Вазирликдан рухсат борми?… Ёхуд Вилоят миқёсидаги баъзи рахбарларнинг мухбирга қўйган талаби ҳақида
Журналистик текшируви
Марғилон шаҳрида яшовчи Салимахон Ҳамидова ўз шикоят хатида жумладан шундай деб ёзади: “Мен наинки адолатсизликка учрадим, балки инсоний ҳақ-ҳуқуқим поймол этилиб, ишдан ноҳақ ҳайдалдим, ҳаммадан ачинарлиси, мени шу ўйга солган Тошлоқ тумани молия бўлими мудири Аваз Раҳмоновнинг жиноий кирдикорларига мутасадди раҳбарлар томошабин бўлиб қараб турибдилар…”
Шикоятчи тўплаган икки папка хужжат билан танишамиз…
1998 йилнинг июль ойида Салима Ҳамидова Тошлоқ туман молия бўлимига 1-тоифали иқтисодчи лавозимига ишга қабул қилинади. 1999 йилда Аваз Раҳмонов молия бўлимига мудир этиб тайинланади.
Шикоятчининг ёзишича, 2000 йил 5 декабрь куни “Мен сизни ишга олмаганман, сизни прогноз бўлимига, оналик таътилидаги Г.Эминованинг ўрнига ўтказаман” деган таклиф ва бир қоп қуруқ ваъда билан уни бошқа бўлимга ўтказади.
2001 йил августда эса Г.Эминова муддатидан олдин ишга чиқади-ю, С.Ҳамидова туман ҳалқ таълими бўлимига қарашли 4-болалар боғчасига ҳисобчи вазифасига ўтказилади. Табиийки, Салима Ҳамидова бундан норози бўлади. Ростдан ҳам унга нисбатан нега бундай муносабатда бўлинди?
Салима Ҳамидованинг айтишича, у молия бўлимида ишлаётганида (2001 йил март ойида) Тошлоқ туман прокуратураси туман ҳалқ таълими тизимида бюджет маблағини мақсадли сарфланиши юзасидан тафтиш ўтказган. Ушбу текширув гуруҳи таркибида Салима Ҳамидова ҳам бор эди.
Текширув жараёнида молиявий қонунбузарликлар содир этилганлиги аниқланган. Кейинчалик негадир бу масала эътибордан четда қолади. Ҳамидова эса текширув далолатномалари нусхаларини туман прокуратурасига топширади. Унинг бу хатти харакати текширув натижасига дахлдор бўлган раҳбарларга ёқмайди. Салима Ҳамидованинг фикрича тартиббузарликларга қарши чиққани учун балога қолган.
Бунинг устига С.Ҳамидова бизга тақдим қилган хужжатларда болалар боғчасида ҳам молиявий қонунбузарликлар содир бўлган. У бу ҳақда ҳам тегишли идораларга мурожаат қилади.
Шундан сўнг уни “шикоятчи” дея турткилай бошлашади.
Ҳақли савол туғилади: вилоят молия бошқармасидагилар бу масалага қандай қарашган? Шикоятчи Фарғона вилояти Молия бошқармаси бошлиғи М.Манноповга 2002 йил 25 январида ариза билан мурожаат қилади. Бошқармадагилар эса масалани ҳал этишга шошилишмайди.
Вилоятнинг турли идораларига шу масалада шикоятлар ёмғири ёғила бошлади. Ва ниҳоят вилоят Молия бошқармаси бошлиғи М.Маннопов (негадир 25 январда ёзилган шикоят хатига 15 январда!) аризачи учун қониқарсиз жавоб хати йўллади.
Можорога Тошлоқ туман хокимияти аралашуви натижасида ҳуқуқшунослардан иборат махсус комиссия масалани ўрганиб чиқади ва 2002 йил 31 январда келишув битими тузилади, жабрланувчи С.Ҳамидова ноҳақ ишдан бўшатилганлиги, унинг фуқаролик ва конституцион ҳуқуқлари маълум даражада чекланганлиги учун айбдор (Аваз Раҳмоновдан) етказган моддий зарари – 60 минг сўмни ихтиёрий равишда тўлади. Шунингдек 2002 йил 22 январдан 2-сонли буйруққа асосан С.Ҳамидова Тошлоқ туман молия бўлимига ҳисобчи лавозимига тикланди.
Ҳақиқат қарор топди. Иш бор жойда камчилик бордир, буни тушуниш мумкиндир, хатони тан олиш марднинг иши, тузатиш бўлса олижанобликдир. Шикоятчининг талаби қондирилибди-ку, яна нима керак деб ўйлаш мумкин?
Шикоятчи ишга тикланди-ю, ғалати воқеалар бошланди. Чунки, 22 январдаги 2-сонли буйруқ йўқолиб қолди. Ҳамидованинг меҳнат дафтарчасига қалбаки ёзувлар ёзилди.
Биз аризачининг хатидан айрим парча келтирамиз:
“Буйруқ № 3
23 январь 2002 йил
Тошлоқ шаҳарчаси
Ҳамидова Салима: Вилоят Молия бошқармасидан доимий буйруқ чиққунча қадар 2002 йил 23 январдан туман молия бўлимига вақтинча ишга қабул қилинсин, иш ҳақи штатлар жадвалига мувофиқ тайинлансин.
Асос: С.Ҳамидова аризаси.
Туман молия бўлими мудири А.Раҳмонов”.
Одатда, шундай вазиятда изоҳга ҳожат йўқ, деймиз. Бизнингча, изоҳ керакка ўхшайди…
(2002 йилнинг 19 августидан ишламай келяпти) турли ташкилотларга ёрдам сўра аризалар ёзяпти.
2000 йилнинг 22 апрелида Тошлоқ тумани ҳалқ таълими бўлимида вилоят ҳалқ таълими ва вилоят молия бошқармаси ҳамкорлигида халқ таълими тизимида фаолият юритаётган ҳисобхона ходимлари учун “Бюджет маблағларини мақсадли ишлатиш ноқонуний харажатлар олдини олиш гаровидир”мавзуида илмий–амалий семинар ўтказилган ва бу тадбир учун бюджет ҳисобидан 2 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.
Орадан уч ой ўтгач, яъни август, октябрь ойларида режа асосида айнан, бюджет маблағларидан фойдаланиш аҳволи юзасидан вилоят назорат–тафтиш бошқармаси томонидан Тошлоқ туман ХТБда текшириш ўтказиб, 3 миллион 815172 сўм маблағ мақсадсиз сарфлангани аниқланган.
Ана шу текширув натижасига кўра, рағбатлаштириш мақсадида вилоят назорат–тафтиш бошқармаси ҳисоб рақамига 2000 йил 16 октябрь (!) куни 431-сонли тўлов топшириқномасига асосан ундирилган маблағнинг 15 фоизи – 578250 сўм ўтказиб берилган.
2001 йилнинг март – май ойларида вилоят назорат – тафтиш бошқармаси томонидан ўтказилган текшириш натижасида эса туман ХТБсида бюджетнинг 3814246 сўми мақсадсиз сарфланган.
Юқоридаги фикрни давом эттириб, яна бошқа фактларни ҳам шарҳлаб ўтишимиз мумкин. Лекин хулоса чиқариш учун мутасадди идоралар кўпдан-кўп маълумотларга аниқлик киритиш лозим бўлади. Биз масаланинг бошқа бир жиҳатига алоҳида тўхталмоқчимиз.
Салима Ҳамидова ёки бошқа шикоятчилар тинмай юқори ташкилотларга арз-дод қилмоқда. Ўнлаб шикоятчилар билан учрашганимизда: “Бизни яхши қабул қилишмаяпти, туманда ёки вилоятда раҳбарлар дардимизни эшитишмаяпти.
Шунинг учун газеталарга, юқори ташкилотларга ёрдам сўраб мурожаат қиляпмиз” деган гап-сўзларни айтишяпти. Афсуски, баъзи раҳбарлар шикоятчи кўтарган муаммо билан шуғулланиш ўрнига, унинг ўзи билан шуғулланишга кўпроқ эътибор бераётганга ўхшайди.
Шикоятчининг аризасини узоқ суриштирув, текширувлардан сўнг ҳам хулоса чиқаришга шошилмадик, назаримизда, ҳали калаванинг учини топилмагандек эдик.
Масалага ойдинлик киритиш учун Фарғона вилоят молия бошқармаси бошлиғи Мухтор Манноповга мурожаат қилишни мақсадга мувофиқ деб билдик. Афсуски, “қабулхона”дан нарига ўтолмадик, гарчи бошқарма бошлиғининг хонаси очиқ бўлса-да: “Аввало у киши йўқ, мен кичкина одамману, лекин шундай бўлсаям бу масала билан у одам шуғулланмайди, назорат-тафтиш бошқармасига боринг” деган рад жавобини олдик.
“Бир кичикнинг, бир каттанинг гапига кир” деган нақл бор. “Кичик”нинг маслаҳатига қулоқ солдик.
Республика Молия вазирлиги Фарғона вилоят бошқармаси назорат–тафтиш бошқармаси бошлиғи Баҳром Мирзаевнинг яна бир “кичик” ходими билан узоқ музокарадан сўнг (очиғи сал сурбетлик қилиб) у кишининг қабулига кирдик. Мақсадимизни айтиб улгурмасимизданоқ:
– Cиз бу савол билан вазирликка боринг, – деди у норозилигини намойишкорона билдириб. – Умуман, сиз айтган сумма “жамғарма”га тушган, ҳеч нарсага жавоб бериш… Ўчиринг, мана буни! (у диктофонга ишора қилди).
– Қайси жамғармага? – сўрадик.
– …
– Айтинг-чи, нега унда сумма мана бу – 21504000000216261001 ҳисоб рақамига тушган… Бу кимнинг ҳисоб рақами?
Баҳром Мирзаев жавоб бериш ўрнига диктофонни қўлига олди-да, истеҳзо билан шундай деди:
– Сўроқ қилишга нима ҳаққингиз бор? Қани вазирликдан рухсат?… Биз буни тегишли идораларга топширамиз, аниқлаймиз. Сизларни ким жўнатган, истасак мана буни йўқ қиламиз (У қўлидаги диктофонга ишора қилди).
– Баҳром Мирзаевич, бундай қилишга ҳаққингиз йўқ, дарҳол диктофонни қайтаринг, бу хатти харакатингиз: “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Ахборот олиш эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунга зид-ку, – дедим.
– Яна айтаман, бу масалада вазирликнинг рухсатисиз ҳеч қандай журналистни қабул қилмайман, рухсат олгач, фақат ёзма равишда саволларингизни “ўринбосарим”га қолдиринг, қани… – эшикни кўрсатди у.
Начора биз ўзимизни қизиқтирган барча саволларни ёзма равишда ёзиб қолдирдик. Афсуски, ҳозиргача ҳеч қандай жавоб ололмадик. Албатта танқид, суриштирув асалмидики, бировга ёқса.
Бошқармадан чиқа туриб, вилоят Молия бошқармаси бошлиғининг хонасига ходимларнинг кириб-чиқиб турганини кўрдикда, “чиқмаган жондан умид” қабилида иш кўрдик. Турган гап, бошлиққа бу ёқмади. Мақсадга ўтдик.
– Нега қайтарилмаган давлат маблағи хисобидан 15 фоизлик…
– Ким айтди сизга ундирилмаган деб? Маълум қисми қайтарилган. Кейин бир оғиз саволингиз бўлса вазирликка мурожаат қилинг, Ҳамидованинг шикоятини умуман текширишни биз тўхтатганмиз”, сизлар билан ади-бади айтишишга вақтим йўқ, вазирликка боринг…
– Мухтор Маннонович, нега энди бевосита сизнинг тасарруфингизда бўлган тизимдаги чалкашликнинг тугунини биз вазирликдан бориб аниқлашимиз керак? – сўраймиз бошлиқдан.
– Бу бизнинг ишимиз, вазирликка мурожаат қилинг вассалом, ҳеч қандай ахборот беришга мажбур қилолмайсиз. Сўроқ қилишга эса ҳаққингиз йўқ. Ким сизга бундай ҳуқуқни берган?…
– “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Ахборот олиш эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунда журналистга текширув ўтказиш чоғида керакли факт, рақамларни аниқлаш ҳуқуқи берилган.
– Қани, бир хонамни бўшатиб қўйинг-чи, – у шартта ўрнидан туриб эшикни кўрсатди.
Назаримизда, у куч ишлатишга ҳам тайёр руҳий ҳолатда эди. Тўғриси, шундай нуфузли идора раҳбари ўзини шундай тутиши бизни лол қолдирди.
Аммо унинг билан бўлган учрашувдан сўнг хаёлимга бир фикр келди: фарғоналик аризачилар шикоятига сабаб ҳам ана шунақа муомилалар эмасмикин? Аризачи гоҳ ҳақ, гоҳи ноҳақ ҳам бўлиши мумкин. Баъзан тушуниб-тушунмай шикоят ёзадиганлар ҳам бор. Лекин, каттами-кичикми ҳар бир раҳбар ўз вазифаси, бурчи тақазоси билан одамлар дардига, арз-холига сабр-тоқат билан қулоқ солиши, тушунтириши зарур эмасми?
Ахир ҳар бир катта-кичик раҳбар одамлардан ўзини устун қўйиш, калондимоғлик қилиш ўрнига Юртбошимиз айтганларидек ўзини халқ хизматкори деб билиши керак эмасми?
Юқоридаги шикоят, унда кўтарилган муаммо аслида туман ёки вилоятнинг ўзида аллақачон ўз ечимини топиши мумкин эди. Масала ҳал бўлмагач, шикоятлар юқори идораларга ёза бошлашди. Маҳаллий раҳбарлар эса аризачиларни иғвогар, “ёзувчи”га чиқаришди. Бу ҳам етмаганидек, уларни бадном қилиш учун миш-миш тарқатиш, сохта хужжатлар тўплашдек ўта майда ишлар билан ўралашиб қолишаётганга ўхшайди.
Энди виждонан ўйлаб кўрайлик, бундан кимга фойда, кимга зиён?
Эшитишимизча, хозир бу масала билан тегишли идоралар шуғулланишаётган экан. Шу боис қўлимиздаги баъзи факт ва рақамларни эълон қилишни кейинроққа қолдирдик. Масала узил-кесил ечимини топгач, эҳтимол бу мавзуга яна қайтармиз.
Саида САЙХУН,
“Ўзбекистон овози” мухбири
2003 йил 20 май
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish