Мўътабар Тожибоева: Хўқанди Латифлик Нуруллоҳ ҳожи Абдуллаев хотирасига «Ёднома»
“Нури Оллоҳ бўлди азиз отингиз,
Зиё таратдингиз бор ҳаётингиз,
Элга сиздан қолди хуш сўз, хуш амал,
Ҳолиқ мақбул этсин ҳасанотингиз”.
Эркин Воҳидов
9 май умумҳалқ “Хотира ва қадрлаш куни”
Ривоят қилишларича узоқ умр кўрган бир нуронийдан узоқ яшаш сири ва афзалликлари ҳақида сўраганларида, у “Мен шунча йил умр кўрдим, лекин у эшикдан кириб, бунисидан чиққандекман” деб жавоб берган экан.
Дарҳақиқат, инсон умрини икки эшик оралиғига ўхшатадилар. Шу оралиқдан ўтгунча даврда кимдир ном нишонсиз ўтади, яъни дунёдан ўтгач эслашга арзигулик савоб ишлар қилмайди. Бундай инсонлар на жамият учун, на оиласи учун бир яхшилик қилишга ярамай умри ўтади.
Баъзи инсонлар эса қисқа умри давомида шундай улкан ижобий ишлар қиладики, ҳисоб-китобини қилишга шошиб қоласан киши. Бундай инсонлар ўз ҳаётининг ҳар бир дақиқасини она Ватан учун, унинг гуллаб яшнаши учун сарф қилади. Бундай инсонларни бир оғиз сўз билан “Комил инсон, фидойи инсон” деб атасак арзийди.
Хўқанди Латифлик Нуруллоҳ ҳожи Абдуллаев ҳам ўзининг қисқа умри давомида ўзи учун ўтда ёнмас, сувда чўкмас ёдгорлик ўрнатди. Ҳа, маърифат ва маънавият илҳомчиси, таниқли тадбиркор Нуруллоҳ ҳожи Абдуллаев комил инсонлар қаторига кирарди.
Лекин, минг афсус ва надоматлар бўлсинким, бевақт ўлим бу беғубор инсонни орамиздан олиб кетди. Дўстга зор, номардга муҳтож бўлмади. Бу инсон ҳамиша ёмонликка ҳам яхшилик билан, бағри кенглик билан жавоб қайтарарди. Фарғонанинг ажойиб ўғлони бўлган Нуруллоҳ ҳожининг ўлими нафақат Ўзбекистонликларни, балки бир қатор ўзга юртлардаги қадрдонларини ҳам ларзага солди.
Нуруллоҳ ҳожи Абдуллаев асли савдо ходими, ишбилармон, тадбиркор эди. У Қўқондаги Республикада кўзга кўринган “Роҳат” хусусий савдо ишлаб чиқариш фирмасининг раҳбари эди. У савдодаги 25 йиллик ҳалол меҳнатлари учун 1989 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган савдо ходими” унвони билан тақдирланган эди.
Эски шаҳарнинг қадимий маҳаллаларидан бири бўлмиш Исфара гузари маҳалласи оқсоқоли этиб тайинганганидан сўнг, энг аввало “Меҳр-оқибат” кечаларини ўтказишни ташкил этди. “Маҳалла миллатимизга, ҳалқимизга оид барча қадриятлар, анъаналар, фазилат ва хислатларнинг ўчоғи, олтин бешиги” деб эътироф этган тадбиркор маҳалла оқсоқоли ҳар бир кўча аҳлини ўзаро йиғилиб, ойда бир марта “меҳр-оқибат” кечасини ўтказишни анъанага айлантиришди. Бундай маросимларда тўкин дастурхон, бир пиёла чой устида кўпни кўрган мўйсафидлар, шоиру-шуоро, олиму-уламолар, фозилу-фузалолар мозийга, қадриятларга йўғрилган ширин суҳбатлар қурардилар.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ҳайруэҳсонлар улашиш йўлга қўйилди. Исфара гузар маҳалласи қадриятларимизни тиклаш ва эъзозлаш бобида Республикада ўрнак кўрсатиб келган. Аёллар одоби бксак қадриятларимиздан бири экан, бу қадрият ҳам маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари назаридан четда қолмади. Маҳалла аҳлининг биринчилардан бўлиб маҳалла-маҳалла муносабатларини яхши изга солиб, маҳалла худудида ва атрофида жойлашган бешта ўрта мактабнинг маҳалладан қатновчи ўқувчиларига –қиз болаларга попопчилик, чеварчилик, зардўзлик, дўппидўзлик, тўқимачилик, ўғил болаларга эса турли ҳунармандчилик касбларини – косиблик, чилангарлик, устачилик каби хунарларни ўргатиш учун ҳунармандларга шогирдликка берилди. Бунинг натижасида маҳааллада билимли ва одобли, диёнатли ҳунарманд ёшлар, чеварлар сафи кенгайиб борди.
Мустақил Республикамизда фаолият кўрсатаётган 14720 та маҳалла ўртасида ўтказилган Республика кўрик танловида Қўқоннинг “Исфара гузари” маҳалласи ғолиб чиқиб, “Энг намунали маҳалла” номига сазовар бўлди. Бунинг барчаси янгилик сари дадил қадам ташлашдан толимайдиган Нуруллоҳ ҳожининг сайъи-харакатлари самараси эди. У Республикада биринчи бўлиб “Энг намунали маҳалла оқсоқоли” унвони соҳиби бўлганлиги бежиз эмас. Унингфидоийлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фаҳрий ёрлиғи билан тақдирланди.
“Ҳар қайси давлат ўзини намойиш этиши учун Сизга ўхшаган тадбиркор савдо ходимлари керак”. Республика Вазирлар Маҳкамасида тадбиркорлар билан бўлган учрашувда юртбошимиз И.А.Каримовнинг назарига тушиб қолган Нуруллоҳ хожи Абдуллаев ана шундай таҳсинга сазовар бўлган эди.
Ҳақиқатан ҳам у тиниб-тинчимас ҳамда изланувчан ишбилармон эди. Ҳайр-cаҳоватли ишларининг чеки йўқ эди. Қўқондан ҳаж ва умра зиёратига кетаётган кўплаб камбағал оилаларнинг вакиллари Нуруллоҳ ҳожи аканинг беғараз ёрдамлари туфайли зиёратларга бориб келганлар. Бутун дунё Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятига аъзо қилиб сайланганлиги ҳақидаги хушхабарни Нью-Йоркдан вакил келиб билдирганида, шаҳардаги неча ўнлаб кам таъминланган, якка ёлғиз қарияларга, ногиронларга кўрсатиб келаётган беғараз ёрдамига, инсонпарварлигига берилган баҳо деб қабул қилинди.
Нуруллоҳ ҳожи акани ҳалқ таълими тармоқлари ва мактабгача тарбия муассасаларига ҳам кўрсатган беғараз ёрдамлари юксак баҳоланиб, “Ўзбекистон ҳалқ таълимининг энг яхши ҳомийси” нишондори бўлди. Дарвоқе, ўқув юртларининг ташкилий-маърифий фаолиятига ҳомийлик қилиб, ўрта мактаблар, бюджет ташкилотларга иш юритиш учун маблағлар ўтказиб бериларди. Шаҳардаги кўзи ожиз болалар мактабини ўз оталиғига олиб, уларга ҳар ойда совға-саломлар, айрим ўқувчиларга эса стипендиялар бериб келинарди. Бундай ҳайр-саҳоватлар ҳаттоки вилоят миқёсидаги ўқув масканларига ҳам беғараз, беминнат қилинарди.
Президентимизнинг соғлом авлодни тарбиялаш, болалар онгида жамиятга, давлат ва ҳалққа нисбатан меҳр-муҳаббат уйғотиш борасидаги ташаббусига жавобан иш олиб борган Нуруллоҳ ҳожи фирма қошида “Олтин жўжа” номли болалар қўғирчоқ театри ташкил этди. Театрнинг барча ҳаражатлари фирма томонидан қопланди. Улар эса болалар ҳаётидан саҳна асарларини тайёрлаш, уларда Ватанга муҳаббат туйғуларини мужассамлаштириш иши билан шуғулландилар. Театр ходимлари ўзлари тайёрлаган саҳна асарларини ўрта мактаблар, болалар боғчаларида бепул намойиш этардилар.
Шунингдек ўқув тарбия ишларини юксак даражага кўтариш мақсадида Республика Ҳалқ таълими Вазирлиги томонидан ҳар йили ўтказиладиган кўрик танловлардан бири, яъни “Ўқитувчи-95» Республика миқёсидаги тадбирни Қўқонда ўтказилиб, бу кўрик-танловнинг ҳомийлигини Ҳожи ака ўз зиммасига олди ва иштирокчилару, ғолибларни моддий ва маънавий рағбатлантирди. Танловнинг биринчи ўринни эгаллаган ғолибига эса чет элга бориб кпелиш учун саёҳат йўлланмаси совға қилди.
Хориждаги ҳамюртларимиз билан алоқа боғловчи “Дийдор” дўстлик жамиятининг раиси бўлган Нуруллоҳ ҳожи ака йигирмадан ортиқ хорижий давлатларда тарқаб кетган аҳли мўминнинг қариндош-уруғларини бир-бирларига яқинлаштириш, узилган ришталарни қайта тиклаш, дўстлик алоқаларини ўрнатиш борасида ҳам кўп савобли ишларни амалга оширган эди.
Ҳожи ака тасаввуф илми чуқур ўрганган инсон эди. “Яхшилик дунёни асрайди. Муҳтож одамга ёрдам қўлини узатиш, дарду-ташвиш билан юрган одамни мушкулини ровон қилиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг вазифасидир. Бирор одамга яхшилик қилиш, қовжираб турган майса-ю, гулга, кўчату-дарахтга сув қуйиш билан барорбардир. Гулу-кўчатлар бир зумда қандай очилиб кетади. Табиат, ён-атроф обод бўлади, инсон қалби эса меҳр-мурувватга тўлади. Яхшилик яхшиликка ундайди. Занжир бу дунё”: -Бундай сўзларни ҳожи ака оғзидан эшитган ёшу-қари бу сўзларга чин дилдан қўшилишарди.
Нуруллоҳ Ҳожи АБдуллаев нафақат санъаткор, савдогар, маҳалла оқсоқоли, Театр арбоблари Уюшмаси аъзоси, балким қалами ўткир ижодкор-ёзувчи, публицист ва драматург ҳам эди. 1996 йилнинг Наврўз байрами кунлари унинг “Муборак хаж сафари” китоби Ҳалқаро Аҳмад Яссавий мукофотига сазовар бўлганлиги ҳақида хушхабар тарқалди. Бу қутлуғ мукофот Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг Ҳалқаро мукофотлар Кўмитаси томонидан берилди.
Унинг “Маҳалладан бошланур Ватан”, “Савдогарнинг 101 сири” номли китоблари ҳам кенг китобхонлар томонидан соғинч билан кутиб олинди. Қўлидан ижодкорлик қалами тушмаган бу ишбилармон инсон мозийдаги воқеаларни бугунги кун вакиллари бўлган ёш авлодга яқиндан таништириш мақсадида “Қўқоннинг ўн иккинчи дарвозаси” ҳамда “Башар алломаси” номли асарларини яратди ва бу асарлар саҳна юзини кўрди.
Шунингдек Америка ва Ҳиндистон сафарларидагитеран фикрлар ҳамда ўзгача илҳом туфайли “Муҳаббат қасри” драмаси саҳна юзини кўрди. Тож Маҳалда, Мумтоз Маҳал сағанаси пойида шаклланган мавзу туфайли Нуруллоҳ Ҳожи Амир Темур ва Темурийлар авлоди сиймосини Ҳўқанди Латифда қайтадан яратди.
Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси бўлган Ҳожи ака кўплаб ижодкорларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб келган эди. Бир қанча ижодкор-қаламкашларнинг китоблари “Роҳат-Н» фирмаси ҳомийлигида чоп этилди” деган тамға билан дунё юзини кўрди.
Бу дилкаш, хушчақчақ, хушмуомила, инсофли ва комил инсон Нуруллоҳ ҳожи Абдуллаев ҳақида кўплаб гапириш мумкин, унинг хайрли ва савобли ишларини китобларга жо қилиш мумкин. Лекин унинг бевақт ўлими дўсту-биродарлари, таниш-нотанишлари каби қаламкашларни ҳам ларзага солди.
Фарғоналик шоири забон Омонжон Ҳошимов куйиб-ёниб:
“Ўтди даврондин Азиз ул, даврасини кам қилиб,
Дўсту ёру ҳам жигарлар, бошларини ҳам қилиб.
Эрди хўб ҳожатбарор у, ҳимматин ҳар дам қилиб,
Қилди қанча хайру-эҳсон, Хотирини жам қилиб.
“Дас бакор” ёди шиори “Дилбаёри” ё Худо,
Ёрласин сизни Ўзи деб банда қилдим илтижло.
Не қилайлик қисмат эркан, бўлдик ул жондан жудо,
Қолдик бу тақдир ишига тан бериб шоҳу-гадо.
Дедилар “Аллоҳу акбар”, э воҳ юраклар ёналар,
Қанча хешу ақраболар, йиғлади Фарғоналар.
Ёз, Омон! Яхшини ёдин ёд этиб ёдномалар,
Ё, Рабо, хижронзада қалблар Қаламдин қоналар”.
мисраларини қоғозга туширган бўлса, Марғилонлик адиб Мўминжон Ҳошимов бу мўътабар инсонни вафотидан таъсирланиб қуйидаги шеърни битди:
“Юракда бор қўшиғин айтолмаган Нуруллоҳ,
Орзусига интилиб етолмаган Нуруллоҳ.
Истиқболим гаштини суролмаган Нуруллоҳ,
Кенг дунёга бир ўзи сиғолмаган Нуруллоҳ.
Заволсиз у яшайди ижодин тиниқлиги,
Қулоғимда жаранглар сўзларин илиқлиги.
Кўздан нари кетмайди дўстимнинг улуғлиги,
Кенг дунёга бир ўзи сиғолмаган Нуруллоҳ.
Улгурмаган очилиб ғунча эди дунёда,
Кўринади кўзимга келётгандек пиёда.
Қўшилиб у пирларга ўйнар бўлди зиёда,
Кенг дунёга бир ўзи сиғолмаган Нуруллоҳ.
Нуруллоҳнинг овози қўшиқ, шеърда қолди-ку,
Япроқларда, гулларда балқиб нурда қолди-ку.
Муҳаббати порпираб, оҳ-шурурда қолди-ку,
Кенг дунёга бир ўзи сиғолмаган Нуруллоҳ.
Аза очиб адибга аҳли Қўқон йиғлади,
На Қўқонки, аслида дўсту-ёрон йиғлади.
Бир чироғим сўнди деб, Аҳли Урфон йиғлади,
Юракда бор қўшиғин айтолмаган Нуруллоҳ”.
Ҳа, яхшилар юрагини ёндириб, ҳижронзада қалбларни қаламларини қонлаб шундай ажойиб инсон орамиздан жуда эрта кетди. У Мустақил Республикамизнинг гуллаб яншаши учун фидокор инсон сифатида жуда ҳам керак эди. У ҳар бир инсонга, ҳар бир ижодкорга, ҳар бир маҳалла аҳлига керак эди.
Ўлим ҳақ, лекин бизни дилимизга таскин бергувчи бир нарса бор, у ҳам бўлса Нуруллоҳ Ҳожи АБдуллаев ўзи учун ўлмас ёдгорлик яратиб кетди. Бу ёдгорлик – яхшилик, саҳоватпешалик, маърифатпарварлик, иймон-эътиқодлилик ёдгорлиги фарзандларининг фарзандлари тилида ҳам достон бўлиб қолажак.
Нуруллроҳ Ҳожи Абдуллаев тирик – у орамизда! Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган анъанавий “Наврўз-99” театр санъати фестивалида унинг “Башар алломаси” спектакли намойиш этилди. Ҳамза номидаги Қўқон Ўзбек Давлат мусиқали драма театри саҳналаштирган бу асарда Ватандошимиз Аҳмад Ал-Фарғонийнинг ёшлигидан то буюк аллома даражасига етгунча ўтган даври, шунингдек унинг ўзига хос руҳий олами ва жонли сиймоси томошабинларни лол қолдирди.
Айниқса Аҳмад Ал-Фарғонийнинг ҳаёти сўнггидаги шогирдларига қилган васияти худди Нуруллоҳ Ҳожининг ўз ўлими олдидан яқинларига, дўсту-биродарларига айтмоқчи бўлгану, айтолмай қолган сўзлари янглиғ жаранглади.
“Қуёш ботар паллада кишининг сояси улканлашади. Кўкда бирон юлдуз сўниш палласига кирса, минг алломанинг қўлидан бир иш келмайди… Ҳар банданинг умр шами ёниб тугагач, уни яна ёқмоқликка дунё табобати-ю, олам табиблари ожиздирлар.
Одам Атодан тортиб то бугунгача туғилганлар… эрта, индин, ундан кейин туғиладиганлар ҳам вақти келиб бу дунёни тарк этмоқлари… муқаррардир”. “Ухлагандек ўлармиз, уйғонгандек тирилармиз”. “Биз ҳаммамиз Оллоҳники ва биз ҳаммамиз унинг олдига қайтгувчилармиз”.
“Ибтидо-ю – интиҳо! Фано-ю – бақо! Туғилмоқ ва ўлмоқ!”Агар шу қисқа жумлаларни маъносини кенгроқ шарҳ этар бўлсак, ҳеч шубҳасиз бир неча жилд қитоб бўлур эди. Ҳар бир туғилган Инсоннинг фано оламидан бақо оламига кетмоғи муқаррардир. Мана шу фано билан бақо орасиндаги Инсон умри имтиҳон онлари саналур. Бу умр – бу вақт неча йил бўлишидан қатъий назар ғоят қисқадир…
Афсус надоматлар бўлсинки, шу қисқа вақтни кимдир мансаб ортидан чопиб, яна кимлардир зару забаржаддлар тўплаб ўтказур. Ҳолбуки, ҳар қандай мансаб вақтинчадир, зару-забаржадлар вафосиз маъшуқа янглиғ қўлдан қўлга ўтгувчидир. Инсоннинг фақат саҳоватли ишлари, илм маърифат бобидаги кашфиётларигина боқий қолгусидир…
Азизларим… Дунёвий ва диний билимларни мукаммал ўрганинг, ҳам ёдингизда мустаҳкам сақланг… яна… билганларингизга ўзларингиз қатъий амал қилинглар… Ҳамиша бир-бирингизни қўлланг. Илм-фанга ҳисса қўшишдек савобли ишдан чекинманг. Билганларингизни ўзгаларга, айниқса ёшларга эринмай ўргатинг… Чунки, илм ривожланиш жараёнига ўтганда кексайиб қолмаслиги керак. “Фалон фанни мукаммал ўрганиб бўлдим” демангиз… Ҳарбир фаннинг уфқи бамисоли… самоват қадар кенгайиб бораверади”.
“Ё,Раббим! Ўзингга шукроналар айтурмен. Берган умрингга, ризқингга ва насиб этган саодатли соатларингга шукроналар айтурмен. Марҳабо, Қобуз ул – арвоҳ…”
Нуруллоҳ ҳожи ака нафис гуллар очилиб, табиат ўз кўрку-латофатини кўз-кўз қилгувчи баҳор фаслида туғилган эдилар. Шунинг учунми билмадим, у инсоннинг кўнгли гулдек нозик, суҳбатлари гул ифоридек фарахбахш эди.
Бунинг унинг қақроқ чўлдаги ташландиқ ерда яратган боғида экилган минглаб тераклар хомуш шивирлашмоқда. Минг тупдан зиёд экилган турли ҳи мевали дарахтлар гулга кўмилган.
Мен Нуруллоҳ Ҳожи ака бунёд қилган боғда кезиб юриб, у кишининг руҳи билан ҳаёлан суҳбатлашдим:
“Нуруллоҳ ака сиз бошлаган ишнинг давомчилари – издошларингиз талайгина. Ҳамшаҳрингиз Мансурхўжа Хўжаев, Фарғоналик Семён Михайлович Гольдман, Қувалик Муҳаммаджон Носиров, Боғдодлик Тоҳиржон Ҳамроқулов… сингари маърифатпарвар, боғ-роғлар яратиш ишқи билан ёнаётган маънавияти юксак инсонлар сафифга қўшилганимдан бахтиёрман.
Балиқчилик хўжалиги ривожланган ва жаннатмакон боғи бўлган “Маърифатчилар” дам олиш оромгоғи ташкил этишим йўлидаги қийинчиликларимни енгишимда рухингиздан мадад сўрайман”.
“Ёднома матнини ёзувчи ва ташкилотчиси Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси Фарғона вилоят бўлими Адабиёт Тарғибот Маркази бошлиғи Мўътабар бону Тожибоева.
1999 йил май
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish