Мўтабар Тожибоевага тайзиқлар давом этмоқда
9–январь куни Фарғона вилоятининг Марғилон туман суди ижрочилари намойиш ўтказганлик айби билан махкамага тортилган таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўтабар Тожибоева мол–мулкини рўйхатга олишни бошладилар. Бу воқеа инсон ҳуқуқлари курашчисига нисбатан янги босимлар бошланиши аломати дея изоҳланмоқда.
Фарғона вилоятининг Олтиариқ туман маъмурий идоралари биноси олдида норозилик пикети ўтказгани Мўтабар Тожибоевани айни шу туман суди жаримага тортиш тўғрисида қарор чиқарганди.
Тожибоева махкама жараёни ўзининг иштирокисиз бўлиб ўтгани ва суд томонидан пикет намойиш деб расмийлаштирилганидан норози бўлиб, юқори босқич махкамага мурожаат қилганлигини билдирган.
– Биз бир гуруҳ инсон ҳақлари курашчилари ўша пайтда Олтиариқ туманидаги Ички Ишлар рахбарларини истеъфосини талаб қилиб пикет ўтказганмиз. Бироқ, Олтиариқ туман суди раиси Тожиддин Вахобов ички ишлар бўлими ходимлари томонидан пикетни намойиш деб расмийлаштирган қалбаки хужжатига асосланиб мени сиртдан суд қилибди.
Тергов пайтида менга қўйилган “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қонуннинг 201–моддаси, яъни кўча юришлар, намойишлар ва митинглар ташкил этиш ва уларда иштирок этиш айби судда ўз тасдиғини топибди ва айбланувчига яъни каминага 16 минг 320 сўм жарима белгиланибди; –дейди инсон ҳуқуқлари фаоли. Унинг фикрича суднинг бу қарори ноқонуний хиобланади.
Чунки; –дейди сухбатдошимиз, –мен намойиш эмас, пикет ўтказганман. Иккинчидан мен махкама жараёнида иштирок этмаганман. Юқорида келтирилган кодекснинг 394–моддасига асосан жавобгарликка тортилаётган шахс суд жараёнида иштирок этиши шарт. Агар судда иштирок этмайдиган бўлса у қарор ноқонуний хисобланади, –дейди Тожибоева.
Бироқ шунга қарамай инсон ҳуқуқлари курашчиси уйига Марғилон шаҳар суди ижрочилари ташриф буюрганлар ва унинг мол–мулкини рўйхатга олиш ишларини бошлаганлар.
Биз рўйхатга олиш ишларига бошчилик қилаётган Марғилон шаҳар суди ижрочиси Хусанбой Умурзақов билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлдик ва ундан бу харакатлар нималарга асосланганлигини сўрадик. Хусанбой Умурзақов Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман суди қарорида белгиланган 16320 сўмлик жаримани тўламагани учун Тожибоевани мол–мулки рўйхатга олинаётганини айтар экан, ўз харакатлари мавжуд қонунларга асосан олиб борилаётганини маълум қилди.
– Хозир қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда зарарни қоплаш мақсадида уйидаги мол–мулкини рўйхатга олаяпмиз. Суд хужжатлари ва бошқа орган хужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун бор, – дейди у.
Ҳалқаро Фредом Хаус ташкилотининг Фарғона водийси бўйича захира маркази рахбари Қўчқорбой Сотиболдиев Тожибоевани намойиш эмас, балки пикет ўтказганидан хабари борлигини айтар экан, агар суд пикетни намойиш деб расмийлаштирган бўлса бу қонунга хилоф иш эканлигини билдирди. Унинг фикрича Ўзбекистонда рухсат этилмаган намойишлар ва қўча юришларини ташкил қилган кишилар албатта жазоланади. Бироқ намойишлар тўғрисидаги қонунда пикет ҳақида хеч нарса дейилмаган.
– Шу боис Мўтабар Тожибоева агар суднинг қароридан норози бўлиб юқори босқич махкамага мурожаат қилган бўлса ижро муддати орқага сурилиши, ёки тўхтатиб турилиши керак эди, – дейди Қўчқорбой Сотиболдиев. Унинг фикрича Ўзбекистонда суд қарори ёки хукми эълон қилинган кундан сўнг ўтган муддатни қонуний деб хисобланади. Аслида эса бу муддат айбланувчи суд қарорини қўлган олган кундан хисобланиши керак. Мўтабар Тожибоева суд қарорини олган кунидан бошлаб ўн кун ичида юқори босқич судга арз қилгаан бўлса суд ижрочилари унинг мол–мулкини рўйхатга олишни тўхтатиб туришлари керак эди.
Марғилон шаҳар суди ижрочиси Хусанбой Умрзақов эса Тожибоевани юқори босқич судга тақдим қилган аризасидан хабари борлигини, бироқ ўзига суд томонидан ижрони тўхтатиб туриш ҳақида қарор берилмаганини айтди, – Оғзаки маълумот берилган бизга, бироқ ёзма равишда эмас. Аслида бизга суд томонидан ижро вақтинча тўхтатиб турилсин мазмунидаги хат берилиши керак эди, –дейди у.
– Хусанбой Умурзақовга кўра агар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси беш кун ичида ўзига белгиланган жаримани тўламаса, унинг рўйхатга олинган шахсий буюмлари олиб кетилади ва сотувга қўйилади. Мўтабар Тожибоева жаримани тўлаш суд қарорини тан олиш деб хисобланишини айтади.
– Мен суд қарорини бекор қилиш бўйича қонунга биноан аппеляция тартибида юқори босқич судга мурожаат қилганман. Назаримда хукумат ақллилик билан ўйин бошламоқда. Агар мен мол–мулкимдан айрилиб қолмай деб 16320 сўмни тўлаб қўйсам, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганим хисобланади. Ундан кейин менга яна қалбаки хужжат қилиб туриб, жиноят иши очиш учун имконият яратилади. Улар мени бу маблағни тўлашимдан шу сабабли ҳам манфаатдордирлар. Лекин мен тўламоқчи эмасман, –дейди сухбатдошим.
Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Мўтабар Тожибоевага нисбатан амалга оширилаётган бу хилдаги харакатларни фаол ва қўрқмас ҳуқуқ ҳимоячисига янги босимларнинг бошланиши сифатида бахолашмоқда. Ҳалқаро Озодлик уйи ташкилотининг Фарғона водийси бўйича захира маркази рахбари Қўчқорбой Сотиболдиев эса Тожибоевага ҳар қандай ҳуқуқий ёрдам беришга тайёр эканликларини ва унга нисбатан амалга оширилган махкама ишлари кузатиб борилаётганини билдиради.
– Озодлик уйи албатта Тожибоевага нисбатан хукуматнинг ёки суд ҳамда тергов органларининг амалга оширилаётган ишига ўз бахосини беради. Биз ҳуқуқ ҳимоячисини ҳар томонлама қўллаб–қувватлаймиз, –дейди захира маркази рахбари.
Бехруз
09 январь 2004 йил
31.01.2004. Tojiboyevani mol mulkini musodara qilish buyicha sud ijrochilari hati
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish