Жаноб Президент! Мен энди Сизга умуман ишонмайман. Буни исботлаш учун узлуксиз очлик ихтиёр қилдим!
Ўзбекистонда Конституция ҳам, қонунлар ҳам ишламайди. Шунинг учун бугундан бошлаб узлуксиз очлик эълон қиламан. Мен тиббий ёрдамдан, бошқа ёрдамлардан ҳам воз кечаман. Мен Сиз томондан қоғозда ва оғизда тарғиб қилинадиган Фуқаролик жамиятини шакллантиришга ўз муносиб ҳиссамни қўшганим учун хибсга олиндим. Фуқаролик жамиятини ривожланиши учун, ҳалқнинг кўксига офтоб тегиши учун мен ўзимни эътиқодим йўлида қурбон қилишга қатъий қарор қилдим.
Тошкент. Матбуотчилар кўчаси, 6–уй Президент девонига, Президент Ислом Каримовга;
Нусхаси: Адвокатларимга
Фарғона шаҳридаги 10–сонли тергов хибсхонаси махбуси Мўътабар Тожибоевадан
ОХИРГИ ОЧИҚ ХАТ
7–декабрь 2005 йил
Жаноб Президент!
Мен энди Сизга умуман ишонмайман. Буни исботлаш учун узлуксиз очлик ихтиёр қилдим. Лекин мен асос солган «Фуқаролик жамияти» Ҳалқ харакати менсиз ҳам албатта яшайди!
Жаноб Ислом Абдуғаниевич!
Буюк алломалардан хисобланмиш Аристотель «Аҳлоқли киши ҳатто ўз ҳаётидан айрилган тақдирда ҳам дўстлари ва Ватани учун кўп ишларни қилади» деган бўлса М.М.Гришвин «Юксак аҳлоқийлик – бу жамият фойдаси учун ўз шахсиятини қурбон қилишдир» деган.
Мен 2000 йил январ ойининг бошида Фарғона вилоятида ўтказилган навбатдан ташқари сессияда сўзлаган нутқингиздан таъсирланиб ХДП қошида «Ўтюраклар» Клуби ташкил этгандим. Ҳаттоки Клубни ташкил этиш йиғилиш баённомасида ҳам бу ўз аксини топганди.
Клубнинг жиноятчиликка, наркоманияга ва бошқа жиноятларга қарши олиб борган ижобий ишлари хукумат матбуотлари орқали тарғиблар қилишганди. Қачонки Республика ИИВнинг мансабдорларидан бири Алишер Эргашев ҳамда Фарғона вилоят ИИБнинг собиқ бошлиғи Аминжон Тошхўжаевларнинг жияни Рахим Эргашев вилоят Чорванаслхизмат Хиссадорлик Жамиятидаги Одил Усмонов бошчилигидаги мансабдорлар билан жиноий тил бириктириб, банкдан олган кредитим маблағини талон тарож қилганларидан кейин бу кимсаларга нисбатан қонуний чора кўришни ва ўзлаштирилган маблағни қайтариб олишимга ёрдам беришни сўраб маъмурий органларга шикоят ариза берганимдан кейин менга қарши хужумлар кучайиб кетди.
2001 йил ноябрь ойида умуман газ йўқ паллада «газдан ўт чиқиб» уйим ёнди. 2 марта уйимга ўғри тушиб, асосан хужжатлар ва мени, қизимни расмларини ўғирлашди. Бир неча марта қизимни ўғирламоқчи бўлдилар. Амин Тошхўжаев бир марта қизимни гаровга тутиб келтиришга расман буйруқ берган.
Маъмурий органлар амалдорлари эркатойлари хисобланмиш фоҳишаю қўшмачилар, наркотик моддалар сотувчи кимсалар аёвсиз калтакладилар.
Ҳар бир калтакланишимиз прокуратура биноси ёнида бўлган. Жуда кўп марта сохта айбловлар билан маъмурий жавобгарликка тортилдим. Биронта ҳам ёзган шикоятларим бўйича қонуний ҳал этилгани йўқ.
Ҳаттоки бир марта захарлашга ҳам улгуришди. 2003 йилнинг 6–декабрь куни вилоятнинг бир мансабдори маст ҳолатда уйимга қўнғироқ қилиб мени шармсиз сўзлар билан ҳақорат қилди ва «ҳамма ишинг учун энди жавоб берасан, ўзинг ўз ҳаётингни ҳаром қилдинг» деди. Орадан бир хафта ўтиб автохалокатга учрадим.
«Огоҳ бўлайлик» деб номланган 2000 йилда ёзилган рисоламдаги фикрларни 2003 йил «Обод маҳалла йили»да Республика ИИВ томонидан тайёрланган китобда сўзма–сўз кўчириб, мени авторлик ҳуқуқимни бузишди. Лекин ҳеч қандай тушунтириш ҳам, кечирим ҳам сўрашмади.
Жаноб Президент!
Мен шу бугунги кунгача Сизга ишонардим. Шунинг учун хам Сиз олиб бораётган сиёсатга тўсқинлик қилаётган, яъни қонунларни менсимайдиган, оёқ ости қиладиган амалдорларнинг жиноий кирдикорлари ҳақида доимо Сизга телеграммалар юборардим. Мен инсон ҳуқуқлари поймол этилишида хукумат эмас, мансабдор шахслар айбдор деб хисоблардим ва шу фикрларимни оддий ҳалқ орасида ҳам, сиёсатчилар орасида ҳам дадил айтардим.
Мени қонунга зид равишда хибсга олишиб, уйим, куёвим уйи қонунга зид равишда тинтув қилиниб, «Ўтюраклар» Клубининг 6 йиллик фаолияти жамланган хужжатлар ва бошқа барча нарсалар ғайриқонуний тарзда олиб қўйилган, хибсга олинганимдан буён менга, оила аъзоларимга, яқинларимга қийноқ қўлланилаётгани ҳақида 29–октябрь, 12–ноябрь ва 15–ноябрь кунлари Сизга ариза ва очиқ хат билан мурожаат қилгандим.
Мен ушбу аризаларимда хибсга олинишимга нималар сабаб бўлганини батафсил ёзгандим. Мен умид қилгандимки бу аризаларда келтирилган важлар Сизни қизиқтиради ва Ҳалқаро Нобель мукофотининг номинанти хисобланмиш бир аёлни сохта айблар билан хибсга олиб энг аввало Сиз Президентни, қолаверса Ўзбекистон Хукуматини обрўсизлантирган амалдорларнинг кирдикорлари билан қизиқасиз дегандим.
Сизга қилган мурожаатимдан кейин менга уюштирилаётган фитналар кучайиб кетди. 8–декабр куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13 йиллиги нишонланади. Конституциянинг 93–моддаси 1–қисмига кўра Сиз фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Конституция ва қонунларга риоя этилишининг кафилисиз.
Республика «Моҳият» газетасининг шу йил 3–июнь кунги 22–сонида «Таассуф. Яхшилик қўлингдан келмаса, ёмонлик қилма» рукни остида «Тан олиш машаққати» Фарғона вилоят прокурорининг собиқ ўринбосари Маъруф Усмоновга» номли танқидий мақола хибсга олинишимга асосий сабаблардан биридир.
Чунки Кумуш Мирзакаримова таҳаллуси билан ёзилган бу танқидий мақолада Қўқон шаҳар хокими, сенатор, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича кўмита раиси ўринбосари Маъруф Аъзамович Усмоновнинг жиноий кирдикорлари очиқ ошкора фош қилинганди.
«Моҳият»да ёзилган фактларни ҳам мен тинимсиз Сизга ёзган очиқ хатларимда ёзардим. Ундан ташқари бошқа мансабдорларнинг жиноий кирдикорларига тўсқинлик қилиб, Фарғонада адолат мезонлари қисман бўлсада ғалаба қилиб келганлигига қўшган ҳиссам учун 2 ойдан буён хибсдаман. Якка ягона қизим билан учраша олмаяпман. Қонунлар оёқ ости қилиняпти.
Мен 2001 йилда жабрланувчи бўлганим жиноят иши бўйича протест киритилибди, менга ўша аризам бўйича қўзғатилган жиноят иши 2003 йилда судда кўрилганди. Хозир ўша жиноят иши бекор қилиниб, мен жиноятчига айланибман. Лекин нима учун протест ва хукм бекор қилинганлиги ҳақидаги суднинг ажримидан мен шу кунгача бехабарман.
Ўзбекистонда Конституция ҳам, қонунлар ҳам ишламайди. Шунинг учун бугундан бошлаб узлуксиз очлик эълон қиламан. Мен тиббий ёрдамдан, бошқа ёрдамлардан ҳам воз кечаман. Мен Сиз томондан қоғозда ва оғизда тарғиб қилинадиган Фуқаролик жамиятини шакллантиришга ўз муносиб ҳиссамни қўшганим учун хибсга олиндим. Фуқаролик жамиятини ривожланиши учун, ҳалқнинг кўксига офтоб тегиши учун мен ўзимни эътиқодим йўлида қурбон қилишга қатъий қарор қилдим.
«Фуқаролик жамияти» Ҳалқ харакати асосчиси, «Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари,
инсон ҳуқуқлари Ҳалқаро жамияти аъзоси, мустақил журналист, Ҳалқаро Нобель мукофоти номинанти, «Дунёни ўзгартираётган
1000 аёл» китоби қаҳрамонларидан бири – бугунги махбус Мўътабар Тожибоева
Ушбу хат адвокат М.Тожибоева томонидан компьютерда ёзилди.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish