Ғанихон Маматхонов рухсатсиз ҳожатхонага чиққани учун жарима изоляторига ташланди

Фарғоналик таниқли ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг қариндошлари “Жараён”га ҳуқуқ фаоли озодликка чиқиш арафасида жарима изоляторига ташланганини маълум қилишди.

Жорий йилнинг 21 март куни “Жараён” мухбири фарғоналик таниқли ҳуқуқ фаоли, Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти вакили Ғанихон Маматхоновнинг ўғли Жалолиддин Маматхонов билан телефон орқали боғланишга ва ҳуқуқ фаолининг нима сабабдан жарима изоляторига ташланганини аниқлашга муваффақ бўлди.

 – Дадамни 10 март куни қамоқдан озод қилишлари керак эди. Биз: “Эҳтимол, дадамни бир неча кун олдинроқ озод қилишар” деган умидда, Навоийга 6 март куни бориб олдик. Аммо биз у ерга келганимизда Навоийдаги колония ходимлари дадам жарима изоляторига ташланганларини айтишди.

Мен уларга: “Дадамни нима сабабдан бундай жазоладинглар”, деб сўрадим. Улар эса бунга жавобан: “У киши уч маротаба рухсатсиз ҳожатхонага чиққани учун жарима изоляторига ташланди”, деб айтишди. Бундан роса жаҳлим чиқиб: “Ахир у киши кекса ёшдаги, касал одам бўлса, наҳотки унга нисбатан шундай муносабат қилдинглар?” десам, қамоқхона ходимлари менга: “Бизга шундай буйруқ келди”, дейишди, – дейди Жалолиддин Маматхонов.

Унинг айтишича, ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг оила аъзолари ҳозиргача унинг қаерда сақланаётганидан бехабарлар.

– 6 март куни Навоийдан колония бошлиғи бизга дадам жарима изоляторида экани ва суд бўлиб ўтмагунча, биз уни кўролмаслигимизни айтди. Шунингдек, у дадамни бошқа ерга этап килишлари ва қўшимча жазо муддати қўшиб беришларини айтди. У менга кассация ёзишни маслаҳат берди. Шундай қилиб, биз Навоийдан дадамни кўролмай қайтдик, уйга келганимизда эса Навоий шаҳар жиноий ишлар бўйича судидан хат олдик. У ерда дадамнинг суди 4 март куни, яъни бизга у ерга боришимиздан икки кун аввал бўлиб ўтгани ёзилганди.

Ўша хатда яна “Жиноий ишлар буйича Навоий шаҳар суди Маматхонов Ғанихон Дадахоновичга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилгани тўғрисида маълум қилади”, дейилганди. Мен Навоий шаҳар судига мурожаат қилдим, аммо у ерда менга телефон орқали маълумот бера олмасликларини, бунинг учун мен Навоийга келиб, судга мурожаат қилишим кераклигини айтишди, – дейди Жалолиддин Маматхонов.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг ўғли Навоийдаги колония бошлиғи унга отасининг ҳимояси учун адвокат ёллашни ҳам тавсия қилганини айтади.

– Колония бошлиғи менга очиқчасига адвокатсиз биз ҳеч нарса ҳал қила олмаслигимизни ва дадамни ҳам кўролмаслигимизни айтди. Аммо ҳозир оиламиз жуда оғир моддий аҳволда. Биз аввал фермерлик билан шуғулланардик, еримиз бор эди. Аммо маҳаллий ҳокимият еримиз 80 гектардан кам бўлгани учун уни бошқа, ҳудди бизникига ўхшаш майдони кичик бўлган ерларга қўшиб юборишини айтиб, еримизни тортиб олди. Қарздан қутилиш учун молларимизни сотишга мажбур бўлдик.

Охирги маротаба дадамни кўришга борганимда бир танишимдан 200 доллар қарз олишга мажбур бўлдим. Аммо бу пуллар озиқ-овқат ва йўлкирага аранг етди. Уйга қайтганимдан сўнг эса ўша танишим қарзни қайтаришимни сўраб келди. Оиламиз зўрға кун кўраяпти. Адвокат ёллашга пулим етмайди, бу ҳолат вазиятимизни янада қийинлаштираяпти.

Дадамнинг юраклари касал, қон босимлари доимо безовта қилиб туради, кўпинча колониядагилар биз дадамнинг соғлиги учун зарур бўлган олиб борган дориларимизни дадамга беришмасди. Ҳозир эса дадамнинг аҳволи янада оғирлашишидан хавотирим бор, шунинг учун уларга зудлик билан адвокат ёллаш керак бўлаяпти, – дейди Жалолиддин Маматхонов хафаҳол оҳангда.

Париждаги “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева фикрича, ўзбек расмийлари қамоқда икки маротаба инфарктни бошдан кечирган ҳуқуқ фаолига нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлганлар.

Ҳуқуқ фаоли бугунга қадар ўзбекистонлик адвокатлар ичида ўз ҳимоясидаги маҳкумнинг қамоқхона ички тартиб қоидасини бузганлиги бўйича қамоқхона маъмурияти томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар, шу ҳужжатлар асосида қабул қилинган қарорлар ва шу қарорлар асосида содир қилинган навбатдаги қонунбузилишларга қарши курашиб, маҳкумнинг ҳуқуқини тиклаганликлари ҳақида эшитмаганини айтади.

Қамоқхона ички тартиб-қоидасини бузганлик юзасидан расмийлаштириладиган ҳужжатларни тўплашда асосан қамоқхона маъмуриятига ишлайдиган “қулоқ” маҳкумлардан фойдаланилади ва агар бу ҳужжатларнинг қонунийлиги ўрганиб чиқилса ва бу ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо берилса, бугунги кунгача қамоқхоналарда қолаётган минглаб, балки ўн минглаб сиёсий ва диний маҳкумларнинг ғайриқонуний усуллар билан қамоқда қолаётганликларини исботлашнинг имкони бўларди, – дейди Мўътабар Тожибоева.

Шу билан бирга, ҳуқуқ фаоли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотларидан Ғанихон Маматхоновга билдирилган сўнгги айбловлар сохта эканини исботлаб бера оладиган адвокат ёллашда кўмак беришларини ҳам сўрайди.

Эслатиб ўтсак, 61 ёшли фарғоналик ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов Ўзбекистон Жиноий кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) ва 221-моддаси (“Пора бериш”) бўйича айбдор деб топилиб, 2009 йилнинг декабрь ойида беш йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

2010 йилнинг 5 январь куни эса Фарғона вилоят апелляция суди ҳуқуқ фаолининг ишини қайта кўриб чиқиб, унинг қамоқ муддатини тўрт йил ва беш ойгача қисқартирганди.

Шунингдек, суд Ғанихон Маматхоновни қамоқдан манзил колониясига ўтказиш ҳақида ҳам қарор қабул қилганди. Бироқ ўша йилнинг апрелида ҳуқуқ фаоли манзил колониясидан қайтиб қамоққа ўтказилганди.

 

София ДАВРОНОВА 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.