41254013-сонли жиноят иши жилдларига тикиб, мухрланган «Ўтюраклар Клуби» ННЖБнинг 2002 йил 3 январь кунги Низоми
Жиноят ишининг ЖК 216 моддаси — «Ўтюраклар Клуби» эпизодига тегишли 12 жилди жиноят иши иш варақасига тикилган «Ўтюраклар Клуби»нинг Низоми
“БИЗ ЖАМИЯТИМИЗДА УЧРАЙДИГАН ҲАР ҚАНДАЙ
ИЛЛАТГА ҚАРШИ КУРАШАМИЗ – БИЗ ОГОҲМИЗ!”«ЎТЮРАКЛАР КЛУБИ» НИЗОМИ
1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР:
1.1. “Ўтюраклар Клуби” нодавлат, нотижорат жамоат бирлашмаси, (бундан кейин Клуб деб юритилади) маҳаллаларнинг ролини ошириш учун хизмат қилгувчи, жамоатчилик назоратини ўрнатишда фаол иштирок этувчи ўтюракли фуқаролар учун очиқ хисобланади.
1.2. Клуб маҳаллаларда демократизация тушунчаларини ривожлантириш, наркомафия, жиноятчилик, инсон ҳуқуқларини бузилишига олиб келадиган ҳар қандай харакатларга қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини шакллантириш, кичик ва ўрта бизнес вакилларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг экологик дунёқарашини ривожлантириш, етим ва ногирон болалар ва ўсмирларнинг, болалар уйи ва интернатларни битирган ўсмирларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқаришга кўмаклашиш. Компьютер саводхонлиги ва интернет хизматидан фойдаланишга, чет тилларни ўрганиш, инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш, моддий, маънавий ва ҳуқуқий ҳимоялаш, шунингдек жамиятимизда учрайдиган турли ҳил ижтимоий муаммоларни ҳал этишда хукумат идораларига кўмаклашиш билан шуғулланади.
1.3. Клуб жамиятимизда адолат барқарор бўлиб, ҳақ қарор топиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоялашнинг кафолатланиши, ҳаётимизда ижобий ўзгаришлар бўлиши учун қонунлар ижросини назоратга олади, субъективизм, манфаатпарастлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик алоқалари ва бошқа оддий фуқароларнинг ҳуқуқларини топтагувчи иллатларга, порахўрлик, таъмагирлик ва кооррупция кўринишларига қарши курашади.
1.4. Клуб ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ «Ўзбекистон Республикаси жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги , «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги ва «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги қонунларга, шунингдек Ўзбекистон Республикасида амал қилинадиган бошқа қонунлар, Норматив хужжатлар ва ушбу Низомга асосланиб иш юритади.
1.5. Клуб амалдаги қонунларда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг ҳуқуқий юридик шахс деб эътироф этилади ва ўз номига банк муассасаларидан хисоб-китоб ва валюта рақамига, мухрига, бурчак тамғасига, ўз номи акс эттирилган қоғозларга, рамзига эга бўлади. Ўз номидан бошқа корхона, ташкилот, муассаса ва жамоат бирлашмалари билан ҳуқуқий муносабатларга киришиб, мулкий ва номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўз зиммасига олиши мумкин.
1.6. Клуб ўз мажбуриятлари бўйича фақат ўзига тегишли бўлган мулк билан жавоб беради. Давлат клуб мажбуриятлари, шунингдек клуб давлат мажбуриятлари бўйича жавобгар эмас.
1.7. Клубнинг фаолият кўрсатиш муддати чегараланмаган. Клуб ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Фарғона вилояти ҳудудида амалга оширади. Фуқароларнинг хоҳиш истакларига биноан жойларда, шунингдек бошқа вилоятларда ҳам фаолият кўрсатиши мумкин ҳамда унинг шахобчалари ва бўлинмаларини ташкил этиш мумкин.
2. КЛУБНИНГ МИССИЯСИ, МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ
2.1. КЛУБНИНГ МИССИЯСИ
– Маҳаллаларда- маҳалла аҳлининг ўз қўли, ўз имконияти, ўз билими ва қатъияти билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш.
–
– Наркомафия, жиноятчилик, бюрократизм, тўрачилик, маҳаллийчилик каби жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатларга қарши курашиб, доимо огоҳ бўлиш. Шу мақсадда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислохотлар моҳиятини чуқур англаб, мамлакатимиз озодлиги ва ободлиги учун жон фидо қилгувчи фуқароларни бирлаштириш.
– Маҳалладаги барча фуқароларга давлат ва жамоат ишларида, иқтисодиёт ва маданият, сиёсий ҳаётда иштирок учун тенг имкониятлар яратилиши, ҳар жойда ва барча соҳаларда қонунларга сўзсиз риоя қилинишини назорат қилиш ва кўмаклашиш.
– Ижроия хокимияти ва бошқарув идоралари томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қатламлари- нафақахўрлар, ногиронлар, кўп болали оилалар, қаровчиси йўқ қарияларни мақсадли ижтимоий ҳимоялаш сиёсатини амалга оширишни назорат қилиш ва кўмаклашиш.
2.2. КЛУБНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ
– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, амалдаги конунлар, шунингдек Инсон ҳуқуқлари Бутунжаҳон Декларацияси ва бошқа Ҳалқаро хужжатларда белгиланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланганлик даражасини аниқлаш мақсадида аҳоли ўртасида мониторинглар ўтказиш;
– Қонунчиликни мустахкамлаш, ҳуқуқий билим ва маданиятни юксалтириш учун қонунларни тарғиб қилиш. Бу мақсад йўлида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда белгиланган тартибларга риоя этган ҳолда газета, журнал, бюллетень, брошюра, ҳуқуқий ахборот ва илмий адабиётлар, плакат, буклет, китоблар чоп этиш. Полиграфия ишлари билан шуғулланиш. Махсус кўрсатувлар, фильмлар, эшиттиришлар тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланиш.
– Турмушимиздаги ҳар қандай салбий ҳолатларга нисбатан муросасиз курашишда, айниқса ёшлар ўртасидаги гиёҳвандлик иллатларига қарши оммавий курашни ташкил этишда жамоатчилик ролини ошириш. Шовинизм ва миллатчиликни, диний ва ғоявий экстремизм, терроризмни қоралайди ва ёшларни тўғри йўлдан чалғитиш мақсадидаги харакатларга қарши курашади.
– Фуқароларнинг етакчилик фазилатлари ва ҳуқуқий саводхонлиги, ўз кучига ишонч туйғусини, демократик етакчилик ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш кўникмаларини хосил қилиш, аҳоли ўртасида жиноятчиликни олдини олиш, ҳуқуқий, маънавият ва маърифат, тарих ва қадриятларни тарғиб қилиш мақсадида турли мавзуларда бахслар, мунозаралар, сухбат ва семинарлар ташкил этиш. Бу тадбирларга ёшлар тарбиясига ижобий таъсир эта оладиган ибратли кишиларни, ҳуқуқшунослар, сиёсатдонлар, адиблар, журналистлар, санъаткорлар, қисқаси ёшлар ва ўсмирлар онгини, дунёқарашини, тушунчасини шакллантириш учун турли касб эгаларини жалб қилиш.
– Маҳаллалардаги ижтимоий, маданий, маърифий, ободонлаштириш ва осойишталик ишлари, оила мустахкамлиги, ёшлар тарбияси, ижтимоий махофазага муҳтож фуқароларни ҳимоялаш, ёшлар қалбида инсонпарварлик туйғусини ривожлантириш учун маҳалла худудидаги мактабгача тарбия ва ўқув масканлари билан ҳамкорлик қилиш. “Оила, мактаб, маҳалла” Концепцияси бўйича ана шу шиор остида иш олиб бориш. Иқтидорли ёшларнинг ўқиши, мехнат қилиши учун яратилган имкониятларнинг самарадорлигини ошириш билан бирга нотинч оилалардаги ва тарбияси қийин бўлган болаларни жамоатчилик, ташкилотчилик қобилиятини шакллантириш.
– Боланинг иқтисодий эксплуатациясидан ва унинг соғлигига хавф туғдириши ёки билим олишига тўсқинлик қилиши, соғлиги ва жисмоний, ақлий, руҳий, аҳлоқий ҳамда ижтимоий жихатдан етилишига зарар келтириши мумкин бўлган ҳар қандай хавфдан ҳимоялаш.
– Умумҳалқ байрамлари, хайит ва бошқа саналарга бағишлаб маҳаллаларда ҳайрия кечалари, концертлар, мушоиралар, ижодий учрашувлар, конкурслар, фестиваль, ярмаркалар, кўргазмалар, аукционлар, презентациялар, ким ошди савдолари, турли ҳил маданий тадбирларни ташкил этиш ва тушган маблағларни ногиронларга, кам таъминланган ва ночор оилаларга ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ниятида матбуотларга (ҳуқуқий адабиётларга) обуна қилишни ташкиллаштириб бориш. Шунингдек бундай оилалар билан доимий алоқада бўлиш, уларнинг ички турмуш тарзларини ўрганиб, муаммоларини ечишда амалий ёрдам бериш.
Марғилон шаҳар.
03.01.2002 йил
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish