Мўътабар Тожибоева: Қонуний талабимни бажаринг жаноб бош прокурор!
Т е л е г р а м м а
Қонуний талабимни бажаринг жаноб бош прокурор!
Тошкент: Академик Яҳё Ғуломов кўчаси 66-уй, Республика Бош прокурори Рашид Қодировга
Мухтарам жаноб Қодиров!
Мен сизга қуйида баён қиладиган далилларим ҳақида олдин ҳам бир неча марта сизга ёзиб мурожаат қилганман ва келтирилган далиллар юзасидан ўзимнинг иштирокимда текширув ўтказишни талаб қилиб келганман. Бугун яна бир бора сизга мурожаат қилиб қуйидагиларни маълум қиламан:
30.03.2003 йил
Марғилон шаҳар МХХ бошқармаси терговчиларининг Охунбобоев туманидаги Дўрмон қишлоғилик Алимуҳаммад Мамадалиевни ваҳшиёна қийноқларга солиб ўлдиришгани ҳақида кўпчилик билади. Унинг жасадини терговчилар каналга ташлаб юборишган ва у бир ойдан сўнг тасодифан топилган. 2002 йилнинг 14–март куни мен «ВВС» радиоси мухбири Бахтиёр Имомовга у ўша қишлоққа борганида ҳамрохлик қилганман. У ўша куниёқ МХХ ходимларининг бу мудхиш жиноятлари ҳақидаги маълумотни эфирга узатган. 17–март куни эса мен у ерга ЕХХТ вакили Жўрабек Омонов ҳамда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ходимларни кузатиб бордим. Улар А.Мамадалиевнинг ва МХХ бошбошдоқлигига қурбон бўлган бошқа одамларнинг яқинлари билан учрашишди.
2002 йилнинг май ойида Тошкентдаги Республика харбий судида МХХдаги уч қотил устидан махкама жараёни бошланди. Мен марҳумнинг 9 нафар қариндошидан ва бошқа қурбонларнинг яқинларидан иборат гурухга ҳамроҳлик қилдим. Бу одамлар ҳатто судга таклиф ҳам қилинмаган эди. Мен инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Ҳалқаро журналистларни бу жараённинг бошлангани ҳақида бохабар қилиб қўйдим.
30–июн куни мен АҚШ журналисти Скотт Петерсонни ҳам Дўрмонга олиб бордим. Менинг бу ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолиятимни МХХ кечирмади: мен таъқиб остига олина бошладим. Эртасигаёқ тунги соат 23-00 лар атрофида мен Киргули туман ИИБ бошлиғи Акрам Ботиров бошчилигидаги бу бўлим ходимлари томонидан қамоққа олиндим. Улардан бири, А.Ботировнинг муовини, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлимининг бошлиғи Сайфуддин Тиллаев хибсга олиш вақтида мени калтаклади ва кўйлагимнинг чўнтагига гиёхванд модда солиб қўймоқчи бўлди. Кечаси соат 2-00 да, тиббий ёрдамга мухтож бўлиб камерада ўтирганимда Сайфуддин Тиллаев бу ерга келиб, мени сўка бошлади ва зўрлашга уринди.
Мени ноқонуний равишда махкама тортиш мақсадида кечаси билан менга қарши сохта айбловлар расмийлаштириб чиқишди. Ишни сохталаштириш вақтида С.Тиллаев ва унинг ходимлари менга қарши кўрсатма бериш учун бир тўда енгилтабиатли аёлларни олиб келишди.
Милиция ўзига номақбул бўлган одамларни обрўсизлантириш учун доим бундайларнинг хизматидан фойдаланади. Менинг ҳамма нарсаларим – журналистлик гувоҳномам, Фарғона вилояти аҳолисидан «Ўтюраклар» Клубига келиб тушган аризалар, диктофон ва унинг 13 дона кассетаси мендан олиб қўйилди.
Кассеталарда фуқароларнинг интервьюлари ёзилган бўлиб, у ерда улар ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда маҳаллий хокимият бошбошдоқлиги хусусида хикоялар қилишганди. Нарсаларим ва хужжатларим далилий ашё сифатида олинди. Уларни қайтариб бериш ҳақида қайта-қайта мурожаат қилаверганимдан сўнг, орадан 13 кун ўтгачгина улар менга қайтарилди. Бироқ, қайтиб берилган нарсалар ичида мен бир қанча мухимларини топмадим. Кассетадан туман ИИБ бошлиғи А.Ботировнинг сўкишлари ва ҳақоратлари ўчириб ташланган эди. Мен уларни хибсга олинаётган вақтимда ёзиб олишга улгурган эдим.
Шу вақтдан эътиборан кассеталарга овозлари ёзилган одамларни қўрқитиш мақсадида уларга қаттиқ босим ўтказила бошлади.
Сохталаштирилган хужжатлар асосида 2–июн куни соат 10-00 да Киргули туман судида махкама жараёни бошланди: Мени «маъмурий қонунбузар» сифатида судга тақдим қилишди. Суд биноси махсус кучларнинг 20 кишилик гуруҳи билан ўраб олинган эди. Судда мени ҳимоя қилиш учун келган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Абдусалом Эргашев ва Тошкентдан келган журналист Бобомурод Абдуллаев милиция ходимлари томонидан куч билан хибсга олинди ва милиция бўлимига олиб кетилди. А.Ботировнинг буйруғига биноан милиционерлар уларнинг диктофонларини тортиб олмоқчи бўлишди. А.Ботиров уларни ҳамманинг кўз ўнгида сўкарди. Бироқ, у А.Эргашев ва Б.Абдуллаевнинг қонуний талаблари олдида ортга чекинишга мажбур бўлди.
Махкама жараёни бошланиши олдидан қаердандир бир видеокамерали киши пайдо бўлиб, мени ҳар томондан суратга ола бошлади. Ўзбекистонда хукуматга ёқмайдиган кишини худди шўро даврларидагидек «ҳалқ душмани» деб аташади. Шундай қилиб, мени видеокамерада суратга олаётган одам ўзининг харакатлари билан хукумат кўрсатмасига биноан «ҳалқ душмани»ни суратга тушираётганини кўрсатаётган эди. Кейинроқ маълум бўлдики, судья Вахоб Сиддиқов гўёки мен томондан киритилган бутун суд жараёнини видеотасмага тушириш ҳақидаги талабни қондириш бўйича розилик бериб ажрим чиқарган экан. Ўзбек хавфсизлик идоралари сурбетлигининг чек-чегараси йўқ!
Махкама йиғилиши 8 соат давом этди. Бу вақт мобайнида судьяга босим ўтказиш учун Киргули туман МХХ бўлими ходими 7 бор суд биносида пайдо бўлди (оқ рангли, 37-09 рақамли «Жигули» автомашинасида). 8 соат ичида судья номаълум сабабларга кўра 9 марта танаффус эълон қилди. Шу куниёқ у вилоят МХХ раиси Х.Турдалиевга №14-182 рақамли мактуб юборди. Унда МХХнинг вилоят бошқармасига менинг 3–июл куни вилоят суди қаршисида пикет ўтказмоқчилигим сабабли қўлга олинганим билдирилиб, МХХ вилоят бошқармасидан буни ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиш сўралган эди.
Мактуб юқорида айтилганидек судга 7 марта келиб кетган МХХ ходими Б. Турсуналиев томонидан қабул килиб олинган. Бу судья В.Сиддиқовнинг менинг харакатларимда мамлакат миллий хавфсизлигига нисбатан таҳдидни кўрганини англатади.
Менинг устимдан суд жараёни ўтказилаётган ўша кунда Марғилон шаҳар МХХ ходими Равшан Мамадалиев Ҳалқ демократик партияси (ХДП) Марғилон шаҳар кенгашининг 1-котиби Муҳаммадали Исоқовни олдига чақириб, ўз рахбариятининг мени зудлик билан ХДП аъзолигидан чиқариш ҳамда мен рахбарлик қилаётган «Ўтюраклар» Клуби фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги оғзаки буйруғини етказган. Клуб ХДП қошида очилган эди.
Мени ғайриқонуний равишда хибсга олиб, қийноқ қўллаганлари, адолатсиз равишда махкама жараёнларига тортганликлари, ашёвий далил сифатида олиб қўйилган нарсаларимни 13 кун сабабсиз бермаганликлари ва диктофон кассеталаридаги овози ёзилган фуқароларга тайзиқ ўтказганликлари фактлари юзасидан айбдорларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб деярли барча давлат идораларига бир неча мартадан мурожаатлар қилдим. Лекин ушбу холатлар бўйича қўзғатилган жиноят иши ноқонуний тарзда тугатилди.
Суд жараёни пайтида мени ватан хоини сифатида таърифлаш учун ИИБ ходимлари томонидан видеотасвирга олинган видеоокассетадан кўчирма беришларини талаб қилганимда ушбу видеотасвирни ғойиб бўлганлигини айтишди.
Шу туфайли Хелсеньки Федерацияси ижрочи директоридан Федерация менга нисбатан уюштирилаётган турли хил таъқиблар, босимлар ва ноқонуний тугатилган жиноят иши бўйича мени ҳимояга олишини ва ноқонуний тугатилган жиноят иши бўйича холатни назоратга олишини сўраганлигим сабаб бўлиши мумкин.
Бундан ташқари шу йил 12–март куни Фарғона вилоят Адлия бошқармаси биноси рўпарасида ўтказилган пикетда рахбарларга қилинган талаблардан бири Фарғона вилоятидаги Жиноят ишлари бўйича судлардан 8 нафари, фуқаролик судларидан Зохиджон Ҳомидов бошчилигида унинг ўринбосари Холмат Нуриддинов ва яна 6 та, жаъми 16 нафар судяни истеъфога чиқишларини талаб қилгандик. Биз кўтарган муаммолар ва рўйхатлари эълон қилинган судьяларнинг жиноий кирдикорлари ҳақида Адлия бошқармаси бошлиғи шуғулланишга ваъда берди, кейинчалик эса судьяларнинг жиноятларидан жабр тортган жабрдийдаларни менга қарши қайраб, менга қарши хужжатлар расмийлаштиришга харакатлар қилди.
Шу кунларда Охунбобоев тумани Дўрмон қишлоғилик Ғуломжон Мамадалиев ўғли Алимухаммад Мамадалиевни МҲХ ходимлари томонидан ўлдирилишига бошчилик қилган ва қилган жиноятлари учун жазоланиш ўрнига бугунги кунда ёғли жойларда нуфузли лавозимларга жойлаштирилган вилоят МҲХ бошқармасининг ўша пайтдаги рахбарларини жазоланишини талаб қилиб Фарғона вилоят МҲХ бошқармаси бошлиғи Х.Турдалиев қабулига кирган.
Вилоят МХХ рахбари Турдалиев Ғуломжон Мамадалиевга «Тожибоева хавфли шахс, унга яқинлашманглар» деган. Ғуломжон Мамадалиев эса унга “Мўтабар Тожибоева сингари сизлар учун хавфли инсонлар сафи кўпайишини оллоҳдан сўраб қоламан. Чунки Мўтабар Тожибоеванинг саъйи харакатлари билан ўғлимнинг қотиллари топилди, жазоланди. Афсуски ўғлимнинг ва бошқа юзлаб инсонларнинг жонига қасд қилаётган сизлар бошқараётган давлат идоралари амалдорларининг ҳаммаси ҳам ўз жиноятлари учун жавобгарликка тортилганлари йўқ” деб жавоб берган.
14 март куни эса интернет сайтларида Пўлат Хакимжонов номи билан менга тухмат қилиб, Фарғона административ органлари рахбарларидан уйимни евроремонт қилиб беришни талаб қилганлигим ҳақидаги хабар тарқатилган. Мени иқтисодий инқирозга учрашим учун банкдан олган кредит пулимни талон тарож қилган Вилоят ИИБ бошлиғи А.Тошхўжаевнинг қариндоши Эргашев Рахимга нисбатан 2001 йилда қўзғатилган жиноят иши ҳанузгача якунига етмаётган бир пайтда, айнан шу 14–март куни Фарғона вилоят ИИБ терговчиси Абдуваҳоб Дадабоев мени 2000 йилда кредит берган Ташқи Иқтисодий фаолият миллий банки Марғилон бўлими ходимларига нисбатан «Тожибоева
билан ноқонуний банк операцияси ўтказганлиги учун» жиноят иши қўзғаганликлари хайрон қолдиради одамни. Чунки мени маблағимни талон-тарож қилган, қалбаки хужжатлар тайёрлаган «ёлланма фирибгар»нинг шериклари Фарғона вилоят Чорванаслхизмат бирлашмаси бошлиғи Одил Усмонов, зоотехник Нозим Тўйчиевга ва бошқа шерикларига ҳанузгача жиноят иши қўзғатилгани йўқ.
Мен Фарғона вилояти маҳаллий хокимият ва маъмурий органларнинг вакилларини менга нисбатан қилган жирканч кирдикорлари ҳақида сизга қисқача маълум қилдим. Бу кирдикорни содир қилишга сабаб эса айнан фуқароларни конституцион ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган маҳаллий хокимият ва маъмурий органларнинг рахбарлари томонидан содир этилган ва этилаётган жиноятларга қарши оддий ҳалқни ана ўша карчалонлардан ҳимоя қилиш жараёнида қўлга киритган фактлар, рад этиб бўлмайдиган далилларни сиз бошқараётган Республика бош прокуратураси вакилларига бир неча марта берганман ва сиздан Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга асосан шуғулланиб, қонуний чора кўришингизни талаб қиламан.
“Ўтюраклар” Клуби рахбари, мустақил журналист Мўтабар Тожибоева
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish