«ЭРГАШЕВЛАР МАФИЯСИ» фитнаси: Мўътабар Тожибоевага нисбатан 2002 йилда содир этилган босимлар ва таъқиблар

2.07.2002. Киргулида суд

Занжирбанд шер «ЕНГАМАН» дер. 2002 йил 1 июль кунги хибснинг эртасига, Жиноят ишлари бўйича Киргули туман судидаги махкама

Фарғона вилоятидаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, Буюк Британиянинг «Уруш ва тинчликни ёритиш институти» мухбири – мустақил журналист, шунингдек «Биз жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши курашамиз – Биз огоҳмиз!» шиори остида фаолият юритувчи «Ўтюраклар» Клубининг раҳбари Мўътабар Тожибоевага нисбатан Фарғона вилоятидаги маҳаллий ҳокимият ва хуқуқ тартибот органлари томонидан тайзиқлар 2002 йил давомида ҳаддан зиёд кучайиб кетди.

Бунга мисол қилиб бутун дунё ҳамжамиятининг диққат эътиборида бўлган 2002 йил 6–декабрдан 12–декабргача Тожибоева Мўътабарни ноқонуний хисбга олиш учун қидириб маъмурий органларининг юзлаб вакиллари Фарғона вилоятидаги ўнлаб хонадонларда ноқонуний тарзда тинтувлар ўтказганликлари, ҳаттоки шу кунлари Охунбобоев туманининг Дўрмон қишлоғини Ички ишлар тизими ходимлари тўлиғича қамал қилганликлари, Мўътабар Тожибоеванинг ягона қизи 18 ёшли Маҳлиё Пўлатовани гаров сифатида олиб чиқиб кетмоқчи бўлганликлари;

– Олтиариқ тумани ИИБ раҳбар ходимлари ташаббуси билан Тожибоевага қарши қалбаки хужжатлар тайёрланганлиги ва бу қалбаки хужжатларни тайёрлашга ИИБнинг махсус рўйхатида турувчи қўшмачи ва фоҳиша аёлларни ёлғон гувоҳликларидан фойдаланганликлари;

– Тожибоева фуқаровий даъвогар бўлган ва 3 йилдан буён якунига етмаётган судланувчи, фирибгар Эргашев Раҳимнинг адвокати Эргашев Қодирнинг суд жараёнида ўнлаб фуқаролар гувоҳлигида Тожибоевани шаъни, қадр-қимматини топтаб, «руҳий носоғлом» ва «кўзингни ўйиб оламан, қанжиқ» деб ҳақорат қилганлиги, унинг ҳақорати учун чора кўришни сўраганда хақоратларни эшитган Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман суди раиси Тожиддин Ваҳобов ҳам, прокуратура вакили Анвар Тешабоев ҳам ҳеч бир чора кўрмаганликлари, ҳаттоки адвокатни тартибга чақиришга ҳам ярамаганликлари;

– Вилоят Адлия бошқармасига адвокат Эргашевнинг ҳақорати учун чора кўриш ва лицензиядан маҳрум қилишни талаб қилиб Тожибоева ва ўнлаб фуқароларнинг ёзган аризалари ва юз вароқдан ортиқ ҳавола этилган қонуний ҳужжатлари инобатга ўтмасдан, Адлия бошқармаси қошидаги Адвокатлар малака комиссиясининг 25–декабрь кунги «Тожибоеванинг шаънига тегадиган саволлар берган адвокат Қодир Эргашев огоҳлантирилсин» деб чиқарган қарори ҳам ўта кулгулидир.

Наҳотки Адлия бошқармасидагилар ҳақорат билан саволнинг фарқига бормасалар? Ваҳоланки, Мўътабар Тожибоевага нисбатан бўҳтонлар уюштириб, маъмурий ва жиноят иши қўзғашга қилинаётган ҳаракатларда Тожибоеванинг аччиқ ҳақиқат сўзларини ҳақорат сўзга айлантириб расмийлаштириш ҳолатлари ва у йўқ бўлган жойда уни жанжал уюштирганликда айблаб ҳужжатлар расмийлаштиришлар тез–тез такрорланиб турмокда.

Масалан Мўътабар Тожибоева 2002 йил 11–октябрь куни Фарғона туманлараро фуқаролик судида эрталаб соат 10 дан 18 гача Фарғона тиббиёт билим юрти билан ўтказилаётган суд процессида ишончли вакил сифатида иштирок этган. Айнан шу куни «Риштон туманлараро фуқаролик судида 12.30ларда Тожибоева “Суд, прокурор, миллий хавфсизлик ходимлари ҳамманг порахўрсан, буларни бошлиғи президент, вилоят хокими А.Отабоев ҳам катта порахўр” деб хақоратлай бошлади.

Шу сабабли Тожибоевага нисбатан қонуний чора кўрилишини сўрайман» деб Риштон туманлараро фуқаролик суди архивариуси Алиқамбар Мелибоевни ёзган рапорти ва бу рапортга асосланиб Риштон туманлараро фуқаролик суди раиси Зокир Хатамов Тожибоевага жиноят иши қўзғашни сўраб негадир Олтиариқ туман прокурори Ғайрат Умурзақовга хат ёзган.

Мўътабар Тожибоева Олтиариқ тумани фуқароси эмас, лекин унинг аризачиларининг аксарияти Олтиариқ туманидан, яна улар туман прокурори, МХХ рахбар ходимлари, ИИБ ва хокимият рахбарларининг ноқонунний хатти харакатлари устидан Тожибоевага ариза берганлари учун Риштон судяси ва Олтиариқ туман прокурори ҳамкорликда Тожибоевага туҳмат уюштириб, жиноят иши қўзғашни режалаштирган бўлганликлари табиий ҳол.

2002 йилнинг иккинчи ярим йиллигида Фарғона вилоятидаги прокуратура тизими ҳам Тожибоевага қарши курашувчи ташкилотлар сафидан ўрин олди. Бунга эса прокуратура тизимидагиларнинг ноқонуний хатти-харакатлари ва уларнинг кирдикорлари юзасидан Фарғона халқи вакиллари Тожибоевага мурожаат килаётганлигидир. Бунга истаганча мисоллар келтириш мумкин.

Жумладан Тошлоқ туман прокуратураси топшириғига кўра Тошлоқ туман Молия бўлими ва Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлигининг Фарғона вилоятидаги назорат–тафтиш бошқармаси томонидан Тошлоқ туман Халқ таълими бўлимида давлат бюджети маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан 2001 йил март–май ойларида тафтиш ўтказилганда 3.814.246 сўмлик зарар ва ноқонуний харажатлар аниқланган.

Тафтиш даврида аниқланган 3.814.246 сўмнинг атига 65.452 сўми давлат ҳисобига қайтарилган, холос. Текшириш даврида аниқланган сумма хисобидан 2001 йил 21–июнь куни Тошлоқ туман Ҳалқ таълими бўлимидан 402–сонли тўлов топшириқномасига асосан Вилоят назорат тафтиш бошқармаси хисоб рақамига текширув якуни бўйича 15 фоизли мукофот 538.300 сўм маблағ ўтказиб берилган.

Тошлоқ туман Ҳалқ таълими бўлими мудираси Лолахон Эргашева, Вилоят назорат тафтиш бошқармаси тафтишчиси Мусо Қодиров, Тошлоқ туман Молия бўлими мудири Аваз Рахмонов, Тошлоқ туман прокурори Комил Бойматовлар айби билан ноқонуний сарфланиб, талон-тарож қилинган давлат бюджети маблаги 4.287.094 сўмга етди, яъни ўғрини қароқчи урди – иккисини эса прокуратура ҳимоя қилди.

Давлат бюджети маблағлари ноқонуний йўллар билан талон-тарож қилинаётганлиги юзасидан айбдорларга қонуний чора кўришни сўраб вилоят прокуратурасига Тожибоева ўнлаб талабномалар билан мурожаат қилган эди. Тожибоева Тошлоқ туман молия бўлимида ҳисобчи вазифасида ишлаган. Ана шу тафтишда иштирок этган ва кейинчалик тафтиш натижалари бости бости қилиниб, хужжатлари қалбакилаштирилганлигидан хабардор бўлиб қолганлиги учунгина ноқонуний ишдан четлаштирилган фуқаро Хомидова Салимахоннинг аризасига биноан журналистик суриштирувлари ўтказган ва давлат маблағлари талон-тарож қилинганлик фактларини тасдиқловчи тегишли муассасалардан олинган хужжатлар нусхаларини ҳам ўзи томонидан ўтказилган журналистик суриштирувлари натижасига қўшиб вилоят прокуратурасига хавола қилган эди.

Лекин вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Муродил Қурбонов айнан мана шу масала юзасидан Тожибоевага 4 та жавоб хати берган. Лекин барча жавобларида Тожибоеванинг ўтказган журналистик суриштирувлари давомида давлат муассасаларидан олинган расмий жавобларда акс этган холатларни ҳам инобатга олмаган ҳолда «важингиз тасдиғини топмади» деб жавоб бериш билан чегараланган.

Муродил Қурбонов ушбу масала юзасидан манфаатдор бўлмаганида эди Тожибоева томонидан ёзилган фактларнинг тўғри–нотўғрилигига очиқ кўз билан қараган бўлар эди. Чунки Тожибоева вилоят прокуратурасига қонуний чора кўришни сўраб ёзган талабномалари прокуратура томонидан хаспўшлангудек ҳолатда ҳам Республика балким Ҳалқаро миқёсда мухокама қилиш учун кенг жамоатчиликка хавола этиши мумкинлигини биларди.

Вилоят прокурорининг ўринбосари Қурбонов Тожибоеванинг 18–июль кунги ёзган талабномасига 19–август душанба куни ёзма жавоб бериши керак эди. Унинг топшириғи билан 16–август, яъни жума куни Тошлоқ туман молия бўлими мудири Аваз Раҳмонов бўлимда йиғилиш ўтказган ва яширин тарзда йиғилишни видеотасвирга олдирган. У йиғилишда Хомидовага «вилоят прокуратурасига бориб “Мени Тожибоевадан қутқаринглар. Мен уни ҳимоясига мухтож эмасман” деб ариза ёзиб ташлаб келасиз. Биз суриштирдик Мўътабар Тожибоева давлат сиёсатига қарши ишлар экан» деб мажбурлаган.

Лекин Хомидова унинг тайзиқларидан чўчимаган ва 19–август куни вилоят прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб Аваз Рахмоновга қонуний чора кўришни қатъий талаб қилган. Ўйлаган режаси амалга ошмаган Муродил Қурбонов 19–август куни 24–1129–2002 рақамли алоқа хати билан «Аризада кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаганлиги учун оқибатсиз қолдирилади» деган мазмундаги навбатдаги жавобини беришга мажбур бўлган.

Тожибоеванинг Аваз Рахмонов томонидан ноқонуний тарзда олинган йиғилиш акс этган видеокассетани олишни ва ўзига нисбатан тухмат уюштирганлиги учун унга жиноят иши қўзғашни талаб қилиб ёзган талабномасига ҳам Муродил Қурбонов умуман эътибор қилмаган.

Лекин бугунги кунда Марғилон туманлараро фуқаролик судида бошланган ишда Тошлоқ туман Молия бўлимини жавобгар, вилоят молия бошқармасини қўшимча жавобгар сифатида жалб қилинган. Судда даъвогар Хомидова Салимахоннинг ишончли вакили Мўътабар Тожибоева келгуси суд жараёнларида Тошлоқ туман прокуратурасини ҳамда айнан вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Муродил Қурбоновни ҳам қўшимча жавобгарлар сифатида судга жалб қилишни суддан қонуний тарзда талаб қилишга қарор қилганлигини билдирди.

Чунки нафақат ушбу ишда, балким Тожибоева шуғулланаётган ўнлаб аризалар бўйича ҳам Муродил Қурбонов фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини прокуратура тизимидаги масъул шахслар томонидан паймол этилиш холатларини ҳам кўриб била туриб хаспўшлайди. Жумладан 2002 йил июнь ойида илоят прокуратураси томонидан вилоятдаги ногиронларни конституцион хуқуқларини паймол этаётган вилоят ТМЭК рахбари Умриддинов Мухаммадга нисбатан очилган жиноят ишини Вилоят прокуратурасининг коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими бошлиғи Эркин Ғофуров билан тил бириктирган ҳолда ноқонуний тарзда ёптиришган. Бунингдек мисолларни истаганча келтириш мумкин.

Мўътабар Тожибоевани 1–июль куни Киргули тумани ИИБ ходимлари қонунга зид равишда тутишган ва шу куни калтаклаб хибсга олишган. 31–июль куни Жиноят ишлари бўйича Киргули туман судида судья Ваҳоб Сиддиқов раислигида бўлиб ўтган суд якунида судья “Мўътабар Тожибоевани маъмурий хуқуқбузарлик содир этган” деб суд қарорига кўра «огоҳлантириш» берган.

Тожибоеванинг вилоят судига берган аппеляция тартибидаги шикоятини Жиноят Ишлари Бўйича Фарғона вилоят судида Фарғона вилоятидан юзлаб фуқаролар суд жараёнида иштирок этдилар ва 2002 йилнинг 5–сентябрь кунги чиқарилган ҳал қилув қарорига кўра Мўътабар Тожибоева маъмурий хуқуқбузарлик содир этмаганлиги баён қилиниб, маъмурий хуқуқбузарлик содир этмаган журналистни калтаклаб, хибсга олганликлари ва унинг журналистикага алоқадор гувоҳномаси, диктофони, диктофон кассеталарини, фуқароларнинг Тожибоевага ёзган аризаларини ноқонуний тарзда 1–июль куни далилий ашё сифатида олиб қўйилиб, фақатгина 13–июль куни қайтариб берганликлари ва бошқа кўплаб қонунбузиш ҳолатларини содир этган Киргули тумани ИИБ ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатиш учун хусусий ажрим чиқарилди.

Ушбу ажримга асосланган ҳолда Киргули туман прокуратураси томонидан терговолди текширув ҳаракатлари ўтказилиб, 27–сентябрь 2002 йил куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 206–моддаси 1–қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Лекин Мўътабар Тожибоева 23–декабрь 2002 йил куни Фарғона шаҳар прокурори Толиб Ҳасановдан 121–02 рақамли алоқа хати олди. Унда «Фарғона шахар прокуратураси томонидан “Киргули тумани ИИБ ходимларининг сизга нисбатан ғайриқонуний хатти–харакатлар содир этиб, вақтинча ушлаб туриш хонасида ушлаб, тан жарохати етказилганлиги холати бўйича Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 206–моддаси 1–қисми билан қўзғатилган 23936032–сонли жиноят иши бўйича тергов харакатлари ўтказилди.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра 2002 йил 1–июль куни Киргули тумани ИИБ ходимларининг сизни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлигингиз учун туман ИИБнинг вақтинча ушлаб туриш хонасида ушлаб туришлари билан боғлиқ харакатларида жиноят таркиби йўқлиги сабабли мазкур жиноят иши 16–декабрь 2002 йил куни Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83–моддаси 2–бандига асосан ҳаракатдан тугатилди» деб ёзилган.

Фарғона шаҳар прокуратурасининг терговчиси Ғайрат Эгамбердиев иш материаллари орасидаги гувоҳлар ва бошқа шахсларнинг, жабрланувчининг кўргазмаларида қарама-қаршиликлар етарлича бор бўлсада, бирорта ҳам юзлаштирув тергови ўтказмасдан, жабрланувчи билан бирор марта суҳбатлашмасдан туриб, ваҳоланки жиноят иши 27–сентябрда қўзғатилган, 16–декабрда ҳаракатдан тўхтатилган, яъни қонун бўйича 3 ойлик тергов муддати тугагунча тергов ҳаракатлари амалдаги қонунларга бўйсунмаган ҳолда ўтказилган.

Вилоят суди судьяси ва Қиргули туман прокуратураси терговчиси Фарғона шаҳар прокуратураси терговчисичалик ҳукукий билимга эга эмас экан. Улар нечун инсонлар тақдирини ҳал этувчи лавозимларни эгаллаб утиришибди?

Фарғона шаҳар прокурори Толиб Ҳасанов ҳам вилоят прокурорининг ўринбосари Муродил Қурбонов сингари Тожибоеванинг овозини ўчишидан манфаатдордир. Чунки Фарғона шаҳар прокуратурасидаги мутасадди раҳбарларнинг жиноий кирдикорлари юзасидан ҳам Мўътабар Тожибоева жуда кўп марта Толиб Ҳасанов билан юзма-юз келганди.

“Ўтюраклар” Клуби

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.