Маъруф Усмонов раҳбарлигида қийноқ қўлланган баъзи жабрланувчилар рўйхати

Снимок,,,,,,,

М.Тожибоева хибсга олинган пайтида уйидан олиб кетиб, кейинчалик суд хукми билан йўқ қилинган хужжатлар ичидан тергов пайтида 16.11.2005дан 07.12.2005 йилгача № 11 коробкадаги 504 вароқли «Қийноқлар» папкасидан Тожибоева кўчириб олишга улгурган маълумотлар 

1. Бувайда тумани Жалоер ҚФЙ 2–Қўрғонча қишлоғида яшовчи Шокир Ориповни 2000 йил 2–июнда Бувайда туман Ички ишлар бўлими Жиноят Қидирув Бўлими бошлиғи Шавкат Одилов қийнаб ўлдирган. Шавкат Одиловни қотил эканлигини исботловчи хужжатлар етарли бўлишига қарамасдан Маъруф Усмонов Фарғона вилоят прокурорининг 1–ўринбосари сифатида бу ишни бости–бости қилган.

2. Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Ҳамза шаҳри Навоий МФЙ раиси Отақулова Мавжуда. Отақулова Олтиариқ туман прокурори Ғайрат Умурзақов ва унинг хомийси Маъруф Усмоновнинг жиноий кирдикорларига қарши очиқ ошкора курашиб келган.

У Республика прокуратурасига Ғайрат Умурзақовни вазифасидан четлатишни талаб  қилиб бир неча марта ёзма мурожаатлар қилган. Мавжуда Отақулованинг Ғайрат Умурзақовнинг жиноий кирдикорлари баён қилинган Республика бош прокурори номига ёзган аризаларини текшириб, қонуний хал қилиш ўрнига унга қарши фитналар уюштиришган ва хибсга олиб, унга нисбатан қийноқлар қўлланилган. Мавжуда Отақуловага алоқадор хужжатлар жамламаси мавжуд.

3. Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Ибн Сино кўчасида яшовчи Усмонов Номоз ва Ибн Сино кўчасида яшовчи Иқбол Сатторовларни 2003 йил 12–декабрдан 15–декабргача Ўзбекистон туман ИИБда қонунга зид равишда хибсда сақлаб, калтаклаб ушбу қотиллик жиноятини содир этганликларини тан олишга мажбур қилганликлари, улар бу қотиллик жиноятини содир этмаганликларини айтишганда, 15–декабрь куни Яйпан шаҳрида яшовчи Боқижон Имомов Ўзбекистон туман ИИБ бошлиғи номига ариза бериб, Усмонов Номоз аслида хибсда ётган пайтида Имомовни кўчада ҳақорат қилганлиги учун жавобгарликка тортишни сўраб ёзган аризасига биноан 15–декабрь куни ЖИБ Ўзбекистон туман суди раиси Д.Қурбоновани Усмонов Номозбой Боқи Имомовни ҳақорат қилганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортиш ва 10 суткага қамаш ҳақида қарор чиқарилганлиги ёзилган.

Аризаларда ёзилишича, Номоз Усмонов 10 суткага қамалганидан кейин Ўзбекистон туман ИИБ ЖҚ ва УЖҚКБ ходимлари уриб, қовурғаларини синдириб қилмаган қотиллик жиноятларини зиммаларига олишга мажбур қилганликлари, терговчи томонидан ёлланган адвокатлар терговчилар берган хужжатларга имзо чекиб берсалар судда озодликка чиқиб кетишларини айтиб айбсиз фуқароларни ҳимоя қилиш ўрнига тергов харакатлари давомида хужжатларга имзо чектирганлар.

Бу қийноқлар ва ноқонуний ҳимоялар натижасида Усмонов Номоз ва Иқбол Сатторовларга ЖКнинг 97–моддаси 2–қисми «г, о, п» бандлари, 25–169–моддаси 2–қисми «в, г» бандлари бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

Н.Усмонов ва И.Сатторовлар 85 кун қонунга зид равишда хибсда сақландилар ва қийноққа солиндилар. «Ўтюраклар» Клубининг аралашуви билан айбсизликлари исботланиб қамоқдан озод қилиндилар.

4. «Қийноқлар» папкасида Марғилонлик фуқаролар Қодиржон Хомидов, Зохид Хомидов, Назира Тошматова, Бобир Мирходжаев, Илхом Мадрахимовларга ЖКнинг 97–моддаси 2–қисми «в, ж, и, о, п» бандалари, 164–модда 3–қисм «б, в, г» бандлари билан жиноят иши қўзғаб, бу айбсиз фуқароларга қийноқ қўллаб, 10 ой мобайнида хибсда сақлаб вахшийларча қийнаб, азоблаб, қасддан одам ўлдириш ва босқинчилик жинояти содир этганликда айблаётганликлари юзасидан хужжатлар мавжуд.

«Ўтюраклар» Клуби томонидан Президент Ислом Каримовга Қодиржон Хомидов, Зохид Хомидов, Назира Тошматова, Бобир Мирходжаев, Илхом Мадрахимовларни қонунга зид равишда Жиноят Кодексининг 97–моддаси 2–қисми «в, ж, и, о, п» бандлари ва 164–моддаси 3–қисми «б, в, г» бандлари билан жиноий жавобгарликка тортиб хибсга олинганлари, уларга қийноқ қўлланилганлиги, натижада улар содир этмаган қотиллик жиноятини зиммаларига қўйилаётганлиги, бунда вилоят прокурорининг ўринбосари – ашаддий жиноятчи Маъруф Усмоновнинг топшириқлари асосида терговчилар қонунга зид равишда тергов харакатлари ўтказганликлари, махбусларни аёвсиз калтаклаганликлари ҳақида, прокуратура мансабдорларининг бунингдек кирдикорларига чек қўйиш ҳақида телеграмма ва квитанцияси.

Президентга юборилган телеграммаларда қуйидагилар ёзилганди:

«…Қ.Хомидов, З.Хомидов, Н.Тошматова, Б.Мирходжаев, И. Мадрахимовларни Маъруф Усмоновнинг топшириқлари асосида терговчилар қонунга зид равишда тергов харакатлари ўтказиб, махбусларни аёвсиз калтаклаткизган Фарғона вилоят прокурорининг ўринбосари ашаддий жиноятчи Маъруф Усмоновни кирдикорларига чек қўйишни талаб қиламиз.

Агар Мамлакат Президенти сифатида Маъруф Усмоновнинг жиноий хатти харакатларига чек қўймасангиз Сиз бошқараётган хукуматнинг истеъфосини талаб қилиб, юзлаб, минглаб фуқаролар билан биргаликда ноқонуний, яъни рухсат олмасдан митинглар, намойишлар, кўча юришлари, иш ташлашлар ва оммавий очлик эълон қилишлар бошлайман» дейилган. ( Қийноқ папкаси 29–30 вароқ)

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди судьяси А.Алиқуловни 2003 йил 10–апрель кунги судланувчи Қ.Хомидов, З.Хомидов, Н.Тошматова, Б.Мирходжаев ва И.Мадрахимовларни айбсиз деб эътироф этиш, оқлаш ва 10 ойдан буён қамоқда ётган махкумларни қамоқдан озод қилиш ҳақидаги оқлов хукми.

5. «Қийноқлар» папкасида «Ўтюраклар» Клубига 2002 йил 27–август куни Тошлоқ тумани Хотинқуми МФЙ Навоий кўчаси 47–уйда яшовчи Исмоилов Исроил шикоят ариза ёзиб, Фарғона шаҳар ИИБ ходимларидан 10таси ўғли Исмоилов Дилшодни аёвсиз калтаклаб, маъмурий органлар мансабдорлари томонидан ташкилот этилган фоҳишахона маликаси Мадина Расуловани ўлдирганликда айблаганликлари, қонунга зид равишда хибсга олганликлари, чунки Киргулида қотиллик жинояти содир этилган пайтда ўғли Дилшод Тошлоқдаги уйида бўлганлигини, уни Тошлоқда бўлганлигини Ўрмонов Хаким, Мардонов Жаҳонгир, Рўзиев Нурилло ва Сотволдиев Абдумаликлар гувоҳ сифатида ариза берганликларини айтиб ҳимоя қилишни сўради.

Бу қотиллик бўйича 2003 йил 9–январь куни «Адолат йули» газетасининг № 1 (439) сонида «Фаҳш ботқоғи – Харомдан хазар» номли терговчи Улуғбек Бахтиёровни қонуний кучга кирмаган хукм устидан ёзган мақоласи чиққан.

6. «Қийноқлар» папкасининг 311–вароғидан бошланиб «Ўтюраклар» Клубига 2002 йил 18–сентябрь кунги Қувасой шаҳар А.Азизова кўчаси 227–уй 19–хонадонда яшовчи Қорабоева Малика ва Қувасой шаҳар Толмон қишлоғида яшовчи фуқаро Ботиров Турдибекни Қувасой шаҳрида яшовчи Мамлакат Президенти Ислом Каримовнинг қайинсинглиси ва қайнонаси раҳнамолигида кун кўрувчи (оиласи билан яшаётган пайтида эридан ажратиб олиб яшаш жойида базми жамшид қилиб дугонасига уйланганлиги билан танилган) Меҳмонова Дилором ва Қувасой шаҳридаги маъмурий органлар рахбарларининг жиноий кирдикорлари ҳақидаги аризалари ва 2002 йил 27–июль кунги ЖИБ Қува туман суди хукми.

7. «Қийноқлар» папкасининг 324–359 вароқларида «Ўтюраклар» Клубига 2002 йил ноябрь ойидаги Фарғона шаҳар Ёрмозор қишлоғи Ҳамзаобод кўчаси 211–а уйда яшовчи Софияхон Жўраевани ўғли Қамбаров Умиджонни Фарғона вилоят хокими Алишер Отабоевни қайинсинглиси Гулжаҳон Қосимова тухмат билан қаматганлиги ҳақидаги аризаси ва хужжатлар

8. «Қийноқлар» папкасининг 369–вароғида 2003 йил 3–март кунги Фарғона шаҳридаги 10–сонли тергов хибсхонаси махбуси Толибоев Маъмиржонни қўлланилаётган қийноқлар ҳақида Республика идораларига ёзган 22 вароқли шикояти.

9. «Қийноқлар» папкасининг 391–вароғидан бошланиб «Ўтюраклар» Клубига 2002 йил 3–октябрь кунги Бувайда тумани Жалоер қишлоғилик Умурзақова Сохибани эри Умурзақов Ғанижонни ноқонуний хибсга олинганлиги ҳақидаги аризаси ва аризага илова қилинган хужжатлар.

10. «Тадбиркорлар» папкасининг 36–40 вароқларида «Ўтюраклар» Клубига 2004 йил 27–июль кунги «Ёзъёвон Текст» хусусий фирмаси рахбари М.Вахобовани вилоят хокимияти рахбарлари томонидан ҳуқуқ ва эркинликлари бузилаётганлиги ҳақидаги аризаси ва 2004 йил 2–август кунги «Ёзъёвон Текст» хусусий фирмасини ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун Тожибоевага 2 йил муддатга берилган 4–сонли ишончнома.

11. «Тадбиркорлар» папкасининг 149–вароғидан бошланиб 140–вароқ «Ўтюраклар» Клубига ва давлат идораларига 2002 йил 14–ноябрь кунги Олтиариқ тумани «Ўрта Осиё» тайёрлов савдо жамоа хўжалиги рахбари Абдухалил Маматов, жамоа хўжалиги аъзолари номидан ёзилган 26–сонли аризаси. Аризада вилоят солиқ бошқармаси, Республика Бош прокуратурасида юқори лавозимда ишлаётган Маъруф Усмонов ва бошқаларниг ғайриқонуний хатти–харакатлари туфайли ҳуқуқлари бузилганлиги ва қийноқлар қўлланилгани ҳақида ёзилган.

12. «Тадбиркорлар» папкасининг 289–вароғидан бошланиб 29 вароқ «Ўтюраклар» Клубига Олтиариқ тумани «Сохибназар» хусусий корхонаси рахбари Сатторов Абдуҳамид Олтиариқ туман ДСИ томонидан ғайриқонуний хатти харакатлар қилинганлиги туфайли 2000 йил 10–апрель куни прокуратура терговчиси Нурмуҳаммад Сулаймонов томонидан жиноят иши қўзғатилганини ёзиб, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни сўраган. У топширган хужжатлар орасида қўзғатилган жиноят иши қарори ва қўшимча хужжатлар мавжуд.

Олтиариқ туманидаги «Сохибназар» хусусий фермер рахбари Сатторов Абдуҳамидни ерларини маҳаллий рахбарлар талон–тарож қилганликлари ҳақидаги 16–сентябрь 2002 йил кунги вилоят прокуратурасига ёзган аризаси ва бошқа хужжатлар.

13. Ёзъёвон туман Холмирзаев кўчаси 18–уйда яшовчи Муборак Мамаджоновани прокуратура мансабдорлари томонидан Заминбанк бошқарувчиси ўринбосари Қудратилла Юнусалиевни айблаб хибсга олиб, бошқарувчи Абдуваҳоб Абдулхаевни жавобгарликдан қутқариб қолганликлари ҳақидаги «Ўтюраклар» Клубига ёзган аризаси ва хужжатлари.

Бу масала юзасидан 2005 йил 13–февраль куни Президентга, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналарига юборилган телеграммадан кейин Абдулхаев қамалди. 13–февраль куни Президентга, бош прокурор ва бошқаларга Юнусалиев Қудратиллани ҳимоячиси сифатида талабнома ва очиқ хат ёзганман.

14. Учкўприк тумани «Чорбоғ» ҚФЙ Тепақўрғон қишлоғида яшовчи Валижон Қўчқоровни қизи Наргиза Қўчқоровани куёви олий маълумотли шифокор Бахтиёр Рахмонов уриб улдириб кейин мурдани осганлиги ҳақида жиноят иши материаллари.

15. Олтиариқ тумани Ҳамза шаҳар Навоий кўчаси 24–а уй 31–хонадонда яшовчи Сагатова Фотимани қизи Сагатова Севарани 2000 йил сентябрь ойида вояга етмаган пайтида номусига теккан Мадалиев Отабекни жавобгарликка тортилмаётганлиги ҳақидаги «Ўтюраклар» Клубига аризаси.

16. Олтиариқ тумани Жонибек кўчаси 23–уйда яшовчи Назарова Жумагулдан 2004 йил 4–декабрь кунги «Ўтюраклар» Клубига ён қўшниси Қурбонов Салим пичоқ билан 2002 йил январь ойида уйига бостириб кириб номусига теккани, ундан фарзанд кўргани, лекин унга ҳеч ким чора кўрмаётганлиги ҳақидаги аризаси.

17. Бувайда тумани Жалоер қишлоғида яшовчи лўли қиз Ҳамдамова Муқаддасни 16–август 2003 йил куни олиб қочиб кетиб номусига теккан қариндоши Рашид Тўхтасинов ўғирлаб кетгани ва номусига текканлиги учун қонуний чора кўрилмаётганлиги, хомиладорлиги ҳақида аризаси.

18. Қўқон шаҳар «Қўшчинор» маҳалласида яшаган Қаҳҳоров Одилни 2004 йил 28–июнь куни қонунга зид равишда хибсга олинганлиги ҳақидаги хужжатлар.

19. «Ўтюраклар» Клубига Марғилон шаҳар Янги Марғилон шаҳарчаси Гулшан кўчаси 3–уйда яшовчи Охунбобоев Турсунбойни, Ж.Румий кўчаси 9–а уйда яшовчи Алиёров Муҳаммадаминни, Мустақиллик кўчаси 632–уйда яшовчи Содиқов Салимни «Зиё» жамоа корхонаси (собиқ «Тоштемирхожи» фирмаси), «Ноёб–1» Фермер хўжалиги рахбари Тоштемирхожи Мўминов ва вилоят амалдорларининг кирдикорлари ҳақида 2005 йил март ойидаги аризалари ва хужжатлари. Алиёров Муҳаммадамин, Содиқов Салимни Тожибоева номига 2005 йил 12–апрель кунги 3 йилга берган ишончномаси.

20. Риштон тумани Хуррамобод қишлоғида яшовчи Абдуллажонова Патилахонни «Ўтюраклар» Клубига 2004 йил 8–апрель кунги ёзган аризаси ва хужжатлари. 2005 йил 24–январь кунги Абдуллажоновани Тожибоева номига бир йил муддатга нотариал идора орқали расмийлаштирган ишончномаси.

Оилавий зўравонлик қурбони Абдуллажонова Патила 6 нафар фарзандни онаси, ўзига ва фарзандларига нисбатан Фарғона вилоят ИИБ Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими инспектори қўша–қўша хотинли Халим Абдуллажоновни жиноий кирдикорларини ўз аризаларида баён қилган.

Патила Абдуллажонова эри Салим Абдуллажонов номига 2000–2010 йилга кадар 10 йил муддатга Вилоят Қишлоқ ва Сув хўжалиги бошқармасига қарашли «Ирригатор» Ўрмон хўжалиги билан шартнома тузиб 1,7 гектар ташландиқ ерни ижарага олган ва Патилахон фарзандлари билан бу ташландиқ ерни боғ қилган, солиқларни ўз муддатида тўлаган.

Боғ мевага киргандан кейин, яъни 3-йили Патилахон Абдуллажоновани қайиноғаси Халим Абдуллажонов 2000 йил муддатдан сохта шартнома тузиб Патилахонни боғини суд орқали тортиб олиб қўйган. Ўзи ва фарзандларини қонуний ҳуқуқини талаб қилган Абдуллажонова Патила ва фарзандлари Муҳаммаджон, Хабибжон ва Шерзодларни 2003 йил 11–июнь кунги Жиноят Ишлари бўйича Риштон судининг қарори билан маъмурий жавобгарликка, шу cудья Позил Умурзақовнинг 2003 йил 4–ноябрь кунги хукми билан Абдуллажонов Шерзоднни ЖКнинг 169–моддаси 2–қисми «в» банди ва 166–моддаси 3–қисми «а» банди билан суд қилиб хукм чиқарилган.

Ушбу қонунбузилишлар бўйича Патилахон Абдуллажонова бир йил давомида бир неча марта Мамлакат Президентига ва хукумат идораларига, Республика матбуотларига телеграммалар юбориб ўзини ва фарзандларини ҳимоя қилишларини сўраган.

21. 2002 йил 1–июль куни кечаси Олтиариқ туман Файзиобод қишлоқ қурилиш жамоасига қарашли боғ қоровули Олимжон Хомиталиев ушбу боғда вахшийларча ўлдирилиб, ўлиги ёндириб юборилган.

Ушбу жиноят иши бўйича ўтказилган тезкор текширувларда бу жиноятни Маъмир Қобулов исмли шахс томонидан содир этилганлиги аниқланган. Ҳаттоки жиноят ишининг 1–жилди 107–вароғида 3–июль кунги прокуратура терговчиси Бахтиёр Пўлатовнинг гумон қилинувчи Маъмир Қобуловдан қон намунасини олиш баённомаси мавжуд.

Шунингдек жиноят ишини 30–вароғида Турдиевни кўргазмасида, 40–вароқда Азимов Эминжонни, 120–вароқда Қодиров Исроилни кўргазмасида махрум билан нафақат Маъмир Қобулов, балки унинг хотини Хазинахон ҳам уришиб юргани, 99–вароқда Маъмир Қобуловни Олим Хомиталиевни ўлдиришига асоси борлигини билдиради.

Лекин Олтиариқ туман Ички Ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Аминжон Юсуфжонов орқали 10 минг АҚШ доллари пора олган порахўр прокурор гумонланувчи сифатида қон намунаси олинган шахс Қобуловни ҳаттоки гумонланувчи тариқасида ҳам сўроққа жалб қилмаган.

Қотиллик жинояти содир этилган пайтда оила аъзолари ўртасида бўлган камбағал ва ночор оилалар фарзандлари Турсунов Шамсиддин, Орифжонов Ҳамдам ва яна уларни 8 нафар ҳамқишлоқлари 10 суткадан ноқонуний маъмурий жавобгарликка тортилганлар.

Турсунов Шамсиддин ва Орифжонов Ҳамдамни 3–июль куни, Турсунов Хусниддинни 8–июль куни Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман суди раиси Тожиддин Вахобов ИИБда хибсда ўтирган йигитларни кўчада безорилик жинояти содир этганликда айблаб 4 ва 9–июль кунлари маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида қарор чиқариб бегуноҳ йигитларни 10 суткадан қамоқ жазоси белгилаб, йигитларни ҳимоясиз холатга тушириб прокурор ва Ички Ишлар бўлимидаги жиноятчиларга емиш қилиб берган.

Жиноят ишининг 88–вароғида Турсунов Шамсиддинни 5–июль кунги қотиллик айбига иқрорлик баённомасида қийноқлар эвазига ғижимланган хужжатга имзо чеккан бўлсада 168–вароқда 10–июль куни гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган.

184–вароқда ИИБ бошлиғи Мусо Хонкелдиевдан прокурор Умурзақовга маълумотнома бўлиб, унда Орифжонов Ҳамдам ва Турсунов Шамсиддинларга нисбатан 3–июль куни МЖтКнинг 183–моддаси билан маъмурий иш қўзғатилиб Олтиариқ туман судининг қарори билан Орифжоновга 5 сутка, Турсунов Шамсиддинга 10 сутка қамоқ жазоси берилгани, 4–июлдан улар Фарғона вилоят ИИБ ВУТХга юборилгани маълум қилинган.

Фақатгина 16–июль кунигина (251–253 вароқлар) Турсунов Шамсиддин ва Орифжонов Ҳамдамни эҳтиёт чораси қамоққа олишга прокурор санкция берган. Турсунов Хусниддинга эса 22–июлда санкция берилган (354 вароқ)

4–июлдан 5 суткага қамалган Ҳамдам Орифжонов 7 кун, 10 суткага қамалган Турсунов Шамсиддин 2 кун, Турсунов Хусниддин 3 кун ҳеч қандай хужжатсиз хибсхонада сақланганлар. Турсунов Шамсиддин ва Хусниддинларни маъмурий жавобгарликака тортиш ҳақидаги қарори ғайриқонуний эканлигини уларнинг адвокати исботлаб берганлиги боис 2002 йил 5–август кунги вилоят судининг қарори билан бу ғайриқонуний қарор бекор қилинган.

Ғайриқонуний тарзда хибсга олинган фуқароларга нафақат қотиллик, балким қотилликка сабаб қилиб 2001 йил февраль ойида Эргашева Зулхуморни номусига текканликда айблаб ака–ука Турсуновларга сохта айблов қўйилган. Ушбу жиноятни ёпиштириш учун тергов гуруҳида бўлмаган Ғайрат Умурзақов 343–вароқда Асқарова Дилдорани, 340–вароқда Мадумарова Қийматхонни, 327–вароқда Мамажонов Қобилни, 318–вароқда Усмонов Ғайратни сўроқ қилган. Аслида жиноят ишининг 2–вароғида тергов гуруҳи тузиш ҳақида 2–июль кунги қарор мавжуд бўлиб, унда гуруҳ рахбари Бахтиёр Пўлатов, ИИБ Бошлиқ ўринбосари Амин Юсуфжонов, терговчи И.Исмоилов, Т.Рахимов ва А.Хикматиллаевлар тергов гуруҳига аъзо бўлганлар.

Ғайрат Умурзақов бир ярим йил аввалги номусга тегиш бўйича ариза берилмаган, экспертиза аниқламаган жиноятни ҳам айбсиз фуқаролар зиммасига сохта айбловлар билан қўйди. Чунки Эргашева Зулхумор ҳеч ким номусига тегмаганлигини баён қилган.

22. Охунбобоев туманидаги «Омад» масьулияти чекланган жамиятнинг мол мулки маъмурий органлар томонидан талон–тарож қилинган. 80–100 миллион сўмлик мол мулк арзон гаровга 1489 минг сўмга бир пайтлар Ички Ишлар тизимида ОБХС бошлиғи бўлиб ишлаб қамалиб чиққан Эминов Фахриддинга мулкдорларга тайзиқ ўтказиб, қўрқитиб ўтказиб берилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Марғилон судининг судьяси Боқи Бўтаев бир пайтлар судя лавозимида ишлаб судьяликдан ҳайдалган адвокат Феруза Валиева билан жиноий тил бириктириб жавобгар Охунбобоев туман хокимияти хисоблансада, «Фахриддин хожи» хусусий фермаси вакилларига даъво аризадан нусха бериб, уларни ажрим билан манфаатдор шахс деб танимай туриб даъвогарлардан судга берилган даъво аризани қайтариб олишга мажбур қилиб тайзиқ ўтказган.

4–июнь куни эса суд жараёнини бошламай туриб, суд таркибини таништирмай туриб, даъвогар жавобгарларни шахсини аниқламай туриб, (чунки жавобгар йўқ эди) ишга умуман алоқаси бўлмаган «Фахриддин хожи» фермасининг адвокати Феруза Валиеванинг мантиқсиз талабномасини мухокама қилди.

Даъвогарлар унинг бу ноқонуний хатти–харакатидан норози бўлиб судья Боқи Бўтаевга отвод бердик. Кўзига олган пораси кўринган судья ҳаттоки отводни ҳал этиш жараёнида ҳам Феруза Валиева ва Ферма вакилини иштирок этиш учун суд залига таклиф этди.

Мулкдорлар ўз ҳаққи ҳуқуқини қонуний талаб қилаётгани учун тайзиқ кучаймоқда. Вилоят хокимиятининг биринчи ўринбосари Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи 2003 йил 5–май куни ўзининг 01109–534 сонли «Аризани ўрганиш натижаси юзасидан Охунбобоев туман хокими Қўчқоровга, «А.Ниёзов» ширкат хўжалиги бошқаруви раиси Каромат Умматқуловага алоқа хати йўллаб «…Ушбу хатни кўриш натижаси Вилоят Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасига 2003 йил 1–июнь кунига қадар маълум қилинсин» деган бўлсада, шунингдек 2003 йил 7–август куни 01-09-803- сонли хат билан вилоят прокурори Умматали Шамсиевга қонуний ҳал қилишни сўраб ёзилган хатлар ҳам жавобсиз қолган.

“Ўтюраклар Клуби” рахбари Мўтабар Тожибоева

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.