Рўзибой Азимий: Ҳурматли Шавкат Миромонович, мени шахсан ўз ҳимоянгизга олишингизни сўрайман!

Ӯзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга

Тошкент шаҳри Миробод туманида доимий яшовчи фуқаролиги йӯқ шахс Азимий Рӯзибой Азим ӯғлидан

ШИКОЯТ ХАТИ

Ҳурматли Шавкат Миромонович! 

Сиз Ӯзбекистон Республикаси Президенти бӯлган илк кунингизданоқ ӯзингизнинг халқ томонда эканингизни, халқ дардига дардмандлигингизни ошкора тарзда намоён қилдингиз. Сизнинг бу эзгу ишларингиздан кӯпчилик ӯзбекистонликлар қатори мен ҳам хушнуд бӯлдим.

Марҳум Ислом Каримов бошқаруви даврида ақалли бир марта ҳам тилга олинмаган Ӯзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги йӯқ шахсларга доир масалалар айнан Сизнинг бошқарувингиз даврида шунчаки тилга олиниб қолинмасдан бу борада бир қатор эзгу ишлар қилинди. Чорак аср ва ундан ҳам кӯп йиллардан бери Ӯзбекистонда яшаб келаётган бир неча Фуқаролиги йӯқ шахсларга Ӯзбекистон фуқароси паспорти берилди.

Бу эзгу ишингиз албатта алоҳида эътирофга сазовор. Бироқ афсуски, кейинги пайтларда Сизнинг фуқаролиги йӯқ шахсларга нисбатан муносабатингиз анча сусайди. Бу унсур Ӯзбекистон Республикаси ички ишлар ва Давлат хавфсизлиги хизмати органидаги масъул ходимларнинг фуқаролиги йӯқ шахсларга нисбатан боқибеғамлигини янада ошириб юборди.

Балки фуқаролиги йӯқ шахсларга нисбатан бир йил олдинги жӯшқин эътиборингизнинг пасайишига бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли вақт камлиги тӯсқинлик қилаётгандир. Лекин шундай бӯлса-да айтингчи, бу борада Фуқаролиги йӯқ шахсларнинг айби нима?

Бизнинг айбимиз СССР парчалангандан кейин мустақил юртимизнинг тараққий топиши учун ҳисса қӯшиш мақсадида аждодларимиз ҳоки-пойи қолган муқаддас ватанимизда яшаб қолганимизми? Бизга, яъни ер юзида йӯқ бӯлиб кетган, фақатгина Ӯзбекистонда қолган СССР фуқароларига Ӯзбекистон фуқаролигини бермаслик замирида нималар мужассам?

Бу жиддий муаммони кечиктирмай ҳал қилишингизга, Ислом Каримов бошқаруви даврида азият чекканимизни, қатор азоб-уқубатлар исканжасида яшаганимизни, эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқидан тамоман маҳрум бӯлганимизни қалбан ҳис қилишингизга нималар тӯсқинлик қилмоқда?

Фуқаролиги йӯқ шахсларга тааллуқли олдинги жасоратли ҳаракатларингизнинг сусайиши натижасида Сиздан умидвор бӯлган фуқаролиги йӯқ шахсларнинг умиди яна сӯна бошлади. Аччиқ бӯлса ҳам очиқ айтиш керакки, ӯзбек миллатига мансуб бӯла туриб, Ӯзбекистонда қарийб 10, 15, 20, 25 ва ундан ҳам кӯп йиллардан бери яшаб Ӯзбекистон фуқаролигини ололмаётган миллатдошларимиз орасида олдинги мавқеингиз, ҳурматингиз кескин тарзда пасайиб кетди.

Боз устига Сиз олиб бораётган сиёсатга кейинги пайтларда ички ишлар органларида, ДХХда беписандлик аломатлари яққол сезилмоқда. Улар Сизнинг халқ изтироб чекмасин, меҳнатларимизнинг самарасини кӯрсин, ҳукуматга нисбатан ишончи қайта уйғонсин деган нидоларингизни заррача инобатга олишмаётир.

Бунга Фуқаролик қабул қилиш тӯғрисида Сизнинг номингизга ёзган аризам 2 йилдан бери кимларнингдир жавонларида, аниқроғи туман, шаҳар, республика ички ишлар идораларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бӯлим ва бошқармаларидаги масъул шахсларнинг билдиришича, ДХХ идорасида чанг босиб ётгани мисол бӯла олади.

Мазкур идоралар ҳамон эскича усулда иш юритмоқда, фуқаролиги йӯқ шахсларнинг ҳужжатларига ола кӯз билан, панжа орқасидан қарамоқда. Натижада Сизнинг юқорида таъкидлаганим халқбоп ғояларингиз поймол бӯлмоқда… 

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Ислом Каримов даврида эшигимизнинг қӯнғироғи жирингласа юрагимизни, телефонларимиз жирингласа қулоғимизни ҳовучлаб, қӯрқувлар исканжасида яшаган пайтларимиз кӯп ва хӯп бӯлди. Кейинги пайтларда мана шундай жиринг-жиринглар яна кӯпая бошлаганга ӯхшайди.

Биз бундай салбий унсурлар, дӯқ-пӯписалар халқпарварликда намуна кӯрсата олган Сизнинг бошқарувингиз даврида такрорланишини, куч ишлатар тизимлари ноӯрин равишда кимлардандир жиноятчи ясашга уринишларини асло хоҳламаймиз.

Буни куни кеча, 10 ноябрь 2018 йилда ӯз бошимдан ӯтказдим. Кундузги соат 11-30 да бошланган телефон жирингловлари тунги 20-00 га яқин эшимиз қӯнғироғини жиринглатишга қадар давом этди. Бу қӯнғироқ Тошкент шаҳар Миробод туман Ички ишлар бӯлими ходими Дониёр Миразимов томонидан бӯлди (менда телефон рақами бор).

Дониёр Миразимов телефон қилиб, Фуқаролиги йӯқ шахс гувоҳномамни ва Фуқаролиги йӯқ шахснинг Хорижга чиқиш ҳужжатимни олиб зудлик билан Туман ИИБга боришимни талаб қилди. Сабаби сифатида Фуқароликка қабул қилиш тӯғрисидаги Сизнинг номингизга ёзган аризамга жавоб келганлигини билдирди.

Холбуки, аризам 2 йилдан буён Тошкент шаҳар Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида чанг босиб ётибди. Мазкур орган ДХХ жавобини кутаётганини, бу хусусда Тошшаҳар Миграция ва Фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Қ. Юлдошев ва Ӯзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи полковник Бахритдин Шариксиевларнинг қабулларида шахсан бӯлган чоғимда берган маълумотлардан билганман.

Бу хусусда туман ИИБ ходими Д. Миразимов кеч соат 19-30 да телефон қилганда телефон орқали билдиришимга қарамай, у ички ишлар подполковниги ва ички ишлар лейтенанти билан бирга тунги соат 20-00 лар атрофида уйимизга бостириб келишди. Уйга кирган ИИБ ходими Дониёр ака ҳар иккала ҳужжатимни олиб органга боришимиз кераклигини таъкидлаб уй ичида ҳужжатларимни текширишди.

Органга бормаслигимни айтганимда у ҳолда ҳар иккала паспортимни ӯзи билан бирга олиб кетишини, душанба куни қайтариб беражагини билдирди. Табиийки, мен шахсимни тасдиқловчи ҳужжатларимни бермадим. Ходим душанба куни, 12 ноябрь эрталаб соат 8-00 да Органга боришимни қатъий тайинлаб соат 20-27 да хайрлашиб кетди. 

Аслида бу ерда туман ИИБ ходимининг заррача айби йӯқ. У ижрочи. Буни тушунаман. Буйруқ берувчи эса бошқа орган. Бу органнинг иш усулига, қайсидир ташкилотга келиб, нималарнидир баҳона қилиб, алдаб чақириш усулига кӯп бора гирифтор бӯлганман.

Бу ҳолат биринчи марта эмас. Каримов даврида бир неча марта такрорланган. Мен аслида туман ИИБ ходимларига эмас, бошқа орган ходимларига керакман. Менинг уларга керак бӯлишимнинг сабаби эса мавжуд камчиликлар бӯйича туркум мақолалар ёзаётганим, тепадагиларни танқид қилаётганим, эркин фикр билдираётганимга доирлигидан ҳам воқифман.

Бундан ташқари, Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракати ва Mulkdor сайти билан ҳамкорлигим ҳам безовта қилади. Мамлакатдаги мавжуд тӯртта партия айнан фуқаролиги йуқ шахс бӯлганим учун партия аъзосига қабул қилмагач, маҳаллий ОАВ фуқаролиги йӯқ шахсни, собиқ МХХнинг қора рӯйхатига тушган айбсиз айбдор шахсни мухбир қилиб олмагач қайси партияга аъзо бӯлишим ва қайси нашрда ишлашим мумкин?

Қарийб 15 йилдан бери биронта ташкилот соҳам бӯйича ишга қабул қилмайди. Бунга Шарқ зиёси газетаси бош муҳаррири таклифига кӯра ана шу таҳририятда 2016 йилнинг март-май ойларида уч ой бепул ишлаганим, ишга қонуний жойлашишим учун юқори органларнинг рухсат бермагани ва бошқа кӯп омиллар мисол бӯла олади.

Ҳурматли Шавкат Миромонович, кейинги пайтларда ӯзимга нисбатан яширин босим ва тақиблар кучайганини астойдил билиб юрибман. Уйимни, ӯзимни кузатувчилар, пинҳоний текширувчилар кӯпайгандан кӯпаяётир. Шу боис ҳаётим хавф остида деган ӯйдаман. Мени шахсан ҳимоя қилишингизни ва Ӯзбекистон фуқароси паспортини тезкорлик билан беришингизни илтимос қиламан. 

Ҳурмат билан 
Рӯзибой Азимий, 
Тошкент, 11 ноябрь 2018 йил.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.