориш ваколатига эга бўлмасам, жиноят иши судга чиқиш арафасида бўлса-ю, мени содир этишим лозим ва мумкин бўлмаган муайян ҳаракатни қандай қилиб амалга ошириб, уни озод қилиб юборишим мумкин? Бўлиши мумкин эмас, умуман қонунга ва мантиққа тўғри келмайди. Қонунда бундай жиноят учун 10 йилдан 20 йилгача озодликдан махрум этиш кўзда тутилган. Уни айбсиз деб топиш ёки айбли деб топиш суднинг мутлақ ваколатига киради, мени эмас.

Суриштирувчиларни муқаддам содир этган харакатлари юзасидан айбланувчининг турмуш ўртоғи Л.Убайдуллаева норозилик билдириб, вилоят МҲХ ёки прокуратурасига арз қилиб борганида, улар Ички ишлар идораларига яна бир талофот етказиш учун айни муддао бўлганлигини, бунинг учун терговчини қурбон қилишга қулай вазиятни яратган. Чунки суриштирувчиларни «результат» қилиш ҳеч қандай натижа бермаслигини, чунки улар суриштирувни якунлаган бўлиб, иш қўзғатилган тергов харакатлари олиб борилмоқда, терговчини ушлаш эса айни муддао, сабаб «статья» катта ва кўнгилдагидек бўлади.

Ушбу режани амалга ошириш учун хонасининг қаерига бўлсада пул ташлаб қўйилса бўлди, терговчини қўлидан эса пюминафор кукуни чиқиши муаммо эмас. Чунки суртиб қўйиш бирон бир қийинчилик туғдирмайди. Оқибатда эса МҲХ ва прокуратура амалдорларига Ички ишлар идораларини қора отлиқ қилиб кўрсатиш учун дастак ва «результат» бўлади. Шахс эса амалий ёрдам бергани учун, албатта МҲХ ва прокуратура томонидан судга ўтказилган тазйиқ натижасида озодликка чиқади ёки қонунда кўрсатилган жазо чорасига нисбатан 2-3 баробар камроқ муддатга жазо белгиланади. Шундай бўлиб ҳам чиқди, бир неча маротаба судланган, Фарғона шаҳрида оилавий «барига», яъни гиёҳвандлик воситалари сотиш билан машҳур бўлган сулола вакили К.Матмусаевга 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилди. Қачонки айнан ушбу турдаги жиноят учун қонунда 10 йилдан 20 йилгача озодликдан махрум этиш жазо чораси кўзда тутилган. Шунингдек К.Матмусаев, унинг турмуш ўртоғи Л.Убайдуллаева, укаси И.Матмусаев, Равшанлар айнан гиёҳвандлик воситаларини сотганликлари учун судланган шахс хисобланадилар.

Л.Убайдуллаева шахсан ўзи ушбу фаолиятларига чек қўйиш ва гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний кириб келиши ва сотилишини олдини олиб, бундай шахсларни фош қилишда кўмак беришини айтди. Шу мақсадида Қирғизистон Республикасидан гиёҳвандлик воситаларини олиб келиб, укаси ҳамда қариндош уруғлари орқали соттириб келадиган қайинопаси – турмуш ўртоғини опасини жиноят устида қўлга туширтириб беришини айтди. Бунинг учун қамоқда бўлган турмуш ўртоғидан ижозат олишини, бунинг учун рухсатнома беришимни сўради. Мен рухсатномани бердим. Л.Убайдуллаева 1 март куни кечки пайт жавобини айтиш учун мен ўтирган хонага келди. Мен хисобот ишлари билан машғул эдим. У хонамга кирди ва хабар олиб келганини, бироқ қўрқишини, ўйлаб жавоб беришини айтди. Мен унга мени ҳам айнан шу бугун ишларим кўплиги, оилавий холатим туфайли кетишим кераклигини, эртаси куни келишини айтдим. У чиқиб кетди. Мен кириш эшигига орқа ўгириб, компьютерда хисобот ишларига берилиб турганимда кабинет эшигини кимдир очолмаётганини сезиб, у томонга қараганимда ҳали ҳам хонамдан Л.Убайдуллаева чиқиб кетмаганлигини, эшикни очолмаётганини кўриб, эшикни очдим ва уни чиқариб юбордим. Орқага икки қадам қўймасимдан орқамдан бир неча шахс бостириб кириб, мени стол устига ётқизишиб, уриб-дўппослаб, қурол ишлатишиб, қўлларимга кўзга кўринмас кукунни ишқай бошлашди. Чунки мени кафтларимни ушлаб, қўлларини ишкашларидан нима наф, буни бошқача қандай тушуниш мумкин?

Мени бақир-чақирларимга ва бундай қилмасликларини сўраб қилган илтижоларимга улар умуман акс муносабатда бўлишди. Бу жараёнларни барчасини видеотасвирга туширишди. Орадан 10-15 дақиқалар ўтганидан кейин терговчи, тобе-холислар ва яна жами 17 нафар ходимлар киришиб, хонани титиб чиқишди. Лекин ҳеч нима топа олишмади. Охири улардан бири яна кабинетни кўздан кечирди ва ўзлари ташлаб қўйган пулларни «топишди» ва хужжатлаштиришди. Мен прокуратура терговчисига эътироз билдириб, мени қўлимга суртмалар суртишганини, шуни текшириш учун барча хонада бўлган МҲХ ходимларини қўлларини, эшик дасталарини, уларни ва мени қўлларим теккан жиҳозларни барчасини ультрабинафша асбоби ёруғлигида текшириб кўришини талаб қилдим.

Лекин прокуратура терговчиси мени мазкур қонуний талаб-илтимосимни оқибатсиз қолдирди. Аксинча турли таҳдидлар билан мени шаънимни оёқ ости қилишди. Сўнг мени қўлларимни нур ёрдамида кўздан кечиришганларида бутун кафтим орқа олди, ҳатто бармоқларимни ҳаммасини ич-ичигача айланаси бўйлаб, шунингдек кийимларимни икки ён томони тиззамгача, айнан МҲХ ходимлари ушлаган ва пайпаслаган жойлари ялтиллаб кўзга ташланди. Ахир пул санашда, уни олишда шунча кўп ялтироқлар қолиши мумкин эмаску. Мен пул олмаганимни ва кўрмаганимни шу асослар бўлсада инкор қилишди.

Мени МҲХ тергов хибсхонасига олиб боришганида, у ерда Иқбол Турдибоев деган МҲХ ходими тазйиққа олиб, уриб, хақоратлаб, мени камсита бошлади. Шунинг учун мен Фарғона вилоят МҲХ ва прокуратурасига ишончсизлик билдириб, кўрсатма беришдан бош тортдим. Мени уч кун мобайнида на сув ва на овқат беришмасдан, рухан ва жисмонан қийноққа солишди. Сўнг мени муқаддам 28 мартдаги Тошкентдаги террорчилик актлари содир бўлган вақтда тергов қилганим «Хизбут-тахрир» норасмий диний экстремистик оқим аъзоси А.Мадмаров, ўта оғир турдаги жиноят содир этган Ш.Пардаев, гиёҳвандлар Т.Гапаров, Ш.Абдуллаев, А.Абдураззақов, Сайдуллаевлар ўтирган хонага ташлашди.

Мен Ички Ишлар ходимини бундай шахслар билан битта хонада сақлаш на қонунан ва на адолат юзасидан умуман мумкин эмас-ку. Кейин менга маълум бўлишича, мен қилмаган ишни бўйнимга олиб, айбга иқрор бўлишим керак экан. Чунки бу ердаги қийноқлар, рухий ва жисмоний тазйиқларни сўз билан ифодалашга нафақат тил, балким қалам ва қоғоз ҳам ожизлик қилади. Мен фақат адабиётлардан ўқиб, фильмларда кўрганман холос.

Мени холатим М.Шолоховнинг «Инсон тақдири» асаридаги Соколовни асирга тушиб қолганда бошидан кечирган азобларданда аянчли эди. Бу ердаги қийноқларга дош бера олмай, бир неча бор тергов хибсхонаси бошлиғи Ш.Хайитбоевга оғзаки ва ёзма шикоятлар қилдим. Оқибатда эса қийноқлар янада авж олди. Энди кўз очиртиришга ҳам қўйишмаётган эди. Ҳимоячимни чақиртиришни талаб қилсам ҳам уни чақиртириб бериш у ёқда турсин, аксинча овозимни чиқартиришга ҳам қўйишмади.

Тергов пайтида эса албатта икки нафар МҲХ тергов хибсхонаси назоратчилари тепамда туришиб, оғиз очгани қўйишмайди. Бир маротаба терговчига арз қилганимдан кейин ҳали тергов хибсхонаси камерасига киришга улгурмасимдан мени арзим ипидан игнасигача камерадошларимга етиб келганини билдим, камерадаги қийноқлар ҳақида терговчига гапирганлигим учун яна тазйиқлар кучайди. Мен ёзган арз шикоятлар тергов хибсхонасидан ташқарига чиқмади. Дардимни кимга айтишни билмай, оғир асаб касаллигига учраб, очлик эълон қилдим ва 10 кун очликда ўтирдим, сўнг бемажол холатда 10-сонли Тергов Хибсхонасига ўтказишга мажбур бўлишди. Бу ерга ўтказиш пайтида «Мен соппа-соғман» деб баҳона қилдим, акс холда мени қабул қилишмай, яна қайтариб жаханнамга жўнатишиб юборишар эди.

Шундай қилиб тазйиқлар остида тергов ҳам якунланди. Етарли асосларсиз, бир қанча қонунбузилишлар билан жиноят иши айблов хулосаси билан судга чиқди. Судья Икром Мадаминов ишдаги қонунбузилиш холатларини кўриб, ЖПКнинг 419-моддасидаги нормалар мавжуд бўлсада, суд мухокамасини бошлаб юборди. Судга келган гувоҳлар тўғри, хаққоний кўрсатма беришсада, у ЖПКнинг 102-моддаси талабларини бузган ҳолда ишора қилувчи ва йўналтирувчи саволлар билан фақат қоралов нуқтаи назаридан ишни олиб борди.

Суд жараёнида тасвирга олинган видеокассета ва аудиокассеталарни намойиш қилди. Мен ундаги тасвирлар монтаж қилинганлигини, мени эътирозларим ва менга тан жарохати етказган, қўлимга суртишаётган ва тазйиқ ўтказишган таҳдидлари ҳам тасвирга олинганлигини, улар хозирда йўқ бўлиб қолганлигини, видеокассетага ва аудиокассета бошқа эканлигини, у ерда 2 та видеокамерада тасвирга олишганликларини, видеокассета кичик хажмда бўлганлигини, аудиокассета эмас, микрокассета тўғрисида иш материалларида маълумотлар мавжудлигини, бундан ташқари булар ҳаммаси қонун нормаларига зид эканлигини тўла исботлаб берсамда, у меннинг бу асосли важларимни инобатга олмади.

«Қайси қонун нормаларида «перезапись» қайта кўчириб ёзиш кўзда тутилган? Менга исботлаб беринг. Мени бу ҳуқуқим ва Сизнинг мажбуриятингиз» десам «Сизни СНБ ушлаган, биз ҳеч нима қила олмаймиз» деб ўзини аянчли қиёфасини намойиш қилди.

Суд ажрим чиқариб химоячимни судда мени ҳимоя қилишини таъқиқлаб қўйди. Ахир ҳимоя ҳуқуқи мени инсон сифатида Умум эътироф этган Ҳалқаро Конвенция, Пактлардаги ва Конституциядаги мутлақ ҳуқуқим-ку. Таъбир жоиз бўлса Саддам Хусайнни ҳам 1522 нафар адвокат ҳимоя қиляпти экан. Мен шунчалик ашаддий шахсманми? Ҳали мен жиноят қилмасдан шунчалик бўлсам, ҳақиқатан ҳам жиноят қилсам унда мени умуман оёқ ости қилиб ташлашар эканда. Мен адвокатни бир неча маротаба талаб қилдим. Лекин судья И.Мадаминов мени шаъним, қадр-қимматимни камситиб ташлади. Нима учун?! Чунки менинг қонуний талабларимни бажариб, суд ишини ҳаққоний кўрса МҲХ ва прокуратура деган қудратли идораларда ўтирган айрим шахсларнинг манфаатига путур етади. Бу эса албатта ушбу иш кўраётган судьяни мени аҳволимга тушиб қолишига олиб келади.

Шундан кейин мен дардимни кимга айтай? Қози шундай ожизу нотовон бўлса бошимни қаерга уришим керак? Қамалиб кетавериш керак эканда! Гўдак фарзандларим қандай кун кечиришади? Улар ким бўлиб етишишади? Уларни – мени яқинларимни кўз ёши уволи кимни тутади? Наҳотки демократик давлатда, қонунлар устивор деб эътироф этилган жамиятда қонунлар фақат китоб жилдларида қолиб кетаверса?

Вилоят прокурори Яйпанлик, биринчи ўринбосари ҳам Яйпанлик, иккинчи ўринбосари ҳам Яйпанлик, айблов хулосасини тасдиқлаган, санкция берган прокурор Яйпанлик, мени суддаги ишимда қатнашаётган прокурор ҳам Яйпанлик, судья ҳам ўша томондан. Бу таниш-билишчилик оқибатида қанчадан-қанча бегуноҳ шахслар, гунохкорлари ҳам гуноҳига қараганда оғирроқ айб билан махкум қилинди, ёлғиз худога ва бохабар бўлган шахсларга аён.

Менга охирги сўз, музокара сўзи берилмади. Мени ҳуқуқларим поймол этилди. Қонун бузилишлар яққол кўриниб турсада кўз юмишди. Хужжатлар қалбакилаштирилди. Номақбул далиллар мақбул деб эътироф этилди. Иш холатларига мос келмайдиган адолатсиз хукм чиқаришиб, мени 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этишди.

Мухтарам Президент!

Мени айнан Сизга мурожаат қилиб, Сизни қимматли вақтингизни олишга шу холатлар мажбур қилди. Балким мени мазкур аризам Сизга етиб бормас. Балким виждони нафсидан юқори турувчи иймонли, виждонли мутасадди шахсни қўлига бориб тушар. Ўзингиз ўйланг, агар айбим бўлса мен Сизга мурожаат қилган бўлармидим? Йўқ! Ҳаддим сиғмас эди. Чунки мен шундай тўғри сўз, халол, мехнаткаш, оқил ота-она тарбиясини олганман. Ҳатто улар ҳам мени айбдор-гуноҳкорлигимни хис қилишса мендан воз кечиб қўйишади.

Мен Ҳалкаро Оммавий ахборот воситаларига, кенг ҳалқ оммасига мурожаат қилмоқчи эдим. Лекин шахсан Сизни ўта хурмат қилганим учун, чунки Сиз Ўзбекистонни кўзгусисиз – Сизга мурожаат қилмокдаман. Бу мени холатим Сизни қизиқтирмаслиги ҳам мумкиндир. Бу мени хозирги аянчли аҳволимни мен билан сухбат ўтказган шахсгина чуқур ҳис қилади. Аллақандай ғаламис кимсаларни ғайриқонуний ҳатти-харакатлари оқибатида бутун Ўзбекистонимизни ҳуқуқни мухофаза қилувчи идоралари қора отлиқ бўлишга арзимайди ва мумкин эмас.

Сиз кўп нарсани билмайсизда! Сизга аниқ маълумотлар кириб бормайдида! Олиб киришмайди!Етказишмайди ёки мослаштириб олиб киришади. Акс ҳолда Тошкент, Бухоро, Андижон воқеалари содир бўлмаган бўлар эди. Чунки айрим муассасаларнинг мутасадди шахсларини шахсий манфаатлари умумманфаатлардан юқори қўйиб келинмоқда.

Мана мен ариза ёзаяпману, ичимда эртанги кунни ўйлаб кетаяпман. Чунки бу аризам айнан Сизнинг ўзингизга ёки виждонли, иймонли шахснинг қўлига бориб тегмай, манфаатдор шахсларнинг қўлига тушиб қолса мен учун, менинг оилам учун яна бунданда баттар қора кунлар кўланка сола бошлайди.

Балким мен соғ ёки тирик қолмасман, ёхуд умуман овозим чиқмайдиган жойларга бориб қоларман. Буниси ҳали менга қоронғу.

Сиздан илтимосим мени аризамни бефарқ қолдирманг.

Умид, илинж ва миннатдорчилик билан

Ҳайдаров Пирмуҳаммад

Qamoqdagi sobiq tergovchi Pirmuhammad Haydarov shikoyati

Qamoqdagi tergovchi Pirmuhammad Haydarovni sud tibbiy ekspertizasi hulosasi

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.