Тошкентда яна норозилик пикетлари
2003 йил 14°17 июль
Тинч, эхтиёткорлик билан амалга оширилаётган норозилик пикетлари Ўзбекистон сиёсий-ижтимоий ҳаётига кириб бормоқда.
Гарчи хали уларнинг нафи сезилмаётган бўлса-да, лекин пикетлардаги талаблар расмийлар маълумотига етказилаётгани ҳақида бизда аниқ далиллар бор. Масалан, Тошкент шаҳар хокимлиги масъуллари ҳам буни тасдиқлашди.
Шундай қилиб, ўтган душанба-сешанба кунлари ва бугун ҳам Тошкентда ана шундай пикетлар бўлиб ўтди. 14 июлдаги намойишда пикетчилар шаҳар хокимлиги, 15 июлдагисида Республика Прокуратураси олдига, бугун, 17 июлда Ўзбекистон Вазирлар Махкамаси рўпарасига тўпланишди.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг билдиришича, Тошкент хокимлиги олдида бўлган пикет қатнашчилари – 30 чамаси киши – ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий талаблардан ташқари янги шиорни олға сурдилар. Бу – қонунларнинг ҳамда фуқаролар билан ташкилотлар ўртасида тузилган шартномаларнинг ишламаётганига жавобан коммунал тўловларни тўламаслик даъвати эди.
Ўзбекистон Прокуратураси олдидаги пикетда 20 га яқин киши қатнашди. Улар олиб чиққан плакатларда, чунончи, Ички ишлар вазири Зокир Алматов ва бошқа ҳуқуқ-тартибот амалдорлари истеъфосини, ноҳақ олий жазога хукм қилинган ўғлининг жиноий ишини қайта кўриб чиқишни талаб қилувчи ва бошқа ёзувлар бор эди.
Бугунги пикетда 20 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ҳимояси фаоллари ва оддий фуқароларнинг чиқишлари кўпроқ сиёсий талаблардан иборат бўлди.
Намойишчилар мамлакатда порахўрликка чек қўйиш, инсон ҳуқуқларини поймол қилаётган ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳатти-харакатларини жиловлаш, ноҳақ қамалиб кетган махбусларни озод этиш, қўшни мамлакатларга эркин чиқиб келиш имкониятини яратиш кабиларни талаб қилдилар. Улар орасида янги пикетчилар ҳам анчагина эди.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish