Фарғона шаҳар 10–сонли тергов изолятори 6–камераси махбуси Мўътабар Тожибоевадан ариза ва очиқ хат

Снимок,,,,,,,

Бу ноқонуний хатти–харакатларни мен биргина жумла билан шарҳлайман. Улар Ўзбекистон Республикаси хукуматининг фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги амалий ишларга қилаётган тўсқинликлари айнан менга тегишли хужжатлар орқали фош бўлиб қолишларидан қўрқиб ўз жиноий кирдикорлари баён қилинган хужжатларни, кассеталарни ва бошқа нарсаларни йўқотиш мақсадида ғайриқонуний йўл билан тинтув ўтказганлар ва олиб қўйганлар.

Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 6–уй. Президент девонига. Президент Ислом Каримовга;

Нусхаси: Тошкент. Шевченко кўчаси, 6–уй. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига;

Нусхаси: Тошкент. Х.Олимжон кўчаси. Ҳалқаро Европада Ҳамкорлик ва Хавфсизлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига;

Нусхаси: Тошкент. Ғуломов кўчаси, 67–уй. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига;

Нусхаси: Тошкент. Расулов кўчаси, 47–уй. Америка Юристлар Ассоциацияси Марказий Европа ва Евразия Ҳуқуқий ташаббуси марказига;

Нусхаси: Тошкент. Оқилов кўчаси, 29–а «Фредом Хаос» Ҳалқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига;

Нусхаси: Тошкент. У.Носир кўчаси,11–уй 15–хона. «Хюман Райтс Вотч» Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига;

Нусхаси: Тошкент. Чилонзор кўчаси, 82–уй. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига;

Нусхаси: Тошкент. Охунбобоев кўчаси,26–уй. Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасига;

Нусхаси: Тошкент. Ракатбоши кўчаси,47–б уй. «Программа открытый диолог» Ҳалқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига;

Нусхаси: Тошкент. Ракатбоши кўчаси, 1–тор кўча, 11–уй. «ББС» Ҳалқаро радиосига;

Нусхаси: Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри Ш.Рашидов кўчаси, 1. Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя Қилиш Ҳалқаро Жамияти Ўзбекистон секциясига;

Нусхаси: Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча Ҳалқаро ва маҳаллий инсон Ҳуқуқлари ташкилотларига;

Нусхаси: Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча сиёсий партиялар ва матбуотларга;

Нусхаси: Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча Ҳалқаро ва маҳаллий матбуотлар вакилларига;

Нусхаси: Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча нодавлат, нотижорат ташкилотларга;

Нусхаси: Ҳалқаро Нобель Комитетига ва Нобель мукофотининг 2005 йил 29 июн куни тасдиқланиб эълон қилинган 999 нафар номинант аёлларга;

Нусхаси: Адвокатларим Мухаррам Тожибоева, Сентур Ғофуров, Дилафрўз Нурматова, Хусан Махбубов, Мухаббат Жумаеваларга

Фарғона шаҳар 10–сонли тергов изолятори 6–камераси махбуси Мўътабар Тожибоевадан

АРИЗА ВА ОЧИҚ ХАТ

11–ноябрь 2005 йил

Мухтарам жаноблар ва хонимлар!

Мен Мўътабар Тожибоева «Фуқаролик жамияти» номли ҳалқ харакатига асос солганим ва бу ҳалқ харакатига минглаб оддий фуқаролар бирлашиб Ўзбекистон Республикаси хукумати рахбарларининг Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги олиб борилаётган сиёсатини қўллаб–қувватлаб, қонунбузар амалдорларга ҳуқуқий хужум бошлаганлигимиз натижасида фуқаролик жамиятини шакллантиришга қарши бўлган, яъни давлат сиёсатига зид ҳатти–харакатлар қилувчи, аниқроғи Ўзбекистон хукуматининг бу сиёсатига қарши бўлган, ачинарлиси қонунларни назорат қилувчи идораларнинг амалдорлари томонидан сохта айбловлар билан хибсга олиндим.

Ушбу амалдорларнинг қонунларни оёқ ости қилганликлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини айнан мана шу қонун устиворлигини таъминловчи корчалонлар томонидан ўта қўпол тарзда бузилганлигини исботловчи мени 6 йиллик мехнатим натижалари бўлмиш хужжатлар, компьютер, дисклар, кассеталар ва бошқа нарсаларни мени хонадонимда 7–октябрь 2005 йил куни ўтказилган ғайриқонуний тинтув пайтида қонунга зид равишда олиб қўйдилар.

Бу ноқонуний хатти–харакатларни мен биргина жумла билан шарҳлайман. Улар Ўзбекистон Республикаси хукуматининг фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги амалий ишларга қилаётган тўсқинликлари айнан менга тегишли хужжатлар орқали фош бўлиб қолишларидан қўрқиб ўз жиноий кирдикорлари баён қилинган хужжатларни, кассеталарни ва бошқа нарсаларни йўқотиш мақсадида ғайриқонуний йўл билан тинтув ўтказганлар ва олиб қўйганлар.

Бу ўринда мен вилоят прокуратурасининг жиноятларни тергов қилиш булими бошлиғи Нурмуҳаммад Сулаймонов номига 27–октябрь куни айнан хужжатларни кўздан кечириш масаласида юборган аризамни матнини тўлиғича келтираман.

«Фарғона вилоят прокуратураси тергов Бошқармаси бошлиғи Нурмуҳаммад Сулаймоновга

Фарғона вилоят ИИБга қарашли 10–сонли Тергов хибсхонаси махбуси – айбланувчи Мўътабар Тожибоевадан

А Р И З А

Мухтарам жаноб Сулаймонов!

Адвокатларим берган хабарга кўра мени уйимдан ғайриқонуний равишда олинган хужжатларни рўйхатга олишни режалаштирибсизлар. Бу хужжатлар мен ташкил этганим ва фахрланадиганим «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ташкил топган кундан буёнги мехнатларим, изтиробларим махсулидир. 2000 йил январ ойидан буён тўпланган ҳар бир хужжат, ҳар бир вароқ қоғоз менинг учун жуда қадрлидир.

Бундан ташқари Сизлар қоралаш учун жон–жаҳдингиз билан харакат қилаётганингиз «Ўтюраклар» Клубини Республика матбуотлари тан олиб 2000 йил давомида Республика матбуотларида чоп этилган очерклар, мақолалар, Клубнинг қонуний ташкил топганлигини исботловчи асосий хужжатлар мавжуд.

Шунингдек 2000 йил ноябр ойида Республика телерадиокомпанияси томонидан эфирга узатилган «Озод юрт одамлари» номли 20 минутлик махсус кўрсатув ва «Ассалом Ўзбекистон»да мен томонимдан ёзилиб, чоп этилган «Огоҳ бўлайлик» номли рисоламни тақдимоти акс эттирилган кўрсатувлар акс эттирилган видеокассета мавжуд бўлиб, бу кассетада Охунбобоев тумани чўлида ташландиқ ётган ерни ўзлаштириб балиқ боққанлигим ва у ерда тумандаги ногирон етим болаларга ҳатна тўйи қилиб берганлигимни ёритилган Марғилон телевидениесида эфирга қўйилган 20 минутлик «Парилар кўлида» номли кўрсатув, шунингдек «Ўтюраклар» Клуби фаолиятидаги ногирон, камбағал бечораларга моддий, маънавий, ҳуқуқий ёрдамлар берилаётганлигини тарғиб қилиб «Партия обрўси – ҳалқнинг обрўси» номли махсус кўрсатувлар эфирга узатилганидан кейин эсдалик учун кўчириб қўйганим видеокассета мавжуд.

Бундан ташқари 2000 йилги хужжатлар тўпламида бугунги кунда айнан менга қарши хужумга ўтган прокуратура тизимининг «Ўтюраклар» Клубининг ташаббуси билан наркомания, жиноятчилик маконига айланган Марғилон шаҳрининг Зуҳро маҳалласидаги ижтимоий, сиёсий аҳвол ўта оғир аҳволга тушиб қолганлиги ҳақидаги мурожаатимизда баён қилганимиз барча фактлар ўз тасдиғини топганлиги ва бу жиддий камчиликларни бартараф этиш, қилинган ишлар ҳақида берилган жавоб хатлари мавжуд.

Булар эса бугунли прокуратуранинг менга нисбатан уюштираётган фитналарини фош этадиган хужжатлардир. Мен айнан мана шу хужжатларни, видео кассеталарни йўқ қилишдан манфаатдор эканликларингизни биламан ва бу хужжатларни шахсан ўзим иштирокимда текшириб рўйхатга олишларингизни қатъий сўрайман.

Мендан юқорида номлари зикр этилган хужжатлар ва видеокассетани йўқотишдан манфаатдор эканликларингиз Сизлар томондан содир этилган қуйидаги қонунбузилишлар билан исботлайман.

ЖПКнинг 20–боби олиб қўйиш ва тинтувда қуйидаги моддаларни қасддан бузгансизлар:

ЖПКнинг 157–моддасига кўра «Жиноят иши учун аҳамиятга молик нарса ва хужжатларни айнан кимда ва қаерда эканлиги маълум бўлиб, уларни қидиришнинг хожати бўлмаса, суриштирувчи, терговчи ва суд уларни олиб қўйишга ҳақлидир» дейилган. Мен ЖПКнинг 165–моддасидаги жиноятни содир этганликда гумонланиб ушландим ва бу жиноятга алоқадор деб хисобланишимиз барча нарсаларни мен ўз иҳтиёрим билан топширгандим. Ташкилотим кутубхонасидаги хужжатлар, аудио, видео кассеталар, компьютерларимни бу жиноят ишига алоқаси умуман йўқ эди. Мобиль телефони ҳам ушбу жиноят ишига умуман алоқаси бўлмасада сизлар олиб қўйгансизлар.

ЖПКнинг 159–моддасига кўра “Олиб қўйиш ёки тинтув суриштирувчи ёки терговчининг қарори ёҳуд суднинг ажримига кўра ўтказилади…

Олиб қўйиш ёки тинтув ўтказиш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда бу харакатлар қаерда ва кимникида ўтказилиши зарурлиги, қайси нарса ёки хужжатларнинг қидириб топилиши ва олиб қўйилиши лозимлиги кўрсатилган бўлиши керак” дейилган.

ЖПКнинг 160–моддасида “Олиб қўйиш ёки тинтув ўтказиш жараёнида бу харакатлар уйида ўтказилаётган шахснинг ўзи ёки ҳеч бўлмаганда унинг вояга етган оила аъзоларидан бирининг иштирок этиши таъминланиши лозим. Башарти уларнинг иштирок этишини таъминлашга имкон бўлмаса, тегишли хокимлик ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органининг вакили таклиф қилинади» дейилган.

Мен Зуҳро кўчаси 31–уй 31–квартирада ёлғиз ўзим яшардим ва «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотидаги барча нарсалар, буюмлар, хужжатлар шахсан ўзимга тегишли эди, ташкилот кутубхонасида мавжуд бўлган ва олиб қўйилган нарсалар, хужжатлар нималардан иборатлиги, уларни қанчалигини фақатгина ўзим билардим.

Мен жиноят содир этганликда гумонланиб ушланган пайтимдаёқ олиб қўйиш ва тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорни кўрсатишларини талаб қилдим. Лекин уйимга бостириб кирган 10дан ортиқ амалдорлар уйимни атрофини тўлиғича ўраб олган қуролланган, маскали 20дан ортиқ одамга ҳам тушунтириб гапирган бўлсамда, нимага асосан уйимни тинтув қилаётганликларини асословчи ҳеч қандай хужжат тақдим қилишмади. Бу ҳақдаги талабимни қаноатлантиришмади.

Мен ғайриқонуний бўлсада ўтказилётган тинтувда уй ёлғиз ўзимга қарашли бўлганлиги учун, яъни ёлғиз ўзим яшашим муносабати билан ўзимни иштирок этишимни таъминлашларини, Пўлатова Маҳлиё қизим, Акрамов Муроджон куёвим бўлишсада, улар мен билан яшамасликлари, мени уйимдаги ҳеч бир нарсани билмасликларини айтиб тинтувда ўзим иштирок этишимни таъминлашларини имкони борлиги, яъни мен хозирда уйимда турганлигимни айтиб қонуний талаб қилсамда, мени бу қонуний талабим бажарилмади.

Шунингдек олиб қўйиш ва тинтув ўтказиш пайтида ҳолис сифатида ўта ғирт маст ҳолатдаги бир нотаниш алкашни жалб қилишди.

Бундан ташқари узлуксиз равишда маъмурий органларнинг ғайриқонуний топшириқларини бажариб юрувчи Зуҳро Маҳалла Фуқаролар Йиғини раиси ва Марғилон шаҳар ХДПси ходими Даминов Муҳаммадни холис сифатида жалб қилишди.

Даминов Муҳаммад 2002 йил феврал ойида «Ўтюраклар» Клубининг 2 йиллик олиб борган, яъни жиноятчиликка, гиёҳвандликка қарши олиб борган ишлари бўйича Марғилон шаҳар ХДП Пленумида хисоботим тингланиб, олиб борган ишларимизни Республика бўйлаб тарғиб қилишга, плакатлар тайёрлаб тарқатишга қарор қилинган бўлсада, бу йиғилишда Клубнинг фаолияти муҳокама қилинганлиги Республика матбуотларида ёритилган бўлишига қарамай, орадан 5 ой ўтиб, яъни 2002 йил 1–июль куни мен ғайриқонуний тарзда Киргули туман ИИБга тутиб олиб борилиб, у ерда калтакланиб, ғайриқонуний хибсда сақланган пайтимда, яъни 2–июль куни мени партия сафидан ҳайдаш ва «Ўтюраклар» Клубининг муассиси хисобланмиш Зуҳро маҳалласи Бошланғич партия ташкилоти фаолиятини тўхтатиш учун жонбозлик кўрсатиб, қалбаки хужжатлар расмийлаштирган, яъни феврал ойида БПТ қошидаги Клубнинг ишларини Республикага тарғиб қилишга қарор чиқарилган бўлишига қарамай, “БПТ 2 йилдан ортиқ фаолият юритмаган” дея Даминов Муҳаммад томонидан расмийлаштирилган сохта хужжатларга асосланиб мен партия сафидан ҳайдалганман, «Ўтюраклар» Клуби фаолияти тўхтатилган.

Кейинчалик ХДПнинг Марказий Кенгашига ёзган аризамга асосан махсус комиссия шуғулланиб, менга нисбатан чиқарилган қарор ғайриқонуний эканлиги боис бекор қилинган ва мени партиянинг обрўси учун етарли даражада иш олиб борганим тан олиниб, Даминов тайёрлаган қалбаки хужжатлар асосида чиқарилган қарор бекор қилиниб, Марғилон шаҳар ХДПсининг амалдорларига нисбатан интизомий чора кўрилган. Ўтказилган текшириш жараёнида Даминов Тошкентдан келган текширувчиларга, аниқроғи журналистга маъмурий органлар тайзиқи билан бундай ғайриқонуний ҳатти-харакатлар содир этганликларини тан олган.

Маъмурий органлар вакилларининг ҳар қандай ғайриқонуний топшириқларини сўзсиз бажарувчи бу кимсани холис сифатида иштирок этмаслигини, унинг ўзига ва ХДПга нисбатан уларни фош қиладиган барча хужжатлар, ҳаттоки уларнинг хатти-харакатларини ғайриқонуний деб топилган суд қарори мавжудлиги, буларни йўқолишидан Даминов ҳам прокуратурадагилар сингари манфаатдор эканлиги боис уни дарҳол мени уйимдан чиқариб юборишни талаб қилсамда, вилоят прокуратураси вакили Бахтиёр Маматов бошчилигида уйимга тинтув бошлашдан олдин Даминовни эмас, мени олиб чиқиб кетишди.

ЖПКнинг 161–моддаси 1–қисмига кўра тинтув суриштирувчи ёки терговчининг асослантирилган қарорига биноан, прокурорнинг санкцияси билан ўтказилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда тинтув прокурорнинг санкциясисиз ўтказилиши мумкин дейилган.

Лекин Бахтиёр Маматов бошчилигидаги суриштирувчи ва терговчилардан тинтув ўтказишга асос бўлувчи, асослантирувчи қарори билан таништиришларини талаб қилсамда ҳеч қандай қарор тақдим қилишмади.

ЖПКнинг 161–моддаси 2–қисмига кўра “Суриштирувчи ёки терговчи олиб қўйиш ёки тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорга ёки ажримга асосан иш учун аҳамиятли бўлган нарса ёки хужжатларни қидириб топиш мақсадида турар жойга ёки бошқа бинога киришга ҳақлидир”.

Шунингдек шу модданинг 3–қисмида “Суриштирувчи, терговчи олиб қўйиш ёки тинтув ўтказишга киришишдан олдин олиб қўйиш ёки тинтув ўтказилаётган шахсни қарор ёки ажрим билан таништириб имзо қўйдириши шарт”дейилган.

Лекин олиб қўйиш ва тинтув ўтказиш учун чиқарилган қарорга имзо чектириш тугул, бу қарорни бир марта кўрсатишларини талаб қилсамда, кўрсатишмади ҳам, таништириб имзо чектиришмади ҳам.

ЖПКнинг 161–моддаси 5–қисмига кўра «Суриштирувчи, терговчи олиб қўйиш чоғида қарор ёки ажрим билан таништирганидан сўнг олиниши лозим бўлган нарса ва хужжатларни ихтиёрий беришни таклиф қилади, таклиф рад этилган тақдирда мажбурий равишда олади. Башарти бу нарса ва хужжатлар олиб қўйишни амалга ошириш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда кўрсатилган жойдан топилмаса, у ҳолда тинтув ўтказилади» дейилган.

7–октябрь куни кеч соат 22ларда уйимга босқинчилардек бостириб кирган Бахтиёр Маматов бошчилигидаги тергов гуруҳи тинтув ўтказишга асос бўлувчи қарорни кўрсатмаган бўлсаларда ушбу ишга алоқадор хужжатларни дарҳол уларга тақдим қилдим. Бирорта хужжатни тақдим қилишни сўрашганда мен бирорта таклифни рад этмадим.

ЖПКнинг олиб қўйиш ва тинтув ўтказиш тартиби батафсил баён қилинган 161–модданинг 6–қисмига кўра «Суриштирувчи, терговчи тинтув ўтказишга киришаётганида қарор ёки ажрим тақдим этганидан сўнг, олиб қўйилиши керак бўлган нарса ва хужжатларни беришни таклиф қилади. Башарти улар ихтиёрий равишда берилса, олиб қўйиш баённомаси тузилади» дейилган.

Менга тинтув ўтказиш учун қарор кўрсатилмаган бўлсада, мендан олиб қўйилиши керак бўлган нарса ва хужжатларни беришни таклиф қилишганида уларнинг талабларини тўлиқ бажардим ва мени сўралган нарсалар ва хужжатларим ихтиёрий равишда берганлигимни олиб қўйиш баённомаси билан расмийлаштиришди.

161–модданинг 6–қисмида «Агар қидирилаётган нарса ёки хужжатлар берилмаса ёҳуд тўлиқ ҳолда топширилмаган бўлса, тинтув ўтказилади. Тинтув чоғида бу хусусдаги қарорда ёки ажримда кўрсатилган нарса ёки хужжатлар қидирилади ва олинади» дейилган.

Лекин мени уйимда ғайриқонуний тинтув ўтказмоқчи бўлган кимсалар менга яна нимадир топширишни ёки яна нималарни қидираётганликларини айтишгани йўқ ва менга бирорта хужжатни бермаганлигимни ёки тўлиқ ҳолда топширмаганимни умуман айтишмади ва ҳеч қандай хужжат сўрашмади.

ЖПКнинг 161–моддасини 6–қисмида «Иш учун аҳамиятга молик бошқа нарса ёки хужжатлар, шунингдек сақланиши таъқиқланган ошёлар топилган тақдирда, улар олиб қўйилиши лозим.

Суриштирувчини, терговчини бу нарса ёки хужжатларни олиб қўйишга ундаган асослар тинтув ўтказилганлиги ҳақидаги баённомада акс эттирилади» дейилган.

Лекин тинтув пайтида олинган бирорта хужжат таъқиқланган нарсалар эмас, мен буни жуда ҳам яхши биламан. Мени ташкилотим кутубхонасидан олинган барча хужжатлар ва нарсалар Фарғона водийсидаги маъмурий органлар ва маҳаллий хокимиятлар амалдорларининг мустақил Ўзбекистон Республикасининг ривожланишига қасддан, бойлик орттириш илинжида тўсқинлик қилиб, қонунларни оёқ ости қилаётганликлари, яъни Ўзбекистон Республикаси хукумати олиб бораётган сиёсатга қарши фаолият юритганликларини исботловчи, бу мақсадда камбағал, бева–бечораларни ҳуқуқ ва эркинликларини қасддан бузиб, қонунларга бўйсунмаганликлари ҳолатларини фош қиладиган нарсалар ва хужжатлардир.

Вилоят прокуратураси амалдорлари эса бу хужжатлар бирор хукумат рахбарининг ёки Ҳалқаро ташкилотлар вакилларининг эътиборига тушиб қолса, албатта вазифаларидан четлатиришларини, ҳаттоки ўзларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиши мумкинлигини билганлар. Шунинг учун бу хужжатлар ва нарсаларни йўқотишдан манфаатдорлар. Бунга эса сабаблар етарлича бор.

Жумладан: 2003 йил 15–октябрь куни очиқ хат ёзиб, «2003 – Обод маҳалла йили»да ўзи бошқараётган Олтиариқ тумани Ҳамза шаҳарчасига қарашли Навоий МФЙ раиси 53 ёшли аёл Мавжуда Отақулова маҳалласида маъмурий органлар амалдорлари томонидан ташкил этилган қўшмачихоналар, фохишахоналар ва наркотик моддалар савдоси точкаларини йўқотишни талаб қилиб чиққанлиги учун сохта айбловлар билан қамоққа олингани, унгача вилоят ИИБ собиқ бошлиғи Аминжон Тошхўжаев рахбарлигида 50дан ортиқ фохишалар ва қўшмачилар усти бошларимизни йиртиб ташлаб калтаклаганликлари ва Тошхўжаевнинг топшириғи билан бу фожеали холат видеотасвирга олинганлиги ва бизга оғир тан жарохати етказган фохишалар ҳам, қўшмачилар ҳам, уларни бизга қиладиган хужумини ташкиллаган, яъни Фарғона, Киргули ва Олтиариқлик қўшмачи, фоҳишаларни бир пайтга, бир жойга тўпланишларини ташкиллаган амалдорларга қонуний чоралар кўрилмаганлиги учун ўзимга ўт қўйиш билан норозилигимни билдиришимни маълум қилиб, Республика бош Прокуратураси биноси олдида кечаси билан очлик эълон қилиб ўтирганимдан кейин бу вазият юзасидан Мамлакат Президенти Ислом Каримов хабардор бўлгач, қисқа  кунларда Фарғонага Президент давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов бошчилигида махсус комиссия ташриф буюриб, биз кўтарган барча масалалар юзасидан текшириш натижалари биз айтган гаплар ҳақиқат эканлиги исботланиб, Амин Тошхўжаев дарҳол вазифасидан четлатилганини биладилар.

Бундан ташқари 2004 йилда Фарғона вилоятида ўтказилган ташкилий сессияда Мамлакат Президенти Ислом Каримов ўзининг қилган докладида вилоятдаги биргина Нефтни қайта ишлаш заводи амалдорларининг ғайриқонуний ҳатти–харакатлари, давлат мулкини талон–тарож қилганликлари ҳолатлари бўйича алоҳида тўхталиб ўтганди.Орадан вақтлар ўтиб, «Ҳалқ сўзи» газетасида «Қонун олдида барча баробар» номли мақолада Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги қонунбузилишлар юзасидан Республика бош Прокуратурасининг бажарган ишлари ҳақида ҳам тўхталиб, 124 нафар мансабдор ва масъул шахсларга жиноят ишлари қўзғатилгани, 2 миллиард сўмдан ортиқ талон–тарож қилинган давлат мулки давлатга қайтарилганлиги, бундай қонун бузилишларга қарши прокуратура тизими курашишни давом эттириши ҳақида Республика бош прокурори Рашид Қодиров фикрлари чоп этилган.

Лекин заводнинг ишчи–хизматчилари прокуратурага ҳам, бошқа масъул идораларга ҳам тинимсиз аризалар билан мурожаат қилиб, завод амалдорлари томонидан амалга оширилаётган ўзибўларчиликларга чек қўйилишини талаб қилиб ёзган аризалари инобатга олинмагач, «Ўтюраклар» Клуби ташаббуси билан бир неча марта ўтказилган огоҳлантирувчи, яъни қисқа муддатли иш ташлашлар уюштирилганидан кейин бу ҳолат ҳам хукумат рахбари назоратига тушганидан кейингина прокуратура текширишлар ўтказиб, қонунбузар амалдорларга нисбатан жиноят ишлари қўзғаб, давлат мулкини қайтаришга мажбур бўлганлар. Иш ташлашлар қилинмагунча прокуратура бирорта мурожаатга жиддий қарамаган.

Шунингдек Мамлакат Президенти Ислом Каримовга ташкилотимиз номидан 4 марта махсус телеграмма юбориб, атрофдагилар ва маҳаллий рахбарлар Президентни алдаётганликлари, ўзлари қонунларни оёқ ости қилиб, хунрезликлар қилиб оддий ҳалқни хукуматга нисбатан, қонун устиворлигига нисбатан ишончларини ўлдираётганликларини, Президентни Мамлакатда фуқаролик жамияти қуриши учун қилаётган уринишларига қасддан тўсқинлик қилаётганликлари, бу ҳолатларни исботловчи хужжатлар менда етарли эканлиги, шунинг учун мамлакатдаги ижтимоий, иқтисодий, сиёсий муҳитни қасддан бузиб, террористлардан кам бўлмаган зарарни хукуматга етказаётган қонунбузар амалдорларнинг жиноий кирдикорлари ҳақида далил ва исботларимни ҳавола қилишимни айтиб, яъни мамлакат тараққиёти учун шахсан Президентни ўзи мени қабул қилишини сўраганман.

Агар мени юборган амалдорларнинг Президентга ҳиёнат қилаётганликлари ва Президентни мени қабул қилишини сўраб ёзган 4 та телеграммамдан фақатгина бир донаси ҳам Президент қўлига етиб кирганида мен ишонаманки, Президент мени қабул қилган бўларди ва жиноятлар содир этиб оддий ҳалқнинг нафратига учраётган амалдорларни Амин Тошхўжаев сингари ковушини тўғрилаб қўярди.

Прокуратуранинг мени сохта айбловлар билан хибсга олиш ва нарсалар, хужжатларни қонунга зид равишда олиб қўйишларига яна бир сабаб мен Нобель мукофоти номинанти сифатида тасдиқландим. Агар Нобель мукофотининг лауреати бўлиб қолсам, Президент билан учрашишим табиий ҳолат бўлиб қоларди ва амалдорлар шундан қўрқишган.

Чунки Ҳалқаро миқёсдаги энг буюк мукофот – Нобель мукофотига айнан тинчлик учун «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари сифатида олиб борган ишларим учун номзодим қўйилиб, номинант сифатида тасдиқлангандим.

«Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ўз иш фаолияти давомида хукумат рахбарлари, шахсан Президент демократияга қаршилик қилмаслиги, аксинча қонунларга асосланиб қилинган харакатларни қўллаб-қувватлаши, Президентга маҳаллий амалдорларнинг фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қасддан бузаётганликлари, қонунга зид равишда қийноқ қўлланиб, айбсиз фуқаролар зиммасига ўта оғир, қотиллик каби жиноятларни содир этганликда айблаб хибсга олганларида ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари содир этганларида доимо ташкилот номидан шахсан Президентга телеграммалар юборишимиз ва бу телеграммаларимиз хукумат назоратига олиниб, деярли барчаси ижобий ҳал қилинаётганлиги, Фарғонада оддий ҳалқ Президентга қилинадиган мурожаатлар ижобий ҳал этилишига ишонардилар.

«Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти сайъи–харакатлари билан Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида бошқа худудларга қараганда демократия ривожланган дея Ҳалқаро миқёсда тан олиниб турилганда баъзи амалдорлар ўзларининг жиноятлари фош бўлиб қолишидан қўрқиб мени хибсга олдилар ва ташкилотга тегишли хужжатлар, нарсаларни ғайриқонуний равишда тинтув ўтказиб олиб қўйдилар.

Жиноятлар содир этаётган амалдорлар жамият манфаатидан ўз шахсий манфаатларини устун қўйиб, ўзларининг фош бўлишларидан қўрқиб мени хибсга олишга ташкилотчилик қилдилар ва мени бутун дунё олдида юзимга қора сурмоқчи бўляптилар.

Бунингдек фитначиларга қарши буюк мутафаккир Э.Золя «Агар сиз ҳақиқатни яшириб, тупроққа кўмсангиз, у сўзсиз униб чиқади ва кейин шундай кучга айланадики, бир кун бориб ерни ёриб чиққач, ўз йўлида учраган жаъми нарсаларни супуриб ташлайди» деган.

Ҳа, албатта оллоҳнинг қудрати билан сизлар мени хабсга олиб, тухматлар уюштириб, ўзларингизни фош бўлишларингизни тезлаштирасизлар холос, мен бунга ишонаман, чунки худо бор.

7–октябрь куни олиб қўйиш ва тинтув ўтказиш тартиби баён қилинган ЖПКнинг 161–моддаси 7–қисмини мухокама қилайлик.

Унда олинаётган нарса ва хужжатларнинг ҳаммаси холисларга, олиб қўйиш ёки тинтув ўтказишда иштирок этган бошқа шахсларга кўрсатилади, баённомада тўлиқ акс эттирилади, зарурат бўлган тақдирда ўралиб, муҳрланади. Ўралган ва муҳрланган нарса ва хужжатларни кейинги тергов давомида очишга фақат холислар иштирокида йўл қўйилади» дейилган.

Лекин нима учун мени уйимдан тинтув ўтказилган пайтида олинаётган нарсалар ва хужжатлар баённомада тўлиқ акс эттирилмади?

7–октябрь кунги тинтув пайтида олинган хужжатлар ва нарсаларни энди очар экансизлар, нега у хужжатлардаги адреслар бўйича, яъни менга ҳуқуқини ҳимоя қилишимизни сўраб ариза берган аризачиларимга менга қарши кўргазма беришга, яъни «Тожибоева мени ҳимоя қилиши учун сўраган пулини берганмиз деб ёзиб берсаларингиз, сизларга Тожибоевадан пул ундириб берамиз» деб алдаб, қўрқитиб, мажбурлаяпсизлар? Хужжатларни ҳали очмаган бўлсангиз, хужжатлардаги адресларни қаердан биляпсизлар? Очиб текшириб бўлинган хужжатларни очиш саҳнаси кимга, нима учун керак?

Сизлар менга ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқаролардан нима учун айнан Мўътабар Тожибоевадан ёрдам сўрадингиз деб сўраш ўрнига «Нима учун давлатнинг ишонган одамлари, ойлик маош оладиган ваколатли ташкилотлар вакиллари биз туриб одамлар биздан эмас, Мўътабар Тожибоевадан панох қидиряпти? Демак биз ўз вазифамизни етарли даражада бажармаяпмиз экан» деб ўзингизга савол беринг ва бу саволга фақатгина ўзингиздан жавоб топинг. Шунда ҳақиқат аталмиш аччиқ туйғуга рўбару келасизлар.

Ваниҳоят ЖПКнинг «Олиб қўйиш ёки тинтув тўғрисидаги қарор ва баённоманинг нусхасини топшириш шартлиги ҳақидаги 161–модда талабларига кўра, олиб қўйиш ёки тинтув ўтказиш тўғрисидаги қарордан бир нусха тинтилган шахсга ёки унинг вояга етган оила аъзоларига, улар бўлмаган тақдирда эса тегишли хокимлик ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи вакилига топширилиб, тилхат олинади. Зарур ҳолларда мазкур шахсларга олиб қўйилаётган хужжатларнинг нусхалари берилади» дейилган.

Ёлғиз ўзим яшайдиган хонадонимда ўтказилган тинтувни ўтказиш ва олиб қўйиш ҳақидаги қарорни беришни тинимсиз талаб қилган бўлсамда, нима учун бу қарор 7–октябрь кунидан то бугунги кунгача менга берилмаяпти? Мени хонадонимда яшамасада, қизим Пўлатова Маҳлиё ва куёвим Акрамов Муроджон тинтув ўтказилганда иштирок этишган, нима учун улар тинтувда иштирок этган бўлсаларда ҳанузгача уларга ҳам тинтув ўтказиш ва олиб қўйиш ҳақидаги қарордан бериб, улардан тилхат олинмади.

Балким сизлар олиб қўйиш ва тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорни ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар вакилларининг ҳар қандай ғайриқонуний топшириқларини бажариб, хужжатларни сохталаштириш жинояти содир этишдан чўчимайдиган кимса Зуҳро МФЙ раиси Муҳаммад Даминовга бергандирсизлар?

Мен сизлар томондан ғайриқонуний йўллар билан олинган хужжатларим ва нарсаларни прокуратура, милиция ва бошқа органлар амалдорларининг жиноятларини фош этувчи ҳамда менга қўйилаётган айбловларни рад қилувчи зарурий хужжатларни йўқотишдан манфаатдор эканликларингизни билардим ва олиб қўйилаётган хужжатларнинг нусхаларини менга ёки оила аъзоларимга топширишларингизни талаб қилган бўлардим. Шунинг учун олиб қўйиш ва тинтув ўтказиш қарорини беришни ҳамда тинтувда шахсан ўзим иштирок этишимни талаб қилгандим.

ЖПКнинг 158–моддасига асосан – суриштирувчи ва терговчи бирор турар жой, хизмат, ишлаб чиқариш биносида ёки ўзга жойда ёҳуд бирор шахсда иш учун аҳамиятли бўлган нарса ёки хужжатлар бор деб ўйлаш учун етарли маълумотга эга бўлган тақдирда тинтув ўтказишга ҳақлидир» дейилган.

Сизлар зўр бериб мени жиноят содир этганлигимни исботлаш учун қонунга зид усуллар билан чираняпсизлар, яъни мени жиноятчи деб таърифлаш учун бутун бошли Республика Прокуратураси ва унга бўйсунувчи прокуратуралар, вилоят шаҳар ва туманлар, ички ишлар идоралари амалдорлари тиним билмай харакат қилаяпсизлар.

Ҳўш, яқиндагина тўйи бўлган, чилласи чиқиб чиқмай улгурган, мен бирор марта қадам босиб кирмаганим Зуҳро кўчаси 31–уй 40–хонадондан, яъни янги келин-куёв қизим Маҳлиё билан куёвим Акрамов Муроджонларга қарашли чиллали хонадонда нима учун, қайси қонунга асосланиб тинтув ўтказдиларингиз, менга нисбатан уюштирган фитналарингизда янги келин–куёв фарзандларимни нима алоқаси бор?

Уларни уйида тинтув ўтказишга терговчи қарори ёки прокурор санкцияси бўлмасдан туриб, уларнинг хонадонида иш учун аҳамиятли бўлган нарса ёки хужжатлар бор деб ўйлашга етарли бўлган қандай маълумот терговчиларда бор эди?

Нима учун қизим ва куёвимни уйини тинтув қилиш жараёнида ЖПКнинг 158, 159, 161, 163 ва 164–моддалари қўпол равишда бузилди?

Бугун мени ғайриқонуний равишда хибсга олинганимга 20 кун бўлди.

Шу бугунги кунгача қонунлар устиворлигини таъминлаши керак бўлган прокуратура вакиллари томонидан ЖПКнинг 17, 22, 24, 46, 48, 53, 78, 80, 84, 88, 93, 100, 101, 105, 106, 111, 135, 136, 137, 139, 140, 141, 157, 158, 159, 160, 161, 164, 212, 215, 216, 228, 230, 231, 233, 237, 240, 243, 244, 249, 250, 251, 252, 291, 293, 294, 295, 324, 335, 345, 346, 352, 354, 355 ҳамда 357–моддалари талаблари ўта қўпол равишда бузилди.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24–сентябр кунги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисидаги 12–сонли қарорининг 3–қисми 1, 2, 3 –“а”, 3–“б”, 3–“в”, 3–“д” бандлари, 4–қисмини 2–банди талаблари бузилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2003 йил 19–декабрь кунги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 17–сонли қарорини 3–қисми, 4–қисмини 2–банди, 8–қисмини 1–2 бандлари, 9–қисм, 11–қисми 1, 2, 6, 8–бандлари, 12–қисми 1, 2 бандлари, 16–қисмини 1, 2, 4–бандлари, 17–қисмини 1, 2, 3–бандлари, 18–қисмини 1, 3,4–бандлари, 19–қисмини 1, 2–бандлари, 20–қисмини 1, 2, 3, 4–бандлари талаблари ўта қўпол тарзда бузилган.

Шу 20 кунлик муддат ичида Сизлар томондан ўта қўпол тарзда бузилган юқоридаги қонун бузилишларни фақатгина ЖПКнинг 157, 158, 159, 161, 163 ҳамда 164–моддалари талабларини, яъни ЖПКнинг 20–бобидаги олиб қўйиш ва тинтув ўтказиш жараёнларидаги қонунбузилиш холатларини ушбу аризамда таҳлил қилиб бердим холос.

Бу сон–саноқсиз қонун бузилишларига ким, қайси мансабдор жавоб беради?

Бу саволларга балким. «Қонун олдида барча баробар»лигига кенг жамоатчиликни ишонтирмоқчи бўлиб «Ҳалқ сўзи» газетасида бонг урган Республика Бош Прокурори Рашид Қодиров жавоб берар?

Мен мени ва қизим яшайдиган хонадонни ғайриқонуний йўл билан 7–октябрь куни тинтувдан ўтказилишига асос бўлган қарорлардан бир нусхасини зудлик билан шахсан менга тақдим қилишларингизни ва тинтув ўтказиш жараёнида нима учун тақдим қилмаганликларингизни тушунтириб беришларингизни қатъий сўрайман.

Шунингдек, шахсан менга тегишли бўлган ва 7–октябрь куни ғайриқонуний ўтказилган тинтув пайтида қонунга зид равишда олиб қўйилган хужжатларим, компьютер, видеокассеталар ва бошқа нарсаларни фақатгина ўзимни иштирокимда кўздан кечиришни талаб қиламан.

Мени ўзимни иштирокимсиз ўтказиладиган кўздан кечириш эса вилоятдаги мансабдор кимсаларнинг жиноятлар содир этганликларини исботловчи мавжуд хужжатларни ғайриқонуний йўл билан йўқотишларингизга имконият яратади.

Бундан ташқари бу хужжатлар орасида сизлар норасмий деб атаётган «Ўтюраклар» Клубининг расмий ташкил этилганлигини исботловчи хужжатлар ва кўрсатувлар, мақолалар, очерклар чоп этилган матбуотлар жамламалари мавжуд.

Мен ушбу хужжатларимни фақатгина ўзимни иштирокимда кўздан кечирилишини талаб қиламан ва мендан мавжуд хужжатлар миқдори ва мазмунидан умуман бехабар бўлган адвокатларим бу хужжатларни кўздан кечириш ва рўйхатга олиш жараёнида мени ўрнимга иштирок этишларини кескин рад этаман, яъни бу хужжатларни кўздан кечириш ва рўйхатга олиш жараёнида мени ўрнимга иштирок этишларига ваколат бермайман, умуман бунга йўл қўймайман.

Айбланувчи: (имзо) Мўътабар Тожибоева

27.10.2005 йил»

Ушбу аризамни олган қонунбузар амалдорлар ўз жиноий кирдикорларини ҳаспўшлаш мақсадида сохта хужжатлар расмийлаштиришни бошладилар.

Жумладан: 10–ноябрь 2005 йил куни 1026–сон билан тергов изоляторида рўйхатга олинган Нормуҳаммад Сулаймоновнинг 09.11.2005 йил кунги 18/013–05 рақамли хат билан адвокатларим Дилафрўз Нурматова, Сентур Ғофуров, Хусан Махбубов, Муҳаррам Тожибоева, Мухаббат Жумаевалар номига расмийлаштирилган, лекин биронта адвокатим бугунгача, яъни 12–ноябрь кунигача бехабар бўлган алоқа хати билан мени таништиришди.

Ушбу алоқа хатида адвокатларимга тергов бўлими бошлиғи қуйидагиларни баён қилган:«Ушбу жиноят иши бўйича олиб борилаётган дастлабки тергов харакатлари давомида зарурат бўлганлиги учун мазкур жиноят иши юзасидан ошёвий далил тариқасида олинган хужжатларни кўздан кечириш тергов харакатлари давомида иштирок этишингиз лозимлиги ҳақида сизга бир неча бор айтилди. Лекин сиз 2005 йил 29–октябр, 7, 8, 9–ноябр кунлари сабабсиз келмаганлигингиз учун хужжатларни кўздан кечириш тергов харакатлари ўтказилмасдан қолинмоқда.

Шунинг учун 2005 йил 9–ноябрь куни соат 14.00да вилоят прокуратурасининг жиноятларни тергов қилиш бўлими гуруҳи аъзолари иштирокида хужжатларни кўздан кечириш тергов харакати ўтказишга иштирок этишингизни сўрайман.

Акс ҳолда келмасангиз ушбу тергов харакати Сизнинг иштирокингизсиз ўтказилади».

Нормуҳаммад Сулаймонов прокуратура амалдорларининг жиноий кирдикорлари акс этган хужжатларни, яъни бу амалдорларнинг жиноятлари изларини йўқотиш учун бу ёлғон ёзишмани расмиятчилик учун қоралаган холос.

Чунки 29–октябрь куни айнан хужжатларни кўздан кечириш тергов ҳаракати ўтказиш учун вилоят прокуратураси терговчиси Ислом Мирзалиев 2 нафар олий маълумотли ўқитувчи эркак – холислар, видеотасвирчи ва адвокат Дилафрўз Нурматовалар регистрациядан ўтиб, тергов изоляторига кирганлар ва уларни гувоҳлигида мен Ислом Мирзалиевга менга нисбатан қийноқ қўлланилаётганлигини айтганман ва буни расмийлаштиришни талаб қилганман. Ислом Мирзалиев Тошкентлик адвокатим Хусан Махбубовни талаб қилсам, уни чақиртиришни айтиб, олиб келган 3 коробка хужжатларимни қайтариб олиб кетган.

5–ноябрь куни эса хужжатларни кўздан кечириш учун адвокатлар Мухаррам Тожибоева, Хусан Махбубов ва Сентур Ғофуровлар вилоят прокуратурасига боришганда, терговчи Ислом Мирзалиев улар билан учрашиб, 5–ноябрь куни Сулаймонов томонидан 10–сонли тергов хибсхонаси бошлиғи А.Узақов ва барча адвокатлар номига ёзилган 18–05–сонли алоқа хатини адвокатларга топширган.

Шу куни хужжатларни кўздан кечириш тергов харакати ўтказишни 6–ноябрь кунига тайинланганлигини айтган.

6–ноябрь куни вилоят прокуратурасига борган адвокатлар Х.Махбубов, С.Ғофуров ва М.Тожибоевалар билан учрашиб, тергов харакатларида иштирок этиш учун холислар топа олмаганлигини айтган. Тергов харакати ўтказишни 7–ноябрь кунига белгилаган ва адвокатлар билан 7–ноябрь куни эрталаб соат 9да турма олдида учрашишга келишган. Х.Махбубовга эса Фарғоналик адвокатлар билан тергов харакатлари ўтказишни, Махбубовни қайтиб кетаверишини айтган.

7–ноябрь куни эрталаб соат 9.00да адвокатларим Мухаррам Тожибоева ва Сентур Ғофуровлар тергов изоляторига келиб, тушгача Ислом Мирзалиевни кутишган, лекин Мирзалиев келмаган. Хизмат хонасига адвокатлар қўнғироқ қилишса, телефони жавоб бермаган.

8–ноябрь куни эса тергов изолятори ёнида адвокат Д.Нурматова ва С.Ғофуровлар терговчи И.Мирзалиевни кеч соат 18.00гача кутишган. Нормуҳаммад Сулаймонов адвокатларга ёзган хатидаги муддатларда адвокатлар тергов харакатида қатнашиши учун хозир бўлишган, лекин терговчи сабабсиз келмаган.

Жумладан: 29–октябрь куни Д.Нурматова терговчи Мирзалиев билан бирга тергов изоляторига кириб мен билан учрашишган. 5, 6–ноябрь кунлари терговчи биланучрашгандан кейин адвокатлар Х.Махбубов ва М.Тожибоевалар мен билан гаплашиш учун тергов изоляторига киришган.

7–ноябрь куни адвокатларим М.Тожибоева ва С.Ғофуровлар менга озиқ-овқатлар топширишган. 8–ноябр куни эса адвокатларим Д.Нурматова ва С.Ғофуровлар тергов изоляторига кириб, мен билан учрашишди ва хужжатларни кўздан кечириш тергов харакатлари ўтказиш учун келганларини, терговчи келса, тергов харакатлари бошланишини айтишди. Лекин терговчи на 7–ноябрь куни, на 8–ноябрь куни тергов харакатлари ўтказиш учун тергов изоляторига келмади.

Мен хужжатларим изсиз йўқолишидан, бу билан мени хибсга олиш ташкилотчилари бўлмиш амалдорларнинг кирдикорлари фош бўлмай қолишидан хавотирдаман.

Шунинг учун бу қонунбузилишларга чек қўйишга амалий ёрдам беришларингизни сўрайман.

Махбус: Мўътабар Тожибоева

Ушбу ариза адвокат Дилафрўз Нурматова иштирокида ёзилди.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.