Мен ўзимга юкланаётган айбларни қанчалар даражада сохта эканлигини фош қилишимга кўмак беришларингизни илтимос қиламан

Снимок,,,,,,,

«Фуқаролик жамияти» ҳалқ харакатига асос солганимдан кейин 20–куни, яъни 15–апрель куни эрталаб соат 9–9.30ларда Тошкентнинг катта кўчасида таксида кетаётган пайтимда Республика миқёсида давлат идоралари амалдорлари томонидан ўғирлаб кетилиб, 4 соатдан ортиқ қийноққа солинганлигимни, жирканч кимсалар томонидан  тахқирланганимни, фақатгина кечқурун уларнинг ходимлари томонидан уйимга ташлаб кетилганим сабаби ҳам мана шу Ўзбекистон Республикаси хукумати олиб бораётган сиёсатнинг амалда қўллашга харакат қилганлигим бўлган.

Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 6–уй. Президент девонига. Президент Ислом Каримовга;

Нусхаси: Тошкент. Шевченко кўчаси, 6–уй. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига;

Нусхаси: Тошкент. Х.Олимжон кўчаси. Ҳалқаро Европада Ҳамкорлик ва Хавфсизлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига;

Нусхаси: Тошкент. Ғуломов кўчаси, 67–уй. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига;

Нусхаси: Тошкент. Расулов кўчаси, 47–уй. Америка Юристлар Ассоциацияси Марказий Европа ва Евразия Ҳуқуқий ташаббуси марказига;

Нусхаси: Тошкент. Оқилов кўчаси, 29–а «Фредом Хаос» Ҳалқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига;

Нусхаси: Тошкент. У.Носир кўчаси, 11–уй 15–хона. «Хюман Райтс Вотч» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига;

Нусхаси: Тошкент. Чилонзор кўчаси, 82–уй. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига;

Нусхаси: Тошкент. Охунбобоев кўчаси, 26–уй. Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасига;

Нусхаси: Тошкент. Ракатбоши кўчаси, 47–б уй. «Программа открытый диалог» Ҳалқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига;

Нусхаси: Тошкент. Ракатбоши кўчаси, 1–торкўча, 11–уй. «ББС» Ҳалқаро радиосига;

Нусхаси: Тошкент вилояти Янгийул шаҳри Ш.Рашидов кўчаси, 1. Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя Қилиш Ҳалқаро Жамияти Ўзбекистон Секциясига;

Нусхаси: Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча Ҳалқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотларига;

Нусхаси: Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча сиёсий партиялар ва матбуотларига;

Нусхаси: Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча Ҳалқаро ва маҳаллий матбуотлар вакилларига;

Нусхаси: Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча нодавлат, нотижорат ташкилотларга;

Нусхаси: Ҳалқаро Нобель Комитетига ва Нобель мукофотининг 2005 йил 29–июнь куни тасдиқланиб эълон қилинган 999 нафар номинант аёлларга;

Нусхаси: Адвокатларим Мухаррам Тожибоева, Сентур Ғофуров, Дилафрўз Нурматова, Хусан Махбубов, Мухаббат Жумаеваларга

Фарғона шаҳар 10–сонли тергов изолятори махбуси Мўътабар Тожибоевадан

АРИЗА ВА ОЧИҚ ХАТ

12–ноябрь 2005 йил

Кирдикорлари фош бўлаверганидан безиган Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси амалдорлари 25–март куни ташкил этилган «Фуқаролик жамияти» ҳалқ харакатига асос солганим ва унинг харакат дастурини баён қилиб ҳалқаро матбуотларга интервьюлар берганимдан сўнг паймоналари тўлиб мени йўқ қилишга қарор қилдилар. 2005 йил 25–март куни «Фуқаролик жамияти» ҳалқ харакати тузганлигимиз ҳақида баёнот қабул қилиб унинг мақсад режаларини батафсил баён қилиб Республикадаги барча хукумат, давлат ва нодавлат ташкилотларига, матбуотларга, маъмурий органларга буюртма хатлар орқали юборганмиз.

«Фуқаролик жамияти» ҳалқ харакатининг харакат дастурида хукуматнинг фаолиятига тўсқинлик қиладиган ҳеч қандай сўз ёки ғоя олға сурилмаган. Аксинча, «бу харакатлар амалдаги сиёсий тизимни фаолиятига тўсқинлик қилмайди, аксинча уни такомиллаштиради» деб ёзилган.

«Фуқаролик жамияти» ҳалқ харакатига асос солганимдан кейин 20–куни, яъни 15–апрель куни эрталаб соат 9–9.30ларда Тошкентнинг катта кўчасида таксида кетаётган пайтимда Республика миқёсида давлат идоралари амалдорлари томонидан ўғирлаб кетилиб, 4 соатдан ортиқ қийноққа солинганлигимни, жирканч кимсалар томонидан  тахқирланганимни, фақатгина кечқурун уларнинг ходимлари томонидан уйимга ташлаб кетилганим сабаби ҳам мана шу Ўзбекистон Республикаси хукумати олиб бораётган сиёсатнинг амалда қўллашга харакат қилганлигим бўлган.

2005 йил 20–сентябрь куни Андижон фожеалари бўйича Тошкентда Олий судда бошланган суд жараёнида Республика бош прокурорининг биринчи ўринбосари Анвар Набиев мен асос солган «Фуқаролик жамияти» ҳалқ харакатини «Ҳуқуқий жамият» ҳалқ харакати деб қасддан ўзгартириб, «Фуқаролик жамияти» ҳалқ харакатининг мақсад вазифаларини давлат сиёсатига қарши деб нотўғри талқин қилган. Ваҳоланки, 25 март куни баёнотимизни 95 манзилга юборган бўлсак, улар ичида Республика Бош Прокуратураси ҳам бор эди. Ушбу юборилган барча идоралар қатори Республика Бош Прокуратурасида мавжуд бўлган баёнотимизда ҳеч қандай «Ҳуқуқий жамият» ҳалқ харакати ҳақида гап йўқ ва бу баёнотда Ўзбекистон Республикаси хукумати сиёсатига қарши ҳеч қандай фикр баён қилинмаган.

Мен Ирландияда ўтказиладиган ҳалқаро конференцияга боришим муносабати билан хибсга олиндим. Мен 7–октябрь куни кеч соат 21ларда Тошкентга Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовга ва Ҳалқаро Нобель Комитетининг худудий координатори Марина Пикулинага қўнғироқ қилиб, хозироқ Тошкентга йўлга чиқмоқчилигимни, менга нисбатан хавф кучайганлигини айтганман.

Журналист Салима Рустамовага қўнғироқ қилиб, йўлга чиқишга тайёр бўлиб туришини айтганман. Тошкентга ташлаб келадиган машинани ҳам бошқа жойда кутиб туришини айтиб қўшниларим ёрдамида кампирча кийиниб уйимдан чиқиб кетишга қарор қилганимда, чиқиб кетишга улгуролмай қолдим.

Мен 7–октябрь куни тахминан 22ларда қўлга олиндим. Мен ўзимга нисбатан қўйилаётган айбни кескин рад қиламан. Мен очиқ суд жараёнида ҳалқ вакиллари, журналистлар, жамоат ташкилотлари вакиллари гувоҳлигида ўзимга нисбатан қўйилаётган айблар Республика Бош Прокуратураси амалдорлари бошчилигида олдиндан режалаштирилган фитна махсули эканлигини исботлаб бераман. Тергов жараёнларида кўргазма бермасликка қарор қилдим. Чунки айбсизлигимни исботловчи кўргазмаларимга ва хужжатларга умуман ҳуқуқий баҳо берилмасдан, тергов харакатлари бир ёқлама олиб бориляпти.

Мен хибсга олинган кунимдан бошлаб қисқа муддатда прокуратура амалдорлари ва уларга бўйсунувчи маъмурий органлар амалдорлари томонидан ЖПКнинг 53 та моддаси, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси, Олий суд Пленуми қарорлари ҳамда Ҳалқаро пактлар, Ҳалқаро Конвенциялар ўта қўпол тарзда бузилган.

13–октябрь куни менга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича мени айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинишим ҳақидаги қарорида вилоят прокуратураси терговчиси Бахтиёр Маматов қуйидагиларни ёзган:

«…Мўътабар Ибрагимовна Таджибаева 2000 йил 17–январь куни Марғилон шаҳрида «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш норасмий ташкилотини таъсис этиб, унга рахбарлик қилиб келиб, ушбу норасмий ташкилотнинг ваколатларидан ғараз мақсадларда, яъни ноқонуний моддий бойлик орттириш ниятида фуқароларни алдаб, уларни ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан мазкур ташкилот рахбари сифатида суриштирув, тергов ва суд жараёнларида қатнашиб, ҳуқуқлари бузилган шахсларни ҳуқуқларини тиклашда, уларни ҳуқуқий билими ва савиясини оширишга ёрдам бериши мумкинлигига ишонтириб, уларни алдаб, ўзига бўлган ишончларини суистеъмол қилиб келиб, эвазига уларни пул маблағларини қўлга киритиб ҳамда шахсларга ва уларни яқин кишиларига ҳар ҳил усулдаги зўрликлар ишлатиш билан қўрқитиб, товламачилик йўли билан уларни мулкларини қўлга киритиш жиноий фаолияти билан шуғулланиб келган…»

Ушбу ғайриқонуний қарорда мени ғайриқонуний бойлик орттириш ниятида фуқароларни алдаб, пул маблағларини қўлга киритиш ва бошқа сохта айблар қўйилиб талқин қилинсада, мени бойлик кетидан қувмаганлигимни, ҳеч кимдан ортиқча яшамаслигимни бутун ҳалқ, ҳаттоки шу айбни менга зўраки тақаётган амалдорлар ўзлари ҳам яхши биладилар. Улар яхши билардиларки, қаердаки адолатсизлик, разолатга йўл қўйилса, бечора мазлумларни ҳимояси учун ўша ерда мен хозир булар эдим. Бундан ташқари бирорта одамга мен сизни ҳимоя қилай деган таклиф билан чиқмаганман. Адвокатларга тўлашга пули йўқ инсонлар мендан паноҳ излардилар.

Мени мен жонимдан ортиқ кўрган ташкилотимни ваколатларидан ғараз мақсадларда, яъни моддий бойлик орттириш мақсадида фойдаланган деб сохта айблов қўйилаётган бўлсада, мени хонадонимни ва «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг офисини, шунингдек мени куёвимга қарашли бўлган хонадонни – Марғилон шаҳар Зуҳро кўчаси 31–уйнинг 31,32 ва 40–хонадонларида ўтказилган ғайриқонуний тинтув пайтида топишга умид қилганлари мени шу 6 йил давомида орттирган моддий бойликларимга дуч келишмади.

Аксинча шу 6 йил давомида минглаб ҳуқуқ ва эркинликлари хукумат идоралари амалдорлари томонидан бузилган бечора мазлумларнинг дарду хасратлари баён қилинган аризалари, уларнинг ҳуқуқ эркинликлари бузилганлигини исботловчи хужжатлар ҳамда менинг қонуний аралашувимдан кейин фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тикланганлигини исботловчи тўпланган хужжатлар жамламаси 60 га яқин катта папкалардаги ёзишмаларга ва бошқа хужжатларга, маъмурий органлар амалдорларининг жиноятларини фош этувчи кассеталарга, нарсаларга дуч келишди холос. Бу хужжатларни қонунга зид равишда, яъни на мени, на фарзандларимизни иштирокимизсиз ғайриқонуний тинтувлар ўтказиб, расмийлаштириб, мухрламасдан, ўзлари томонидан жалб қилинган, ёлланган ва маст холатдаги кимсалар иштирокида олиб қўйдилар.

Мен «Биз жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши курашамиз – Биз огоҳмиз!» шиори остида фаолият юритувчи «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари сифатида 2000 йил январ ойидан хибсга олингунимга қадар тахминан 50 мингта атрофида ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, шавқатсиз қийноқларга солинган айбсиз айбдор фуқароларни, камбағал-бечораларни, хиссадорларни, мол-мулкидан айрилган мулк эгаларини, пенсионерларни, ишчи-хизматчиларни, зиёлиларни, шофёрларни, ногиронларни, аёлларни, колхозчиларни, қишлоқ ва маҳаллалар аҳолисини, милиция ходимларини, вояга етмаган мактаб ўқувчиларини, ўқитувчиларни, оилавий зўравонлик қурбонларини, фермерларни, тадбиркорларни, савдогарларни ва ташкилотимизга ёрдам сўраб мурожаат қилган барча инсонларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, шунча инсонларни ҳуқуқий билими ва савиясини оширишга ҳисса қўшганимдан фахрланаман.

Мен яшайдиган хонадоним ва «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти офиси 7–октябрь куни ғайриқонуний тинтувдан ўтказилиб, қонунга зид равишда олинган хужжатлар ва нарсаларда асосан маъмурий органлар ва маҳаллий хокимият амалдорларининг юқорида санаб ўтилган ҳалқ вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бузганликларини исботловчи хужжатлар эди.

Мени 7–октябрь куни қўлга олишган пайтидаёқ ҳимоячиларимни чақиртиришни, ҳеч бўлмаса бир марта қўнғироқ қилишимга рухсат беришларини сўрадим. Лекин мени бу қонуний талабларим бажарилмади. Шу куни тахминан 23.30ларда мени вилоят ИИБга олиб келиб, эрталабгача жисмоний ва руҳий қийноқ қўллаб, тергов харакатлари олиб бордилар.

Мен кечаси билан ўтказилаётган ғайриқонуний тергов пайтида соғлигим бузилганидан шикоят қилмаган бўлсамда, кечаси тахминан 2-3 ларда терговчиларнинг чақирувига асосан Фарғона шаҳар тез тиббий ёрдам марказидан Юлчиев Отабек бошчилигида 3 та эркак, 1 та аёл шифокорлар 2 та катта-катта чамадонларида медицина асбоблари билан келишди. Мени соғлигимдан шикоятим йўқлиги, медицина ёрдамига муҳтож эмаслигимни айтсамда, Юлчиев Отабек қон босимимни ўлчаб, «давланиянгиз 150 ка 110 экан, кўтарилиб кетибди» деди, менга укол қилмоқчи бўлди, лекин вызов қоғозига мени қон босимимни бошқача ёзди.

Шундагина мен бу чақиртирилган шифокорлар ёрдамида мени соғлигимни хавф остига қўйиб қандайдир хушсизлантирувчи укол қилиб туриб, айбига иқрорлик ҳақидаги аризага имзо чектиришга харакат қилаётганликларини билиб қолиб, Гиппократ қасамёдига ҳиёнат қилаётган шифокорларга виждонларини ютмасликларини, терговчиларга бу докторларни чақиртирилиш сабабларини тушунтириб беришларини қатъий талаб қилдим.

Шунда терговчи Бахтиёр Маматов мени шахсий тинтувдан ўтказишга ёрдам сўраб шифокорларни чақирганлигини айтиб, мени шахсий тинтувдан ўтказишни келган медицина ҳамширасига топширди. Лекин ЖПКнинг 162–моддаси талабларига зид равишда шахсий тинтув ўтказилаётган пайтда бошқа жинс вакили, яъни вилоят ИИБ ЖК ва УЖҚКБ ходими Каримов ҳам тўлиқ иштирок этди, яъни тинтув бошидан охиригача тинтув ўтказилаётган хонада биз билан бўлди.

Орадан тахминан 1 соатлар ўтиб, яъни кечаси 3.30–4.00ларда ҳеч қандай ордерсиз, ҳеч қандай тергов талабномасисиз «Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти билан зиддиятли ҳолатда бўлган «Легал Аит» адвокатлик фирмаси адвокати Бахтиёр Абдуллаев тергов харакатларида қатнашиш учун вилоят ИИБга келди.

Мен Бахтиёр Абдуллаевни мени ҳимоячим бўлиб ишга киришга асос бўлувчи шартнома, ордер ёки терговчини талабномасини кўрсатишларини талаб қилдим. Лекин на терговчида, на адвокатда мени ҳимоячим сифатида ишда иштирок этишга асос бўладиган ҳеч қандай қонуний хужжат йўқ эди. Мен дарҳол бу адвокатга ишонмаслигимни, у ишлайдиган адвокатлик фирмаси билан бизни ташкилотимиз ўртасида жиддий келишмовчиликлар борлигини айтиб, ўзим хоҳлаган адвокатларимга қўнғироқ қилишим билан улар етиб келишини айтдим ва битта қўнғироққа рухсат беришни сўрадим, лекин терговчи бу қонуний талабимни бажармади.

Шу бугунги кунгача мени қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва эркинликларимни тинимсиз равишда қасддан бузиб келинмоқда.

Мени фикримча, жиноий кирдикорлари мен ва мен бошқараётган ташкилотлар томонидан фош қилинаверганидан безиган прокуратура амалдорлари мени хибсга тутишга аҳд қилишган. Агар мени хонадонимга ғайриқонуний бостириб киришган пайтидаёқ чақирув тугмасини босмаганимда, дарҳол қизим ва куёвим уйимга чиқиб, эшикни бузиб киришмаганида уйимдан наркотик модда, қурол-яроқ ҳамда варақа топилиши аниқ эди. Фарзандларимни уйга кириб келиб ҳар бир одамни харакатини кузатишгани учун ҳам наркотик модда, варақа ҳамда ўқ-дорини уйимга қўя олмадилар.

Хўш, Республика ва унга бўйсунувчи прокуратуралар амалдорлари мени хибсга олиб, сохта айбловларни юклашларидан қандай манфаат кўрардилар?…

– Очилмаган қотиллик ва бошқа ўта оғир жиноятлар бўйича қўзғатилган жиноят ишларини ёпиш мақсадида аввал жиноят содир этиб, қамалиб чиққан фуқароларни аввал сохта айбловлар билан уларни маъмурий жавобгарликка тортиб, 10–15 сутка қамоқ жазоси қўллаб, шу даврда уларга нисбатан ўта ваҳшиёна қийноқлар қўллаб, калтаклаб, азоблаб, улар бехабар бўлган ўта оғир жиноятларни содир этганликларини тан олишга мажбур қилганларида, ушбу ўнлаб фуқароларни нафақат қотиллик, балким маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳам содир этмаганликларини уларнинг ҳимоячиси сифатида исботлаб бериб, бу фуқароларни узоқ муддатли қамоқ жазоларидан қутқариб қолганман ва ушбу масалалар юзасидан Президентга, давлат ва нодавлат ташкилотларга, матбуотларга маълумотлар бериб, фитна ташкилотчилари бўлган прокуратура амалдорларини фош қилганман.

– Сохта айбловлар билан жиноий жавобгарликка тортилган кўплаб фуқароларни тергов ва судларда ҳимоячи сифатида ҳимоя қилиб сохта айблов хулосаларига жимжимадор имзо чекиб, тасдиқланган прокурорларни фош қилганман, яъни ўнлаб жиноят ишлари қўшимча терговларга қайтарилиб, қонунга зид равишда олинган далилларни номақбул деб топилган. Қонунга зид харакатлар содир этган прокуратура амалдорларига нисбатан хусусий ажримлар чиқарилган. Ваҳоланки терговларни қонунийлигини назорат қилиш прокуратуранинг зиммасидадир.

– Ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни сўраб прокуратура ёки бошқа маъмурий органларга мурожаат қилиб, маҳаллий амалдорларнинг жиноий кирдикорларини фош қилганликлари учун охир оқибат жиноятчиларга айланаёзган фуқароларни ҳимоя қилиб уларни ҳеч қандай жиноятлар содир этмаганликларини исботлаб, бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузган амалдорларнинг жиноий кирдикорларини фош қилганман.

– Ҳуқуқ ва эркинликлари маъмурий органлар ва маҳаллий хокимиятлар амалдорлари томонидан қасддан, ўта қўпол тарзда бузилаётган ҳиссадорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд даражасида ҳимоя қилиб, давлат мулкини ва ҳиссадорлар мулкини талон-тарож қилаётган амалдорларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатиб, талон-тарож қилинган мулкларни давлат ва мулк эгаларига қайтартиришга мажбурлаганман.

– Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган ҳатти-харакатлар ва қарорлар устидан судга бериш ҳақидаги қонунга биноан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган ҳатти-харакатлар содир этган мансабдор шахсларни судларга бериб, бу мансабдорларнинг, шу жумладан прокуратура амалдорларининг ҳам ҳатти-харакатларини суд қарори билан ғайриқонуний деб улар томонидан фуқароларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик судларига мурожаат қилишни оммавий тус олдиргандик.

– Прокуратура ва бошқа қонунлар ижросини назорат қилувчи маъмурий органлар вакиллари «кўрмай», «билмай», «эшитмай» қолган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича сенаторларнинг, депутатларнинг, хокимлар ва бошқа амалдорларнинг жиноятларини фош этувчи далиллар, фактларни ва материалларни узлуксиз равишда Республика хукумати рахбарларига, давлат, нодавлат, жамоат ташкилотларига, Республика матбуотларига, сиёсий партияларга юбориб, давлат мулкини талон-тарож қилаётган, жиноятлар содир этаётган амалдорларни ва уларни жиноятларини кўрмаётган маъмурий органлар амалдорларини узлуксиз равишда фош этиб келганмиз.

– Прокуратура амалдорлари ва бошқа идоралар амалдорларини чет давлатдан катта партияларда наркотик моддалар ва қурол яроқ олиб келиш жиноятларига алоқалари борлигини, яъни уларни Ҳалқаро наркобизнес ва ноқонуний қурол савдосини Ўзбекистонда авж олишидан манфаатдор эканликларини фош қилиб Президент Ислом Каримовга телеграмма юборганман.

– 2005 йил 18–август куни Президент Ислом Каримовга бир қатор хукумат идораларига юборилган «Зудлик билан милиция ҳақидаги қонунни қабул қилинг. Хукуматнинг содиқ хизматчиси – милиция терговчисини ўз ҳимоянгизга олинг» деб номланган телеграммада прокуратура ва бошқа маъмурий органлар амалдорларининг жиноий кирдикорларини фош этувчи – собиқ милиция капитани – яқиндагина сохта айбловлар билан 11 йилга қамалган терговчи Пирмуҳаммад Ҳайдаровнинг даҳшатли, ваҳшиёна қийноқлар, маъмурий органлар амалдорларининг жиноий кирдикорлари ҳақидаги аризасини кенг жамоатчиликка ошкор қилганлигим учун мендан ўч олишди.

Пирмуҳаммад Ҳайдаров Президентга ёзган аризасида 13–май куни Андижон фожеаларининг асосий айбдорлари ҳақида ҳам тўхталганди. Бундан ташқари у ўз аризасида «Мухтарам Президент! Мен Сизга ушбу фикрларни ёзяпману, лекин мени оила аъзоларимни бошига тушиши мумкин бўлган фожеаларни кўз олдимга келтираяпман. Балким бу аризамда ёзган фикрларим учун мени ўлдириб юборишар…» деган мазмунда ёзганди.

Собиқ милиция терговчисининг Президентга ёзган ўта мухим далил ва исботларини кўчириб ёзиб Президентга телеграмма шаклида юборганлигим учун айнан Пирмуҳаммад Ҳайдаровни жиноят иши билан шуғулланиб жиноятлар содир этган амалдорлар хозир мен билан шуғулланишяпти. 11 йиллик қамоққа хукм қилинган – Мамлакатдаги ҳақиқий ҳолатни фош қилиб берган Пирмуҳаммад Ҳайдаров тирикмикан? Унинг оила аъзолари қатағон қилинмадимикан???

«Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ва «Фуқаролик Жамияти» ҳалқ харакати томонидан ёки мени ташаббусим билан ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган фуқаролар томонидан мамлакат Президентига юборилган барча телеграммаларда ҳалқни тинчлигига, давлатнинг равнақига тўсқинлик қилаётган куч – Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, мухолиф партиялар вакиллари эмас, аксинча ҳалқнинг қонини сўраётган, ҳақиқий ҳолатни Президентдан яшириб, уни алдаб келаётган ёнидаги, худудлардаги амалдорлар Президентга, хукумат мустаҳкамлигига ҳақиқий ҳавф-хатар солаётганликларини далиллар, фактлар билан исботлаб берганмиз.

Мен ўзимга юкланаётган айбларни қанчалар даражада сохта эканлигини фош қилиш учун қуйидагиларни илтимос қиламан:

Мен «Фуқаролик Жамияти» ҳалқ харакатига асос солиб, 25–март куни баёнотни берганимдан кейин мени ҳаётим хавф остида қола бошлади, яъни 6 апрел куни Президентни ҳақорат қилди деб Риштон фуқаролик суди ажрим чиқарди, 15–апрель куни Тошкентда таксида кетаётган жойимдан ўғирлаб кетилдим ва 4 соат қийноққа солиндим. Май ойидан бошлаб кечаю кундуз, узлуксиз равишда мени ҳар бир босган қадамимни 20 нафардан ортиқ хукумат айғоқчилари кузатиб юрдилар.

20 сентябр куни Тошкентда Олий судда Андижон фожеалари юзасидан бошланган судни биринчи куниёқ Республика бош Прокурори ўринбосари Анвар Набиев «Фуқаролик Жамияти» ҳалқ харакатини террористик ташкилот сифатида талқин килиб, мени «Маъмурий органлар айбсиз фуқароларни ноҳақ жавобгарликка тортяпти» деган гапларимни, фикрларимни хукуматга, давлатга қарши чақирув сифатида талқин қилди. Лекин у мен асос солган ташкилотнинг номини ҳам аниқ билмагани учун «Ҳуқуқий Жамият» деб атади, яъни у ҳалқ харакати ҳақида етарли маълумотга эга бўлмай туриб, Андижон фожеаларига бизни ташкилотимизни алоқадор деб талқин қилиб, тухмат қилди.

Шунинг учун 25–март куни «Фуқаролик Жамияти» ҳалқ харакати тузишимизга сабаблар ва ҳалқ харакатининг харакат дастури тўлиқ баён қилинган Баёнотимизни тўлиғича интернет сайтларида чоп этишни сўрайман.

– Шунингдек, 2004–2005 йилларда Президентга ва хукумат идораларига, маҳаллий матбуотларга юборилган телеграммалар, буюртма хатларимиз юзасидан ўтказилган хизмат текширувлари, суриштирувлар натижалари билан жиддий шуғулланишга;

– Фарғона водийсига маҳаллий, хорижий матбуотлар журналистлари ҳамда нодавлат, нотижорат ташкилотлар вакиллари ташриф буюриб, мени 6 йиллик фаолияти юзасидан журналистик суриштирувлар, мониторинглар ўтказиб, ҳолисона олиб борилган журналистик суриштирувлар ва мониторинглар натижаларини маҳаллий ва хорижий матбуотларда чоп этилишини сўрайман.

Президент Ислом Каримовдан эса ўзи ишонган, яширин одамларини Фарғонага юбориб, давлат, нодавлат ташкилотларида, ўқув муассасаларида ва аҳоли ўртасида, зиёлилар орасида мени хибсга олинганим сабаблари ҳақида одамлар орасида юрган гапларни таҳлил қилишни, ҳеч бўлмаганда охирги 2 йилда мен бошқарган ташкилот томонидан Президентга юборилган телеграммаларни шахсан назоратга олиб, уларда баён қилинган ҳолатлар юзасидан хизмат текширувлари ўтказиб, холат бўйича ҳаққоний тўхтамга келишни сўрайман.

Ҳалқаро Нобель Комитетига ва Нобель мукофотининг 999 нафар номинант аёлларига айтар сўзим шуки

Менга бугунги кунда қўйилаётган айблар барчаси тухматдан иборат. Нобель мукофотининг номинанти сифатида тасдиқланганим Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ривожланишига асосий ғов бўлиб келаётган Республика прокуратурасининг ҳақиқий башарасини ҳалқаро майдонда фош қилишимдан қўрқиб мени хибсга олишди. Мен Нобель мукофотининг номинанти сифатида Нобель Комитетининг юзини шувут қилмайман. Мен ўзимни айбсизлигимга ишонаман ва буни исботлаб беришга рухий қувватим, бардошим етади.

20–сентябр куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва Нобель мукофоти номинантлари ташаббуси билан мени озодликка чиқаришни талаб қилиб, Ўзбекистон хукукмати элчихонаси олдида ўтказилган пикет ҳақида эшитиб, мени қўллаб қувватлаганларидан қувондим.

Мен турмада ўтказаётган ҳар бир дақиқамда, ҳар бир ҳуқуқим бузилганда, ҳар бир қийноқ қўлланилиб, менга рухан синдириш учун қилинаётган ҳар бир ғайриқонуний ҳатти-харакатларга дош беришда мени ноҳақ хибсга олинганимга ачинган, норози бўлган, нафратланган тарафдорларимнинг руҳий мададларини, далдаларини дилдан ҳис қилиб турибман. Мен ўз эътиқодимни ҳимоя қилиш жараёнида ҳар қандай азобга дош беришга тайёрман.

Фарғона шаҳридаги 10-сонли тергов изолятори махбуси Мўътабар Тожибоева

Ушбу ариза адвокат Дилафруз Нурматова иштирокида ёзилди.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.