Навбатдаги ўтказажак пикетимизнинг аввалгиларидан фарқи ҳам биз пикетчилар барчамиз белимизга белбоғ боғлаб оламиз
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисаси Ф.Мухиддиновага
«Ўтюраклар» клуби рахбари, мустақил журналист, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоевадан
О Ч И Қ Х А Т
Адолат ва одил судлов бўлмаган шароитда давлат қароқчилар тўдасига айланади.
Августин Аврелий
Мухтарама раиса хоним!
«Биз жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши кескин курашамиз – Биз огоҳмиз!» шиори остида фаолият юритувчи «Ўтюраклар” клуби номидан Сизга қуйидагиларни маълум қилишни лозим топдим.
1. Мен ва Фарғона вилоятидан ташриф буюрган – Сиз бошқараётган одил судловнинг кирдикорларидан, судьяларнинг таъмагирлиги, порахўрлиги ва коррупциянинг қўғирчоғи эканликлари боис жабр топган, адолатсизлик, разолат қурбони бўлган фуқаролар билан биргаликда 2003 йил 21–22 май кунлари эрталаб соат 11да Республика Олий суди биноси рўпарасида пикет ўтказамиз.
2. Ушбу пикетни ўтказишимиздан мақсад 12–март куни Фарғона шаҳрида ўтказилган 20дан ортиқ фуқаро иштирок этган пикет жараёнида Фарғона вилоятида фаолият юритаётган судьяларнинг 20 нафари ноқонуний ишлаётганликлари ҳақида етарли асосларимиз борлиги боис истеъфога чиқарилишларини талаб қилгандик. Лекин Ўзбекистон Республикаси Президенти «рахбарлар ҳалқнинг хизматкори бўлиши керак» деб кўп бора таъкидласада, бу «хизматкорлар»нинг жиноий кирдикорларини фош этгувчи факт далилларимиз билан бирор давлат идораси қизиқиб кўрмади. 12–март кунги 20 нафар судянинг истеъфосини талаб қилиб ўтказилган пикетда 15 та судьянинг истеъфосини «Ўтюраклар» клуби томонидан талаб қилиб ёзган ва кенг жамоатчиликка маълум қилганим 6 вароқдан иборат талабномани маълумот тариқасида хавола қиламан.
3. Хаттоки Одил судловнинг мунаввар номини пок сақлашга қасамёд қилиб Республика Олий Суди раиси лавозимига ўтирганингиздан кейин ҳам рўйхати кенг жамоатчиликка маълум қилинган бу судяларингизнинг иш фаолиятлари билан Сиз ҳам қизиқиб кўрмадингиз.
4. Биз 2 кун мобайнида ўтказажак пикетимизда Сизга қўядиган талабимиз битта – қасамёдига ҳиёнат қилаётган ва ҳалқнинг хукуматга, Мамлакат президентининг олиб бораётган сиёсатига ишончсизлик туйғуси кучайишига, натижада Ўзбекистон Республикаси хукумати рахбариятининг ҳалч орасидаги обрўсига путур етказишга, ҳалч орасида норозилик кайфияти кучайишиги сабаб бўлган Фарғона вилоятидаги судьяларнинг иш фаолиятлари юзасидан хизмат текширувлари ўтказиш ва бу текширув натижаларига чараб Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини топтаган қонунбузар айбдор судьяларни исътефога чиқаришингизни, содир этган кирдикорларига қараб уларга жиноий иш қўзғаш масаласини ҳал этиш учун 26–майдан бошлаб Фарғона вилоятига Республика Олий судидан нафси, жиғилдонидан Ватанини шонини, касбини афзал кўргувчи ҳалол–пок инсонлардан таркиб топган махсус комиссия юборишингизни қатъий талаб қиламиз.
5. Акс ҳолда 1–июндан бошлаб Фарғона вилоятидаги адолатсизлик, разолат қурбони бўлган юзлаб фуқаролар билан биргаликда белимизга белбоғ боғлаган ҳолда кўча юриши (намойиш) бошлаймиз.
6. Навбатдаги ўтказажак пикетимизнинг аввалгиларидан фарқи ҳам биз пикетчилар барчамиз белимизга белбоғ боғлаб оламиз. Бунинг рамзий маъноси қуйидагича:
“Адолатсизликка қарши курашгувчи фуқароларга тухмат, бўхтонлар ёғдиришдан тап тортмайдиган, бу кирдикорларидан заррача бўлсада уялмайдиган белида белбоғи йўқ, ҳалқнинг қонини сўраётган коррупционер ва порахўр рахбарларга қарши курашга қатъий бел боғлаганлигимизни билдиради. Мен белида белбоғи бор бўлган фуқароларни ҳам Ўзбекистондаги порахўрлик ва коррупцияга қарши курашга чақираман ва барчаларини белига белбоғ боғлаган ҳолда тадбирларда иштирок этишни сўрайман.
«Ўтюраклар» клуби рахбари Мустақил журналист
Мўътабар Тожибоева
20–май 2003 йил
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish