Мўътабар Тожибоева: Ким айбдор?! Навбатдаги ким?
23-26 сентябрь кунлари Варшавада ўтказилаётган ЕХХТ анжумани жараёнида Ўзбекистондаги қийноқ ва сиёсий қатағон қурбонлари ҳимоячига бағишланган «Ким айбдор?! Навбатдаги ким?!» номли норозилик намойиши бўлиб ўтади.
Тадбир ташаббускорлари «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ҳамда мазкур ташкилот таркибига кирувчи «Ўтюракли талабалар» ҳаракати, «Қийноқларсиз ҳаёт учун» ташаббус гуруҳи, Муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитасидир. «1000 нафар аёл тинчлик учун» халқаро коалицияси ҳамда Европада истиқомат қилувчи бир қатор фуқаролик жамияти фаоллари ҳам ушбу тадбир иштирокчилари қаторидан ўрин олган. Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти ҳам мазкур тадбирда иштирок этиши кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистонда сиёсий қатағон машинасининг гуриллаб ишлашига нафақат 25 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган авторитар ҳукумат ва у ўрнатган диктаторлик режими, балки унинг ғилдиракларини зимдан мойлаётган, геополитик манфаатлар йўлида инсон ҳуқуқлари ўта қўпол тарзда бузилишига кўз юмаётган кўпчилик сиёсатдонлардан тортиб, тижорий ширкатларгача маънавий айбдор деб хисоблаймиз.
Мамлакатда диний экстремизм ва терроризм хавфи бахонасида ўзбек ҳалқини қатағон қилиш сиёсатига баъзи бир ғарб сиёсатчилари иккиюламачилик сиёсатини қўллаб келмоқдалар. Зеро уларнинг маънавий рағбати ва билвосита қўллаб-қувватлови билан қатағон машинаси ҳаракати кун сайин тезлашмоқда. Айнан шунинг учун хам бугунги намойишимизни «Ким айбдор?! Навбатдаги ким?!» деб номладик.
Биз норозилик намойишида эгнимизга кийиб оладиганимиз ўзбек миллий либосларидан – эркакларнинг миллий белбоғи ва дўпписи. Бундай миллий кийим бошларни ўзбек эркаклари мотам кунлари киядилар. Биз ҳам бу кийимларни ўзбекистон хукумати – диктатура режимининг қурбонларига бағишлаб ўтказадиганимиз норозилик намойишида киямиз.
Шунингдек биз ушбу кийим бошларни «ДИКТАТУРА РЕЖИМИГА ҚАРШИ БЕЛИНГГА БЕЛБОҒИНГНИ БОҒЛА, ЎЗБЕГИМ» деган хайқириқ сифатида киямиз.
Мазкур акция давомида ўзбек миллатининг бошига тушаётган кулфатларга лоқайд бўлмаган барчани Ўзбекистонда давом этиб келаётган инсон ҳуқуқлари бузилишларига «Йўқ!» дейишга чақирамиз.
Мазкур акцияда қозоғистонлик фуқаролик жамияти фаоли ва рассом Қанат Ибрагимовнинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази раҳбари Акмал Саидов ҳамда Ўзбекистонда асоссиз қатағонлар қурбонлари бўлган бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаролик жамияти фаоллари тасвирланган картиналари ҳам намойиш этилади.
Ушбу анжуман ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаров вафот этганига 3 ой бўлганида, мухолифот фаоли Фуад Рустамхўжаевнинг отиб ўлдирилганига 3 йил тўлган муддатда ва диний эътиқоди учун 2012 йилда қамалган, тожикистонлик таниқли журналист ва мухолифот фаоли Сайидюнус Истаравшанийнинг турмуш ўртоғи Нилуфар Раҳимжонованинг Ўзбекистондаги аёллар қамоқхонасидан ўлиги чиққан кунларда, шунингдек Россиядан Россия махсус хизматлари ёрдамида ўғирлаб кетилган Тошкентлик кинопродюссер Мирсобир Ҳамидқориевнинг суди бошланган пайтда ўтмоқда.
Ҳамкасбимиз Абдурасул Худойназаров сохта айбловлар бўйича қамоқда умумий ҳисобда 8 йилу 10 ой ўтириб чиқди. 58 ёшли ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаров 26 июнь – Ҳалқаро қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш куни жон таслим қилди. У қамоқдаги қийноқлар, ғайриинсоний, аёвсиз ва инсонни камситувчи муомала туфайли орттирган оғир дардлар натижасида ҳаётдан кўз юмди.
У қамоқдан жорий йилнинг 30 май куни озод қилинганди. Шифокорлар унда саратон, сил, аденома, простатит ва ўткир геморрой хасталиклари борлигини аниқлагандилар.
Ушбу норозилик акцияси инсон ҳуқуқлари ва демократия ғояларини тарғиботчиси бўлганлиги учунгина умри Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқларга тутилиб, қамоқ муддатлари тинимсиз узайтирилаётган Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, Рустам Усмонов, Мухаммад Бекжонов, Юсуббой Рўзимуродов, Ғайрат Михлибоев, Насим Исақов, Азам Фармонов, Исроилжон Холдоров, Йўлдош Расулов. Зафар Рахимов, Солижон Абдурахмонов, Аъзам Турғунов, Дилмурод Саидов, Ғайбулло Жалилов, Ғанихон Маматхонов, Мехринсо Ҳамдамова, Хайрулло Хамидов, Хабибулла Ильмуродов, Чўян Маматқулов ва Бобомурод Раззоқовлар ҳимоясига бағишланади.
Ушбу акциямиз ўзбек қамоқхоналаридаги минглаб диний ва сиёсий маҳбуслар, ўзбек махсус хизматлари томонидан қўлланилаётган қийноқлар, ўғирлаб кетишлар, ноқонуний экстрадиция ва қотилликлар қурбонлари хотирасига бағишланади.
– 1987 йилда «Одамийлик ва инсонпарварлик» уюшмаси тузгани кетидан бутун оиласи билан қатағонга учраган ва 1993 йилда безориликда айбланиб, 3 йиллик қамоқ жазосига хукм қилинган, озодликка чиқиш арафасида сохта айблар билан қамоқ муддати узайтирилган ва 1997 йилда вахшиёна қийноқлар қурбони бўлган Қахрамон Хамидов;
– 2001 йил 11 февралда диний экстремизмда айбланиб хибсга олинган ва 28 февраль куни ИИВ ертўласида вахшиёна қийноқларга тутилиб, вафот этган таниқли уйғур-ўзбек ёзувчиси Эмин Усмон;
– 2001 йил 15 июнь куни ғайриқонуний равишда хибсга олинган, 5 июль куни ИИВ ертўласида узлуксиз давом этган қийноқлар натижасида вафот этган ҳуқуқ фаоли Шовруқ Рўзимуродов;
– 2007 йил 24 октябрь куни Қирғизистонда отиб ўлдирилган журналист Алишер Соипов;
– 2011 йилда 24 сентябрь куни Россияда Ўзбекистон хукумати қотиллари томонидан отиб ўлдирилган Фуад Рустамхужаев;
– Узоқ йиллик қамоқ жазосидан озод бўлганидан 25 кун ўтиб вафот этган ҳуқуқ фаоли ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамиятининг Ангрен шаҳар бўлими раиси бўлиб ишлаган Абдурасул Худойназаров;
– Вахшиёна қийноқлар оқибатида турли муддатларда вафот этган Нуъмонжон Мамасолиев, Хасан Умаралиев, Ахмадхон Тўрахонов, Содиқжон Джалолитдинов, Шерали Джумаев, Рустам Норбобоев, Шухратбек Парпиев, Шокир Орипов, Нуъмон Сайдаминов, Хуршиджон Орипов, Равшан Хаитов, Алимухаммад Мамадалиев, Хусниддин Олимов, Музаффар Авазов, Отамаза Ғофуров, Ориф Эшонов, Нодир Замонов, Шавкат Алимхўжаев, Камолиддин Джуманиёзов, Абдурахим Тошпўлатов, Нозим Мамадалиев, Собиржон Мухторов, Исомуддин Акбаров, Ғиёсиддин Умаров, Зайниддин Асқаров, Абдубанноб Ортиқов, Алимардон Бердиқулов, Абдурахмон Сагдиев, Ҳамидулло Омонов, Дилшод Исхоқов, Хусниддин Оққўзиев, Шавкат Каримов, Абдувохид Абдурахмонов, Тохиржон Жабборов, Самариддин Салохиддинов, Таваккал Хожиев, Қўнғиротбой Оллониёзов, Абдурахим Тўхтасинов ва бошқа юзлаб – минглаб қийноқ қурбонлари хотирасига бағишланади.
– 2012 йил 22 февралда Швециянинг Стромсунд шахрида яшаган Обид қори Назаров ўзбек хукумати томонидан ёлланган қотил томонидан отиб кетилди ва у 2 йилдан ортиқ кома холатида бўлди, қотил ва унинг буюртмачилари эса ханузгача жавобгарликка тортилганлари йўқ.
2011 ва 2013 йилларда БМТнинг қийноқларга қарши кўмитасининг Қозоғистон хукуматидан диний эътиқоди учун босимга учраб мамлакатдан қочиб чиққан Абдусаматов Тоиржон, Акбаров Файзуллоҳ, Бозоров Сухроб, Болтаев Ахмад, Ботиров Шухрат, Ғуломов Мухитдин, Каримов Дилбек, Қосимов Аброр, Қўлдашев Ойбек, Қурбанов Қобилжон, Нуриллаев Бахтиер, Нуриллаев Бахриддин, Остонов Улуғбек, Пардаев Исобек, Сулаймонов Турсунбой, Толипов Сирожиддин, Тўраев Равшан, Турсунов Ҳайрулла, Шарипов Отабек, Шодиев Акмалжон, Хуррамов Сарвар, Умаров Файзиддин, Холбоев Шухрат, Холтураев Олимжон, Хошимов Алишер, Ёқубов Абдуазимхўжаларни Ўзбекистонга топширмаслик талабига бўйсунмасдан Ўзбекистонга топшириб юборилган ва Қўлдашев Суннатиллох, Қўлдошев Сухроб, Шерназаров Шерзод, Шухрат Мусин ва бошқалар адолатсиз судлов ва қийноқ қурбони бўлиб, қийноқларга тутилмоқдалар. Ушбу намойишда яна бир бора ушбу қочқинлар ва уларнинг оила аъзоларининг ҳимояси учун бонг уришга, уларнинг тақдирига бефарқ бўлмасликка чақиришга қарор қилдик.
Шунингдек ушбу норозилик намойиши 1992 йилда ўғирланган Абдулла Ўтаев, 1995 йил 29 август куни аэропортда ўғирланган Абдували Мирзаев ва Маткаримов Рамазонбек, 1997 йил сентябрь ойида ўғирланган Неъматжон Парпиев, 1998 йилда ўғирланган Тўлқин Йўлдошев, 1999 йил 5 августда ўғирлангана Қосимбеков Камолиддин, 2000 йилдан буён бедарак кетган Хасанов Баходир, 2003 йилда ўғирланган Содиқ қори, 2004 йил 16 майда ўғирланган Хусниддин Назаров, 2004 йил 28 майда ўғирланган Оқил Юнусов, 2004 йил 24 июнда ўғирланган Фаррух Хайдаров сингари ўнлаб ўғирлаб кетилиб бедарак йўқолганларнинг ҳимояларига ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб қувватлашга бағишланади.
Ўзбекистон хукуматининг юқорида қайд этилган жиноий харакатлари ва инсон ҳуқуқларини поймол этишига жавоб бериш муддати чексиз деб хисоблаймиз. Ўзбекистон хукуматининг инсон ҳуқуқлари борасида бу сингари жиноий харакатлари ҳар қандай муддатдан қатъий назар жиддий суриштирувга мухтождир. ЕХХТ эса ҳар йил инсон ҳуқуқлари қурбонлари ҳақида фақатгина гапириш минбарига айланиб қолмаслиги керак.
Норозилик намойиши ташкилотчилари билан боғланиш:
Мўътабар Таджибаева
«Ўтюраклар Клуби» Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти асосчиси ва рахбари
Email: mutabartadjibaeva@gmail.com
Mob: +33679233927;
Skype: MutabarTadjibayeva
Fikr bildirish