Америка Қўшма Штатлари Президенти Жорж Бушга Мавжуда Отақулова мурожаатномаси
Америка Қўшма Штатлари Президенти жаноб Жорж Бушга
«Обод маҳалла йили»да 60 кун ноқонуний хибсда сақланган, ноқонуний хизмат вазифасидан четлатилган 53-ёшли собиқ маҳалла фуқаролар йиғини раисаси Мавжуда Отақулованинг
М У Р О Ж А А Т Н О М А С И
Жаноб Жорж Буш!
Сиз бутун дунё бўйича ҳуқуқий демократик давлатларнинг йўлбошчиси бўлган, конституцияси ҳам, қонунлари ҳам, парламенти ҳам оддий халқи манфаати учун хизмат қилгувчи буюк мамлакатнинг йўлбошчисисиз. Шунинг билан биргаликда Сиз бошқараётган Мамлакат бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг терорризмга ва наркобизнесга қарши курашдаги ҳамкори ҳамдир.
Жаноб Президент!
Сиз яхши биласизки ҳамкорингиз Ўзбекистон Республикаси хукумати, яъни Президент Каримов ташаббуси билан 2003 йил «Обод маҳалла йили» деб аталди ва махсус хукумат дастури ишлаб чиқилди.
Мен эса айнан хукуматнинг сиёсатини қўллаб-қувватлаганлигим учун, Республика миқёсидаги рахбарларига, хусусан Республика бош прокурори Рашид Қодировга хокимият ва маъмурий органлар тизимидаги амалдорларнинг, террористик гуруҳларни ва наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчиларни қўллаб-қувватлаётганликлари ҳақида хабар қилганлигим туфайли Олтиариқ туман хокими Олий мажлис депутати Ноъмонжон Омонов айби билан айбсиз айбдор сифатида 60 кун ноқонуний тарзда хибсда сақландим.
Хўш, «Обод маҳалла йили»да ўз маҳалласини маънавий обод маҳаллага айлантириш учун харакат қилган Олтиариқ тумани Хамза шаҳар “Навоий” маҳалла фуқаролар йиғини раисаси, 53 ёшли аёлни хибсга тиқиш кимга керак бўлиб қолганди?
Мен 2002 йил 8 август куни террористик гуруҳларни, наркобаронларни шериклари бўлган маҳаллий рахбарларни қўллаб қувватлаётган Республика бош прокурори Рашид Қодиров истеъфосини талаб қилиб, 850 нафар маҳалла фуқаролари билан биргаликда намойиш ўтказиш учун рухсат беришини сўраб Ноъмонжон Омонов номига алоқа хати ёзган эдим.
Мамлакатимиз рахбари Ислом Каримов Ўзбекистон давлатиини ҳуқуқий демократик давлатлар сафида кўриш учун интилаётганлигини кўп гапиради. Лекин жуда улкан креслоларни эгаллаб ўтирган ва ўз амал курсисини даромад топиш манбаига айлантириб олган кўплаб манқурт рахбарлар давлат сиёсатига қарши фаолият юритиб, оддий халқни хукуматга нисбатан норозилик кайфияти кучайишига сабаб бўлмоқдалар.
Мен ана шундай давлат сиёсатига қарши бўлган рахбарлар сафига энг биринчи ўринда Республика бош прокурори Рашид Қодиров ва Олтиариқ туман хокими Ноъмонжон Омоновларни киритишни хоҳлардим.
Олий Мажлис депутати Ноъмонжон Омонов иштирок этган Олий Мажлиснинг 8 сессиясида Президент Ислом Каримов ХХ1 аср маҳалласи концепцияси ҳақида гапирганда «Кучли давлатдан кучли жамият сари» харакатини жадаллаштириш режасини илгари сурганди. Шунда менимча Ноъмонжон Омонов ҳам қарсак чалиб бу режани қўллаб кувватлашини билдирган бўлса ажабмас.
Президентнинг фуқаролик жамиятини кучайтириш ҳақидаги ташаббусига лаббай деб биринчи бўлиб Фарғонада ташаббус билан чиқдилар, яъни 2002 йил 5 февраль куни 2-чақириқ Ҳалқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг 9-сессиясида «Жамоат, нодавлат ташкилотлар ва ўзини ўзи бошқариш идоралари орқали жамоатчилик назоратини ташкил этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, уларда ўз ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан даъвогарлик хиссини шакллантиришга оид» Дастур сессия қарори билан қабул қилинди.
Вилоят сессиясида Республика бош прокуратураси умумий назорат бошқармаси бошлиғи Б.Шомирзаев ва Республика Олий Мажлисининг демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари кўмитаси раиси профессор Акмал Саидовлар иштирок этдилар. Улар бир овоздан Фарғонада биринчи бўлиб бошланган ташаббусни бутун мамлакат бўйлаб ёйишга келишдилар ва бу ташаббус мамлакатни сиёсий ижтимоий жихатдан кучайишига самара беришини башорат қилдилар.
Ҳаттоки Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси ҳайъатининг 2002 йил 6 февралдаги мажлисида «Қонунларни аниқ ва бир ҳилда бажарилишини назорат қилишда жамоатчилик ёрдамидан кенг фойдаланилсин, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва маҳаллалар, касаба уюшмалари, ижтимоий жамғармалар ҳамда бошқа нодавлат ташкилотлари томонидан жамоатчилик назоратини амалга оширилишига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб борилсин» деб қарор қабул қилиниб матбуотларда ёритилганди.
Лекин Фарғона ташаббуси Республика бўйлаб тарғиб қилиниш ўрнига бўғилди. Чунки бош прокурор Рашид Қодиров «Назорат прокуратурадан жамоатчилик қўлига ўтиб кетгудек бўлса прокурорлар бугунги кундек халқнинг қонини ича олмайди, бемалол жиноятлар содир эта олмай қоладилар ва мамалакатни инқирозга юз тутиши учун хисса қўўа олмай қоладилар» деб чўчиди.
Биз Фарғоналик жуда куплаб эркин фикрловчи фуқаролар Республика бош прокурори Рашид Қодиров ва унинг қўл остидаги прокурорларни конституцион тузумга ва давлат сиёсатига қарши энг хавфли гуруҳ деб биламиз. Вахобий ва хизб-ут-тахрирлар ҳам, ҳаттоки терорристлар ҳам прокурорларчалик давлат учун ҳам, халқ учун ҳам хавфли эмаслар. Мен Рашид Қодировни буюк Рим императори Юлий Цезер юрагига ханжар санчиган Брутга ўхшатаман.
Яқинда Мурод Шарифхўжаев муаллифлигидаги «Ўзбекистонда очиқ фуқаролик жамиятининг шаклланиши” номли ва юридик фанлари номзоди доцент Марат Ғуломовнинг «Маҳалла – Фуқаролик жамиятининг асоси» номли китоблари чоп этилиб, бу китобларда 2002 йилда Фарғона вилоятида фуқаролик жамиятининг асоси хисобланмиш маҳаллаларда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун амалга оширилган ишлар, маҳаллалардаги фаолларни ҳуқуқий билимини ошириш учун тайёрлаб, тарқатилган 15 мингдан зиёд методик қўлланмалар ёрдамида маҳаллаларда килинган амалий ишлар ҳақида жуда теран очиқ кўз билан бахо берилган.
2002 йил октябрь-ноябрь ойларида Марат Ғуломовнинг китобидан парчалар ҳаттоки «Моҳият» ҳамда «Ишонч» газеталарида ҳам чоп этилди. Лекин шунча қилинган ишлар Рашид Қодировнинг истак хоҳиши билан тўсқинликка учрагани, хукумат рахбари ташаббуси бош прокурорнинг қўли билан бўғиб ўлдирилгани ҳақида негадир ҳеч ким индамайди.
Олий мажлис депутати, туман хокими Ноъмонжон Омонов туманнинг чаласавод ва порахўр прокурори Ғайрат Умурзақовлар, шунингдек наркобизнесга муккасидан кетган туман ИИБ рахбарлари бош прокурор Рашид Қодиров ҳомийлигида жуда кўплаб жиноятлар содир этмоқдалар.
Мисол тариқасида қуйидагиларни келтиришим мумкин:
Ноъмонжон Омонов қурилиш ташкилоти рахбари лавозимида ишлаган пайтида ҳайдовчиси бир кечада хизмат автомашинаси билан «йўқолиб» қолган. 2002 йил 1 июль куни кечаси эса тумандаги рахбарларнинг жиноий кирдикорларини Республика прокуратурасига ёзиб юборган Файзободлик Олимжон Хомиталиев «ёлланма қотил» қўлида ваҳшийларча ўлдирилган ва айбсиз камбағал фуқароларни хибсга тиқиб қийнаб, азоблаб, қалбаки айбловлар, яъни 2001 йилнинг февраль ойида бир аёлни зўрлаганлик, номусига текканлик жиноятларини ҳам қалбаки равишда илиб «ёлланма қотиллар»ни жазодан қутқариб қолганлар. Ушбу қотиллик жинояти ҳақида ҳаттоки БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео Ван Бовен Ўзбекистондаги қийноқлар бўйича қилган маърузасида тўхталиб ўтганди.
Мен юқорида туман хокимининг жинояти туфайли хибсда ўтирганимни ёздим.
Дарҳақиқат 2003 йилнинг 13 август куни Олтиариқ туман хокимиятида ўтказилган фаоллар йиғилишида 300дан ортиқ киши иштирок этаётган бу тадбирда хоким – Олий мажлис депутати Ноъмонжон Омонов халқни қўзғолонга бошлади, чунки йиғилишда фаолларни ўзбек халқини ҳамиятига, ғурурига оғир ботадиган гапларни гапирди. У ҳалқни қўзғолишидан манфаатдор эди. Йиғилишда иштирок этган вилоят хокими ўринбосари Мирзарасул Ғофуров, вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Бахром Жўраев ва туман прокурори Ғайрат Умурзақовлар хокимнинг топшириғини бажариш жиноятга қўл уриш эканлигини 300дан ортиқ фаолларга тушунтирмадилар.
Олий мажлис депутатининг топшириғи билан қўзғалиб, Ҳамза шахридаги наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи, хатто мактаб ўқувчиларини ҳам маиший бузуқликка ўргатаётган қўшмачи ва фохиша аёлларни сазойи қилган халқ учун мен хибсга олиндим. Чунки бош прокурор тумандаги рахбарларнинг жиноий кирдикорларига қарши курашаётган, Президент сиёсатини қўллаб-қувватлаётган 53 ёшли аёлни хибсга олиб бошқа фуқароларни қўрқитиб қўймоқчи бўлган.
Чунки Республика бош прокуратурасидан 2002 йил декабрда Фарғонага борган Баҳодир Пўлатов ва 2003 йил май ойида Химмат Оқбўтаев рахбарлигида юборилган махсус комиссияси аъзоларига террористлар ва наркобаронлар ҳомийси айнан маҳаллий рахбарлар эканлигини айтганмиз, асосли хужжатларни чора кўриш учун бош прокурор номига аризалар билан бирга топширганмиз.
Жаноб Буш!
Ҳақиқатан ҳам сизнинг давлатингиз ва бизнинг хукумат терроризм ва наркобизнесга қарши курашдаги ҳамкорлардир. Лекин бизнинг Олтиариқ туман рахбарлари террористик гуруҳларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватловчи ҳомийларидир. Олтиариқ пахта тозалаш заводи амалдорлари эса бу гуруҳларни моддий таъминлаб келганлар. Шунингдек туман Ички Ишлар бўлими рахбарлари Тожикистонлик фуқаролар билан наркотик моддалар савдоси билан шуғулланадилар. Бу ишда уларга мен бошқараётган маҳаллада улар ташкил қилган қўшмачихона ва фохишахоналардаги маиший бузуқ аёллар кўмакдошлар.
Бундан ташқари Олтиариқ тумани рахбарлари қасддан, атайлаб туман хокимлигининг «Давр овози» газетасида Президент Ислом Каримовни обрўсизлантирувчи мақола чоп эттирганлар. Шунингдек вояга етмаган гўдакни зўрлаб номусига тегиш, хонадонга босқинчилик қилиб кириш ва ўлдириш билан қўрқитиб, номусга тегиш, ўликни таҳқирлаш, қария аёлни ўлдириш даражасида уриш, ўз жонига қасд қилишга мажбурлаш, пахта майдонларини сотиш, минерал ўғитларни чет давлатга сотиш каби жиноятларни айнан маҳаллий хокимият ва маъмурий органлар рахбарлари томонидан содир этилганлигига, порахўрлик ва коррупцияга қарши курашиб, 53 ёшимда ички ишлар идораси ертўласидан жой олдим.
Депутат Ноъмонжон Омонов айби билан 29 август куни Файзобод қишлоғилик 21 ёшли Шерматов Шермухаммад, 1966 йилда туғилган 3 та фарзандни отаси Йўлдошев Махмуд, 4та гўдак фарзанди бор Рахматжон ҳамда Холдоралилар қишлоқдаги Оқмозорота мачитида 3,5-4 тоннали 25та бетон плита босиб тагида қолганлар ва Махмуджон, Шермуҳаммад, Рахматжонлар аянчли равишда ўлганлар. Холдорали умрбод ногирон бўлиб қолди. Уларнинг ўлимларига айбдорлардан хокимнинг ўғли Абдумутал ўликларни 100 минг сўмданга сотиб олди.
Дарҳақиқат Президент тадбиркорликни фермерликни ривожлантириш ҳақида гапириб, “ерни эгаларига бериш керак” дейди. Ноъмонжон Омонов таниқли тадбиркор-ишбилармонларни синдирган бўлса хотини, қизи, ўғиллари ва қудалари номига фермер хўжаликлари ташкил этиб, туманннинг энг хосилдор ерларини ўзлаштириб олган.
Жаноб Президент!
Мен туман рахбарларининг жиноий кирдикорларидан бир шингилгинасини сизга мълум қилдим холос. Бу рахбарларнинг ўз конституцион ҳуқуқларини талаб қилгувчи фуқароларга қарши курашувчи фохиша ва қўшмачилардан иборат гвардияси бор. Бизни 20 август куни ўша гвардия аъзолари аёвсиз калтакладилар, лекин жазоланмадилр. Ахир Рашид Қодиров ўз армиясини қандай жазоласин?! 20 август куни бизни аёвсиз калтаклаган 100га яқин фоҳишаларнинг кирдикорларини Олтиариқ туманидаги “Нафосат” видеоижара хизмати ходими Хўжамов Ином видеотасвирга олган, хозирда бу видеокассета Олтиариқ туман ИИБ бошлиғи Мусо Хонкелдиев қўлида сақланмоқда.
Лекин фоҳишаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши, яъни жиноятнинг ижрочиларига қўзғатилган жиноят иши жабрланувчи Тожибоевани жабрланувчи сифатида сўроқ қилмасдан, Тожибоева террористик гуруҳларни ва наркобаронларни ҳомийси бўлган Олтиариқ тумани маъмурий органларига ишончсизлик билдириб бу рахбарларнинг терорризмга ва наркомафияга алоқаси борлигини исботловчи 96 вароқли асосли хужжатларни хавола қилганидан кейиноқ, дарҳол жиноятнинг ташкилотчилари томонидан жиноят иши 30 октябрь куни қонунга зид равишда тугатилди.
Судмедэксперт Рауф Умаров эса ушбу жиноятни яшириш ниятида 1994 йил 21 октябрдаги 551 сонли Суд тиббий экспертиза хакидаги қонун-қоидалар нормативи ҳамда Ўзбекистон Республикаси бош суд тиббий экспертизасининг 336 буйруғига зид равишда судмедэкспертизадан ўтказиб, оғир жароҳатланган Тожибоеванинг бош мия чайқалишини енгил тан жарохати сифатида расмийлаштирган.
Тергов харакатлари тугатилганидан сўнг, 6 ноябрь куни Олтиариқ туман ИИБ тергов бўлими бошлиғи Султонали Торшпўлатов турмага кириб, мени сўроқ қилди ва тайзиқ ўтказиб, бўш қоғозларга имзо чекишга зўрлади.. 24 ноябрь куни эса Олтиариқ туман ИИБ терговчиси Умид Лутфиллаев 20 август куни пикетда иштирок этган Қувалик Аҳмаджон Хазратқуловни ва пикетда фохишалар аёвсиз калтаклаган Андижон вилояти Марҳамат тумани Полвонтош қишлоғилик Рўзиева Юлдузхоннинг хонадонига ноқонуний тарзда бориб ўтказилган пикетга умуман алоқаси бўлмаган ўғли Рўзиев Ботирни сўроқ қилиб, кейин Тошлоқда яшайдиган ўғли Қаҳрамонни уйига келиб, арафа куни кеч соат 17-гача қўрқитиб, тайзиқ ўтказиб, Юлдузхонни тергов қилган. Терговчининг тайзиқи ёмон таъсир қилиб Юлдузхоннинг турмуш ўртоғи Рўзиев Мамасобир инфаркт бўлиб, қон босими кўтарилиб, хайит куни 25 ноябрда вафот этган.
Рашид Қодиров, Ноъмонжон Омонов ва Ғайрат Умурзақовлар касрига ҳали жуда кўп қурбонлар берилиши шубхасиз.
Ўзбекистон Республикаси Конституция байрамига бағишлаб Президент Амниция ҳақида фармон чиқарди. Мен қилмаган жиноятим учун амниция қўлланилиб озодликка чиқдим. Ҳаттоки Ўзбекистонда фаолият юритаётган Америка Қўшма Штатларининг Юристлар Ассоциациясининг адвокатлари ҳам хукумат идоралари рахбарларининг қўғирчоғидирлар.
Чунки Америка Юристлар Ассоциацияси томонидан мени ҳимоям учун ёлланган ҳимоячи Хасан Эралиев мени қилмиш айбимга иқрор ва пушаймонлигим учун амниция қўллашни сўраб судга ариза ёзишимга мажбурлади. Ваҳоланки у суд жараёнида мени айбсиз эканлигимга, қасддан қалбаки гувоҳлар билан мени жиноятчи бўлишимдан прокуратура рахбарлари манфаатдор эканликларига гувоҳ бўлган эди. Мени ноқонуний хибсга олган прокурор Ғайрат Умурзақовнинг ташаббуси билан мен маҳалла фуқаролар йиғини раислигидан ҳам бўшатилибман.
Телевизорни ёқсанг хукумат рахбарларини маҳаллаларни ишини кучайтириш ҳақидаги тарғибот-ташвиқотини кўрасан, бош прокурор эса хукуматнинг фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги ишлари оғизда бошқа амалда бошқа эканлигини бутун жахон ҳамжамиятига кўрсатиб қўйиш учун, яъни Президент ёлғончи эканлигини кўрсатмоқчи бўлиб харакат қилади.
Мен ноқонуний тарзда 60 кун хисбда ётганим эвазига «Фуқаролик жамияти йўлида» номли нодавлат ташкилоти тузиб фаолият юритишга қарор қилдим. Мен айбсиз айбдор фуқаролар пораҳўр ва коррупционер амалдорларнинг хоҳиш истаги билан ўзбек қамоқхоналарида ётганликларига, айбсиз айбдорлар сафи Ўзбекистонда кўпайиб кетганига, Президентнинг олиб бораётган сиёсатини қўллаган ҳар бир фуқаро, у ким бўлишидан қатъий назар қатағонга учраётганига алоҳида эътибор қаратишингизни истар эдим.
Мавжуда Отақулова
Fikr bildirish